Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
4 Июл 2016 00:00

Аввало шуни айтиш жоизки, ғўзани машинабоп қилиб ўстириш қандайдир бир сирли иш эмас. Бу – фермерлар, механизаторлар томонидан илгаридан бажариб келинган иш, яъни пахта етиштиришдаги барча агротехник тадбирларни, шу жумладан ғўза қатор ораларига ишлов бериш, ўсимликларни суғориш ҳамда бош поялари ва ён шохлари учларини чилпишни муайян қоида, тартибларга қатъий амал қилган ҳолда ўтказишдир.

Тажрибали механизаторлар ғўза қатор ораларига культиваторлар билан ишлов беришда қуйидаги қоидаларга оғишмай амал қиладилар:

1) қатор ораларида донадор тупроқ ҳосил қилинсин (тупроқнинг сув ва ҳаво ўтказувчанлик қобилияти ошиб, намлик узоқ сақланади, ғўза илдизи яхши нафас олади ва авж олиб ўсади);

2) эгатлар чуқурлиги уларнинг ўртача қийматидан 4 см. га ортиқ ёки кам бўлиши мумкин, холос. Механизаторлар охирги культивацияда суғориш эгатларини қатор орасининг қоқ ўртасидан ва барча қаторларда бир хил чуқурликда олинишига алоҳида эътибор қаратишлари лозим. Чунки пахта териш машинаси ғилдираклари терим пайтида айнан шу эгатларда юради. Эгатлар чуқурлиги ва кенглиги орасидаги фарқ катта бўлганда, машинанинг фазовий тебраниб ҳаракатланиши туфайли терим аппарати иш тирқиши қатордан дам чап томонга, дам ўнг томонга силжиб туради;

3) охирги культивация пушта тепасида дўнгликлар ва ўлчами 5 см. дан катта кесаклар ҳосил бўлмайдиган тезликда ва чуқурликда бажарилсин;

4) ясси кесувчи ва дискли пичоқлар ҳамда ўқёйсимон панжаларни қатор орасига шундай жойлаштириш керакки, бунда ишлов берилгандан кейин далада қолган бегона ўтлар сони ҳар 100 метрда 5 донадан ошмасин (бегона ўтлардан чиқадиган шира шпиндел тишларига ёпишиб, уларни чирклайди, тишларнинг активлигини пасайтиради, пахта чала терилади. Энг ёмони, машина бункеридаги пахтанинг ифлослиги ошиб, сифатига путур этади). Бегона ўтлардан тоза далаларда машина бир ўтишда 90 фоиздан ортиқ пахтани териб олади, ифлос далаларда эса бу кўрсаткич 50–60 фоиздан ошмайди, чунки кўп ҳосил чаноқларда қолиб кетади, унинг 15 фоизгачаси ерга тўкилади. Бегона ўтлар пахтани ифлослантиради, шпинделлар сатҳларини қаттиқ чиркинлашишига олиб келади.

Машина терими учун ажратилган пахта майдонларини шундай суғориш керакки, бунда сув барча эгатларда бир хил миқдорда жилдираб оқсин, эгатлар бир текис чуқурликда намлансин, пушталар нураб кетмасин.

Эгатларга меъёрдан ортиқча сув юборилса, эгат туби ва пушта сиртлари ювилиб кетади, эгатлар чуқурлашиб, пушталар бузилади. Пахта териш машинаси бундай эгатлар бўйлаб ҳаракатланганда терим аппаратларининг ёнлама тебраниши туфайли ғўза тупларининг пастидаги пахталар чала терилади ёки умуман терилмай қолади.

Баъзи фермер хўжаликларида ғўза тупларини ўз вақтида сифатли чилпишга етарлича эътибор берилмаслиги туфайли, шохлар тепага ва ёнига тарвақайлаб кетади.

Чилпиш ишларини кўчат қалинлиги, ғўза нави ва ҳосил шохлари сонига қараб табақалаштирилган ҳолда қисқа муддатларда ўтказиш лозим.

Чилпилган ғўза тупларининг баландлиги 80–100 см. дан ошмаслиги зарур. Туплар бундан баланд бўлса, машинанинг терим тўлиқлиги 3–5 фоизга камаяди. Туп қанчалик баланд бўлса, у аппарат ичига шунчалик эгилиб киради. Кўсакларнинг асосий қисми иш тирқишининг ўрта қисмига тўпланади, шохлар уларни тўсиб қўяди, шпиндел тишлари чаноқдаги пахта паллаларини тўлиқ илиб ва тортиб ололмайди, пировардида машинанинг агротехник кўрсаткичларига путур етади.

Ғўза тупларининг ён шохлари ҳам чилпилиши шарт. Чунки тарвақайлаб ўсган ён шохлар кўсакларни аппарат иш тирқишидан эркин ўтишига ҳалақит беради, тирқиш ўрнатилганидан кенгайиб, шпинделларнинг пахта илинтириш қобилиятини пасайтиради. Ёнига ғовлаган туплар аппарат иш тирқиши ичида 22–40 см ўлчамларгача сиқилганда, уларнинг шохлари, кўраклари ва кўсаклари бир боғлам “супурги” ҳолига келади. Бундай “супурги”нинг ташқарисидаги пахталаргина териб олинади, ичкаридагилари терилмасдан қолиб кетади.

Бош пояси ва ён шохлари чилпилган ғўза тупларининг баландлиги 80–100 см, эни 40–50 см атрофида бўлиши мақсадга мувофиқдир.

Пахта пайкалида ётиб қолган ғўзалар умумий ғўза тупларининг 1,5 фоизидан ошмаслиги зарур. Бундай ғўзалар 10 фоизга етса, пахта териш машинасининг иш унуми пасаяди, ҳосил ерга кўп тўкилади.

Чилпиш PChM-4, ЧХУ-4 каби механизмлар воситасида ўтказилганда пичоқлар биринчи чилпишда ғўзанинг ривожига қараб 80–100 см баландликка ўрнатилади. Иккинчи чилпиш 7–10 кундан кейин, яъни биринчи чилпишдан қолиб кетган ғўзаларнинг ўсиб-ривожланишига қараб ўтказилади. Бунда пичоқларнинг қирқиш баландлиги биринчи ўтилгандагига нисбатан 3–5 см юқорироққа ўрнатилади.

Шундай қилиб, қатор ораларини культивациялаш, суғориш ва ғўза тупларини чилпиш тадбирларини агротехника қоидаларига амал қилган ҳолда ўтказиш далаларда машинабоп ғўза етиштирилишини таъминлайди.
   М.Тошболтаев




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech