Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
4 Июл 2016 00:00

Илгарилари фақат томорқа ва айрим хўжаликларда кунгабоқар етиштирилар, асосий эътибор йирик уруғли, мағзи пўстлоғидан осон ажраладиган навларга қаратилар эди. Энди унинг майда уруғли, таркибида ёғ миқдори кўп турларига талаб ортмоқда. Мисол учун, кунгабоқар майдонларининг ҳар гектаридан 20 центнер ҳосил ва бир тонна уруғдан тахминан 400–450 килограмм ёғ ишлаб чиқариш мумкинлиги фермер хўжаликларининг бу соҳага қизиқишини оширмоқда. «Қуёш гули», «офтобсевар» сингари номлар билан аталадиган кунгабоқар, дунёда жуда катта майдонларда экилади. Унинг уруғида 29–56 фоизгача инсон истеъмоли учун зарур табиий мой ва 15% оқсил бўлади. Мой таркибида 62 фоизгача биологик фаол менол кислотаси, витаминлардан А, Д, Е, К, фосфатидлар мавжуд. Кунгабоқар мойи маргарин, майонез, балиқ ва сабзавот консервалари, қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда, лак-бўёқ, совун тайёрлашда ишлатилади.

Мойидан кейин қоладиган чиқиндиси – кунжара чорва молларига юқори сифатли озиқадир. Кунжара таркибида 5–7% мой, 33–35% оқсил бўлади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозим, унинг мойи, истеъмол қилишдан ташқари, зайтун мойи таркибига ўхшаш бўлгани учун тиббиётда дори-дармон олишда кенг қўлланилади. Кунгабоқар мойи ҳайвон ёғи, чигит мойи сингари одам организмида холестерин тўпламайди, балки парчалайди. Табобатда кунгабоқар гултожисининг қайнатмаси ошқозон, ичак ва жигар хасталигини даволашда ишлатилади. Илдизининг қайнатмаси буйрак ва қон томирларидаги тузларни ҳайдашда, мойи турли яралар, тошмалар, куйган жойларга суртишда тавсия этилади.

Кунгабоқар қурғоқчиликка чидамли, қалин туплари буғланишдан сақлайди. Сувни кўп талаб қиладиган даври – гуллаш даври, бу даврда талаб қиладиган сувнинг 60 фоизини ўзлаштиради.

Республикамизда такрорий экин сифатида кунгабоқарнинг «Родник», «Наврўз», «Дилбар», «Жаҳонгир», «СУР», «Заря», «Богучар» ва бошқа бир қанча навлари экилади.

Кунгабоқарни кузги бошоқли дон экинларидан, силос ва дон учун экиладиган маккажўхоридан кейин экиш мақсадга мувофиқдир.

Бунда ресурстежамкор технологиялардан фойдаланиш яхши самара беради. Бошоқли экинлар ўриб-йиғиб олингандан сўнг кунгабоқар экиладиган майдон 600–700 м3 сув билан суғорилади. Ер етилгандан кейин икки ярусли плуг билан (ПЯ-3–35), (ПН-3–35) тупроқ шароитига қараб 30–35 см чуқурликда ағдариб ҳайдалади.

Уруғни экишдан олдин қуёш нурларида ёйиб қиздирилиб, Витарос 4 л, Максим 2 л, ГМК ва бошқа кимёвий препаратлар билан дориланса вегетация даврида зараркунанда ва касалликлар билан зарарланмайди.

Кунгабоқар такрорий экин сифатида июнь ойининг охири, июль ойининг бошларида кенг қаторлаб экилади. Агар ўз муддатида экилмаса уруғларининг етилмай қолишига сабаб бўлиши мумкин. Қатор ораси 60, 70 см. Экиш тизими 60х30, 60х35, 70х30, 70х35 бўлади. Экиш меъёри гектарига 3–8 кг. Экиш чуқурлиги 6–10 см. ўсув даври давомида тупроқ-иқлим шароитларига қараб 3–5 марта суғорилади. Ҳар бир суғориш меъёрлари 900–1000 м3/га. ни ташкил қилади. Кунгабоқар такрорий экин сифатида экилиб, ниҳоллар униб чиқиши билан сув берилади.

Кунгабоқар ниҳолларида 3–4 та чинбарг чиқаргач, ҳар 30–35 см. да бир донадан кўчат қолдирилиб ягана қилинади. Ниҳоллар униб чиққандан бошлаб парваришлашга катта аҳамият бериш керак. Қатор ораларига ишлов бериш ўсимликларнинг ўсиб-ривожланиши ва тупроқ намлигига қараб белгиланади.

Қатор орасига ишлов бериш билан бирга озиқлантириш ишлари ўтказилади. Кунгабоқар ўсимлигини ўз вақтида озиқлантириш катта аҳамиятга эга бўлиб (1 центнер ҳосилга соф ҳолда 5 кг азот ҳисобидан), ҳосилдорлик 20 центнер режалаштирилганда гектарига 100 кг соф ҳолда азот берилади. Ушбу ўғитнинг 45 фоизи биринчи суғоришда, қолган 55 фоизи иккинчи суғоришдан олдин жўяк олиш билан бирга берилади.

Суғориш, тупроқдаги намга ва ўсимликнинг ҳолатига қараб мавсумда 2–3 марта суғорилади. Суғориш меъёри бир гектар ерга 1000–1200 м3 ни ташкил қилиши лозим. Суғоришни шарбат усулида ўтказиш яхши натижа беради. Азотли ўғитлар миқдорининг оширилиши уруғда мойнинг камайишига олиб келади. Шунинг учун озиқлантириш сифатида гранулаланган суперфосфат 1 ц/га ёки 2,5–3 ц/га парранда гўнги солиниши мақсадга мувофиқ.

Экин гуллаганда асалари уяларини экинзор яқинига жойлаштириш пуч уруғлар ҳосил бўлишини кескин камайтиради. Асалари уяларининг 1–2 донасини 1 гектарга жойлаштириш уруғ ҳосилини 1–1,5 ц/га. га оширади.

Ҳосилини йиғиб олиш муддатини белгилаш ўсимлик биологиясига (пишиш фазасига), об-ҳаво шароити ва хўжалик имкониятларига боғлиқ. Ҳосилни йиғиштириш кунгабоқарга мослаштирилган «Класс–Доминатор», «Кейс» комбайнларида ўтказилади.

Кузги ғалла экинларидан бўшаган майдонларда такрорий экин сифатида кунгабоқарни етиштирилиши бир йилда бир майдонда 2–3 ҳосил олиш имконини беради.

Шунингдек, кунгабоқар етиштириш иқтисодий жиҳатдан ҳам самарали экин бўлиб, ҳар томонлама яхши даромад келтиради.Такрорий экин сифатида суғориладиган майдонларда 20–25 ц/га ҳосил етиштирилиб, рентабеллик даражаси 10–15% ошади.

Бу эса ўз навбатида, республикамизда фаолият юритаётган фермер хўжаликлари майдонларидан унумли фойдаланиш, чорвачилик хўжаликлари тўйимли озуқалар миқдорини оширишда ҳамда мой ишлаб чиқаришни кўпайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

   С.Юлдашева, С.Тоғаева





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech