Қишлоқ хўжалиги ерларини “E-AUKSION.UZ” электрон савдо майдончаси орқали ижарага бериш 2022 йилнинг январь ойидан бошлаб йўлга қўйилди. Янги шаффоф тизим фаол ривожланмоқда: 2022 йил 26 март ҳолатига кўра, қишлоқ хўжалиги ерлари электрон танловга чиқарилган 336 872 та лотдан 238 874 та лот (умумий майдони – 55 177,46гектар) бўйича ғолиблар (жисмоний ва юридик шахслар) аниқланган.
Шундан, умумий майдони 41 446,84 гектар бўлган 238 582 та лот жисмоний шахслар томонидан деҳқон хўжалиги сифатида қишлоқ хўжалиги фаолияти юритиш учун ғолиб деб топилган.
Юридик шахслар иштирок этган умумий майдони 13 730,63 гектар бўлган 292 лотда ғолиблар аниқланди. “E-AUKSION” платформасида қолган ва янги лотлар бўйича ғолибларни аниқлаш жараёнлари доимий равишда давом эттирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июндаги ПФ-6243-сон Фармонига мувофиқ барча турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари иштирок этиши мумкин бўлган очиқ электрон танловлар натижаларига кўра қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар фақат ижара ҳуқуқи асосида бериладиган янги тартиб ўрнатилган. Бу ўзгариш “Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришниннг 2030-йилгача мўлжалланган стратегияси”ни амалга оширишнинг асосий босқичларидан бири ҳисобланади.
Лотлар бўйича энг кўп ғолиблар Фарғона водийсига тўғри келмоқда:
– Андижон вилояти – 37 805 та лот ва 4 367,45га ер майдони;
– Наманган вилояти – 36 080 та лот ва 4 339,72 га ер майдони;
– Фарғона вилояти – 28 354 та лот ва 3 724,43га ер майдони.
Лотлар бўйича энг кам ғолиблар аникланган худудлар:
Қорақалпоғистон Республикаси (5 252 лот ва 1 862,01 га ер) ва Сирдарё вилоятига (3 317 лот ва 2 631,78 га ер) тўғри келади.
ИШТИРОКЧИЛАР УЧУН ҚОИДАЛАР
Регламент талабларига мувофиқ ҳар бир иштирокчи истаган лотларда иштирок этиши, лекин битта лотда ғолиб топилиши мумкин. Бунинг учун электрон рақамли имзо билан имзоланган ариза тақдим этилади. Бунда талабгор тўғрисидаги барча керакли маълумотлар вазирлик ва идораларнинг электрон маълумот алмашинуви орқали шаклланади, яъни ҳужжатлар тўпламини йиғиш талаб этилмайди.
Алоҳида таъкидлаш керакки, қишлоқ хўжалиги ерлари “E-AUKSION” платформасининг “E-IJARA” тизими орқали қуйидагиларга ижара ҳуқуқи асосида берилади:
– жисмоний шахсларга деҳқончилик фаолиятини амалга ошириш учун 10 йил муддатга 10 сотихдан 1 гектаргача;
– юридик шахсларга эса 30 йил муддатга 3 гектар ва ундан ортиқ.
“E-AUKSION” ПЛАТФОРМАСИГА ЖОЙЛАШТИРИШ УЧУН ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ЕРЛАРИ “E-IJARA” ТИЗИМИДА ЛОТЛАРГА АЖРАТИЛГАН ҲОЛДА РАСМИЙЛАШТИРИЛАДИ
E-IJARA автоматлаштирилган ахборот тизими бўш ер участкаларини ижарага бериш бўйича материалларни тўплаш, кўриб чиқиш ва ваколатли орган ҳамда ташкилотлар билан келишиш тартибини амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилган. Тизим тегишли вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари билан интеграциялашган. Маълумотлар тўлиқ қайта ишлангач, лотлар кўринишида эълон қилиш учун “E-AUKSION” платформасига юборилади.
“E-IJARA” тизими Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 23 ноябрдаги ПҚ-20-сон Қарорига мувофиқ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан қишлоқ хўжалиги ерларини ижарага беришнинг анъанавий усулидан янги шаффоф – электрон услубга ўтишни амалга ошириш мақсадида яратилган.
Мазкур қарорда белгиланган вазифаларни ҳисобга олган ҳолда мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари кўрилмоқда, аҳолининг кенг қатламларини боғдорчилик, узумчилик, полизчилик, сабзавотчилик ва бошқа соҳаларга жалб этиш мақсадида пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилмоқда.
ҒОЛИБЛАР ҲАҚИДА МАЪЛУМОТЛАР ВА МАСЛАҲАТНИ ҚАЕРДАН ОЛИШ МУМКИН?
Ғолибнинг ўзи тўғридан-тўғри танловда ғолиб бўлганлиги тўғрисида СМС-хабарни олади, барча ҳужжатлар тўплами, шу жумладан, имзолаш учун ҳужжатлар электрон тизим орқали шахсий кабинетга юборилади.
Лотлар бўйича бошқа ғолиблар тўғрисидаги маълумотлар ҳар бир очиқ электрон танлов натижаларига кўра “E-AUKSION платформасида автоматик равишда эълон қилинади.
Телеграмда “E-IJARA” фойдаланувчилари учун техник ёрдам гуруҳи 24/7 режимида ишлайди – https://t.me/eijarasupport.
Шунингдек, саволларни ёзма равишда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Телеграмдаги махсус рақамга юбориш мумкин – +998 99 115 75 79 (@Qishloqxojaligivazirligi).
Imlo xatolari haqida hisobot
Quyidagi matn tahririyatimizga yuboriladi: