Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
4 Июн 2016 00:00

Айни вақтда республикамиз агросаноат мажмуида кенг кўламдаги ислоҳотлар амалга оширилмоқда ва бу борада Президентимизнинг бир қатор қарорлари қабул қилиниб, уларга асосан Ўзбекистон озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси негизида ҳўл мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни саноат асосида қайта ишлаш учун харид қилувчи «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси, «Ўзулгуржисавдоинвест» уюшмаси негизида қиш-баҳор мавсуми учун шу маҳсулотларни ғамлавчи «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси ҳамда ҳўл мева-сабзавотларни экспорт қилиш вазифалари ва масъулиятини зиммасига олган мутлоқа янги «Ўзагроэкспорт» ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси ташкил этилди.

Хорижий мамлакатларда харидоргир бўлган меваларимиз, сабзавот ва полиз маҳсулотларимизнинг олди пишиб етилган бир вақтда фермер ҳамда деҳқон хўжаликлари, агрофирмалар ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариши билан шуғулланувчи миришкорларга оз бўлса-да кўмак бериш мақсадида, юқорида санаб ўтилган корхоналарга маҳсулотларини қай тартибда топширишлари ҳақида атрофилича тўхталиб ўтамиз.

Одатда ушбу масалалар бир типдаги «Мева, сабзавот, узум, картошка ва полиз маҳсулотлари харид қилиш бўйича контрактация шартномаси»га асосан амалга оширилиб, унда фермер, деҳқон хўжалиги, бошқа қишлоқ хўжалик товар ишлаб чиқарувчилари «хўжалик» деб юритилса, қайта ишлаш корхоналари ва агрофирмалар «тайёрловчи» деб юритилади.

Биринчи навбатда, фермер ва деҳқон хўжалиги маҳсулотни захирага ёки қайта ишлашга топшириш учун «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси ва «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмасининг туман бўлимларига ёки туманларда ташкил этилган агрофирмаларга расмий равишда мурожаат қилиб бир типдаги контрактация шартномасига асосан маҳсулотларини топшириши мумкин.

Контрактация шартномасига мувофиқ хўжалик давлат эҳтиёжи учун маълум гектар майдондан мазкур шартноманинг 1-иловасида кўрсатилган шартларда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини тайёрловчига етказиб бериш, тайёрловчи эса ушбу маҳсулотни қабул қилиш ва келишилган бозор нархи бўйича тўлаб бериш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Шартноманинг биринчи иловаси хўжалик томонидан тайёрловчига маҳсулотни «топшириш-қабул қилиш жадвали»дан иборат бўлиб, унда маҳсулот тури, нави, меъёрий ҳужжат белгиси, тайёрланадиган жами маҳсулот миқдори (ойма-ой етказиб бериш графиги билан бирга), бир тонна маҳсулот баҳоси, етказиб бериш шарти (контейнерда, яшикларда, қопларда) аниқ кўрсатилиши талаб этилади. Бироқ, биринчи иловага «Етказиб бериладиган маҳсулот туриб қолишининг олдини олиш мақсадида хўжалик ва тайёрловчининг ишлаб чиқариш имкониятларини ҳисобга олган ҳолда уларнинг ўзаро келишувига кўра, маҳсулотни етказиб беришнинг (ўн кунлик, суткалик ва соатлик) жадваллари ҳам тузилиши мумкинлиги, бунда тарафлар шартномани бажариш давомида ўзаро келишувга кўра маҳсулотни етказиб бериш жадвали ва жойини ўзгартиришга ҳақли эканликлари» изоҳ сифатида киритилган.

Шартноманинг 1-иловаси шартларига асосан хўжалик меъёрий ҳужжат белгисини кўрсатадиган бўлса, тайёрловчи маҳсулотининг албатта кўрсатилган меъёрий ҳужжатга мувофиқлигини тасдиқловчи сертификатни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Лекин, республикамизда айни вақтда етиштирилаётган мева, сабзавот, узум, картошка ва полиз маҳсулотларининг барча турлари бўйича мувофиқлигини тасдиқловчи сертификатларни олиш учун асос бўладиган сифат стандартлари мавжуд эмас. Бундай ҳолатда хўжалик ва тайёрловчи талабига асосан мувофиқлик сертификати ўрнига «фитосанитария сертификати» ва «санитария-эпидимиология хулосаси» билан бирга топшириши мумкин.

Шартномага мувофиқ хўжалик қуйидаги ҳуқуқларга эга:

- шартноманинг тегишли иловаларида кўрсатилган муддатда уруғлик (кўчат), йиғим-терим учун идиш ва ўраб жойлаш материаллари ҳамда мазкур шартномани бажариш учун зарур бўлган амалдаги давлат стандартлари ва бошқа меъёрий ҳужжатлар билан таъминлашни тайёрловчидан талаб қилиш;

- маҳсулотни топшириш ва сифатини аниқлаш жараёнларида қатнашиш;

- етказиб берилган маҳсулот учун тегишли тўловни талаб қилиш;

- маҳсулот хўжалик ҳисобидан ташилганда транспорт харажатларини қоплашни талаб қилиш;

- маҳсулот етиштириш учун шартномада белгиланган муддатларда ва миқдорда бўнак (аванс) ҳамда якуний тўловлар амалга оширилишини талаб қилиш;

- шартноманинг иловасида кўрсатилган маҳсулотларни узрли ёки ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра етказа олмаса, тайёрловчига шу сабабларни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш;

- уруғлик (кўчат) материаллари ўз вақтида етказиб берилмаганда, шунингдек бўнак тўловлари, якуний ҳисоб-китоблар ўз вақтида амалга оширилмаганда етказилган зарарларни қоплашни тайёрловчидан белгиланган тартибда талаб қилиш.

Хўжалик қуйидаги мажбуриятларни бажариши шарт:

- мазкур шартноманинг тегишли иловаларида кўрсатилган муддатларда уруғлик (кўчат) материаллари ҳамда идиш ва ўраб-жойлаш материалларини «тайёрловчи»дан қабул қилиб олиш;

- шартноманинг 1-иловасида кўрсатилган маҳсулотларни тайёрловчи билан келишилган манзилга топшириш-қабул қилиш жадвалига асосан белгиланган муддатларда етказиб бериш (форс-мажор ҳолатлари бундан мустасно);

- тайёрловчининг талабига кўра, маҳсулотни сифати, нави, стандартларда кўрсатилган техник шартларга мос равишда, санитария-эпидимиология хулосаси, фитосанитария ва мувофиқлик сертификатлари асосида етказиб бериш;

- тайёрловчидан олинган уруғлик (кўчат) материаллари, бўнак пуллар ҳамда идиш ва ўраб-жойлаш материалларидан мақсадли фойдаланиш;

- маҳсулот сотиш бўйича шартномавий мажбуриятлар бажарилмаган ҳолатларда тайёрловчига тўланган маблағлар бўйича қарздорликни қоплаш;

- шартноманинг иловаларидаги ҳужжатларни тўғри расмийлаштириш ва маҳсулотларни топширишда қўйиладиган талабларга (идишга жойлаш, қадоқлаш ва бошқаларга) риоя этиш.

Тайёрловчининг қуйидаги ҳуқуқлари мавжуд:

- маҳсулотни сифати, нави, стандартларда кўрсатилган техник шартларига мос равишда, санитария-эпидимиология хулосаси, фитосанитария ва мувофиқлик сертификатлари асосида етказиб берилишини хўжаликдан талаб қилиш;

- хўжаликдан ушбу шартноманинг 1-иловасида кўрсатилган маҳсулотларни ўз муддатида топширишни талаб қилиш.

Тайёрловчи қуйидаги мажбуриятларни зиммасига олади:

- хўжалик томонидан етказиб бериладиган маҳсулотни шартноманинг 1-иловасида кўрсатилган миқдор ва муддатда харид қилиш, уларнинг узлуксиз қабул қилиб олинишини таъминлаш;

- хўжаликка экиш учун уруғлик (кўчат) материалларини шартноманинг тегишли иловасида кўрсатилган тури, нави ва миқдори ҳамда муддатларида берилган буюртма асосида етказиб бериш;

- хўжаликка шартноманинг тегишли иловасида кўрсатилган идиш ва ўраб-жойлаш материалларини белгиланган кунгача берилган буюртманома асосида керакли миқдорда етказиб бериш;

- шартномада белгиланган муддатда харид қилинаётган маҳсулот қийматининг бўнак (аванс) маблағларини тўлаш;

- етказиб келинган маблағларни қабул қилиш, вазни ва сифатини тўғри аниқлаш ҳамда ушбу шартномада белгиланган муддат ва тартибда маҳсулот учун якуний тўловларни амалга ошириш;

- хўжаликни ушбу шартномани бажариш учун зарур бўлган амалдаги давлат стандартлари ва бошқа меъёрий ҳужжатлар билан таъминлаш;

- хўжалик томонидан етказиб берилган маҳсулотларга тўлов ёки товар-транспорт ҳужжатини маҳсулот қабул қилинган куни расмийлаштириб бериш;

- маҳсулот хўжаликнинг транспорт воситасида ташилганда хўжаликка транспорт ҳақини ҳақиқий вазн бўйича (идишни ҳам қўшиб) тўлиқ масофа учун тўлаш;

- хўжаликнинг талабига кўра, маҳсулотнинг йиғим-терими бошлангунга қадар зарур миқдордаги йиғим-терим ва маҳсулотни манзилга етказиш учун лозим бўлган шартноманинг тегишли иловасида кўрсатилган идиш ва ўраб-жойлаш учун керакли материаллар билан ўз ҳисобидан таъминлаш;

- ушбу шартнома туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимидан рўйхатдан ўтказилгандан сўнг, икки кун муддатда хўжаликка рўйхатдан ўтказилган шартноманинг бир нусхасини имзоланган ҳолда бериш.

Шартноманинг бажарилиш бўлимида мажбуриятлар мазкур шартнома шартлари ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ зарур тарзда бажарилиши шартлиги, сифати тегишли даражада бўлмаган маҳсулот етказиб берилганда тайёрловчи ушбу маҳсулотни қабул қилишни рад этишга, сифат тегишли даражада бўлган маҳсулот етказиб берилишини талаб қилишга ёҳуд харид нархини хўжалик билан келишилган тарзда камайтирган ҳолда маҳсулотни қабул қилишга ҳақли бўлишлиги белгилаб қўйилган.

Тайёрловчи маҳсулотлар баҳоси бўйича ҳисоб-китобларни шартномада белгиланган нархларга асосан тўлиқ баҳосини ҳамда маҳсулотни қабул қилиш корхонасига келтириш бўйича транспорт харажатларини хўжаликка 60 кун муддат ичида тўлиқ тўлайди. Маҳсулотни қабул қилиш жойига жўнатиш, транспортга юклаш хўжаликнинг кучи ва маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Қабул қилиш жойида маҳсулотни тушириш хўжаликка жўнатиш учун қайтариладиган идишни бўшатиш ва транспортга юклаш тайёрловчининг ҳисобидан амалга оширилади.

Маҳсулотни шартномада белгиланган ассортименти, турлари, муддатларда қабул қилиниши асоссиз рад этилган ҳар бир ҳолати учун тайёрловчи хўжаликка қабул қилинмаган маҳсулот қийматининг 25 % миқдорида жарима тўлайди, тез бузилувчи маҳсулотлар бўйича эса унинг тўлиқ қийматини тўлайди. Бундан ташқари тайёрловчи маҳсулотни қабул қилиш рад этилганлиги натижасида хўжалик томонидан кўрилган, жарима билан қопланмаган зарарни ҳам қоплайди. Шу каби, шартномада белгиланган миқдорда ва ассортиментда, турлар бўйича муддатларда маҳсулот топширишдан асоссиз бош тортганлиги учун хўжалик тайёрловчига топширилмаган маҳсулот қийматининг 25 % миқдорида жарима тўлайди ҳамда маҳсулотни тўлиқ етказиб бермаганлик натижасида юзага келган, жарима билан қопланмаган зарарни қоплайди.

Шартномага мувофиқ белгиланган муддатларда бўнак (аванс) тўловларни, топширилган маҳсулот учун тегишли ҳақларни тўлашдан асоссиз бош тортганда тайёрловчи хўжаликка тўланмаган суммани ҳамда ўзи тўлашдан бош тортган сумманинг 0,4 % миқдорида, лекин 50 % дан ортиқ бўлмаган миқдорда пеня тўлайди. Товар-транспорт ҳужжатини расмийлаштириш рад этилганлиги ёки нотўғри расмийлаштирилганлиги учун айбдор томон бошқа томонга ҳар бир товар-транспорт ҳужжати учун энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима тўлайди.

Контрактация шартномаси тарафлар томонидан имзоланган пайтдан бошлаб кучга киради, туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими томонидан рўйхатдан ўтказилгандан кейин ижро қилинади. Шартнома 3 (уч) кун мобайнида тайёрловчи томонидан туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимига рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилади ва шартноманинг барча нусхалари туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими ходими томонидан рўйхатдан ўтказилиб, имзоланади, имзо, муҳр билан тасдиқланади. Тарафлар ўртасидаги муносабатлар улар томонидан контрактация шартномасининг барча шартлари бажарилган ва ҳисоб-китоблар тўлиқ тўланган тақдирда тўхтатилади.

Хулоса қилиб айтганда, давлат буюртмаси доирасида маҳсулотларни саноат асосида қайта ишлаш ва захирага ғамлаш учун харид қилиш фермер ва деҳқон хўжаликлари ва «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси ҳамда «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси таркибига кирадиган хусусий мулк шаклидаги қайта ишлаш корхоналари ўртасида тузиладиган контрактация шартномалари асосида шартнома қийматининг 40 фоизидан кам бўлмаган миқдорда бўнак бериш орқали амалга оширилади.

   А.Джуманов, О.Соатов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech