Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
4 Июн 2016 00:00

Чорва молларини ўз вақтида тўғри ва сифатли озиқлантириш, уларни ветеринария кўригидан ўтказиш, яъни диспансеризация қилиш, касал молни ўз вақтида ажратиш ва уни даволаш, гўнгни чиқариш ва зарарсизлантириш, молхоналарда мунтазам равишда дезинфекция, дератизация ва дезинсекция чораларини ўтказиб туриш, молларни зоогигиеник талаблар асосида парвариш қилиш, уларда кунлик моцион бўлишига эришиш, яйловларни алмаштириб туриш ва фермаларда озиқа (дағал хашак, тўйимли омихта ем, витаминга бой беда ва ҳўл ўт) базасини яратиш, сунъий қочириш ишларини ташкил этиш, диагностик текширишлар режасини бажарилишини назорат этиш каби ишларни бажариш ҳайвонларни соғлом сақлашнинг асосий омиллари ҳисобланади.

Йилнинг иссиқ фаслларида молларни қуёшда қолдирмаслик, соя-салқин жойларга ўтказиш, узоқ вақт сувсиз қўймаслик лозим. Ҳайвонларни яйловларда боққанда уларни қон сўрувчи ҳашаротлар ҳужумидан ҳимоя қилиш учун эрта тонгдан кун қизигунча ва тушдан кейин салқин тушган вақтларда боқиш мақсадга мувофиқ.

Бузоқлар ошқозон-ичак касалликларининг олдини олиш мақсадида, уларга иссиқда қолган ёки ачиган сутни бермаслик чораларини кўриш керак. Туғилган бузоқларни 5–10 кунлигидан бошлаб ошқозон ичак касалликларига (колибактериоз, сальмонеллёз, пастереллёз) қарши тегишли вакциналар (ВИТИда ишлаб чиқарилган) билан 5 мл миқдорида тери остига эмланади.

Ёз ойларида чорва моллари орасида кўп учрайдиган ва уларга жиддий зарар етказадиган қорамолларнинг қон–паразитар касалликлари (тейлериоз, пироплазмидозлари) олдини олиш учун ҳар 20–25 кун оралиғида полиамидин, азидин, диамидин, этдин каби препаратларнинг бирортаси билан 100 кг тирик вазнга 5 мл миқдорда йўриқномага асосан инъекция қилиниб химиопрофилактика тадбирлари ўтказилади. Ушбу касалликларни тарқатувчи ва юқтирувчи молхоналардаги ва қорамоллар танасидаги каналарни йўқотиш учун уларни инсектоакарицид препаратларнинг бирортаси, яъни неацидол, цимбуш, маҳаллий циперметринларнинг 25 фоизли концентрат эмульсиясидан тайёрланган 0,015–0,02 фоизли ишчи эмульсияси билан дезакаризация қилиш лозим.

Бу даврда қишлоқ хўжалик ҳайвонлари гельминтозларининг (трематодоз, стронгилятозлар) олдини олиш ва даволаш учун аввал диагностик текширишлар ўтказилади. Касалланган моллар ажратилиб панакур, ивомек, ивермектин, тетрамизол каби антигельминтикларнинг бирортаси билан тегишли йўриқномалар асосида даволанади.

Бу ойларда дала ва яйловларда кўпчилик ўсимликларнинг пишиш даври кузатилади. Бу эса озиқа экинлари орасида заҳарли ўсимликларнинг ҳам уруғини пишиши кузатилади. Улар билан ҳайвонларнинг заҳарланишлари олдини олиш учун, улар боқилаётган яйловлар озуқа майдонларидан озуқа намуналари олиниб, уларни токсикологик усул билан минерал заҳарларга текшириб туриш лозим.

Фермадаги барча сигир ва ғунажинлар бўғозликка ректал текшириб борилади ва сигирларнинг қисир қолиш сабаблари аниқланади. Қисир қолганлари ажратилиб даволанади, 0,5% прозерин эритмаси молларнинг тери остига 2 мл. дан 3 марта кунора инъекция қилинади, бачадон массаж қилиниб, 7–8 кундан кейин бўғоз бия қон зардоби (СЖК–3000 сичқон бирлигида) тери остига инъекция қилинади.

Шунингдек, майда шохли ҳайвонларни эстроз касаллигидан ҳимоя қилиш учун ивомек ёки ивермектин препаратлари билан 50 кг тирик вазнга 1 мл миқдорда (йўриқномага биноан) тери остига инъекция қилиниб даволанади.

Қорамол ва қўйларни эхинококкоз, ценуроз касалликлари олдини олиш мақсадида, отардаги итларда махсус дегельминтизация тадбирлари ўтказилади.

Паррандачилик хўжаликларида жўжалар колибактериоз касаллигига қарши вакцина билан 5–7 кунлигида йўриқномага асосан эмланади. Пуллороз касаллигининг олдини олиш учун жўжаларга 3–7 кунлари озиқа билан аралаштирилиб фуразолидон ва биомицин ёки левомицетин дориси берилади. 10 кунлигидан бошлаб жўжалар Ньюкасл касаллигига қарши Ла-Сота вакцинаси билан (йўриқнома асосида) эмланади. 60 кунлигидан бошлаб эса чечак – дифтерияга қарши «Нью-Джерси» вирус-вакцинаси билан йўриқнома асосида эмлаш тавсия қилинади.

Бундан ташқари чорва моллар юқумли касалликларининг олдини олиш борасида режавий эмлаш ва диагностик тадбирларни ўз муддатида ўтказиш лозим.

Чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари юқорида таъкидланган тадбирларни ўз вақтида амалга оширилиши ёз фаслида чорва моллари ва паррандаларни соғлом ўсишига асос бўлади.

   Ш.Жабборов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech