2022 йил 13–14 апрель кунлари ЎзР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қорақалпоғистон Републикаси ва Хоразм вилоятидаги озиқ-овқат саноати соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар билан танишиш мақсадида мамлакатимизнинг шимолий ҳудудларига ОАВ вакиллари учун пресс-саёҳат ташкил этди.
Саёҳатнинг биринчи кунида журналистлар Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб, озиқ-овқат соҳасидаги илғор, замонавий корхоналарга ташриф буюришди, ишлаб чиқариш жараёнларини қандай кечишига бевосита гувоҳ бўлишди. Соҳани ривожлантириш йўлида режалаштирилган ишлар, йўлга қўйилаётган янги лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот олишди.
Хоразм вилоятининг Урганч туманига етиб келган пресс-саёҳат иштирокчилари “TILLO DOMOR” МЧЖ корхонаси фаолияти, шунингдек, ушбу корхона томонидан сутни қайта ишлаб, пишлоқ ишлаб чиқариш бўйича ишга туширилаётган янги лойиҳа билан яқиндан танишишди.
“TILLO DOMOR” МЧЖ корхонаси кунига 30 т сутни қайта ишлаб, 150 млн сўмлик пишлоқ, қаймоқ, қатиқ, творог ва бошқа сут маҳсулотларини ишлаб чиқармоқда. Шунингдек, корхона ўз қувватини ошириш мақсадида, қиймати 49 млрд сўмлик, кунлик 100 т сутни қайта ишлаш бўйича янги лойиҳани амалга оширмоқда. Бунда импорт ўрнини босувчи пишлоқ, сариёғ ва бошқа сут маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.
Ушбу лойиҳа амалга оширилиши натижасида 100 та янги доимий иш ўрни яратилади, йиллик 1200 т пишлоқ, 50 т сариёғ ва 30 хил турдаги Европа стандарти бўйича сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
ЎзР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан корхонага табиий газ, электр ва мутахассислар харажатларини қоплаб бериш бўйича жами 175 млн сўмлик субсидия (Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат таъминоти жамғармасидан) ажратилади, корхона бренди ва маркетингини такомиллаштиришга кўмак берилади.
Кейинги манзил “Ҳонқа Чорва Капитал” корхонаси бўлди. У ерда сут, ун маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда гидропоника усулида чорва ем маҳсулотларини етиштириш жараёнлари кўздан кечирилди.
Пресс-саёҳат иштирокчилари Боғот туманида “Алм Реал Агро Груп” корхонасининг иссиқхона, токзорлари, шунингдек, тара қадоқлаш корхоналари фаолиятини ўрганишди.
Тупроққалъа туманида “Хоразм шакар” ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан танишув бўлиб ўтди.
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ
(маълумотлар 1 апрель ҳолатига кўра)
Вилоятда озиқ-овқат саноати соҳасида 537 та (жумладан, 16 та мева-сабзавотни қайта ишлаш, 28 та гўшт, 48 та сут, 6 та ёғ, 298 та қандолат, 30 та ун ва ун маҳсулотлари ҳамда 2 та бошқа турдаги) озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхоналари мавжуд.
“2021 йилда корхоналар томонидан 3 312,4 млрд сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди (ўтган йилга нисбатан 144,9 фоиз) ҳамда 96,1 млрд сўм инвестициялар ўзлаштириш ҳисобига 54 та янги корхоналар ишга туширилиб, 353 та янги иш ўринлари яратилди. 2022 йилда вилоятда 63 тага 362,1 млрд сўмлик лойиҳалар амалга оширилади”, — дея таъкидлаб ўтди ЎзР қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари Анвар Асамов.
Агрологистика ва совуткичли сақлаш қувватлари
Вилоятда бугунги кунда қуввати 30 минг тн бўлган 3 та агрологистика маркази ва 75,6 минг тн қувватдаги 167 та совуткичли омборлар мавжуд.
ЎзР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан 2022 йилда Боғот ва Тупроққалъа туманларида лойиҳа қиймати 8 млн долларлик жами 2 та агрологистика марказини ташкил этиш режаси ишлаб чиқилди.
Шунингдек, вилоятда лойиҳа қиймати 33,6 млрд сўмлик 9 минг тн қувватдаги 16 та совутгичли омборлар ташкил этишнинг манзилли рўйхати шакллантирилди.
Экспорт
2022 йилда вилоятда 72,3 млн долларлик мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш режалаштирилган.
2021 йилда вилоятда 69,9 млн долларлик 114,9 минг тн маҳсулот экспорт қилинган (ўтган йилга нисбатан 132 фоиз, 52,9 млн долл).
Асосан дуккаклилар, ёнғоқ, мевалар, тарвуз, сабзавотлар, узум 3,4 млн доллар, қуритилган мева-сабзавот 2,1 млн доллар, майиз ҳамда бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари.
Импорт
2021 йилда вилоятга 30,8 млн долларлик 50,9 минг т маҳсулот импорт қилинган, импорт структурасининг асосий қисмини 19,4 млн долларлик шакар хомашёси (63%), кунгабоқар ёғи 5,9 млн доллар (19,1%), мевали кўчатлар 1,6 млн доллар (5,1%) ва бошқа озиқ-овқатлар (12,8%) ташкил этган.
Тайёр озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳисобига 2022 йилда 3,9 трлн сўмлик (338 млн доллар) ёки қўшимча 52,2 млн долларлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш кутилмоқда.
Айтиш керакки, ОАВ вакиллари учун саёҳат ташкил этилишидан бир қанча муддат илгари ЎзР қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ ушбу ҳудудларда бўлиб, аграр соҳа вакиллари билан яқиндан мулоқот қилган, уларнинг муаммоларини ўрганиб, бартараф этиш бўйича тадбирлар ишлаб чиқди. Натижада бир қанча корхоналар ЎзР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги кўмагида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун субсидиялар ола бошлади.
Хусусан, ЎзР Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат таъминоти жамғармаси Хоразм вилоятида ишга туширилган 6 та лойиҳа доирасида жами 650 млн сўм субсидия ажратади. Шунингдек, 2022 йилда ишга тушириладиган яна 8 та лойиҳа доирасида лойиҳалар амалга оширилиши билан яна 775 млн сўм субсидия берилиши режалаштирилган.
Янги лойиҳалар амалга оширилиши натижасида мева-сабзавотларни қайта ишлаш қуввати 68 минг тоннага ва қайта ишлаш даражаси 7,4 фоизга, гўшт-сутни 195,5 минг тоннага ва қайта ишлаш даражаси 28,0 фоизга, бошқа турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари 404 минг тоннага ва қайта ишлаш даражаси 16,0 фоизга етказилади”.
Бундан ташқари, 2022 йилда озиқ-овқат саноатидаги маҳаллий корхоналарда халқаро стандартлар (Organic, ISO, HALAL, HACCP, CODEX STAN, EЭК ООН DDP, GOST EN ) талаблари жорий қилиниши мўлжалланган.
Imlo xatolari haqida hisobot
Quyidagi matn tahririyatimizga yuboriladi: