Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
4 Июл 2016 00:00

Бу йил ҳаво ҳарорати нисбатан иссиқ келганини инобатга олиб ғўзани суғоришга алоҳида аҳамият бериш, сувни исроф бўлишига йўл қўймаслик лозим. Тупроқнинг механик таркибини инобатга олиб, суғориш эгатлари узунлигини тўғри белгилаш сувдан унумли фойдаланиш билан бирга ўсимликни баравж ривожланишини таъминлайди.

Механик таркиби енгил ва ўртача бўлган қумоқ, қумоқ-ўтлоқ ва бўз тупроқларда қатор оралари 60 см бўлганда эгат узунлиги 60–70 м, механик таркиби оғир, сув ўтказувчанлиги ва шимилиши паст тупроқларда 80–90 м, қатор ораси 90 см бўлганда эса тегишли равишда 80–90 ва 90–100 метрдан ошмаслиги керак.

Биринчи сувни механик таркиби енгил тупроқларда 10–12, ўрта ва оғир тупроқларда 12–14 соатда, кейинги сувларни мос равишда 14–16 ва 16–18 соатдан оширмасдан ўтказиш керак. Бунда фермер хўжаликлари 10–15 гектарга 4–6 кишидан иборат сувчилар гуруҳини ажратиб, суғоришни кечаю-кундуз ташкил этиши лозим. Суғоришни тунда ўтказиш сувдан фойдаланиш самарадорлигини оширади.

Шўрланган, ер ости сувлари яқин жойлашган ҳудудлар нисбатан кам бўлсада, аммо ер ости сувлари сатҳи 1,5–2 м чуқурликда жойлашган майдонлар мавжуд. Ана шундай майдонларда ғўза навидан қатъий назар суғоришлар сони кўпи билан 2–3 марта (1–2–0 суғориш тизимида) бўлиши даркор.

Ғўзани об-ҳавога қараб амал даври давомида 4–5 марта, 1–2(3)–1 тизимда, 900–1000 м3/га меъёрда суғориш зарур. Тоғолди ҳудудларда сув эрозиясига чалинган ёки унга мойил бўлган тупроқларда эҳтиёткорлик билан суғориш техникасига тўлиқ риоя этиш талаб этилади.

Сувдан самарали фойдаланишда суғоришни шарбат усулида ўтказиш жуда самаралидир. Шарбат усули қўлланилганда гўнг ғўзага озиқа бериши билан бирга, мульча вазифасини ҳам бажариб, сувнинг буғланишини камайтиради, тупроққа сингишини яхшилайди, намни сақлайди. Бунинг учун ҳар бир контурнинг сув кирадиган жойига шарбат учун хандақ (ўра) қазилиб, суғоришдан 5–7 кун олдин 1:1 нисбатда сув билан гўнг аралаштирилиб «жижжа» тайёрланади. Бунда ярим чириган тоза мол гўнгги ёки компостдан фойдаланиш мумкин.

Ғўзанинг дастлабки ривожланиш даврида юқори меъёрда ва узоқ давомли суғориш яхши натижа бермайди. Бу даврда ғўзанинг илдизини ўсиш қатламида ҳаддан ташқари намлик кўп бўлиши, унинг бўйи чўзилиб кетиши, бўғин оралиқлари 4–5 см ўрнига 6–8 см. га етиши, ҳосил шохлари юқори жойлашиб, ҳосилга салбий таъсир этиши мумкин.

Ғўзани гуллаш ва ҳосил тўплаш даври сувга талабчан давр ҳисобланади ва бу пайтда чанқатиб қўйилиши ўсиб-ривожланишини кечиктиради, барглари сўлиб, қорамтир тус олади, бош поянинг ўсув нуқтасида гулнинг тез пайдо бўлиши (гули тепага чиқиши) ҳамда ҳосил элементларини тўкилиб кетиши кузатилади. Бу даврда ҳаддан ташқари ортиқча суғориш ҳам мумкин эмас. Акс ҳолда ғўза зўр бериб бўйига ўсиб, обдон барглайди ва ғовлаб кетади, ҳосил тугунчалари пайдо бўлиши камаяди, натижада пахта ҳосили
3–5 ц/га йўқотилади.

Сув тежовчи технологиялардан кенг фойдаланиш сув сарфининг 20–25% камайтириш имконини беради. Бунда кўчма эгилувчан қувурлар ёрдамида суғориш технологиясини қўллаш тавсия этилади. Мазкур тадбир қўлланилса, камида 35 фоизгача сув иқтисод қилинади.

Полиэтилен плёнка билан мульчалаш ҳисобига сувни 37,2 фоизга тежаш имкони яратилади. Эгат оралатиб суғориш қўлланганда 90% эгат оддий усулда суғорилади ва бунда 10% эгат охирига сомон тўшалади (сомон тўшалганда сув оқоваси камаяди) 17–20 фоизгача сув тежалади.

Эгат оралатиб гуллашга қадар суғориш, сўнг ҳар бир эгат орқали суғориш ўтказиш тавсия этилади, шунда мақбул сув сарфи 0,3 л/сек. дан иборат бўлади.

Суғорилган майдон тупроғи етилиши билан ғўза қатор ораларига ишлов бериш керак. Агар культивация кечикиб ўтказилса, тупроқ намлиги қочиб, ер ёрилиб кетади ва ишлов пайтида ғўза илдизи шикастланади, ўсиш ва ривожланиши секинлашиб, ҳосил элементлари тўкилиб кетади.

Ғўза навларининг жадал ўсиб-ривожланишида минерал ўғитлар билан озиқлантириш муҳим аҳамиятга эга. Бунда ғўзани баргидан қўшимча озиқлантириш, яъни суспензияни қўллашда шоналаш даврида гектарига физик ҳолда 10 кг карбомид ёки КАС ўғитини 9 литр билан бирга Гумимакс (0,15–0,20 л/га), Узгуми (0,15–0,20 л/га), Фитовак (200–300 мл/га) ва бошқа шунга ўхшаш стимуляторлар билан ишлов бериш яхши самара беради. Суспензияни сепишда тракторларга ўрнатилган бочкаларга 200 литр тоза сув ва 100 литр тайёрланган оналик (маточный) эритмаси қуйилиб яхшилаб аралаштирилади ва гектарига 300 литр миқдорда ишчи эритмаси қўлланади.

Ғўзанинг гуллаш – кўсак тугиш даврида тупроқдан озиқа моддаларни ўзлаштириши, яъни азот ва фосфорли ўғитларга бўлган талаби янада ортади.

Ғўза гулга кира бошлаган пайкалларда азот ва фосфорли ўғитлар гектарига соф ҳолда 70–75 кг азотни (аммиакли селитра 210–225 кг) ва 40–50 кг соф ҳолда фосфорни (аммофос 80–100 кг ёки оддий суперфосфат 280–350 кг ёки супрефос 170–215 кг) ташкил қилади. Агар ғўза қатор оралари 90 см бўлса, ўғит ўсимлик қаторидан 30–35 см ёнига, 60 см қатор оралиғида эса қатор оралари ўртасига берилади. Иккала қатор оралиғида ҳам ўғит 14–16 см чуқурликка солиниши керак.

Тўла чиритилган, қуритилган ва эланган гўнг ёки компостларни ғўзанинг ўсув даврида минерал ўғитлар 1 кг азот ўғити ҳисобига 2,0–2,5 кг гўнг билан қўшиб ишлатиш ҳам яхши фойда беради. Бунда ғўзани гуллаш даври бошида гектарига 500–700 кг қуруқ маҳаллий ўғитларни ёки компостларни минерал ўғитлар билан биргаликда қўллаш тавсия этилади.

Ўсув давридаги озиқлантиришнинг охирги муддати ғўза гуллай бошлашининг 10-кунига тўғри келиши керак, бундан кечикса, ғўзанинг ривожланиш даври чўзилиб кетиши мумкин.

Ғўзани озиқлантиришда фосфорли ва калийли ўғитлар қўлланилмасдан фақат азотли ўғитлар солинса, кўсаклар очилиши 15–20 кунга кечикиб, ҳосил сифати пасаяди. Улар орасидаги NРК (1:0,7:0,5) нисбат бузилса, касалликка бардошлилиги сусаяди, айниқса, калий ўғити берилмаса, гуллаш ва кўсаклаш жараёни бузилиб, ҳосил тугунчалари тўкилади. Натижада қурғоқчиликка бардошлиги пасаяди, чигит вазни ва мойдорлиги камайиб, тола сифати ёмонлашади.

Ғўза парваришида ушбу ойда эрта экилган ғўзаларда чилпиш тадбирини ўз вақтида ва сифатли ўтказиш унинг ўсиши ва ривожланишини жадаллаштиради. Ҳосил элементларининг тўкилиши камаяди, гул ва кўсаклар сони ошади, кўсакларнинг пишиши 5–10 кунга тезлашиб, ҳосилдорлик гектарига 3–4 центнерга ортиши таъминланади.

Ғўзани ўз муддатида ва сифатли чилпиш катта меҳнат ва харажат эвазига етиштирилаётган ҳосилнинг сақлаб қолиниши ва унинг кўпайишига, сифатининг яхшиланишига, эртаки пахта салмоғининг ортишига олиб келса–да, аксинча унинг кечиктирилиши ёки сифатсиз ва чала ўтказилиши ҳамда умуман ўтказмаслик оқибатида пахта ҳосили 15–20% камайиб, пишиб етилиши 7–10 кунгача кечикиши мумкин.

Ғўза пайкалларида тупроқ-иқлим шароити, ғўзанинг ўсиб-ривожланиши ҳамда навларига қараб унумдор тупроқларда 14–15, ўртача унумли тупроқларда 12–13 ва унумдорлиги паст ерларда 11–12 ҳосил шохи тўпланганда чилпишга киришилади. Агар ғўза қўлда чилпилса ён шохлари ривожи кучаяди ва қаторларнинг бирлашуви юз беради. Пастки қаватдаги кўсаклар кичрайиб, ҳатто айримлари чирий бошлаши кузатилади.

Қўлда чилпиш ўтказилганда, биринчи марта ғўза бош поясининг энг учидаги қисми (бироз оқиш рангли бўлади) юлиб олинади. Бунда ушбу қоидага риоя этилмай ғўзани уч қисми чуқур чилпиб олинса, ғўзага салбий таъсир этиб, бир–икки ҳосил элементи ҳам юлиб ташланади. Шу боисдан ҳар бир фермер хўжалиги раҳбари ва мутахассислари қўлда чилпишни бошлашдан олдин ишловчилар ўртасида тушинтириш ишларини олиб бориши ва чилпиш жараёнида назоратни кучайтириши лозим.

Чилпишнинг кимёвий усули ғўзанинг ҳосил тўплаши ва мақбул ўсиши учун кўп тарафлама самарали ва қулайдир. Ушбу усулда махсус дорилар чилпиш тавсия этилган муддатларидан 2–3 кун, суғоришдан 5–7 кун аввал ёки 5–7 кун кейин, ОВХ ва бошқа пуркагич мосламаларда 250–300 л/га сувга аралаштирилиб сепилса ғўзанинг барги орқали яхши сингиб, танаси бўйича тарқалади ва ўсимлик ҳужайраларининг бўлинишини тўхтатади. Оқибатда кўсаклар пишиб етилиши 7–8 кунга тезлашади, биринчи терим салмоғи 6–7 центнерга, умумий ҳосил 3–5 ц/га ва ундан ҳам ортиб, пахтани қисқа муддатларда юқори навларда йиғиштириб олишга имконият яратилади. Кимёвий чилпишда қўлда чилпишдаги оғир қўл меҳнатига барҳам берилади, механизмда чилпишга нисбатан ёқилғи сарфи 5–6 мартага тежалади.

Ҳозирда Далпикс, Пикс, Сожеан ва Энтожеан препаратлари кимёвий чилпиш учун тавсия этилган. Ушбу препаратлар сепилгандан кейин қўлда қайта чилпиш ўтказишга ҳожат қолмайди.

Кимёвий чилпишда ғўзанинг биологик ҳолатидан келиб чиқиб, Далпикс 1,5–2,0 л/га, Пикс 1,5–2,0 л/га, Сожеан ва Энтожеан 90–105 г/га меъёрларда қўлланилади.

Умуман, ғўзанинг ўсиб-ривожланиши, навларнинг морфо-биологик хусусиятларидан келиб чиқиб чилпиш ўтказишга алоҳида эътибор бериш талаб этилади.

   Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech