Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Июн 2017 00:00

Жорий йил боғ ва соҳибкорлар учун жуда баракали йил бўлди. Қиш узоқ ва совуқ бўлиб, бақор кеч кирди. Натижада боғларда гуллаган мевали дарахтларда ҳосил мўл бўлиши кутилаяпти.

Бироқ, апрель ҳамда май ойида ҳам ёғингарчилик кўп бўлиши боис боғ ва токзорлар ораларида бегона ўтларнинг ривожланишига имкон пайдо бўлди. Бунинг олдини олиш учун боғ ва токзорлар қатор оралари 12–15 см чуқурликда юмшатилиб, туп оралари бегона ўтлардан тозаланади. Ҳосилли боғларда қатор ораларини суғориш учун бир-биридан 70–80 см оралиқда 4–5 та 22–24 см чуқурликда ариқлар олиниб 1–1,5 кун давомида тупроқ захлагунча суғорилади.

Бу йил баҳорда ёғингарчилик кўп бўлгани сабабли боғларда касалликлардан клястероспориоз (тешикдоғ), парша (калмараз), ун шудринг, манилиал куйиш (монилиоз), зараркунандалардан олма қурти, ширалар, нок шира бургаси (медяница) тез ривожланади.

Олма, нок ва олхўри қурти ҳамда нок шира бургасига қарши июнь ойи бошида 10–15 кун оралатиб боғларга кимёвий ишлов берилади. Ушбу тадбир ҳосилли боғларда мевахўр қуртларнинг 2 наслига қарши бўлиб, олмалар гуллаб бўлганидан сўнг 40–45 кун ўтгач бажарилади. Бунда ҳосилли олма, нок ва олхўри боғларида қуйидаги препаратлардан бири қўлланилади: Карбофос (100 мл сувга 200–300 г); Циперфос 100 г ёки Децис, Карате, Толстар, Циракс 30–40 г, Фуфанон 100 г ҳисобида, олма қуртига қарши Вектра 30 г, Сапроль ва Топсин 100 г ҳисобида қўллаш самара беради.

Эртапишар олма навларига кимёвий препаратлар билан ишлов берилмайди.

Токзорларда ток туплари қалинлашиб кетишига йўл қўймаслик учун тезлик билан ғўра хомтогини ўтказиш зарур. Ортиқча новдаларни олиб ташлаш билан бирга қолдирилган новдаларни яхшилаб кун тушадиган қилиб боғлаш керак. Токзорларда ток қаторидан 50–60 см қочириб, иккита суғориш ариғи олинади. 24–30 соат давомида яхшилаб суғорилади.

Ёғингарчиликнинг кўп бўлгани учун токзорларда оидиум, антракноз касалликлари ривожлана бошлади. Уларга қарши 8–10 кун оралатиб олтингугурт (1 гектар токзорга) 25–30 кг сарфи билан чанглатиб чиқиш зарур. Олтингугуртга 10 кг оҳак кукуни қўшилса, тадбирининг самарадорлиги янада ошади. Кичик майдондаги ток тупларини даволашда олтингугуртни қўллаш имкони бўлмаса Вектра, Топаз, Тиль (10 л сувга 3–5 г) ёки Топсин (10 г) препаратини қўлласа ҳам бўлади.

Июль ойида боғларда айни пишиқчилик палласи, яъни шакардан ширин мевалар бирин-кетин пишиб етилади.

Бу вақтда боғбон-соҳибкорлар боғ-токзорлардаги ҳосилни сақлаб қолиш мақсадида саратон сувига қондириб суғоришга эътиборни қаратиши зарур.

Ушбу ойда қуёш ҳарорати энг юқори даражага кўтарилиши сабабли дарахтлар ва ток тупларининг сувга эҳтиёжи кучаяди. Сув ичган боғ-токзорларнинг ҳосилдорлиги ортади, мевасининг сифати яхшиланади ҳамда меваларнинг тўкилиши камаяди. Бу ойда боғларни 2–3 марта қондириб суғориш керак. Халқимизда “Чилла суви – тилла суви” деб бежиз айтилмаган.

Ҳосилли боғларда дарахт тупларидан 80–90 см узоқликда, токзорларда эса ток қаторидан 50–60 см узоқликда иккита суғориш ариғи очилиб суғорилади. Агар июнь ойида боғ-токзорлар озиқлантирилмаган бўлса, у ҳолда озиқлантиришни органик ўғитлар билан қўшимча “шарбат” усулида берилса яхши натижа беради.

Намликни саклаб қолиш ва бегона ўтларни йўқотиш мақсадида боғ-токзорлар оралари тупроқ етилиши билан 12–15 см чуқурликда культивация ўтказилади.

Мева ва қўнғир рангли ўргимчак каналар, нок шира бургасига қарши курашда (1 та баргда 3 тадан ортиқ кана бўлса) намланувчан олтингугурт ( 100 л сувга 0,6–1 кг) 12–15 кг/га меъёрида сарфланади, шунингдек, туйилган олтингугуртни чанглатса ҳам бўлади. Нокзорларда нок шира бургасига (медяница) қарши 10–12 кун оралатиб, Карбофос, Фазалон (Золон 200–300 г), ёки Нурелл-Д, Циперфос 100 г ва бошқа препаратларни 1–2 маротаба 100 л сувга аралаштириб сепса яхши натижа беради.

Олма ва нокнинг кечпишар навларини олма қуртининг учинчи авлодига қарши июль ойининг охирги беш кунлигида юқоридаги препаратлардан бирини қўллаш керак. Беҳизорларда монилиоз касаллигидан зарарланган новдалар кесиб олиб ташланади.

Токзорларда ток туплари қалинлашиб кетишига йўл қўймаслик зарур. Ток тупларида узум бошларини соялатиб қўядиган бачки новдалар кучли ўсиб кетса, 2–3 та барг қолдириш етарли. Акс ҳолда ҳосилнинг етилиши, новданинг пишиши кечикади ва замбуруғли касалликларнинг ривожланишига сабаб бўлади.

Оидиум (кул) касаллиги тарқалиши кузатилса, туйилган олтингугурт чанглатилади. Бунда 1 гектарга 30 кг олтингугурт ва 10–15 кг оҳак кукуни қўшиб ОШУ–50 осма чанглагичда ишлов берилиши мақсадга мувофиқ.

Август ойида боғ ва токзорларда мева-узум ҳосили ғарқ пишади. Етиштирилган ҳосилни нест-нобуд қилмай йиғиштириб олиш боғбонларимиздан катта масъулият талаб этади.

Боғларда мевалар техник пишиш ёки физиологик пишиш даврида терилади.

Узоқ жойларга чет эл мамлакатларига юбориладиган мевалар техник пишиш даврида, яъни пишишдан 10–15 кун олдин, маҳаллий бозорга мўлжалланганлари эса физиологик пишиш ҳолатига яқин шароитда терилади. Териб олинган мевалар офтобда қолиб кетмаслиги учун уларни салқин жойларга жойлаштириш керак. Бу ерда уларни саралаб, идишларга (идиш ва транспорт турига қараб) жойлаб, тезда истеъмолчиларга жўнатиш зарур.

Ҳосилли боғларда август ойида келгуси йил учун мева куртаклари шакллана бошлайди. Тупроқда нам етишмаса, бу жараёнга салбий таъсир кўрсатади. Ушбу жараённинг кечишига ижобий шароит яратиш келгуси йил ҳосили мўл ва сифатли бўлишига гаровдир.

Мева каналарининг тарқалиши кузатилса, юқоридаги препаратларга Вертимекс, Неорон, Абамиктин, Нисорон препаратларини (100 л сувга 50–150 г) қўшиб, омухта қилиб пуркалади. Намланувчи олтингугуртнинг 1 фоизлиси ҳам самаралидир.

Беҳизорларда монилиоз касаллигидан зарарланган новдалар олдинги ойларда кесилмаган бўлса, тезлик билан кесиб, боғдан чиқариб ёқиб юбориш керак.

Август ойида ўртапишар узум навлари пиша бошлайди ҳамда улар териб олинади. Кечпишар узум навлари узумни узишга 15–20 кун қолганда суғорилади. Қалинлашиб кетган тупларда чилла чиқиши билан узум бошларини соялаб турган барглар олиб ташланади. Кул касаллиги тарқалиши кузатилса, олтингугурт (1 гектар токзорга сарфи 30–40 кг) билан чанглатилади.

Данакли мевалар истеъмол бозорига қараб, керак бўлса (четга юбориладиганлари) техник пишиш даврида терилади ва йўлда улар етилиб пишади.

Шафтоли ва олхўри меваларини улар қаттиқроқ, озгина пишмаган ҳолда, териш керак лекин мазаси ушбу помологик навга хос бўлиши лозим.

Меваларни узоқ жойларга юбориш, сақлаш ва сотувга олиб чиқиш уларни банди билан териш шарт. Бу мевалар узоқроқ сақланишининг асосий кафолатидир.

Сақлашга қўйиладиган олма, нок каби мевалар авайлаб терилиб, қоғозга ўралиб, ёғоч қиринди тўшалган яшикларга жойланади. Узум бошлари қайчи билан кесиб олинади, узум доналарига қўл тегмаслиги керак. Акс ҳолда узум мевасининг ғубори шикастланади, оқибатда уни узоқ муддат сақлаб бўлмайди.

Август ойида пишиб етилган мева ва узумлар асосан истеъмол учун бозорларга, сотувга ҳамда қисман қайта ишлаш (консервалаш ва қуритиш учун) жўнатилади. Данакли мевалардан шафтоли, олхўри ва узумнинг кишмишбоп навларини узоқ сақлаб бўлмайди, улар кўпи билан (энг сифатлиси) бир ой сақланади. Шунинг учун истеъмолдан ортган мевалар қуритилади.

Мева ва узум очиқ ҳавода, қуёшда қуритилганда сифатсиз маҳсулот олинади. Уларни салқин ерларда ёки махсус палаткаларда (полиэтилен плёнка қопланган) қуритилса, қуриган меванинг сифати анча юқори бўлади ҳамда узоқ сақланади.

Резавор мевалилардан қарағатзорларда июнь ойида мевалар пиша бошлайди. Бу даврда меваларнинг сифати ҳамда ҳосили мўл бўлиши учун қарағатзор ҳар 8–10 кунда суғорилади. Қарағат меваси териб олингач (июль-август), ўсимликда келаси йил учун гул куртаклари шаклланадиган давр бошланади. Бу вақтда қарағатзорда тупроқ нам ва юмшоқ бўлиши керак. Июль ойида 2–3 маротаба, август ойида 2 маротаба суғорилиб, ҳар икки сувдан сўнг тупроқ юмшатилади. Боғбонларимиз боғлари болга тўлмоқда. Шакардан ширин меваларни саришта қилишда сусткашликка йўл қўймаган боғбоннинг меҳнати маҳсули баракали бўлади.

    Р.Абдуллаев, Ҳ.Абдуллаева





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech