Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
4 Июл 2016 00:00

Ғалла ва эртаги сабзавот экинларидан бўшаган майдонлардан унумли фойдаланиш, аҳолини ва қайта ишлаш корхоналарини помидор ҳамда ширин қалампир каби маҳсулотлар билан таъминлашда ушбу экинларни такрорий экин сифатида етиштириш мақсадга мувофиқдир.

Иситилмайдиган кўчатхонларда тайёрланган, илдиз қисми яхши ривожланган, бўйи 15–18 см, 5–7 та барг чиққан, 40–45 кунлик помидор кўчатлари жанубий минтақаларда июлнинг 2-ўн кунлигида, марказий минтақаларда эса 1-ўн кунлигида экиш зарур.

Бунда помидорнинг эртапишар Шафақ, Севара, ўрта эртапишар Узмаш–1, Тошкент тонги, ўртапишар ТМК–22, Ўзбекистон–178, Сурхон–142, Баҳодир, Шарқ юлдузи, Ситора ва Авиценна навларини экиш тавсия этилади.

Помидор кўчати у қадар нишаб бўлмаган, сув билан яхши таъминланган далаларда 70х25(30) см, текис майдонларда 90х25(30) см, узун палакли навлари 90х40 см схемада экилади. Кўчат экиш куннинг иккинчи ярмида, кечки пайт амалга оширилади. Экилган кўчатлар албатта суғорилиши зарур.

Кўчатлар тўлиқ тутиб олганидан 10–12 кун ўтгач, қатор орасига биринчи ишлов берилади. Ўсимликлар атрофи ҳам енгил юмшатилиб, минерал озиқалар солингач суғорилади.

Орадан 13–15 кун ўтгандан кейин яна суғорилади ва тупроқ етилиши билан иккинчи ишлов ўтказилади.

Сизот суви чуқур жойлашган ерларда помидор ўсув даври мобайнида ҳар гал 500–600 м3/га ҳисобида 12–14, сизот суви юза жойлашган ўтлоқи ва ўтлоқи-ботқоқ тупроқли майдонлар эса 600–800 м3/га ҳисобида 9–11 марта суғорилади. Сизот суви чуқур жойлашган ерларда ҳосил етилгунча ҳар 8–12, ҳосил ёппасига етилганда эса 5–7 кунда суғорилади. Бунда қийғос пишганда ёрилиб кетмаслиги учун ҳосил териб олингандан кейин сув берилади.

Помидорнинг тупроқ унумдорлигига талаби кучли бўлиб, мўл ҳосил етиштириш учун бўз тупроқли майдонларда экинни 180–200 кг азот, 140–160 кг фосфор ва 100 кг калий, ўтлоқи-тупроқли майдонларда эса 140–150 кг азот, 100–120 кг фосфор ҳамда 80–100 кг калий ўғитлари билан озиқлантириш тавсия этилади.

Ширин қалампир кўчати иситилмайдиган кўчатхоналарда тайёрланиши ҳисобига кўчат таннархи анча арзонлашади. Ушбу муддатда ширин қалампирдан техник пишган мева билан биргаликда физиологик пишиб етилган (қизариб пишган) мева олиш имконияти яратилади.

Ширин қалампирнинг иситилмайдиган кўчатхоналарда тайёрланган
45–50 кунлик, илдиз тизими яхши ривожланган, 6–7 дона баргга эга, бўйи 15–18 см бўлган кўчатлари жанубий минтақаларда июлнинг 2-ўн кунлигида, марказий минтақаларда 1-ўн кунлигида экиш мақбул муддат ҳисобланади.

Экиш учун Давлат реестрига киритилган маҳаллий шароитда яратилган Дар Ташкента, Заря Востока, Наргиз, Жайхун F1 нав ва дурагайлари тавсия этилади.

Кўчатларни энг мақбул экиш схемаси – 70х25(30) см. Бунда бир гектар майдонда ўсимликлар сони 58,5– 47,6 минг донани ташкил этади.

Ширин қалампир ҳаво ҳарорати ва тупроқ намлигига қараб июль-август ойларида ҳар 8–10 кунда, сентябрда 12–14 кунда суғорилади. Суғориш меъёри 500–600 м3/га. ни ташкил этади.

Ўсимлик озиқ моддаларга анча талабчан ҳисобланади. Шу сабабли органик ва минерал ўғитлар билан ўз вақтида озиқлантириб туриш лозим.

Ўғитлаш меъёри соф ҳолдаги азот – 200 кг, фосфор – 150 кг, калий – 100 кг. Азот карбамид ёки сульфат аммоний, фосфор эса аммофос, калий эса калий хлор кўринишида берилиши мумкин.

Кечки сабзи ёзнинг энг иссиқ, пайтида, яъни июннинг охири июль ойининг бошларида сепилади. Экиннинг илдизмева ҳосил қилиш даври кузги салқин кунларга тўғри келади. Шунинг учун сабзи уруғи сепилгандан кейин 2–3 кунгача марзанинг тепаси қорайгунча сув таралади. Орадан 2–3 кун ўтгач, яна ypyғ суви берилади. Бунда тупроқ намини ҳисобга олиб, суғориш муддатини бир суткадан ошириб бўлмайди. Уруғ суви майсалар қийғос кўкаргунча берилади. Сабзи уч-тўрт марта суғорилгандагина ёппасига майсалар кўринади. Шундан кейин сентябргача ҳар 7–8, сентябрда эса ҳар 10–12 кунда суғориб туриш лозим. Экин ушбу тартибда суғориб борилса, сизот суви чуқур ерларда мавсумда 11–12, сизот суви юза жойларда 6–8 марта сув ичади. Умуман тупроқ шароитига қараб гектарига 550–600 м3 ҳисобидан суғорилади.

Июлнинг бошларида экилган кечки бодринг ўсув даврининг бошланиши ёзнинг иссиқ пайтига, ҳосил тўплаш даври эса кузги салқин тушган вақтга тўғри келади. Шунинг учун бодринг ўсув даврида бир меъёрда, яъни ҳар 6–7 кунда суғориб турилади. Уруғи экилиши билан кетма-кет суғорилади, бунга қўшимча яна ypyғ суви ҳам берилади. Шунда майсалар барвақт ва қийғос кўкаради. Умуман ўсув даврида сизот суви чуқур ерларда 10–11, юза жойларда эса 8–9 марта суғорилади.

Бодринг найчалагунича тупроқнинг тўйинган дала нам сиғимига нисбатан суғоришдан олдинги тупроқ намлиги 80%, найчалаш даврида эса 85–90% бўлганда суғорилса ўсимлик авж олиб, ҳосилдорлик ортади. Кечки бодринг ўсув даврида, яъни найчалагунича гектарига 450–600 м3, ёппасига найчалаётганда эса ҳар 2–3 кунда 250–300 м3 ҳисобидан суғориш керак.

Бўз тупроқларда бодрингдан юқори ҳосил олиш учун гектарига 20 тонна гўнг, 190 кг азот, 100 кг фосфор, 75 кг калий бериш тавсия этилади. Бунда ерга асосий ишлов берилаётганда органик ўғитнинг ҳаммаси, фосфор ва калийнинг 75 фоизи берилади.

Биринчи озиқлантириш ўсимликнинг 2–3 чинбарг даврида ўтказилади. Бунда азотнинг 10 %, фосфор ва калийнинг қолган қисми берилади. Иккинчи озиқлантириш оналик гулларнинг ялпи гуллаган даврида амалга оширилади. Бунда азотнинг 45 фоизи берилади. Учинчи озиқлантириш иккинчи ёки учинчи теримдан кейин ўтказилади. Бу озиқлантиришда азотли ўғитнинг қолган қисми берилади.

Ўтлоқи ёки ўтлоқи-ботқоқли тупроқларда бодринг етиштириш учун гектарига соф ҳолда 120 кг азот, 80 кг фосфор, 60 кг калий бериш тавсия этилади.

Карам гуруҳига мансуб ўсимликлар сувга талабчан бўлади. Чунки уларнинг барги жуда ҳам тез ўсади ва нисбатан кучли илдиз ҳосил қилади. Тупроқда нам етишмаса карамнинг бош ўраши ва шаклланиши сустлашади, пировардида карам боши кичик бўлиб қолганларининг сони ортади маҳсулотнинг сифати бузилади, қанд моддасининг миқдори камаяди, клетчаткалари кўпайиб, эти камшира ва дағал бўлади.

Кечки карам кўчати июнь-июль ойларида, яъни ҳаво ҳарорати 35–40оС, тупроқники эса 50оС бўлган пайтларда ўтқазилади. Шунинг учун кечки карам кўчати яхши суғорилган ерларга экилади. Кўчат яхши тутиб олиши учун икки-уч кунгача кетма-кет сув оқизиб қўйилади, орадан уч-тўрт кун ўтгач яна суғорилади.

Сизот суви чуқур жойлашган ерларда кузги салқин кунлар бошлангунча экинлар 7–8 кунда, салқин тушиб тупроқ ва ўсимликда сувнинг буғланиши кескин камайган пайтдан бошлаб эса ҳар 10–12 кунда бир марта, умуман кечки карам ўсув даврида 13–14 марта суғорилади.

Сизот суви юза жойлашган ерлардаги суғориш муддати узоқроқ бўлади ва сув бериш барвақт тўхтатилади. Бундай ерларда умумий суғориш сони 8–10 мартадан оширилмайди.

Саримсоқ ҳосили июнь-июль ойларида йиғиштириб олиниб, яхшилаб қуритилади, барги ва гулпоя бўғзидан 3–5 см қолдириб кесиб ташланади ҳамда сараланади. Палладан экилган саримсоқ ҳосили гектаридан 7–8 тоннани ташкил этади. Ҳаво ҳарорати 1–3°С ва намлиги 75–80% бўлганда сифатли ва узоқ муддат сақланади.

Юқоридаги тадбирларга қатъий амал қилган сабзавоткорлар экинлардан сифатли ва мўл ҳосил етиштиришга эришадилар.

   Ф.Расулов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech