Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Сентябр 2016 00:00

Цитрус мевалари (апельсин, мандарин, лимон) иссиқсеварлиги сабабли совуққа чидамсиз бўлади. Шу туфайли юртимиз шароитида иссиқхона ва траншеяларда ўстирилади. Ёзда ушбу иншоотларнинг усти очиб қўйилади. Цитрус ўсимликлари ичида энг кўп экиладиган лимоннинг Мейер нави мўл ва мунтазам ҳосил олиш имконини берди.

Бу нав нисбатан кичиклиги ва эрта мева бера бошлаши билан бошқалардан ажралиб туради. Мейер нави ўтказилгандан сўнг 2-йилдан ҳосилга киради. Ушбу нав маҳаллий шароитга кўпроқ мослашган бўлиб, совуққа унчалик чидамли бўлмаганлиги боис иссиқхоналарда ўстирилмоқда. Яхши парвариш қилинган лимон дарахтидан 400–500 донагача мева олиш мумкин.

Мейер лимонидан узоқ йиллар давомида юқори ва барқарор ҳосил олишнинг муҳим шарти бу нав талаблари билан уни ўстириш шароитлари ўртасида мувофиқликни таъминлашдир.

Кунлик ўртача ҳарорат 16–18оС га етганида лимон ялпи ғунчалайди,
18–22оС да гуллайди. Гуллаш даврида ушбу ҳарорат иссиқхоналарда ошмаслиги керак.

Лимон четдан чангланади. Четдан чангланиши асаларилар ёрдамида ўтади ва тугунчаларнинг кўпроқ ҳосил бўлишига ёрдам беради. Ўсиш ва шаклланиш даврида (апрель-май) 20–25оС қулай ҳарорат ва ҳавонинг нисбий намлиги 70–80% бўлганида фойдали гуллаши 22–25 фоизга етади. Ҳаво қуруқлиги ва ҳароратни кескин ошириш тугунларнинг кўплаб тўкилиб кетишига олиб келиши мумкин. Меваси октябрь охири ноябрь ўрталарида пишади.

Лимон кўчатини экишдан олдин иссиқхона тупроғи яхшилаб текисланиб, гектарига 60–80 тонна чириган гўнг, 600 кг суперфосфат ҳамда 150 кг калий ўғитлари солиниб, 50–60 см чуқурликда ер ҳайдалади.

Иссиқхонага лимон кўчатлари 4 х 3 м схемада экилади. Кўчатларни ўтказиш пайтида ҳар бир чуқурга 10–15 кг чириган гўнг, 100–150 г суперфосфат ва 50 г калийли ўғитлар тупроқ билан яхшилаб аралаштириб солинади.

Кўчатлар бир ёки икки ёшли бўлиб, баҳорда (март) ёки кузда (октябрь) ўтқазилади.

Кузда лимон кўчати илдизига ёпишган тупроғи билан экилади. Акс ҳолда ўсимликларнинг бир қисми нобуд бўлади.

Ўтқазишдан олдин боғ қайчи билан охирги ўсиш даражасининг учдан бир қисми, шунингдек, ортиқча новдалари, илдизнинг синган қисми кесиб ташланади. Кўчат ўтқазилганда илдиз бўғзи тупроқ сатҳидан 2–3 см юқорида бўлиши керак. Кўчат ўтқазилгандан сўнг унинг атрофидаги тупроқ зичланади ва бир челакдан сув қуйилади. Сўнгра ҳар бир қаторнинг иккала томонидан туплар танасидан 25–30 см масофада олинган эгатлар бўйлаб суғорилади.

Кўчатлар чуқурлиги 15–20 см. ли қилиб олинган ариқлардан жилдиратиб тупроқ 40–50 см чуқурлигида намлангунича суғорилади. Тупроқ вегетация давомида доимо нам ҳолатда бўлиши керак. Ўтқазилгандан сўнг учинчи йилда суғориш эгатлари танасидан 50 см. гача кўчирилиб, 30–40 см. гача чуқурлаштирилади.

Цитрус ўсимликлари нормал ўсиши мўл мева бериши учун тупроқнинг мақбул намлиги 70–85 фоизни ташкил этиши керак. Суғоришлар бўлиб-бўлиб (мавсумда 25 мартагача) ўтказилади.

Қишда ерга гўнг ва суперфосфат солиниб 25–30 см чуқурликда ишлов берилади. Тупроққа ишлов беришда ўсимликнинг 15–35 см чуқурликкача етган илдиз системасини шикастламаслик чораси кўрилади.

Бир, икки, уч ёшли ўсимлик тагига 10 кг гўнг, 20 кг дан азот ва фосфор ҳамда 10 г калий ўғити солинади, мева берувчи туплар тагига эса 20–25 кг дан гўнг ва 80–100 г фосфор (тупларнинг ёши катталашган сари солинадиган ўғитлар миқдори кўпайтирилади), 80–120 г азотли ва 40–60 г калийли ўғитлар солинади. Бунда минерал ўғитлар икки муддатда ярмиси февралда, қолгани май охири-июнь бошларида мева шаклланганидан кейин солинади. Бундан ташқари, лимон туплари биринчи марта қишда вегетация бошлангунча, иккинчи марта гуллаш олдидан ва 3–4 марта тугунлар тўкилгандан сўнг ва мева шаклланиши даврида 20–25 кун оралатиб шарбат билан суғорилади.

Мева йиғиб олингандан кейин, қишда, дарахт ўсмасдан асосий буташ ўтказилади. Шохларнинг қуриган ва шикастланган қисмлари, шунингдек, шох-шабба ичидаги қариган, нимжон новдалар олиб ташланади.

Цитрус ўсимликларининг дарахтлари иссиқхонада кўпинча сохта қалқондор, ўсимлик битлари ва кана билан зарарланади. Қалқондорларга қарши 0,3 фоизли Фазалон эритмаси 5–6 кун оралатиб 2 марта пуркалади. Каратэ препаратини 0,3 фоизли қилиб сепса ҳам бўлади. Бунда ўсимликнинг ҳамма қисмини, айниқса, баргларини пастки тарафидан ҳўллаш зарур.

Қора куясимон замбуруғлар барглар ювилганда кетмайди. Барглар 1 фоизли Бордо суюқлиги эритмаси ёки 0,5 фоизли мис, хлор оксиди эритмаси қўшимча пуркалганда холос этади.

Ўргимчакканага қарши 0,2 фоизли Кельтан ёки 1 фоизли Данитол эритмасини пуркаш яхши самара беради. Вақти-вақти билан ювиб туриш ҳам фойдали.

Ўсимлик танаси гоммоз елим оқиш билан касалланганда, касалликнинг илк босқичида шикастланган пўстлоқ қисми ва ёғочи соғлом қатламгача кесиб ташланади. Шундан сўнг тозаланган жой 3 фоизли мис купороси билан дизенфекция қилинади ва боғ қатрони билан шувалади. Қатрон тайёрлаш учун Канифоль ва асалари мумига (2:1) оз миқдорда мол ёғи қўшиб эритилади.

Гоммоз билан зарарланган ва қуриган дарахт танаси атрофи илдизи билан қазиб олиниб ёндирилади, тупроғи эса 1 фоизли Формалин эритмаси билан дизенфекция қилинади.

    Ж.Файзиев





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech