Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Феврал 2018 00:00

Республикамиздаги фермер хўжаликлари далаларида тукли чигитларни экишда СЧХ-4А, СХУ-4, СМХ-4 русумли сеялкалардан фойдаланилмоқда. Аммо, бу сеялкалар туксизлантирилган чигит ва бошқа сочилувчан уруғларни аниқ миқдорда эка олмаганлиги сабабли, уларни экишда хориждан келтирилган “Кьюн” (Франция), “Кейс–1200” (АҚШ), “Сонмезлер” (Туркия) ва бошқа пневматик сеялкалар ёрдамида амалга оширилмоқда. Бу пневматик сеялкалар туксиз чигитни ва бошқа сочилувчан уруғли қишлоқ хўжалик экинлари (маккажўхори, сорго, соя, ерён­ғоқ, мош ва ҳ.к.) уруғларини 90 см қатор оралари билан аниқ усулда экишга мўлжалланган. Керак бўлганда сеялка бошқа ўлчамдаги қатор ораларига ҳам созланиши мумкин.

Маълумки, таъмирдан чиқарилган ва ишга тайёрланган сеялкалар қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

- сеялкалар уларнинг конструкцияларига кирган ва меъёрий ҳужжатларда кўрсатилган барча детал ва узеллар билан тўла жиҳозланган бўлиши зарур. Ґамма деталлар узелларга, узеллар эса рамаларга пухта қилиб маҳкамланиши шарт;

- деталларнинг ишқаланувчи юзалари мойланган, тегишли идишлар мойлаш жадвалларига биноан мой билан тўлдирилган бўлиши лозим;

- шестерналар ва тишли юлдузчалар валларга мустаҳкам маҳкамланган бўлиши керак. Уларнинг лапанглаши ва вал ўқи бўйлаб силжишига йўл қўйилмайди;

- подшипниклар, валлар рамага шундай ўрнатилиши керакки, бунда валлар таянчларда қадалишларсиз эркин айлансин;

- сошникларнинг рамада ва ўзаро тўғри жойлашганлиги махсус шаблон ёрдамида текширилади. Сеялка сошникларининг силжиши 10 мм. дан ошмаслиги керак;

- тукли чигитларни экадиган аппаратлар уларнинг валларини эркин, қадалишларсиз айланадиган қилиб ўрнатилади;

- маркерлар иш ҳолатига енгил ва эркин тушиши, қулф механизми билан транспорт ҳолатида пухта фиксацияланиши зарур;

- сеялка транспорт ҳолатига ўтказилганда аппаратларнинг телескопик валлари трубкаларидан чиқиб кетмаслиги керак;

- битта контурда жойлашган занжирли узатмалар юлдузчалари ва тарангловчи роликларнинг гардишлари битта текисликда ётиши лозим. Марказлар орасидаги масофа 500 мм. гача бўлганда гардишларнинг бир-биридан силжиши 1 мм. дан ошмаслиги зарур;

- сеялка ғилдираклари ўқлари атрофида эркин айланиши даркор. ўилдираклар ўқлари бўйлаб люфтлар пайдо бўлишига йўл қўйилмайди. СХУ-4 сеялка ғилдираги шинасидаги ҳаво босими 0,25 МПа (2,5 кгс/м2) атрофида бўлиши керак;

- экиш аппаратларидаги экувчи диск билан лаппакли дисклар бир-бирига нисбатан шундай жойлашиши керакки, аппарат корпусидаги уруғ тушувчи дарчада тенг масофода – ячейкалар оралиғида бўлиши керак;

- лаппакли ва экувчи дисклар эркин айланиб, лаппакли диск ҳам вилканинг тирқишида ўз оғирлиги ҳисобига ҳаракатга келиши керак;

- сошник полозоклари сошник тагидан 30 мм. масофада жойлаштирилиб, сошникнинг текис жойидан 10 мм. гача фарқ бериши мумкин;

- параллелограм звенолар эркин айланиши керак (Сошникнинг оғирлиғи таъсирида). Сеялка йиғилгандан кейин сошникларни шиббалаш (рихтовка) мумкин;

- шаббаловчи катоклар эркин айланиши керак. Параллелограмли механизациялар ўз шарнирида ўз оғирлиги ҳисобига эркин айланиши зарур. Шиббаловчи катокларни сеялкада йиғилган ҳолда рихтовка қилиш ман этилмайди;

- экиш миқдорини созловчи заслонка аппарат тагидаги тирқишда винт ва пружина таъсирида эркин силжиши керак. Тирқишни очилиш миқдорини кузатиш учун аппарат тагига бир чизиқ, заслонкага 6 дона чизиқ қўйиш мақсадга мувофиқ.

Чигит экишга киришишдан олдин сеялканинг бутлиги, қисм ва деталлари яхшилаб маҳкамланганлиги текширилади, экиш жараёни ва сифатига бевосита таъсир кўрсатадиган қисмларга алоҳида эътибор қаратилади. Жумладан, тукли чигит экиладиган бўлса, экиш аппаратларидаги ғалтаклар тишларининг учлари айланиш йўналишига қараб ўрнатилган ва ейилиб кетмаган, экиш тирқишлари кенглигини созлайдиган тўсиқчалар гайкалар бўшатилганда эркин суриладиган, ўғитўтказгичлар аппарат билан сошникларга тўғри уланиб, пухта маҳкамланган бўлиши керак. Сош­никларнинг сирпанғичлари горизонтал ҳолатда бар­қарор туриши лозим.

Сошникнинг тагига маҳкамланган зичлагичларни соз ҳолатда бўлишига алоҳида эътибор қаратиш даркор. Чунки зичлагичлар доимо тупроққа ишқаланиб ҳаракатланади. Агарда уларнинг сирти ейилиб кетган бўлса, сошник очиб кетган ариқчанинг туби етарли даражада зичланмайди. Натижада бундай ариқчага тупроқнинг пастки қатламларидан намлик етарлича тортилмайди ва уруғларнинг униб чиқиши қийинлашади. Демак, ейилиб кетган зичлагичларни янгисига дар­ҳол алмаштириш ёки захирадаги сеялкалардан соз ҳолатдаги сошникларни олиб ўрнатиш талаб этилади.

Агар уруғ белгиланган меъёрдан ортиқча сарфланса, экиш аппаратларидаги тирқишни торайтириш, кам бўлса – кенгайтириш зарур.

Чигит уялаб экилганда уялар орасидаги масофани ўзгартириш учун уяловчи аппаратдаги парракли дискнинг парраклари сони кўпроқ ёки камроқ бўлган бошқа дискка алмаштириш ёки аппаратларни ҳаракатга келтирувчи валдаги 12, 16, 18 ва 25 тишли юлдузчалар блокидан фойдаланиб, уяловчи аппаратнинг айланишлар сонини ўзгартириш талаб қилинади.

Чигитни тупроққа кўмиш чуқурлиги сошникнинг сирпанғичини кўтариб-тушириш йўли билан тупроқ шароитига қараб 3–8 см атрофида созланади. Ер оби-тобида бўлса чигитни 4–5 см чуқурликка кўмиб кетадиган қилиб созлаш мақсадга мувофиқ. Сеялка сошниги ҳамда тупроқни зичловчи-шиббаловчи ғилдиракларнинг тупроққа кўрсатадиган босими секциялардаги тарангловчи пружиналар ёрдамида созланади. Бу босим 25–30 кг. ни ташкил этиши керак. Пружинанинг иш ҳолатидаги узунлиги қисқартирилса босим ортади, узайтирилса – камаяди.

Туксизлантирилган чигит экиш учун ғалтакли экиш аппаратлари ўрнига сошник устига ўрнатиладиган горизонтал дискли СЧХ-31 экиш аппаратлари қўлланилади. Сеялкани созлаш ишлари юқорида кўрсатиб ўтилганидек амалга оширилади. Экиш меъёрини созлаш учун аппаратга тегишли сондаги ячейкали экиш диски ўрнатилади.

Модулли СМХ-4 сеялкасида туксиз чигитларни аниқ экишга ўтиш учун экиш аппарати тубидаги аралаштиргич ўрнига уяли диск ўрнатилади. Экиш меъёри тегишли сондаги уяларга эга диск ўрнатиш йўли билан ўзгартирилади. Модулли сеялканинг пневматик варианти – СМХ-4-01 сеялкаси туксизлантирилган чигитни доналаб аниқ меъёрларда экишга мўлжалланган.

Экиш агрегатлари далага олиб чиқилгандан кейин ҳар бир пайкалда сеялканинг биринчи юриши байроқчалар ёрдамида белгилаб олинади. Кейинги юришлар эса маркерлар қолдирган излар бўйлаб амалга оширилади. Уруғлик чигитнинг тўлиқ тушиши ва кўмилиш чуқурлиги сеялкачи ёки фермер томонидан кузатиб борилади.

Юқоридаги талабларнинг бажарилиши ҳар бир далада агроном ва фермер томонидан назорат қилиб борилади. Талаблар бажарилмай, меъёрдан четга чиқишлар кузатилса, сеялкани қайтадан созлаш талаб этилади.

Шундай қилиб, фермер хўжаликлари ва муқобил машина-трактор паркларида юқоридаги тавсияларга амал қилинса, чигит экиш агрегатларини ишга тўғри тайёрлаш ва улардан дала шароитида унумли фойдаланишга эришилади.

    А.Қораҳонов, А.Ибрагимов, А.Толыбаев





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech