Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Сентябр 2016 00:00

Пахтакорларимиз йил-ўн икки ой фидокорона меҳнат қилиб, далалардан ушбу меҳнатининг маҳсулини йиғиб-териб олишга киришган шу кунларда ғаллакорларимиз ҳам келгуси йил ҳосили тадоригини кўрмоқда. Қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилдорлигини оширишда нав асосий ўринни эгаллайди. Фақатгина ўтмишдош экинлар, улар етиштирилаётган ҳудуд тупроқ-иқлим шароити, минерал озиқлантириш даражаси ва уни биологик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда нав тўғри танланганда кузги буғдой ҳосилдорлигини гектаридан 5–10 центнерга ошириш мумкин.

Навларни энг асосий биологик хусусияти ўсув даврининг давомийлигидир. Кузги буғдойдаги бу хусусият улар ҳосилдорлигини белгилайди. Яъни ҳар бир ҳудудда экиш олдидан ғалла навларини жойлаштиришда эртапишар навлар 30, ўртапишар навлар 60, кечпишар навлар 10 фоиз майдонга жойлаштирилганда, ғаллани ўрим-йиғим даврида нес-нобудсиз даладан олиб чиқишга замин яратилади.

Буғдой етиштириш технологиясида уруғ экиш учун ер тайёрлаш энг кўп маблағ сарфланадиган жараён ҳисобланади.

Тупроққа берилган ишлов кузги буғдой ўсимлигини бошоқлаш ва дон шаклланиш фазасида тупроқни ҳайдов қатламидаги зичлиги 1,2–1,3 г/см бўлишини таъминлаши керак. Тупроқ зичлигини бундан паст ёки юқори бўлиши ҳосилдорликни пасайтиради.

Кузги буғдой бегона ўтлардан ва шағал тошлардан тозаланган, ер ости сувлари чуқур жойлашган унумдор тупроқларда яхши ўсади. Тупроққа ишлов бериш ундан олдин ўша майдонда экин турига қараб ўтказилади.

Бошоқли дон экинларидан кейин қолган сомони бор майдонларни тупроқ қатламини тўла ағдарилишини таъминлайдиган қўш ярусли ПЯ-3–35, ПД-4–45 ва ПДН-3–30 омочлар билан ағдариб ҳайдаш тавсия қилинади. Шунда ўсимлик қолдиқлари чириб тупроқ таркибидаги чиринди миқдорини оширади.

Маккажўхори, бошоқли дон ёки сабзавот экинларидан кейин тупроқ қуриб қолганда ҳайдалса палахса кўчади. Бундай ҳайдовда ҳосил бўлган кесаклар оғир мола ёки махсус кесак майдалагичлар ёрдамида ҳам майдаланиши қийин. Ундан ташқари қуруқ ер ҳайдалганда чанг кўтарилади, бўш тупроқ ҳосил бўлади, натижада тупроқ эрозияси келиб чиқади. Шу сабабли бундай майдонларга ишлов беришдан олдин енгил суғорилади. Тупроқ етилганда дискали юмшатгич билан 10–12 см чуқурликда юза ишлов бериб, 22–25 см чуқурликда ағдариб ҳайдалиши юқори самара беради.

Агар буғдой, беда, силос учун маккажўхори экилган майдонлар кузги буғдой экишга тайёрланадиган бўлса, бундай ерларни замонавий чимқирқарли омочларда 28–30 см чуқурликда ҳайдаш тавсия қилинади.

Республикада кузги ғалланинг 65–70 фоизи ғўза қатор ораларига экилмоқда. Уруғлик дон ғўза қатор ораларига экиладиган бўлса, дала бегона ўтлардан тозаланиб, кейин ишлов берилади. Маълумки, ғўза қатор ораларига ишлов берилишида ғўзапоя анча қийинчилик туғдиради. Ғўза қатор оралари текис ва майин қилиб экишга тайёрланмасдан ҳар хил қўлбола мосламаларда сифатсиз уруғ экилиши оқибатида, кўчат қалинлиги бир текис бўлмайди, натижада ҳосилдорлик гектаридан 8–10 центнергача камайишига сабаб бўлади.

Шу боис ғўза қатор ораларини сифатли юмшатиш ва пуштани текислашда чимқирқар, лапка ва норальниклардан фойдаланилади, яъни КРХ-4, КРХ-3,6, КХУ-4, КПН-4А каби универсал культиваторлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.

Бунда экиш жараёни билан боғлиқ агротехник тадбирлар бирйўла бажарилганлиги сабабли техника ва ёнилғи-мойлаш материаллари 30–40 фоизгача тежалади. Ғўза қатор ораларида кузги буғдой етиштиришдаги харажатлар 2,5 мартага камаяди.

Кузги буғдойнинг ўсиб-ривожланиш жараёни, қишга чидамлилиги, майдондаги кўчат сони ва ҳосилдорлигига таъсир этувчи омиллардан бири экиш муддати ва меъёридир.

Кузги буғдой уруғи мақбул муддатларда экилиб, намлик етарли бўлганда текис униб чиқади ва совуқ тушгунга қадар 3–4 тадан поя ҳосил қилиб, тўла тупланган ҳолда яхши қишлайди.

Уруғ муддатидан эрта экилганда эрта униб чиқади, ҳаво ҳарорати етарли бўлганлиги сабабли қишлашгача яхши туплайди, ҳатто икки фаслли (дуварак) навлар найчалашга ҳам улгуради. Бундай ҳолда ўсимлик ҳужайралари таркибидаги шакар камайиши сабабли ўсимлик совуққа чидамсиз бўлади ва қишдан ёмон чиқади. Натижада майдондаги кўчат сони ва ҳосилдорликка салбий таъсир кўрсатади. Кузги буғдой кеч экилганда эса уруғ сийрак униб чиқади, тўла тупланиш ва қишга чидамлилигини оширишга улгурмай, 1–2 тадан барг ҳосил қилган ҳолда қишлашга ўтади, кўчат сийраклашади, бегона ўтлар кўпаяди, ҳосилдорлик 10–15 центнерга пасайиб кетади.

Шу сабабдан кузги буғдойни ҳар бир минтақа учун мақбул муддатларда экилиши юқори ва сифатли дон етиштиришдаги асосий омиллардан бири ҳисобланади.

Экиш муддатини аниқлаш учун кўп йиллик метеорологик маълумотлар асосида кузги буғдойни ҳар бир минтақа учун қишлашга кириш муддати аниқланади. Ҳар йили 3–6 ноябрда ўртача суткалик ҳаво ҳарорати +5оС ни ташкил этса, шу ҳарорат бошланган кундан бошлаб буғдой ўсимлиги қишлашга киради. Ўсимлик шу ҳолатга келиши учун ўртача 35 кун муддат талаб қилинади. Суткали ҳарорат ўртача +5оС бўлган 3–6 ноябрдан бошлаб орқага
35–40 кун саналади ва сана ўша ҳудуд учун мақбул экиш муддати ҳисобланади.

Ушбу мисолдаги мақбул муддат 1 октябрга тўғри келади. Демак, буғдой 1 октябрда экилганда 35 кунда тўла тупланиш фазасида қишлашга киради. Албатта бу ҳаво ҳароратига қараб 3–4 кунга у ёки бу томонга ўзгариши мумкин.

Шу давр ичида +5оС дан юқори бўлган ҳаво ҳарорати йиғиндиси
500–580оС ни ташкил этади.

Экиш меъёри икки усулда: доналаб ва дон оғирлиги килограмм ҳисобида аниқланиб, 1000 дона уруғ вазни эътиборга олинади. Экиш меъёрини дона ҳисобида белгиланиши ҳақиқатга яқин.

Экиш меъёрлари экиш муддатига боғлиқ бўлади. Кечки муддатда экилганда, эрта ва мақбул муддатда экилганларга қараганда экиш меъёри кўпайтирилади, чунки кечки муддатда экилганда тупланиш коэффиценти камайиб кетади. Ундан ташқари кечки муддатда экилганда уруғни дала унувчанлиги пасаяди.

Республикада суғориладиган ер шароитида кузги буғдой экиш меъёрини гектарига ўртача 4,5–5,5 млн дона унувчан уруғ (200–250 кг) ҳисобида белгиланиши мақсадга мувофиқ. Навларни биологик хусусияти ва тупроқ шароитига қараган ҳолда айрим навлар бўйича 4,0–6,0 млн дона унувчан уруғ экилиши мумкин.

Уруғ экиш чуқурлиги уруғларни бир текис униб чиқишига ва буғдой тупланиш бўғинини жойланиш чуқурлигига таъсир кўрсатади.

Тупроқни механик таркибини ҳисобга олган ҳолда ғўза қатор ораларига
3–4 см, очиқ майдонларга 4–5 см чуқурликда уруғ экилиши керак. Енгил тупроқларда эса 5–6 см чуқурликка экиш тавсия қилинади.

Кузги буғдойни озиқлантиришда минерал ўғитлар (азот, фосфор, калий) тўғри нисбатларда қўлланилганда буғдойдан юқори ва сифатли ҳосил олиш мумкин.

Кўп йиллик тажриба натижаларидан келиб чиққан ҳолда кузги буғдой 1 центнер дон етиштириш учун тупроқдан ўртача 3,7 кг азот, 1,3 кг фосфор ва 2,3 кг калийни ўзлаштиради. Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан олиб борилган тажриба натижаларига кўра, фосфорли ва калийли минерал ўғитлар экиш олдидан соф ҳолда 90 кг фосфор ва 60 кг калий ўғитлари шудгор остига ёки ерни экишга тайёрлаш олдидан берилиши керак.

Юқори ҳосилдорликка эришиш технологиясининг асоси:

ҳар бир ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда юқори маҳсулдор навларни етиштириш, минерал ўғитлар нисбатини илмий асосланган ҳолда қўллаш, турли касаллик ва зараркунандаларга қарши курашнинг самарали усулларидан фойдаланиш ва ҳосилни ўз муддатида йиғиштириб олишдан иборат.

Куз фаслида, яъни буғдой ривожланишининг бошланишида буғдой азот билан етарли миқдорда таъминланмас экан, бундай шароитда ўсимлик бошоғида фақатгина битта гул ривожланади. Шу даврда ўсимликни фосфорга бўлган талаби ҳам юқори бўлади. Булар ўсимликда генератив, яъни мева ҳосил қилувчи органларнинг ривожланишига салбий таъсир қилади. Фосфорли ўғитларнинг йиллик меъёри экиш олдидан берилган майдонларда фосфор етарли бўлади. Аммо кузги буғдой ривожланишининг бошларида ўсимлик азотни талаб қилади. Шуни ҳисобга олган ҳолда, кузда азотли ўғитлар йиллик меъёрининг 15 фоизини берилиши ўсимлик генератив органларини шаклланишига, бошоқдаги дон миқдорига, тупланиш жараёнига ижобий таъсир этади. Ниҳолларни қишга-совуққа чидамлилигини оширади. Белгиланганидан юқори меъёрда азот берилса, азотнинг бир қисми тупроқни пастки қатламига ювилиб кетади. Кузда эрта ва мақбул муддатларда экилган майдонларда буғдой тупланган ёки 1–2 тадан чинбарг ҳосил қилган бўлади.

Кузги озиқлантиришнинг тупроқ таркибидаги озиқа моддаларни аниқлаш асосида ўтказилиши юқори самара беради. Бунда ҳудудий агрокимё лабораториялари хизматидан унумли фойдаланиш лозим.

     Р.Сиддиқов, С.Саидов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech