Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Сентябр 2016 00:00

Бир пайтлар бозорда зира сотиб ўтирган отахондан “бу зира деганлари намунча қиммат” деб сўраганимда, у “ҳа, ўғлим, бу зира ўсимлиги тоғу тошларда якка-дукка ўсади, унинг уруғини топиш ҳам, териш ҳам, кўпайтириш ҳам қийин” деганди. Ҳа, ҳосил териш, йиғиш деган гап завқли, лекин ўзи анча машаққатли.

Кўпчилигимиз қовун, тарвуз йиғиштиришда қатнашиб, роса терга ботганмиз. Ҳар бири 8–10 кило келадиган қовундан нари борса 4–5 тасини қопга солиб орқалаганимиз, қовун палакларини авайлаб, танлаб қадам босиб 100–200 метр наридаги машина ёки тиркама олдига олиб борганимиз, елкамиздаги қопни авайлаб тепага узатганимиз ҳали ҳам эсимизда турибди. Пахта териш эса бундан-да оғир, бундан-да майда юмуш. Қишлоқдаги эркак, аёл 1 кунда камида 60 кг пахта терсин. 1 та очилган кўсакдаги хомашё вазни ўртача 5 грамм келади. Ишчи 60 кг пахтани териб олиш учун 12000 дона (60000:5) кўсакка қўл чўзади. Белидаги этакка кўпи билан 10 кг пахта сиғади. Шу боис этакни 6 марта бўшатиб, қайта белига боғлайди. Эгатларни оралаб, ғўзапоялар ичида 100–200 метр юриб, терган пахтасини бўлмаганда икки марта тарозига олиб чиқади.

1 туп ғўзада 10 та очилган кўсак бўлганда, 12 мингта кўсак 1200 туп (12000:10) ғўзада жойлашади. Демак, ишчи 60 кг пахта териш учун 1200 марта энгашади ва тикланади. 1 метрда 10 туп ғўза жойлашса, 1200 туп 120 метрни (1200:10) эгаллайди. Ишчи шу масофани 5–6 соат ичида босиб ўтиб, ҳалиги 60 кг пахтани териб олади. Биламизки, ишчи нафақат туплардаги, балки ерга тўкилиб қолган ҳосилни ҳам териб олиши лозим бўлади. Терим шунда янада қийинлашади.

Олимлар, конструкторлар одамларни ана шундай сермашаққат меҳнатдан халос этиш мақсадида пахта териш машиналарини ўйлаб топганлар. Биз, пахта ҳосилини қўл кучи ва машина билан теришдаги сарф-харажатларни ҳисоблаб ва уларни ўзаро қиёслаб машина терими самараси ҳақида хулоса чиқаришга ҳаракат қилдик.

Фермернинг 50 гектар майдонида очилган пахта ҳосилдорлиги гектарига 40 центнерни ташкил этсин. Бунда пишган ҳосил миқдори 200 тонна (50 х 4) бўлади.

Қўл терими харажатларини ҳисоблайлик:

1) фермер 200 тонна пахтани қўлда териб олиш учун ишчиларга (ёрдамчиларга) 46000 минг сўм (200000 х 230) иш ҳақи тўлайди (230 сўм – бир килограмм пахтани қўлда териш териш баҳоси);

2) қўл терими давомийлигини энг узоғи билан 25 кун деб олсак, фермер хўжалигида 1 кунда 8000 кг (200000:25) пахта териб олиниши зарур бўлади;

3) бир нафар ишчи 1 кунда 60 килограмм пахта терганда, 8000 кг пахтани териш учун фермер ҳар куни четдан 134 нафар (8000:60) ёрдамчини жалб этишга мажбур;

4) қишлоқдаги мўл-кўлчиликни ҳисобга олиб, 1 нафар теримчининг тушлик овқати ўртача 3 минг сўмга тўғри келади десак, 134 нафар теримчининг 25 кунлик тушлигига 10050 минг сўм (134 х 25 х 3) сарфланади;

5) 134 нафар ёрдамчини далага олиб келиш ва даладан олиб кетиш учун 3 та “Отойўл” русумли автобус зарур бўлади. Автобуснинг далага бориб-келишдаги 20 км йўлни босиб ўтишига 6 литр дизел ёнилғиси ва 18300 сўм маблағ (6 х 3050) кетади. 3 та автобус учун 54900 сўм (3 х 18300).

1 нафар ҳайдовчининг 1 кунлик иш ҳақи 20833 сўм (500000:24), 3 нафариники 62500 сўм (3 х 20833).

3 та автобус ва 3 нафар ҳайдовчига 1 кунда сарфланади: 54900 + 62500 + 32600 (3 та автобуснинг амортизацияси) = 150000 сўм ёки 150 минг сўм. 3 та автобуснинг 25 кунлик ижараси учун автокорхона ҳисоб рақамига 3750 минг сўм (150 х 25) ўтказилади;

6) бир кунда териладиган 8 тонна пахтани қабул қилиш, жойлаштириш ва пахта заводига элтиб топшириш учун 3 та трактор тиркамаси (8:3; 3 тонна – 1 та тележкага сиғадиган пахтанинг максимал массаси) талаб этилади. 1 та тиркаманинг 1 кунлик ижара ҳақи 20 минг сўм, 3 тасиники 60 минг сўм. 25 кунлик терим мавсуми учун 3 та тележканинг ижара ҳақи 1500 минг сўм (25 х 60);

7) пахтани қабул қилувчи 1 нафар тарозибоннинг 1 кунлик иш ҳақи 20833 сўм, 3 тасиники 62500 сўм (3 х 20833), 25 кунда 1562,5 минг сўм (25 х 62,5);

8) тиркама устида туриб, этаклардаги пахтани бўшатувчи ва йиғилган пахтани зичловчи 3 нафар ишчига ҳам 25 кунда 1562,5 минг сўм ҳақ берилади.

Фермернинг қўл теримидаги йиғинди харажати: 46000 + 10050 + 3750 + 1500 + 1562,5 + 1562,5 = 64425 минг сўм.

Машина терими харажатлари:

1) фермер 200 тонна ҳосилни машинада териб бергани учун туман “Агротехпахта” МЧЖ ҳисоб рақамига 40000 минг сўм (200 х 200) ўтказади (200 минг сўм – 1 тонна пахтани машинада териш баҳоси);

2) МХ-1,8 русумли машина 50 га майдондаги ҳосилни икки теримда йиғиштириб олиш учун 1800 кг (2х50х18) ёнилғи сарфлайди (18 кг – 1 гектар майдонга ёнилғи сарфи). 1 кг ёнилғи баҳоси фермер хўжаликлари учун 2673 сўм бўлганда, фермер шунча ёнилғини 4811 минг сўмга (1800 х2,673) сотиб олади.

Фермернинг машина терими учун сарфлаган умумий харажати: 40000 + 4811 = 44811 минг сўм.

Юқоридаги ҳисоб-китоблардан яққол кўриниб турибдики, фермер учун 50 гектар майдонидаги 200 тонна пахтани машинада териш қўл теримига нисбатан 19614 минг сўмга (64425 – 44811) арзонроқ тушмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, машина теримининг афзаллиги нафақат иқтисодий, балки ижтимоий кўрсаткичлар, натижаларда ҳам ўзини намоён этади. 200 тонна пахта етиштирган биргина фермер хўжалигида 134 нафар ёрдамчига эҳтиёж қолмайди. Уларнинг ишини 2 та машинанинг 2 нафар механик-ҳайдовчиси бажаради. Ҳамма ўзининг юмуши билан шуғулланади. Энг муҳими, пахта йиғим-терим мавсуми 25–30 кунда эмас, 7–10 кунда якунланади. Ҳоси тез йиғиб-териб олинади, кузги шудгор мақбул муддатларда сифатли бажарилади. Ғалла ва оралиқ экинларни эрта муддатларда экиб, қийғос кўкартириб олишга эришилади.

    М.Тошболтаев





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech