Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Июн 2017 00:00

Бугунги кунда дунёда ишлаб чиқарилаётган жами ўсимлик мойининг 40 фоизи соя ҳиссасига тўғри келади. Дуккакли дон экинлари орасида соя ялпи ҳосили ва экин майдонлари бўйича жаҳонда биринчи ўринни эгаллайди.

Ўлкамиз тупроқ-иқлим шароити соя етиштириш учун жуда қулай бўлиб, уни барча вилоятлар ва Қорақалпоғистонда асосий ҳамда такрорий экин сифатида етиштириш мумкин.

Такрорий экин сифатида экилган соя сув ва шамол эрозиясининг зарарли таъсирини камайтиради, тупроқни органик моддалар билан бойитади ва унинг иккиламчи шўрланиши камаяди. У буғдой ҳосилидан бўшаган анғизга экилганда экинзор микроиқлими, дала фитосанитар ҳолати, тупроқдаги микробиологик жараёнлар яхшиланади. Соядан кейин жойлаштирилган экинларнинг ҳосилдорлиги 20–30 фоизга ортади.

Шунингдек, сўнгги йилларда республикамиз ғаллазорларида кўпайиб бораётган ёввойи сули, так-так (ёввойи кўп йиллик арпа), тулкидум, мастак (райграс), чакамиғ (гандумак), кўп йиллик бегона ўтлар ажриқ, ғумай, пахтатикан, какра ва бошқалар кескин камаяди. Суғориладиган ерларда янги, илмий асосланган қисқа ротацияли алмашлаб экиш тизимларини яратиш ва жорий қилиш имконияти туғилади.

Ҳозирда республикамида селекционер олимлар томонидан яратилган 16 та соя нави Давлат реестрига киритилган. Аммо уларнинг уруғлари етарли миқдорда бўлмаганлиги сабабли жорий йилда соянинг тезпишар, эртапишар ва ўртапишар навлари элита уруғлари Россиянинг Краснодар ўлкасидаги “СОКО” компаниясидан келтирилди. Улардан Аванта, Бара, Амиго, Арлета, Спарта, Селекта-101 навлари буғдой ҳосилидан бўшаган суғориладиган ерларга такрорий экиш учун тавсия этилади.

Республикамизда такрорий экин сифатида экиладиган навлардан ўсув даври 91–110 кун бўлган навлар экилгани маъқул.

Соя илдизларида туганаклар ҳосил бўлиши учун уруғ экиладиган тупрокда туганак бактериялари бўлиши керак Соя экилмагани учун мамлакатимиз тупрокдарида туганак бактериялар йўқ. Шунинг учун соя илдизларида туганак-ларнинг ҳосил бўлишини таъминлаш мақсадида уруғлар экишдан олдин Ризоторфин, Ризобофит, Нитрагин ёки Ризоазот бактериал ўғитлар билан ишланади, яъни инокуляция қилинади.

Тупроқни ишлашда бегона ўт илдизларидан тозаланган дала 28–30 см чуқурликда ҳайдалади. Ерни ҳайдаш олдидан органик, калийли ўғитларнинг йиллик меъёрлари, фосфорли ўғитнинг 70–80 фоизи берилади. Бирор сабабга кўра, фосфорли, калийли ўғитлар ерни ҳайдаш олдидан солинмаган бўлса, кўрсатилган миқдордаги ўғитларни 10–14 см чуқурликда биринчи культивация билан бериш лозим.

Гўнг 1 га майдонга 30–40 т солинади. Азотли ўғитлар гектарига 30–50 кг меъёрда берилади. Сояга 90–100 кг/га фосфор, 40–60 кг/га калий солинади. Илдизларида туганаклар ҳосил бўлмаса 2,0 т/га ҳосил олиш учун 1 гектарга 180 кг/га азот солиш керак. Бу миқдор 529 кг аммиакли селитрага ёки 391 кг карбамидга тўғри келади. Агар қўлланилган азотли ўғитнинг ўзлаштирилиш коэффициентини 50 фоиз деб олсак, 2,0 тонна дон ҳосили олиш учун 2 баробар кўпроқ азотли ўғитни (1058 кг аммиакли селитра ёки 782 кг карбомид) қўллашга тўғри келади. Шунинг учун соя етиштириш технологиясида уруғларни туганак бактериялар билан ишлаш энг муҳим технологик жараён ҳисобланади.

Қайд этиш керакки, инокулянтларни қўллаш азотли ўғитларни қўллашга нисбатан 10–11 баробар арзон.

Буғдой ҳосилидан бўшаган майдонларда албатта экишдан олдин суғориш ўтказилиб, уруғлар нам тупроққа экилади. Такрорий экин сифатида 20 июндан 10 июлгача экиш мақбул муддат ҳисобланади.

Ўзбекистонда суғориладиган ерларда соя асосан қатор оралари 60 ва 70 см қилиб, пунктирлаб экилади. Уруғларни экиш меъёри, тезпишар навлар учун 500 минг уруғ/га, ўртапишар навлар учун – 400 минг унувчан уруғ/га. Уруғларни экиш чуқурлиги тупроқда намлик етарли бўлганда 4–5 см, тупроқнинг юза қисми қуриганда 6–7 см. Механик таркиби енгил тупроқларда экиш чуқурлигини ошириш мумкин. Экиш СЗУ-3,6, СЗТ-3,6, СПЧ-6, СПЧ-8А, ССТ-12А, СУК-24 сеялкаларида ўтказилади.

Сугориладиган ерларда соя қатор оралари ишланади, ўсимликлар озиқлантирилади бегона ўтлардан тозаланиб суғорилади, касаллик ва зараркунандаларга карши курашилади. Қатор ораларини ишлаш одатда ҳар 10–15 кунда ўтказилади, уларнинг сони экинзор ҳолатига караб белгиланади.

Соя ўсимлиги битлайди, чигирткалар, ўргимчаккана, трипслар, хасвалардан зарарланиши мумкин. Зараркунандаларга қарши Сумми альфа 0,25–0,30 кг/га, Карате 0,15–0,25 кг/га қўлланилади.

Ҳосили уруғлардаги намлик 14–15 фоиз қолганда, Кейс, Клаас, Доминатор, Джон Дир комбайнлари билан ўриб-янчиб олинади. Уруғлар намлиги 14 фоиздан ортиқ бўлмаган ҳолда сақланади.

Хориждан келтирилган соянинг янги навлари парваришида юқорида қайд этилган барча технологик усуллар қисқа муддатларда, сифатли ўтказилганда такрорий экиндан 1,5–2 т/га ҳосил олиш таъминланади.

   Н.Халилов, З.Артиқов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech