Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
4 Июн 2016 00:00

Бу йилги мураккаб об-ҳаво шароитида мўл ва сифатли пахта ҳосили етиштиришда барча агротехника тадбирларни оқилона ташкил этиш зарур. Чунончи июнь ойида ғўза қатор ораларига ишлов беришда энг аввало культиватордаги ишчи органлар сонига ва ишлов бериш чуқурлигига алоҳида эътибор бериш керак. Экин қатор ораси 60 см бўлганда культиватордаги ишчи органлар тўлиқ бўлиши лозим. Бундан ташқари чигит эрта экилган (5–15 апрелгача) майдонларда культивацияни озиқлантириш билан бирга ўтказиш, кечки ёки сел ва дўл таъсирида қайта экилган, нами юқори бўлган майдонларда ниҳолларни шикастлантирмаган ҳолда ишлов бериш зарур. Бунда ўртадаги ишчи орган чуқурроқ ўрнатилса, намлик тез йўқотилишига эришилади.

Ғўза қатор орасига июнь ойида ишлов беришда 1–2-культивация ўртасида чизель-культиватор ёрдамида чуқур (20–25 см) юмшатишни амалга ошириш бу йилги серёғин шароитда яхши самара беради. Тупроқ зичланиши камайиши ҳисобига илдиз тизими бақувват ривожланиб, ер ости сувларидан самарали фойдаланилади.

Ғўза қатор ораларига ишлов бериш кечиктирилса, ўсимликнинг озиқланиш тизими бузилади, бегона ўтлар зарари кўпаяди, ниҳоллар илдиз чириш ва гоммоз касалликлари билан зарарланади, таралган сувнинг 50 фоизигача қисми беҳуда исроф бўлади. Аксинча, эрта ўтказилса, тупроқдаги нам юқори бўлганлигидан кесак кўчишига олиб келади. Натижада тупроқ майин ҳолга келмай нам тез парланади. Шунинг учун тупроқнинг айни етилган пайтида культивация ўтказилиши мақсадга мувофиқ. Зарур бўлганда культивацияни тупроғи етилган ерларда, танлаб ўтказиш керак. Культиваторни тўлиқ жиҳозлаб, ишчи органларини табақалаштирилган ҳолда ўтказиш, бунда ККО иш органларидан унумли фойдаланиш зарур. Эгатларга ҳаддан ташқари чуқур ишлов бериш натижасида тупроқни кўпроқ ағдариш, илдизларни шикастланишига йўл қўймаслик керак. Шунингдек, бегона ўтларни йўқотиш тадбирларига эътиборни кучайтириш зарур.

Культивация билан бирга жўяк олинганда биринчи сувда эгат чуқурлиги 60 см қатор оралиғида 12–14 см, 90 см қатор оралиғида эса
15–18 см, кейингиларида чуқурлик тегишлича 14–15 см ва 18–20 см. ни ташкил этиши лозим.

Бу йилги ёғингарчилик оқибатида тупроқда тўпланган озиқа моддаларнинг бир қисми ер ости қатламларига ювилди. Шунинг учун пахта майдонларига ўғитни эртароқ солишни ташкил этиш керак. Одатда ўғитни суғоришдан олдин эгат олиш билан бирга солинади. Ғўзанинг ўсув даврида ўғитлаш меъёрлари ва нисбатларига алоҳида аҳамият бериш ва экиш олдидан, экиш билан солинган ўғит миқдорига қараб белгиланади.

Ғўзага озуқа беришда органик ва минерал ўғитларнинг аралашмаларидан фойдаланиш зарур. Ниҳолларни озиқа моддалар билан таъминлаш мақсадида, 2-культивацияда ҳар гектарига 250–300 кг. дан чириган, қуритилган ва элакдан ўтказилган маҳаллий ўғитларни мосламалар ёрдамида ғўза қатор ораларидан 14–16 см узоқликка ва 15–17 см чуқурликка солиш самараси юқори бўлади.

Бунда ҳар гектарга 250–300 кг. дан икки марта маҳаллий ўғитлар берилганда:

- тупроқдаги микроорганизмлар фаолияти жадаллашиб, минерал ўғитлар самарадорлиги 40–50 фоизгача ошади;

- маҳаллий ўғитлар таркибидаги макро- ва микро элементларнинг ғўзани қўшимча озиқлантиришда ўрни катта бўлади;

–маҳаллий ўғитлар 15–17 см чуқурликка солинганда илдизларга қўшимча иссиқлик киритишга ёрдам беради;

- суғорилгандан кейин эса тупроқдаги намнинг буғланиши 50 фоиз, ҳосилнинг тўкилиши 25–30 фоизга камайиб, ҳосил салмоғи 20–25 фоизга ошади.

Таҳлилларга қараганда, ғўзанинг 2–4 чинбарг ва шоналаш даврларида гектарига 400–500 кг қуруқ гўнгни азотли ўғитлар билан биргаликда қўллаш пахта ҳосилини гектаридан 2,0 центнерга оширади.

Ғўзанинг яхши ўсиб-ривожланиши, юқори ва сифатли ҳосил бериши учун баргдан озиқлантириш, минерал ўғит карбомид суспензияси қатори “Гумимакс”, “Эдагум”, “Фитовак” ва бошқа стимуляторлар билан ишлов бериш яхши самара беради.

Суспензия ғўзанинг 5–6 чинбарг даврида сепилганда 50 литрлик идишдаги сувда физик ҳолда 8 кг карбомид эритилади, кейин эритмани 100 литрлик идишга қуйиб аралаштирилади. Бу аралашма бир гектарга сепилади. Шунингдек, «Самарқандкимё» ОАЖда ишлаб чиқарилаётган тайёр ҳолдаги суюқ ўғит фосфорли суспензиялаштирилган суюқ селитра (ФССС) ўғитини гектарига 14 литр ёки «Максам-Чирчиқ» корхонасида ишлаб чиқарилаётган КАС (карбамид-аммиакли селитра – 30% Н) ўғитини 7,0 л/га меъёрда ишлатиш ҳам мумкин.

Суспензияни сепишда тракторларга ўрнатилган бочкаларга 200 литр тоза сув ва 100 литр оналик (маточный) эритмаси қуйилиб, яхшилаб аралаштирилади ва гектарига 300 литр миқдорда ишчи эритмаси қўлланади.

Ғўза ривожи орқада қолган майдонларда суспензия гуллаш даври бошида сепилади. Бунда гектарига физик ҳолда 10 кг карбомид ишлатилади ёки ФССС ўғити гектарига 21 л, КАС ўғити 9 л ишлатилганда яхши самара беради. Суспензия сепишда ҳар гектарига 300 литрдан кам бўлмаслиги зарур.

Суспензия билан ишлов беришда “Фитовак” (200–300 мл/га), “Гумимакс” 0,15–0,20 л/га ва бошқа шунга ўхшаш стимуляторлар қўшиб ишлатилса, ғўзанинг ўсиб-ривожланишига ижобий таъсири янада ортади.

Суспензияни эрталаб ва кечқурун ҳаво ҳарорати 20–25 оС дан ошмаган пайтда сепиш тавсия қилинади. Ҳаво илиқ ва булутли кунларда суспензияни кун давомида сепиш мумкин. Ёмғир ёғаётган пайтда суспензия сепиш тавсия қилинмайди, акс ҳолда озиқа моддалари ювилиб, ўғитларнинг самараси пасайиб кетади.

Айрим тупроқ унумдорлиги паст ҳамда механик таркиби енгил қумлоқ тупроқларда ғўзалар шонага кирганда гектарига соф ҳолда 70–75 кг азот ва 30–50 кг калий бериш керак, бу эса гектарига 210–225 кг аммиакли селитра ёки 150–160 кг мочевина ва 55–90 кг калий хлоридни ташкил этади.

Ғўза гулга кира бошлаган пайкалларда бериладиган азот ва фосфорли ўғитлар гектарига соф ҳолда 70–75 кг азотни (аммиакли селитра 210–225 кг) ва 40–50 кг фосфорни (аммофос 80–100 кг ёки оддий суперфосфат 280–350 кг ёки супрефос 170–215 кг) ташкил қилади.

Ўсув давридаги озиқлантиришни охирги муддати ғўза гуллай бошлашининг 10-кунига тўғри келиши керак, бундан кечикса, ғўзанинг ривожланиш даври чўзилиб кетиши мумкин.

Ғўзанинг ўсиб-ривожланиш даврида тупроқнинг механик таркиби ва гидромодуль районларини ҳисобга олиб суғориш муддатлари ва меъёрлари белгиланади.

Июнь ойида ғўзани шоналаш даврида суғориш меъёри енгил тупроқларда гектарига 600–700 м3, ўрта ва оғир тупроқларда 700–800 м3 бўлиши керак. Ғўза гуллаш даврида эса суғориш меъёри енгил тупроқларда гектарига 900–950 м3, ўрта ва оғир тупроқларда 1050–1300 м3 ни ташкил этиши лозим.

Ғўзани чанқатиб қўймаслик учун суғориш олдидан эгат олиш керак. Тупроқ механик таркибини инобатга олиб, суғориш эгатлари узунлигини тўғри белгилаш сувдан самарали фойдаланиш билан бирга ўсимликларнинг дуркун ва баравж ривожланишини таъминлайди.

Сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш, умуман агротехника тадбирларини юқори савияда ўтказиш экинлардан юқори ҳосил олишни таъминлайди.

   Ш.Намозов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech