Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
4 Июн 2016 00:00

Жорий йилда республикамиз боғбон-соҳибкорлари олдида жиддий синов, яъни мавжуд боғ ва токзорлардан мўл ва сифатли ҳосил олиш турибди. Қиш илиқ бўлиб баҳорнинг эрта бошланиши, қишда ёғингарчилик кам, баҳорда ёғингарчиликни кўп бўлиши боис боғ ва токзорлар қатор ораларида бегона ўтларнинг тез ривожланишига сабаб бўлди.

Эрта баҳорда жуда катта майдонларда янги боғлар ва токзорлар барпо этилди. Баҳордаги ёмғирлар янги экилган ниҳолларни кўкариб кетишига имкон яратган бўлса, уларни яхши ўсиб-ривожланиши учун янги кўчатлар қатор оралари ва туп атрофларини бегона ўтлардан тозалаб, юмшатиш керак. Июнь ойида янги боғ ва токзорлар ҳаво ҳарорати ва тупроқ намлигига қараб икки-уч марта суғорилади. Ҳар суғоришдан кейин эгатлар ва дарахт атрофидаги тупроқ юмшатилади.

Ёш боғ ва токзорлар тупроғида намни сақлаш ва бегона ўтларни йўқотиш мақсадида 10–12 см чуқурликда культивация қилинади ва туп оралари юмшатилади, бачки новдалар кесиб ташланади.

Интенсив боғлар майдони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Янги экилган кўчатларнинг яхши ўсиб-ривожланиши учун июнь ойида тез-тез томчилатиб суғориш билан бирга кўчат атрофига иккинчи марта 100–120 г дан азотли ўғит солиш тавсия этилади.

Ҳосилли боғларда қатор ораларини суғориш учун бир-биридан 70–80 см оралиқда 4–5 та 22–24 см чуқурликда ариқлар олиниб, 1–1,5 кун давомида тупроқ захлагунча суғорилади.

Оғир, соз, бўз тупроқларда бир суғориш меъёри гектарига 700–800 м3, тошлоқ, шағалли тупроқларда 400–500 м3 ни ташкил қилади.

Жорий йилда баҳорда ёғингарчиликни кўп бўлиши боис боғларда касалликлардан клястероспориоз (тешикдоғ), парша (калмароз), ун-шудринг, монилиал куйиш (монилиоз), зараркунандалардан олма қурти, ширалар, нок шира бургаси (медяница) ривожланади.

Олма, нок ва олхўри қурти ҳамда нок шира бургасига қарши июнь ойи бошида 10–15 кун оралатиб боғларга кимёвий ишлов бериш зарур. Бу тадбир ҳосилли боғларда мевахўр қуртларнинг 2-наслига қарши бўлиб, олмалар гуллаб бўлганидан 40–45 кун ўтгач бажарилади. Бу вақтда ҳосилли олма, нок ва олхўри боғларида қуйидаги препаратлардан бири қўлланилади: Карбофос (100 л сувга 200–300 г/га), Циперфос (100 г/га) ёки Децис, Карате, Толстар, Циракс (30–40 г/га), Фуфанон (100 г/га). Олма қуртига қарши Вектра (30 г/га), Сапроль ва Топсин (100 г/га) препаратларини қўллаш яхши самара беради. Эртапишар олма навларига кимёвий препаратлар билан ишлов бериш тавсия этилмайди.

Июнь ойи бошларида ёғингарчилик кузатилса, шафтоли, олхўри дарахтларини юқорида қайд этилган замбуруғли касалликларга қарши Бордо суюқлигининг 1 фоизли эритмаси ёки намланувчи олтингугуртни такрор пуркаса бўлади.

Ўлкамизда мевалар ҳар йилгидан 15–20 кун олдин пиша бошлади. Мевалардан қулупнай, гилос, олча, эртаги олма, нок, малина ва қорағат мевалари тўлиқ етилди. Пишиб етилган мевалар териб олиниб, халқимиз дастурхонига етказиб берилиши билан бирга қайта ишлаш корхоналарига ҳамда маълум миқдори экспорт қилина бошланди.

Резавор мевалилар ичида қулупнай меваси эрта етилиб май ойи ичида мевалари териб олинди. Энди тезлик билан қулупнайзорнинг қатор ораси культивация қилиниб, туп атрофлари бегона ўтлардан тозаланади. Қулупнайзорга 90–120 кг ҳисобида азотли, 60–90 кг ҳисобида фосфорли ўғит солиб суғорилади.

Ушбу тадбирдан сўнг қулупнай ёнларидаги ипсимон ўсимталарнинг ўсиши тезлашади. Ушбу ипсимон ўсимталар ерга қадалиб кўпайтирилади ҳамда июль ойининг бошидан кўчатлар қазиб олиниб, янги майдонларга экилади.

Июнь ойининг бошидан янги қулупнайзор барпо этиш учун қулупнай кўчати экиладиган майдонларни тайёрлаш ишларини олиб бориш керак. Бунда танлаб олинган майдонга 30–40 тонна маҳаллий ўғит солиниб, тупроқ 30–40 см чуқурликда ҳайдалгач, чизель қилиниб текисланади, сўнг кўчат экиш учун ариқлар олинади. Ариқларнинг кенглиги 70 см, шағалли ерларда 60 см қилиб олинса ҳам бўлади.

Токзорларда ток туплари қалинлашиб кетишига йўл қўймаслик керак. Бу йил токзорларда ғўра хомтогини ўтказиш анча олдин бошланади. Шунинг учун новдаларни яхшилаб кун тушадиган қилиб боғлаш зарур.

Токзорларда ток қаторидан 50–60 см қочириб, иккита суғориш ариғи олинади. 24–30 соат давомида яхшилаб суғорилади.

Жорий йилда апрель–май ойларида ёғингарчиликни кўп бўлиши боис токзорларда оидиум, антракноз касалликлари ривожлана бошланди. Уларга қарши 8–10 кун оралатиб икки марта олтингугурт (1 гектар токзорга 25–30 кг сарфи билан) чанглатиб чиқиш зарур. Олтингугуртга 10 кг оҳак кукуни қўшилса, тадбирнинг самарадорлиги янада ошади. Кичик майдондаги ток тупларини даволашда олтингугуртни қўллаш имкони бўлмаса Вектра, Топаз, Тиль (10 л сувга 3–5 г) ёки Топсин (10 г) препаратини қўлласа бўлади.

Юқорида қайд этилган агротехник тадбирлар ўз вақтида ва юқори даражада олиб борилса боғ-токзорлардан мўл, сифатли мева-узум маҳсулоти олишга эришилади.

   Р.Абдуллаев, Ҳ.Абдуллаева





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech