Аввало шуни айтиш керакки, “Озодлик” материалида, умуман олганда, жуда кўп тушунмовчиликлар, ғализликлар ва тасдиқланмаган маълумотлар мавжуд ва улар асосан шубҳали манбаларга таянган ҳолда келтирилган. Масалан, “текширув” ўтказилгани айтилган, аммо бу “текширув” ким томонидан ва қаерда ўтказилгани маълум эмас.
Шунингдек, айтилишича, шу йилнинг 21 июлида қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари бошчилигидаги ишчи гуруҳ гўёки Термизда бўлган, аммо шу даврда Ш.Тешаев Тошкентда бўлганини тасдиқловчи аниқ маълумот ва далиллар мавжуд.
Ички ишлар вазирлигининг ходими “Dream Cotton Textile” МЧЖ агрономи Элмурод Ишниёзовни калтаклагани ҳақидаги маълумот ҳам шубҳа туғдиради. “Озодлик” хабарига кўра, касалхонага “жароҳатланган агроном” эмас, балки гўёки уни калтаклагани айтилаётган ИИВ вакили тушган.
Шу билан бирга, агроном деб келтирилган Э.Ишниёзов ҳақиқатда “Dream Cotton Textile” МЧЖнинг директори ўринбосари эканини таъкидлаш жоиз (Э. Ишниезов томонидан кластер директори ўринбосари сифатида тасдиқланган ҳужжатлар мавжуд).
Яна қуйидагиларни ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз:
Биринчидан, “Озодлик”нинг хабарида “28 июль куни жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилояти Термиз шаҳар суди ажрими билан “Термиз-Жайхун кластери” МЧЖ директори А.Ҳ. қамоққа олинган” деб келтирилган, аммо бу ҳақиқатга тўғри келмайди. Материал эълон қилинган вақтда фуқаро А. Ҳ.нинг (Акбар Ҳусанов) ўз уйида бўлгани аниқланди.
Акбар Ҳусановнинг ўзига нисбатан қилинган туҳматдан ғазабланган видеомурожаатини илова қиламиз.
Кейин эса “Озодлик” фуқаро А.Ҳ.нинг гўёки ҳибсга олингани билан боғлиқ сабабларни келтиради, “Озодлик”нинг Сурхондарё вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармасидаги манбасига асосланган ҳолда “томчилатиб суғориш учун ажратилган 40 миллиард сўмлик давлат субсидияларини ўзлаштиришда айбланмоқда”, деб келтирилади хабарда.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига мурожаат қилиб, ундан “2021 йилда “Термиз-Жайхун” пахта тўқимачилик кластери Қумкўрғон туманидаги 1 752,0 гектар майдонида ҳақиқатан ҳам томчилатиб суғориш технологиясини 11,9 млрд сўм миқдоридаги давлат субсидияларини жалб қилган ҳолда жорий қилганини тасдиқловчи ҳужжатни тезкор равишда олди.
Иккинчидан, шу билан бирга “Озодлик” ўз ихтиёрида жиноят иши ҳужжатлари нусхалари борлигини таъкидлаб ўтган, мақоладан иқтибос келтирамиз: “Термиз-Жайхун кластери” МЧЖ Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига берган ҳисоботларида Қумқўрғон туманидаги 207 та фермер хўжаликларида томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилганлиги, субсидия маблағлари бажариш тўла амалга оширилганини таъкидлайди”.
Шундан сўнг “Озодлик” тушунарсиз текширувга ишора қилиб (текширув ким томонидан, қачон ва қайси ҳудудда ўтказилгани кўрсатилмаган), томчилатиб суғориш тизими “бир гектар ҳам жорий қилинмагани аниқланган”, дея хулоса қилади.
Қумқўрғон туман ҳокимлиги томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳи хулосасида “Термиз-Жайхун кластери” МЧЖ томонидан 1752 гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этилганлиги қайд этилган.
Учинчидан, Мавзунинг давоми сифатида шуни таъкидлаш жоизки, АТБ “Агробанк” томонидан тақдим этилган маълумотга кўра Қумқурғон туманида 1 928 гектар пахта майдонларини томчилатиб суғориш технологиялари учун 2021 йилнинг 2 февралида “Термиз-Жайхун кластери” МЧЖга жами 42 млрд сўм кредит маблағлари ажратилган. Ушбу майдонлар Ҳукуматнинг тегишли баёнига асосан “Dream Cotton Textile” МЧЖга бириктириб берилгандан сўнг ажратилган кредитнинг қайтмаслик хатари юзага келган.
“Термиз-Жайхун кластери” МЧЖ пахта майдонларида жорий қилинган томчилатиб суғориш технологиялари “Dream Cotton Textile” МЧЖ фаолиятида фойдаланилишига қарамай, ушбу МЧЖ ўрнатилган сув тежовчи технологиялар бўйича кредит мажбуриятларини қабул қилишдан бош тортаётганига эътибор қаратилган.
Туртинчидан, “Озодлик”нинг мақоласида 2022 йил 20 март куни Сурхондарё вилояти ҳокимининг тегишли қарорига мувофиқ, Қумқўрғон туманидаги “Термиз-Жайхун кластери” МЧЖга қарашли 207 та фермер хўжалиги ҳудуди пахта етиштириш учун “Dream Cotton Textile” МЧЖга берилиши назарда тутилиб, тузилган уч тарафлама шартномага кўра (фермер хўжаликлари ва иккала кластер ўртасида), ушбу Жамият иш бошлашидан аввал “Термиз-Жайхун кластери” МЧЖнинг йил бошидан бери сарфлаган 32,9 миллиард сўмлик харажатларини қоплаб бериши шарт экани айтиб ўтилган.
Республика комиссиясининг йиғилиши баёнига асосан, Қумқўрғон туманида “Dream cotton Textile” МЧЖ пахта-тўқимачилик кластери фаолиятини бошлагунга қадар, “Термиз Жайхун кластер” МЧЖ фермер хўжаликларига кузги шудгордан бошлаб биринчи ниҳол олиш ва ғўза қатор орасига биринчи комплекс ишлов беришга қадар пахта ҳосили учун молиялаштириш ишларини олиб борган.
Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 ноябрдаги ПҚ-2-сон “Пахта хомашёсини етиштириш ва унинг йиғим-терим харажатларини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги”ги қарорига асосан “Термиз Жайхун кластер” МЧЖга 2022 йилги пахта ҳосилини етиштириш учун “Агро банк” АТБ томонидан Жамғарма маблағлари ҳисобидан 33,4 млрд сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилган. Ушбу сумма механизациялаш (шудгорлаш, чигит экиш) хизмати, СФУ, ДСИ, минерал ўғитлар, уруғлик чигит, чигитни тайёрлаш ва сертификатлаш харажатларини ўз ичига олади ва буни натижасида 2022 йил ҳосили учун чигитни экиб тўлиқ ниҳол олинган.
“Термиз Жайхун кластер” МЧЖ кластери мурожаатида солиштирма далолатнома асосида сарфланган харажатлар “Dream cotton Textile” МЧЖга тақдим этилган, бироқ “Dream cotton Textile” МЧЖ ушбу қарздорликни қайта расмийлаштирмаган. Натижада, “Термиз Жайхун кластер” МЧЖ барча кредит қарздорликлари бўйича фоиз тўловларини тўлаб келаётгани маълум қилинган.
Бешинчидан, “Озодлик” ўз мақоласида номаълум манбаларга таяниб, Сурхондарё вилоятининг Шўрчи, Жарқўрғон туманларида томчилатиб суғориш технологияларига ажратилган маблағларнинг ўзлаштирилиши ҳолатлари аниқланганини таъкидламоқда. Шунингдек, у бир нечта кластерларнинг номларини санаб ўтиб, жиноят иши материаллари бўйича тергов ҳаркатлари бораётгани боис прокуратурадан ҳеч қандай тасдиқ олинмаганига йўл-йўлакай ишора қилмоқда.
Аммо, бу мақола муаллифига “Озодлик”га хос одатий «иш услубида» йўл тутиб, гўёки маҳаллий ҳокимлик ходими бўлган «махфий» маълумот берувчига асосланган ҳолда, республикамизнинг ҳар бир ҳудудида шундай қонунбузарликлар содир бўлаётгани ҳақидаги субъектив хулосани ўқувчига уқтиришга тўсқинлик қилгани йўқ.
Мақоланинг охирида “Озодлик” муаллифи Бош вазир ўринбосари Ш.Ғаниев номини томчилатиб суғориш технологиялари учун ажратиладиган субсидия ва маблағларни амалга ошириш бўйича масъул икки агрофирма билан боғлашга уриниб, уларга «энг катта субсидиялар берилган» МЧЖ ва «турдошлари орасида энг йириги бўлиши кутилаятган» ширкат» дея алоҳида таъриф бериб ўтган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 декабрдаги ПҚ-4919-сон қарорида субсидия сув тежовчи технологияларни жорий этган субъектларга ажратилиши белгиланган.
Сув тежовчи технология жиҳозларини ишлаб чиқарувчи корхоналар хусусий субъектлар бўлиб, улар давлатнинг бошқа мавжуд имтиёзларидан фойдаланишади.
Imlo xatolari haqida hisobot
Quyidagi matn tahririyatimizga yuboriladi: