Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
4 Июн 2016 00:00

Бугунги куннинг омилкор деҳқон ва фермери барча яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиб йил давомида экин майдонидан икки-уч маротаба мўл ҳосил етиштиришга эришмоқда.

Ғалла ҳамда эртаги экинлардан бўшаган майдонларни такрорий экин экишга тайёрлашда иш йирик ўсимлик қолдиқларини йўқотишдан бошланади. Бунда КПС-5 русумли юмшатгич ёки бороналарда, кичик майдонларда эса қўл кучи ёрдамида ўсимлик қолдиқлари майдон ташқарисига чиқариб ташланади, сўнгра тавсиялар асосида лозим бўлган органик ҳамда минерал ўғитлар майдонга сочилиб, тупроқ намлиги маромида бўлганда ПД-3-35 русумли плуг ёрдамида 25–28 см чуқурликда ҳайдаб, сўнгра борона билан 10–12 см чуқурликда юмшатилади ва экинлар турига мос равишда экиш эгатлари тортилади.

Такрорий муддатда майдонларга кечки сабзавотларни экиш, ҳаво ҳароратининг энг юқори даврига тўғри келиши, кўчати билан экиладиган сабзавотлар кўчатини тўлиқ тутиб олиши ҳамда экилган уруғлардан ниҳолларни тўлиқ ундириб олишда кишидан катта меҳнат ва маҳорат талаб этади.

Сабзини энг мақбул экиш муддатлари жанубий минтақаларда 1–15 август, марказий минтақаларда 10 июнь–10 июль, шимолий минтақаларда 10–20 июнь ҳисобланади. Сабзи уруғини катта майдонларда СКОН-4,2 экиш сеялкасида, кичик майдонларда қўлда 1,5–2 см чуқурликда 52х8 см ёки 62х8 см оралиқда экиш амалга оширилади. Гектарига 5–6 кг уруғ сарфланади.

Кечки муддатда сабзининг Мирзои қизил–228, Мирзои сариқ–304, Нантская, Шантане–24–61, Зийнатли, Мшак–195, Нурли навларини экиш тавсия этилади.

Сабзини парваришлаш жараёнидаги энг муҳим тадбирлардан бири бу уруғни ердан текис ундириб олишдир. Сабзи ниҳоллари тупроқ доим нам бўлганда 5–7 кунда кўринади ва 10 кун мобайнида тўлиқ униб чиқади.

Сабзи униб чиқиши билан дарҳол бегона ўтларни ўташ ва яганалаш лозим. Сабзи 2 марта ўталади. Дастлабки ўташ сабзи битта чинбарг чиқарганда, кейингиси эса 3–4 барг чиқарганда ўтказилади. Ҳар ўтоқ давомида ягана ўтказилади.

Катта майдонларда бегона ўтларни йўқотишда гербицидлардан фойдаланиш мумкин. Сабзи, пиёз, ош лавлаги ҳамда майда уруғли сабзавот майдонлардаги бир йиллик икки паллали ва бошоқли бегона ўтларни йўқотиш учун уруғни экишгача ёки униб чиққунига қадар гектарига 50% Гезогард гербицидидан 2,0–3,0 кг ёки 30% Нитрандан 3,3–6,0 литр ёки 33% Стомпдан 1,0–2,0 литр ҳисобида 400 литр сувга аралаштирилиб сепилади. Сабзи ниҳолларида 3–4 тадан чинбарги чиққан даврида майдондаги таъкидланган ўтларга қарши 12,5 фоизли Фюзилад супер (1,0–2,0 л/га) ёки 20 фоизли Набу (1,5 л/га) сепилади. Сабзи майдонларидаги кўп йиллик бошоқли бегона ўтларга қарши эса Зеллек супер (1 л/га) ёки 12,5 фоизли Фюзилад супер (2,4–4,0 л/га) препаратларини бегона ўтларнинг бўйи–5–10 см бўлганда сепиш тавсия этилади.

Гербицид сепилган сабзи экинлари меваларини 4 ойдан илгари истеъмол қилиш тақиқланади.

Ўсув даврида ўсимликлар 2 маротаба азотли ўғит билан озиқлантирилади: 1-озиқлантириш – ўсимликларда 2–3 тадан чинбарг пайдо бўлган даврда; 2-озиқлантириш – илдизмева туга бошлаганда бажарилади. Сабзини озиқлантириш учун гектар ҳисобига 200 кг азот, 150 кг фосфор ва 50 кг калий ўғити солинади. Фосфорнинг 75 фоизи ва калийнинг ҳаммаси ер ҳайдашдан олдин, фосфорнинг қолган фисми экишдан олдин солинади.

Такрорий муддатда экилган сабзининг ҳосили октябрь ойининг иккинчи ярмидан ноябрь ойи бошигача ковлаб олинади.

Бодрингнинг Наврўз, Ўзбекистон–740, Ранний–645, Аякс Микс, F1 Алиби ва Зилол навларини мамлакатимизнинг жанубий минтақаларида 10–20 июль, марказий минтақаларида 15–30 июнда экиш тавсия этилади.

Бодринг уруғларини катта майдонларга СБУ-2,4А(экиш) мосламасида, кичик майдонларда қўл кучи ёрдамида 70х30см, 90х20 см схемада экилади. Уруғлар 4–5 см чуқурликка экилади, бир гектар майдонга 4–5 кг уруғ сарфланади. Экилган уруғлар ердан униб чиққач уруғпалла барглари пайдо бўлган даврда бир маротаба ва битта чинбарг чиқарган даврда иккинчи маротаба узил-кесил ҳар бир уяда 1 тадан ўсимлик қолдириб ягана қилинади.

Ўсув даврида ҳар 2–3 суғоришдан сўнг албатта ўсимлик қатор оралари 15–16 см чуқурликда юмшатилиб, ўсимлик палаклари 2–3 маротаба ростлаб қўйилиши тавсия этилади.

Кечки карамнинг энг мақбул экиш муддатлари республикамизнинг жанубий минтақаларида 1–15 август, марказий минтақаларда 15 июнь-10 июль, шимолий минтақаларда 25 майдан 5 июнгача ҳисобланади.

Оқбош карам етиштиришда унинг Тошкент–10, Термиз 2500, Ўзбекистон судьяси, Ўзбекистон-133 каби маҳаллий навларини экиш тавсия этилади. Экиш 70х40 см, 90х40 см схемада амалга оширилади. Карам уруғини ўтлоқи, сернам, чиринди миқдори кўп бўлган майдонларга экилиши мўл ҳосил олиш имконини яратади.

Кечки карам учун тайёрланган майдонларни экишдан олдин суғориб, ер етилгач механизм кириши мумкин бўлган даврда кўчатларини қўлда ёки СКНБ-4А русумли экиш машинасида экиш лозим. Карам кўчатлари экилган майдонларга кетма-кет сув тараб, кўчатлар тўлиқ тутиб олиши учун тупроқни нам ҳолда сақлаш катта аҳамиятга эга. Хато бўлган ерларга эса қайта кўчат экиб тўлдириш лозим. Экилган кўчатлар тўлиқ тутиб олганидан 16–18 кун ўтказиб биринчи ишлов берилади, яъни қатор оралари КРН-2,8А русумли культиватор билан 15–16 см чуқурликда юмшатилади. Юмшатиш билан бирга маданий ўғитлар билан озиқлантирилади ва суғорилади.

Карамни озиқа билан таъмин этиш учун ҳар бир гектар майдон ҳисобига камида 25–30 т гўнг, 200–220 кг азот, 150–170 кг фосфор ҳамда 50 кг миқдорида калий ўғитларини солиш лозим. Майдонларни шудгор қилишдан олдин гўнгнинг йиллик миқдорини ҳаммаси, фосфорли ўғитларнинг 75 фоизи ва калийнинг тенг ярми солинади. Фосфор ва калийнинг қолган қисми кўчатларни экишдан олдин, азот ўғитининг 20% экиш олдидан, қолган қисми эса ўсув даврида солинади.

Кечки карамни суғориш ўсув даврининг бошларида 7–8 кун оралатиб, кузга яқин эса 10–12 кун оралатиб 13–15 маротаба суғорилади. Суғориш меъёри 550–650 м3/га.

Карамнинг қуйидаги навларини экиш тавсия қилинади: Ўзбекистон судьяси, Ўзбекистон –133, Тошкент –10, Шарқия, Термез –2500 ва Саратони.

Ош лавлаги уруғларини ёзги муддатда жанубий ҳудудларда 1–10 август, марказий ҳудудларда 5–30 июнь, шимолий ҳудудларда 1–10 июнда экиш тавсия этилади.

Ош лавлагини маҳаллий Диёр ва чет эл навларидан Бордо-237, Бикорес, Боро F1, Пабло F1 дурагайлари экиш тавсия этилади.

Уруғ сарфи 14–16 кг, экиш ишлари 50+20х8 см схемасида амалга оширилади.

Ош лавлаги уруғлари 4–5оС да униб чиқа бошлайди, ўсиб-ривожланиб бориши учун энг қулай ҳарорат 20–25оС дир. Ош лавлаги совуқ (-2–3о) ва юқори ҳарорат таъсирига чидамли, тупроқда нам етарли бўлганда юқори ҳосил беради.

Шунингдек, мавжуд ер майдонларидан самарали фойдаланиш мақсадида, такрорий муддатда ширин қалампир ва помидор экинлари кўчатларини экиш тавсия этилади.

Ёзнинг иккинчи ойида экиш режалаштирилган ширин қалампир ва помидор кўчатларини тайёрлаш учун уруғлар май ойида иситилмайдиган кўчатхоналарга сепилади.

Помидор кўчатларини тайёрлаш. Уруғ 1 м2 2–3 г сепилади ва устига 2–3 см қалинликда чириган гўнг солинади. Уруғлар 10–12 оС ҳароратда уна бошлайди, 16–25 оС уруғ 5–7 кунда униб чиқади. 1–2 та чимбарг чиқарганда кўчириб, ораси кенгроқ қилиб экилади, яъни пикировка қилинади. Шунингдек, уруғ сийрак сепилиб кўчириб ўтказмасдан етиштирилади. Кўчат етиштириш ишлари сув сепиш ва минерал ўғитлар озиқлантириш билан қўшиб олиб борилади. Пикировка қилинмасдан тайёрланган кўчатлар камроқ суғорилади. Суғорилганда намлик 10–12 см чуқурликни қамраб олиши лозим. Кўчатлар эгатдан ҳар 6–7 кунда, устидан ёмғирлатиб ҳар 1–2 кунда суғориб турилади. 40–45 кунлик помидор кўчатлари очиқ далага экилади.

Ширин қалампир кўчатини тайёрлаш. Уруғлар 1 м2 га 6–7 г увитилган ҳолда сепилади ва устига 2–3 см қалинликда чириган гўнг солинади. Уруғ униб чиқиши ва ўсимлик яхши ўсиб-ривожланиши учун тупроқ ҳарорати 24–26 оС, ҳаво ҳарорати 28–30 оС бўлиши лозим. Кўчат етиштириш сув сепиш ва минерал ўғитлар билан озиқлантириш билан қўшиб олиб борилади. Пикировка қилинган кўчатлар камроқ суғорилади. Суғорилганда намлик 10–12 см чуқурликни қамраб олиши лозим. Кўчатлар эгатдан ҳар 6–7 кунда, устидан ёмғирлатиб (лекада) ҳар 2–3 кунда суғориб турилади. 45–50 кунлик, 6–8 та баргли, бўйи 18–20 см бўлган ширин қалампир кўчатлари очиқ далага экилади.

Иссиқ кунларда кўчат етиштириш кеч қиш ва эрта баҳорда кўчат етиштириш билан фарқ қилади. Бунда кўчатхона ҳарорати қизиб кетмаслиги, қуёш нури ёш ниҳолларни зарарламаслиги ва тупроқдаги намлик яхши сақланиши учун уруғ сепилган майдон, яъни кўчатхона усти бўз мато ёки ярим қуёш ўтказувчи сеткасимон тўрлар билан беркитилади. Кўчатлар очиқ майдонга экишдан 8–10 кун олдин кўчатхона устидаги бўз мато ёки сеткасимон тўрлар олиб ташланади, бу билан кўчатлар қуёш нурига чиниқтирилади.

1 м2 майдонда 500 донагача помидор, ширин қалампир кўчатлари етиштирилади.

Катта майдонларга эрта баҳорда асосий экин сифатида экилган сабзавотлардан – помидор, сабзи, ширин қалампир, бақлажон ҳамда полиз экинларидан – қовун, тарвуз, бодринг, қовоқ майдонларида ҳам шу кунларда бажарилиши лозим бўлган асосий парвариш чора-тадбирларини яъни ўсимликлар қатор оралари КРН-2,8А ёки КОН-2,8 русумли юмшатгичлар билан, ўсимлик ораларини эса қўлда чопиб юмшатиш, бегона ўтларни йўқотиш, маданий ҳамда маҳаллий ўғитлар билан озиқлантириш, ўз вақтида суғориш, экинларда пайдо бўлган касаллик ва зараркунандаларни тезда йўқ қилиш чораларини амалга оширилиши ўсимликлар ўсиб-ривожланиши ҳамда ҳосил тўплаш жараёнларига ижобий имкониятлар яратади. Асосий экин майдонларидан мўл ҳосил етиштиришни таъмин этишда ҳал қилувчи муҳим омиллардан бири ҳар бир экин тури талабига мувофиқ майдонларни 7–12 кун оралатиб 480–500 м3/га меъёрда суғориб туриш, ҳар 2–3 маротаба сув таралган ўсимликлар қатор оралари КРН-2,8А русумли мослама билан 12–14 см чуқурликда юмшатиб туриш зарур.

Республиканинг барча вилоятларида сабзавот, полиз ҳамда картошка етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликларида жорий йилнинг экиш муддатларига мувофиқ равишда экилган асосий ва шу кунларда экилаётган ҳар бир такрорий сабзавот, полиз ҳамда картошка экин майдонларида амалга оширилиши лозим бўлган барча чора-тадбирларни сифатли бажариш, экинлардан режаланган ҳосилни етиштириш имкониятларини яратади.

   Р.Ҳакимов, Ф.Расулов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech