Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Июн 2017 00:00

Бу йилги мураккаб об-ҳаво шароитида пахтадан мўл ва сифатли ҳосил етиштиришда барча агротехник тадбирларни жадаллаштиришни тақозо этмоқда.

Ғўза қатор орасига июнь ойида ишлов беришда 1 ва 2-культивация ўртасида чизель-культиватор ёрдамида чуқур (20–25 см) юмшатишни амалга ошириш яхши самара беради.

Тупроқ етилган пайтида культивация ўтказилади. Зарур бўлганда тупроғи етилган ерларда танлаб культивация қилиш лозим. Шунингдек, бу пайтда бегона ўтларни вақтида ўтоқ қилиб туриш керак.

Культивация билан бирга суғориш учун жўяк олинганда биринчи сувда 60 см қатор оралиғида экилган далалар учун эгат чуқурлиги 12–14 см, 90 см қатор оралиғида экилган майдонлар учун эса 15–18 см, кейинги суғоришларда ушбу чуқурлик тегишлича 14–15 ва 18–20 см. ни ташкил этиши лозим.

Бу йилги ёғингарчилик оқибатида тупроқда тўпланган озиқа моддаларнинг бир қисми ер ости қатламларига ювилди. Шунинг учун пахта майдонларига ўғитни эрта муддатларда солишни ташкил этиш керак. Одатда ўғитни суғоришдан олдин эгат олиш билан бирга солинади.

Органик ва минерал ўғитларнинг аралашмаларидан фойдаланиш энг яхши чора ҳисобланади. Бунда ниҳолларнинг озиқа моддалар билан яхши таъминланиши мақсадида ғўза қатор ораларига ишловнинг (культивация) 2-мартасида ҳар гектарига 250–300 кг дан чириган, куритилган ва элакдан ўтказилган маҳаллий ўғитларни мосламалар билан ғўза қатор ораларида 14–16 см узоқликка ва 15–17 см чуқурликка солиш кутилган натижа беради.

Ғўзанинг шоналаш ва гуллаш даврларида гектарига 400–500 кг қуруқ гўнгни азотли ўғитлар билан биргаликда қўллаш пахта ҳосилини гектаридан 2,0 центнерга оширади.

Ғўзанинг яхши ўсиб, юқори ва сифатли ҳосил бериши учун қўшимча равишда баргдан озиқлантиришда, минерал ўғит – карбомид суспензияси билан бирга “Гумимакс”, “Эдагум”, “Фитовак” ва бошқа стимуляторлар билан ишлов бериш самаралидир.

Бунда ғўза ривожи орқада қолган майдонларда суспензия гуллаш даври бошида гектарига физик ҳолда 10,0 кг карбомид ишлатилади ёки КАС ўғитини 9,0 литр ишлатилганда яхши самара беради. Суспензия сепишда ишчи эритма ҳар гектарига 300 литрдан кам бўлмаслиги керак.

Суспензия билан ишлов беришда “Фитовак” (200–300 мл/га), “Гумимакс” (0,15–0,20 л/га), “Узгуми” (0,3–0,4 л/га) ва бошқа шунга ўхшаш стимуляторлар қўшиб ишлатилса, ғўзанинг ўсиб-ривожланишига ижобий таъсири янада ортади.

Суспензияни эрталаб ва кечқурун ҳаво ҳарорати 20–25 оС дан ошмаган пайтда сепиш тавсия қилинади. Ҳаво илиқ ва булутли кунларда суспензияни кун давомида сепиш мумкин.

Айрим тупроқ унумдорлиги паст ерларда ҳамда механик таркиби енгил қумлоқ тупроқларда ғўзалар шонага кирган майдонларда гектарига соф ҳодда 70–75 кг азот ва 50 кг калий бериш керак, бу эса гектарига 210–225 кг аммиакли селитра ёки 150–160 кг мочевина ва 80 кг калий хлоридни ташкил этади. Ғўзанинг шоналаш даврида ўғитларни ўсимликнинг 20–22 см ёнига, 14–16 см. чуқурликка солинади.

Ғўзалар гулга кира бошлаган пайкалларда азот ва фосфорли ўғитлар гектарига соф ҳолда 70–75 кг азотни (аммиакли селитра 210–225 кг) ва 40–50 кг соф ҳолда фосфорни (аммофос 80–100 кг ёки оддий суперфосфат 280–350 кг ёки супрефос 170–215 кг) тавсия этилади. Агар ғўза қатор оралари 90 см бўлса, шоналаш даврида 60 см қатор оралиғидек, гуллаганда эса ўғит ўсимлик ёнига 30–35 см, 60 см. да эса қатор оралари ўртасига 14–16 см чуқурликка солинади.

Ўсув давридаги озиқпантиришни охирги муддати ғўза гуллай бошлашининг 10-кунига тўғри келиши керак. Бундан кечикса, ғўзанинг ривожланиш даври чўзилиб кетиши мумкин.

Суғориш муддати ва меъёрларини ҳудуднинг сув билан таъмин-ланганлиги, тупроқнинг механик таркиби ва сизот сувлари чуқурлигини қатъий ҳисобга олиб белгилаш лозим.

Ҳар суғоришдан кейин ғўза қатор ораси тупроқ етилиши билан, кесак ҳосил қилинмай, майин культивация қилиниши керак.

Ғўзани июнь ойида шоналаш даврида суғориш меъёри енгил тупроқларда гектарига 600–700 м3, ўрта ва оғир тупроқларда 700–800 м3 бўлиши керак. Суғоришнинг давомийлиги енгил тупроқларда ғўза гулга киргунча 10–12, ўрта ва оғир тупроқларда 12–14 соатдан ошмаслиги керак. Ер ости сувлари сатҳи 0,5–2 метргача бўлган тупроқларда сув миқдори 10–15 фоизгача камайтирилади. Эгатлар узунлигини қисқартириш йўли билан далаларни бир текисда намланишига ва сувдан тежамли фойдаланишга эришиш мумкин. Шуни ҳисобга олиб, сувни яхши ўтказадиган ўтлоқ ва енгил қумоқ тупроқларда ғўза қатор оралари 60 см бўлганда эгатлар узунлиги 60–70 метрдан, сувни суст шимадиган, оғир тупроқли ерларда 80–90, қатор оралари 90 см бўлган пайкалларда эса тегишли равишда 80–90 ва 90–100 метрдан ошмаслиги керак. Қатор оралари 60–90 см ва катта нишабга эга бўлган ғўза пайкалларида суғоришларни барча эгатлар орқали ўтказиш, қолган жойларда бир жўяк ташлаб (қатор оралатиб) суғориш мақсадга мувофиқ.

Сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш, экинларни парвариш қилишда агротехника тадбирларини юқори савияда ўтказиш экинлардан юқори ҳосил олиш гаровидир.

    Ш.Абдуалимов, Ф.Ҳасанова





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech