Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Сентябр 2016 00:00

Мамлакатимиз боғ-токзорларида авжи пишиқчилик даври давом этмоқда. Боғларда кузги ва қишки мевалар, токзорларда сархил узумлар ғарқ пишган. Бу даврда мева боғларида ва токзорларда мавсумий парвариш ишлари асосан тугалланган бўлиб, қишга сақланадиган мева ва узум ҳосилини теришга эътибор қаратилади. Боғларда зараркунанда ва касалликлар тарқалган майдонлар аниқланади, кеч кузда пуркаш ишларини бажариш учун шу кунларда кимёвий воситаларни тайёрлаб, пуркагичларни созлаб қўйиш зарур.

Меваларни кечпишар навлари сентябрь ойида пишиб етилади. Шунинг учун ҳосил теримига 10–15 кун қолганда, боғларда ҳар 100 м масофада юк ташиш учун йўллар ўтказилади. Кечпишар олма ва нок меваларни навига ва пишиб етилиш муддатига қараб терим бошланади. Бунинг учун теримчилар мева-узум ҳосилини териш техникасини яхши билиши талаб этилади. Энг аввал ерга тўкилган мева терилиб, кейин дарахтдагиси олинади. Узилган мева-узумлар товар ҳолатига келтирилади, яъни улар сараланади, катта-кичикликка ажратилади ва яшикларга тахланади.

Яшикларга жойланган мева ва узумлар транспорт воситаларига ортиб сақлашга, қайта ишлашга ёки сотувга юборилади.

Қишки узумнинг Пушти тоифи, Нимранг, Хусайне, Ризамат каби навлари сақлашга қўйилса, саноатбоп узум навлари ҳосили қайта ишлаш корхоналарига юборилади.

Республикамизда об-ҳавонинг йилига ҳар хил келиши сабабли энг асосий агротехник тадбирлардан ток кесиш ва шакл бериш ишларига эътибор қаратиш зарур.

Ток тупларининг новдалари икки муддатда: кўмиладиган токлар кузда, кўмилмайдиган токлар асосан баҳорда кесилади. Токдан мўл ҳосил олиш учун ҳар йили кесилиб, маълум шаклга келтирилади. Ток новдаларининг сони ва тупда жойланиши токнинг ўсиш кучига биноан тартибга солинади. Ток кесиб турилганда унинг ҳосилга кириши тезлашади, мўл ҳосил бериш даври узаяди, токзорни ишлаш ва механизациядан фойдаланиш, касаллик ва зараркунандаларига қарши кураш ишлари осонлашади. Мўл ҳосил олиш учун доимо яхши пишган, бақувват, соғлом ва бағазларда яхши ётадиган, нормал бўғим орасига эга бўлган новдалар қолдирилади.

Токни умумий қабул қилинган технологияси бўйича кесиш зарур. Ток кўмиладиган туманларда кесиш вақтида тупларда қабул қилинган меъёрдан 20–25 фоиз қўшимча кўз қолдирилади. Кучли ўсадиган Пушти тоифи, Нимранг, Хусайне, Ризамат, Қора кишмиш каби навларда кўзлар кўпроқ қолдирилиб, узунроқ кесилади. Бир тупда 200–300 тагача кўз қолдирилиб, ўртача ўсувчи Ркацители, Саперави, Мускат розовый навларида кўзлар сони 150–180 тагача қолдирилгани маъқул. Кучсиз ўсадиган Рислинг, Пино чёрный навларида 80–120 та кўз қолдирилади.

Пишган новдалар шундай кесиладики, уларни пастки симга боғлаш мумкин бўлсин, заифроқ новдалар 2–3 та кўзча қолдириб кесилади. Келажакда 4–5 та занг бўлиши учун новдалар қолдирилади, 9–10 ёшли занг новдалар янгиланиши мақсадга мувофиқдир.

Кесилган ток туплари кўндоқлаб ётқизилгач, кўмишдан олдин оидиум (кул) ва антракноз касалликларига қарши 3 фоизли Бордо суюқлиги ёки 5 градусли оҳак-олтингугурт қайнатмаси билан жиққа ҳўллаб пуркалади.

Мева-узум маҳсулотлари маҳаллий шароитда ертўлалар, омборлар, оддий ўралар ёки замонавий омборхоналарда сақланади. Мева-узумни сақлаш учун энг яхши шароит ҳаво ҳарорати ва намликни доимо аниқ белгиланган даражада сақлаб туришдир.

Мева етилганда, уларни об-ҳаво қуруқ вақтда, банди билан бирга авайлаб узиш керак. Сақлаш учун терилган мевалар етилиш даражаси бўйича навларга ажратилади ва ўлчамлари бўйича саралаб, яшикларга жойланади,
7–8 яшикни устма-уст омборни шипигача 50–60 см масофа қолдириб тахланади. Яшикларни айрим қаторлари ўртасида ҳаво айланиши учун 10 см тирқиш ва юриш учун 60–80 см. ли йўл қолдирилади.

Олмани омборларда идишсиз сақлаш учун девор бўйлаб турли кенгликда, баландлиги 10–15 см. ли ёндорли сўкчалар ўрнатилади. Тахтадан ёки фанердан ишланган баландлик параллел жойлашган сўкчалар ўртасида 70–80 см. дан кам бўлмаслиги керак. Мева-узумларни сақлаш вақтида текшириб туриш учун сўкчалар пирамида шаклида ўйиб ёки юпқа қават қилиб ёйиб қўйилади.

Олма ва нокни 5–6 ойгача сақлашнинг энг яхши шароити ҳаво ҳарорати 0–1оС ва нисбий намлик 85–95% бўлиши лозим.

Албатта оддий ертўлаларда бундай шароитга эришиш қийин, шунинг учун ҳавони шамоллатиб, сув сепиб, олтингугурт билан дудлаш ва мева-узумларни сифатини кузатиб бориш талаб этилади.

Узум сақланаётганда эҳтиёткорлик билан узилган узум бошларини сояга ёйиб, 1–2 кун мобайнида шамоллатиб, сўлитилади. Сўнгра узум бошларини иккитадан бойлаб осиб сақлаш мумкин. Ёки узун новдалар билан кесилган узум бошлари сувли идишга новдасини ботириб қўйиб сақласа натижаси яхши бўлади.

Айрим жойларда узумни қамишдан тўқилган бордонларга ётқизиб сақланади. Маҳсулот бир ойда икки маротаба кўздан кечирилади ва омборхона олтингугурт билан дудланади.

   Р.Абдуллаев, Х.Абдуллаева





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech