Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Июн 2017 00:00

Маълумки, ғалла ҳосилини йиғиштириб олиш ўта масъулиятли агротехник тадбирдир. Зеро, ҳосил комбайнларнинг дала бўйлаб бир ўтишида ўриб-янчиб олинади, такрорий йиғим деган гап бўлмайди. Иш жараёнида ерга тўкиладиган донни қайтадан йиғиштириб олишнинг сира иложи йўқ. Демак, фермерлар, комбайнчилар, ўрим-йиғим отрядлари бошлиқлари даладаги бор ҳосилни нест-нобуд қилмасдан йиғиштириб олишда зарур чораларни кўришлари лозим.

Ғаллазорларни ўримга тайёрлаш. Фермерлар, муқобил МТПлар раҳбарлари ўримга киришишдан олдин қуйидаги юмушларни сифатли қилиб бажаришлари даркор:

- далага кирадиган йўллар, кўприкларни комбайн сиғадиган ва уни кўтара оладиган даражада тайёрлаш, ўқариқларни текислаш;

- далани печак, чирмовиқ, шўра каби бегона ўтлардан, ҳар хил темир-терсаклардан тозалаш;

- комбайннинг бемалол қайрилишини таъминлаш, поялар эзилишининг олдини олиш мақсадида ғаллазор атрофи бўйлаб камида 8 м кенгликдаги ғаллани олдиндан ўриб олиш, ёнғин чиқишига йўл қуймаслик учун дала четларини камида 4 м кенгликда шудгорлаб қўйиш.

Комбайнлар тайёргарлигини текшириш. МТП муҳандислари энг аввало, ишга тайёр дейилган ғалла комбайнларининг қуйидаги талабларга қай даражада жавоб беришини текширишлари керак: жатканинг асосий балкаси тўғри, ёриқлар йўқ; сирпанувчи бошмоқлар пачоқланмаган ва дарз кетмаган; мотовилонинг марказий ва паншаха трубалари эгилмаган, қадалмасдан айланади; бармоқли брус эгилмаган, тўғри; сегмент пичоқлари бутун, дарз кетмаган; шнек цилиндрлари пачоқсиз, ўрамлари эгилмаган ва узилмаган; йиғиштириш барабанининг вали ва бармоқлари қийшаймаган, синмаган; қия камера корпусида ёриқлар йўқ, пружиналари таранг; янчиш барабани (ротори)нинг вали эгилмаган, дон савағичлари едирилмаган, барабан (ротор) остлигининг тишлари бутун; сомон элаги клавишаларининг подшипниклари едирилмаган, ёрилмаган; ғалвирлардаги тешиклар катталашмаган, жалюзалар сегментлари синмаган; силкитувчи тахтадаги тарам-тарам листлар дарз кетмаган; элеваторлар кураклари синмаган, ленталари узилмаган; втулкалар, валиклар, пластинкалар ейилмаган; дон, бошоқ ва бўшатиш шнекларининг ўрамлари ўткирлашмаган ва бутун, ғилофларида тешик ёки ёриқлар йўқ.

Ғалла ўримини отряд усулида ташкил этиш. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг тавсия ва кўрсатмаларига асосан ғалла ўрими йиғиш-ташиш отрядлари воситасида ўтказилади. Ҳар бир отряд таркибига 2 ёки 4 та “Кейс”, “Клаас” комбайни, 4 ёки 8 та дон ташийдиган автотранспорт, 1 та кўчма устахона, 1 та занжирли трактор плуги билан ва маиший хизмат звеноси киради.

Отряд раҳбари туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими, МТП, автокорхона раҳбарлари ҳамда фермерлар билан биргаликда ўрим-йиғим графигини тузади.

Ҳар бир отряд таркибида ҳисобчи ва отряднинг дон қабул қилиш шохобчасидаги вакили фаолият кўрсатади. Отряд ҳисобчиси ўриладиган майдонларнинг ҳақиқий катталигини, ғалла ҳосилдорлигини бевосита ўримдан олдин ўлчашлар йўли билан аниқлайди. Ўрилган майдонлар учун туман МТП ёки сервис корхонаси билан, жўнатилаётган дон учун транспорт корхоналари билан ҳисоб-китоб ҳужжатларини расмийлаштиради.

Отряднинг дон қабул қилиш шохобчасидаги вакили шохобча мутахассислари иштирокида топширилаётган доннинг оғирлигини, намлик ва ифлослик даражасини ўлчайди ҳамда унинг кондицион вазнини аниқлаб, тегишли ҳужжатни расмийлаштиради ва уни отряд раҳбарига топширади. Отряд раҳбари ўрим-йиғимни сифатли ташкил этиш ва ўтказиш, ҳисоб-китобларни тўғри юритиш, дон нобудгарчилигининг олдини олиш, ўрим қатнашчиларига етарли шарт-шароитларни яратиб бериш тадбирлари учун масъул шахс ҳисобланади.

МТП ва фермер хўжаликлари раҳбарлари комбайнларни икки сменада бетўхтов ишлатиш, уларни ёнилги-мойлаш маҳсулотлари билан таъминлаш, кўчма устахоналарни зарур эҳтиёт қисмлар ва таъмирлаш ускуналари билан бутлаш, техника воситаларида рўй берадиган носозликларни даланинг ўзида бартараф этишни ўз зиммасига олади. Ўрим-йиғим отрядини етарли транспорт воситалари билан таъминлаш, ташиш жараёнида дон нобудгарчилигининг олдини олиш, автомашиналарни техник жиҳатдан доимо соз ҳолатда ушлаб туриш вазифалари автокорхона раҳбари зиммасига юклатилади.

Комбайнчилар, ҳайдовчилар ва ўрим-йиғим мавсумининг бошқа қатнашчиларига медицина хизматини кўрсатиш, уларни иссиқ овқат билан узлуксиз таъминлаш тадбирларини фермерлар, маҳалла фаоллари ва туман соғлиқни сақлаш бўлими ходимлари бажаради.

Мавсумни қисқа муддатда сифатли ўтказиш борасида ўрим-йиғим отрядларининг бошлиқлари, агроном ва муҳандислар алоҳида эътибор бериши зарур бўлган вазифалар қуйидагилардан иборат:

- ўримга киришишдан олдин даладаги ғалланинг ўртача ҳосилдорлиги, унинг етилганлик, ифлосланиш ва намлик даражалари чамалаб олинади. Шунга қараб ғаллани ўриш ва комбайнларни бир даладан иккинчисига ўтиш тартиблари танланади;

- ўримни ўз вақтида бошлаш ҳосилни сақлаб колишда ўта муҳим аҳамиятга эга, зеро, пишиб етилган ғалла 5 кун кечиктириб ўрилса 4%, 10 кун кечиктирилса 12%, 20 кун кечиктирилса 28% дон ерга тўкилиб кетади. 1 м2 майдончада бир дона бошоқнинг тўкилиши, гектаридан 10–16 кг. ғалланинг йўқотилиши демакдир;

- комбайн тўғри ростланган ёки ростланмаганлигини даланинг ўзида текшириш зарур: 50 метрдаги буғдой ўрилгандан кейин комбайн тўхтатилади. Агар 1 м2 майдончага 20 донадан ортиқ дон тўкилган бўлса, комбайн иш режимини ўзгартириш ёки механизмларини қайтадан ростлаш талаб этилади.

- бир даладаги ғалланинг ҳолати иккинчисидан анчагина фарқ қилишини, бу эса комбайнни янгидан ростлаш ва созлашни талаб этишини ёддан чиқармаслик керак;

- дони қуруқ ва бирдай пишган, ўт босмаган ва пояси тик турган майдонлар бир йўла ўриб-янчиб олинади;

- дон ташийдиган транспорт воситаларининг бортлари зичланган, яъни тирқишларсиз бўлиши ва улар учқун сўндиргичлар билан жиҳозланиши лозим.

Комбайнларни далада ишлатиш қоидалари. Комбайнлардан унумли фойдаланишда асосий масъулият операторларга юклатилади. Шу боис улар қуйидаги қоидаларга амал қилишлари лозим:

- ўриш жараёнида дон бошоқлардан уриб туширилганда мотовило тезлиги камайтирилади, уни пастга тушириб, вали пичоқларга яқинлаштирилади;

- бошоқлар ерга кўп миқдорда тўкила бошласа, мотовило тезлиги камайтирилади, паншахаларни пичоқларга яқинлаштириб, уларнинг орқа томонга қиялиги бироз оширилади, паншахалар ва шнек қанотлари орасидаги тирқиш кенглиги торайтирилади;

- дон қирқилмаган поялар бошоқларида қолиб кетганда, синган сегмент ва бармоқлар янгисига алмаштирилади, хедер пастга туширилади, мотовило пастлатилади ва олдинга чиқарилиб, тезлиги оширилади;

- бункерда синиқ дон миқдори ошиб кетганда ротор билан дека орасидаги тирқиш кенгайтирилади, ротор (барабан) тезлиги камайтирилади, тирқиш ичига тиқилиб қолган похол ва ўт-ўланлар олиб ташланади;

- сомон орасида тўлиқ янчилмаган бошоқлар учраганда тирқиш кенглиги камайтирилади, ротор тезлиги оширилади, ғалвир жалюзалари кенгрок очилади, комбайн тезлиги пасайтирилади;

- бункердаги дон ифлослиги юқори бўлса, ғалвир жалюзалари торайтирилади, вентиляторнинг шамол кучи оширилиб, хедер бироз тепага кўтарилади.

Хавфсизлик қоидаларига қаттиқ риоя этиш зарур. Бунда:

- бакка фақат тиндирилган ёнилғини тозалагичли агрегатлар ёрдамида қуйиш, ёнилғи ва мой томчилашининг олдини олиш;

- комбайнда доимо соз ва тўлатилган иккита ўтўчиргич олиб юриш;

- мотовило валига ўралган, қия камера ҳамда ротор билан дека орасига тиқилиб қолган пояларни дарҳол олиб ташлаш;

- подшипниклар синганда, уларнинг корпуслари қизиб кетганда, тасмалар ва занжирлар узилганда комбайнни тезда тўхтатиб, двигателни зудлик билан ўчириш;

- тунда ишлашдан олдин барча электр ёритиш воситаларини қайтадан текшириб чиқиб, очиқ симларни дарҳол алмаштириш ёки янгидан ҳимоя лентаси билан ўраб чиқиш;

- электр асбобларига келган симларни доимо текшириб туриш, уларнинг қизиб кетишига йўл қўймаслик;

- симлар қизиб кетганда двигателни дарҳол ўчириб, носозликларни бартараф этиш;

- ғаллазор ичида пайвандлаш ишларини бажармаслик, бункердаги дон қолдиқларини двигател ўчгандан кейингина тозалашга жиддий эътибор бериш талаб этилади;

- комбайн ишчи қисмларидан мой ёки ёнилғининг сизиб чиқишига йўл қўймаслик даркор;

- сақловчи муфталарнинг шатаксирашига, подшипникларининг қизиб кетишига йўл қўйилмайди. Генератор, стартёр улагичлари ва электр қурилмаларига ҳимоя қалпоқчалари кийгизилган бўлиши, электр ўтказгичлар эса маҳкам қотирилган бўлиши шарт;

- нефть маҳсулотлари ёнганда уларни сув билан ўчириш мумкин эмас. Оловни ўт ўчириш воситаси ҳамда қум, тупроқ сепиб ёки брезент билан ёпиб ўчириш керак. Пайвандлаш ишларини бажаришда, шунингдек, комбайнни узоқ муддат таъмирлаш жараёнида у ғалла майдонидан 30 метрдан кам бўлмаган масофага олиб чиқилади.

Қуйидагилар қатъиян ман қилинади: комбайн олдида олов ёқиш, унинг олдига мойли кийим билан яқин келиш; комбайн бункеридаги донни учқунсўндиргичи носоз бўлган транспорт воситаларига тўкиш; комбайнни дала шароитида таъмирлаш жараёнида учқун чиқиши эҳтимоли бўлган асбоблардан фойдаланиш.

Мазкур тадбирларнинг тўғри бажарилиши ғалла ўрим-йиғимининг дон нобудгарчилигига йўл қўймасдан сифатли ўтишини ва қисқа муддатларда якунланишини таъминлайди.

   М.Тошболтаев, К.Астанақулов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech