Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
4 Июл 2016 00:00

Маълумки, юртимизнинг суғориладиган тупроқлари шароитида такрорий экинларни экиб ўстириш, ҳар бир гектар ердан қўшимча маҳсулот етиштиришга имконият яратади. Такрорий экин сифатида соя, мош, фасоль – рус ловияси каби дуккакли дон экинларидан фойдаланилганда эса, нафақат ушбу экинларнинг дони, балки уларнинг соя ва бошқа чиқитлари чорва моллари учун сероқсил чорва озиқаси сифатида фойдаланилса, буғдой сомонига қараганда чорва молларига “юқадиган” озиқа бўлади.

Сабаби бу экинлар қолдиқларининг ҳар 100 килограммида 38–52 озиқа бирлиги бўлиб, таркибида камида 5,8–6,3 кг. гача ҳазмланадиган, ҳайвонлар организмига энг зарур аминокислоталар билан тўлиқ таъминланган протеин сақлайди. Бу экинларнинг энг муҳим хусусиятларидан бири улар ўсув даври давомида нафақат дон ва чорва озиқаси етиштириб беради, балки ўзлари ўсган тупроқларда ўртача 65–105 кг. гача, улардан кейин экилган барча экинлар тўлалигича ўзлаштира оладиган биологик азотни «текинга» ҳаводаги молекуляр азотни фиксациялаб тупроқларимизга тушириб беради ва тупроқларимизнинг экологик-микробиологик жиҳатидан сезиларлик даражада яхшилаб беради.

Соя жаҳондаги саноати ривожланган мамлакатлар деҳқончилигида салмоқли ўринни эгалловчи, саноатбоп, озиқ-овқат экини ҳисобланади. Соя ўзининг ишлатилишидаги универсаллигига кўра, ўстириладиган барча ўсимликлар орасида тенгсиздир. Чунки, соя дони таркибида юқори сифатли, аминокислоталар билан таъминланганлиги жиҳатидан гўшт, сут, тухум каби энг муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари билан рақобатлаша оладиган 28–52 фоиз оқсил, 18–27 фоиз экологик тоза ўсимлик мойи, кўплаб миқдорда минерал тузларни, дармондориларни сақлаш билан алоҳида аҳамиятли ҳисобланади.

Бугун кўптармоқли фермерларимиз хорижий, наслли қорамол ва товуқларни олиб келиб парваришлаш жараёнида соянинг чорва моллари озуқаси рационидаги аҳамиятини яхши тушуняптилар. Чунки рационга соя маҳсулотлари аралашмаса, зотдор чорва молларидан кўзланган даромадга эришиш мумкин бўлмай қолди. Соя кунжараси, соя изоляти каби маҳсулотларга талаб ошгани сари нархи қимматлашиб бормоқда.

Энди ўзимизнинг маҳаллий соямизни ишлаб чиқариш керак бўляпти. Бунинг учун барча шарт-шароитлар мавжуд.

Қишлоқ хўжалик фанимизни ривожланиши туфайли соянинг маҳаллий, ГМОсиз серҳосил, эртапишар «Тўмарис», МАН–60, «Олтинтож», «Ойжамол», «Генетик–1», «Орзу» сингари қатор навлари яратилиб Давлат реестрига киритилди. Улар республикамизнинг барча вилоятларининг суғориладиган тупроқлари шароитида кузги буғдой ва бошқа эртаки экинлардан кейин такрорий ўстиришга яроқли ҳисобланади.

Соядан дон олиш учун такрорий қилиб ўстиришда ерни ҳайдашдан аввал ҳар гектарига 90 кг. дан Р2О5, 60 кг. дан К2О ҳисобидан маъданли ўғитлари билан ўғитланиб, сўнг экишга тайёрланиши шарт. Тупроқни экишга тайёрлаш ишларини имкон қадар тез амалга оширилиши соянинг ҳосилдорлигини белгилайди, чунки уруғ вақтида экилади. Соя уруғининг экишни энг оптимал муддати 15 июлгачадир, ундан кечикиши дон ҳосилини камайишига олиб келади.

Юқоридаги навларнинг уруғликларидан гектарига 330–400 минг дона унувчан уруғ ҳисобида ва қатор орасини 60–70 см, уруғларни экиш чуқурлигини эса 6–8 см қилиб белгилаш керак. Такрорий соя етиштиришдаги энг муҳим тадбир майдонларни экилган куннинг ўзида уруғ суви билан суғорилишига эришиш ҳисобланади, бу гектардаги майсаларни тўлиқ бўлишини таъминлайди.

Соя ниҳолларида 1–3 та барг чиқиши билан ҳар гектари камида 150 кг. гача азотли ўғит билан озиқлантирилади. Ўсув даври давомида тупроқ шароитига боғлиқ равишда 4–5 мартагача суғорилади. Айниқса, донни тўлишиш даврида сувдан қолдирмаслик зарур. Қатор ораларига 2 марта ишлов берилади. 2–3 марта зараркурандаларга айниқса, кўсак қуртига қарши ишлов берилиши талаб этилади. Имкон қадар соязорларни бегона ўтлардан, ҳашаротлардан ҳимоялаш энг муҳим агротехник тадбирлардан ҳисобланади ва булар ҳосилдорликни белгилайди.

Шундай қилиб ўстирилган такрорий соязорнинг ҳар гектаридан ўртача
1,8–2,5 тоннагача дон ва камида 6,8 тоннагача сомон йиғиштирилиб олиш мумкин. Илмий тадқиқотлардан маълумки, соя такрорий ўстирилганда, донидаги ўсимлик мойи ўртача 3,5 фоизгача кўпаяди. Ҳар тонна соя донидан ўртача 200–220 кг. гача экологик тоза ўсимлик мойи ажратиб олиниши ва унинг ҳар бир килограммининг чакана нархи 8500–10000 сўмга баҳоланиши ҳисобга олинса, гектаридан фақат мойидан олинадиган даромад 1700000–2200000 сўмни ташкил қилади. Қолган соя кунжараси 780–800 кг. га тенг бўлиб, унинг ҳар бир килоси бугун 5500–6100 сўмдан сотилаётганини ҳисобга олсак, унинг умумий нархи 4 290000–48 800000 сўмни ташкил этишини ҳисоблаб чиқариш қийин эмас.

Демак, такрорий соядан олинган ҳар бир тонна донни қайта ишлаб, ўсимлик мойи ишлаб чиқаришдан олинадиган кунжарасини ҳам қўшиб ҳисобланса, даромад 4290000–9760000 сўмни ташкил қилар экан. Бу рақамларни гектардан олинадиган соя дони ҳосилига монанд ҳисоблаш қийинчилик туғдирмайди. Демак, такрорий соя етиштириш ўта рентабеллик ҳисобланади.

Соя экишга улгурмаган тупроқлар шароити учун яна бир дуккакли овқатбоп-оддий фасоль-рус ловиясини экишни тавсия қиламиз. Бу ўсимлик ҳам юртимиз тупроқларида мустақилликдан кейин экила бошлаган оқсилга бой
23–28 %, овқатбоп дуккакли дон ҳисобланади.

«Кишеневская штамбовая», «Красноградская», «Шедрая», «Белосемянная фрунзенская», «Цители–4» каби қадимий навлар ҳамда Сербия селекциясига оид «Серемац», «Двадессетница» навлари кўпроқ тарқалган.

Бу ўсимликни ўсув даври жуда қисқа 66–80 кун, пояси калта, штамбалик жуда ғуж, такрорий экилганда ўсув даври 8–11 кунгача қисқаради, демак ўсув даври жуда тез ўтади. Шунинг учун такрорий фасоль ўстиришда барча агротехнологик жараёнларни кетма-кетлиги жуда зич ўтишини ҳисобга олиб, ўсимликка бериладиган озуқаларни имкон қадар тупроқнинг асосий ишлови даврида берилиши шарт. Фасоль ҳар 1 ц дони ва шунга мос қисмлари билан бирга тупроқдан 5,3 кг N, 2,2 кг Р2О5 ва 2,9 кг К2О ни олиб чиқиб кетади, агар гектаридан 20 ц фасоль дони олишни мўлжал қилаётган бўлсак, унга 106 кг азот, 44 кг фосфор, 60 кг калийни етказиб беришимиз шарт. Буни у тез олиши кераклигини ёдимиздан чиқармасдан, фосфор ва калийнинг ҳаммасини ерни ҳайдашдан аввал, азотни эса ўсимлик шоналагунча берилиши керак. Ўғитларни бундан кечикиб берилиши албатта ҳосилдорликни камайтиради.

Уруғлар маҳаллий бўлмаганлиги ва бу экин уруғларининг алоҳида уруғчилиги ишлаб чиқилмаганлиги боис, харид қилиб олинаётган уруғларни кўз билан баҳоланиб, бегоналари ажратиб олинади (уруғнинг ранги, шакли, катта-кичиклиги ва бошқа белгилар орқали).

Фасолни экиш меъёри гектарига 330–400 минг дона унувчан уруғ (60х4–5х1 см схемасида жойлаштирилиб, уруғларни СПЧ-6–8 пневматик сеялкасида экиш, бунда экиш чуқурлиги 6–7 см қилиб белгиланади. Уруғ экилган куни уруғ суви берилиши шарт.

Униб чиққан майсалар гектарига 160–180 кг азотли ўғит билан биринчи 3 та барг чиқарганда озиқлантирилади, 2 марта қатор ораси юмшатилади, ёш майсалар ўргимчакканадан қаттиқ зарарланади, унга қарши вақтида ишлов бериш шарт. Оддий фасоль сувга талабчан экин ҳисобланади, уни айниқса, гуллагандан кейин ҳар 8–10 кунда суғориш керак. Сув меъёри гектарига 550–650 м3/га, мавсумда 3–4 марта суғорилади.

Ҳосил етиштирилганда оддий фасолни барглари сарғайиб, тўкила бошлайди, уни комбайнда ўриш мумкин. Аммо фасолни такрорий экилганда унинг дастлабки дуккаклари пояда жуда пастда 5–7 см. да жойлашади. Шуни ва нобудгарчиликнинг олдини олиш мақсадида аввал ўриб, юлиб ғарамлаб, кейин комбайнлар барабанлари айланишини минутига 400 мартагача пасайтириб янчилади, янчилган донларни 13–14 фоиз намликкача қуритиб, тозаланади.

Юқорида айтилганларга амал қилиб ўстирилган оддий фасолни ҳар гектаридан ўртача 2,1–2,3 тоннагача сара дон йиғиштириб олиш мумкин.

    И.Эгамов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech