Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Август 2015 00:00

Пахтакорларимизнинг фидокорона меҳнати эвазига етиштирилган ҳосилни кузнинг совуқ ва ёғин-сочинли кунларига қолдирмай, тез ва сифатли йиғиб-териб олишда ғўза баргини сунъий тўктириш муҳим аҳамиятга эга.

Йиғим-теримдан олдин ғўза барги сунъий тўктирилса, қатор ораларидан шабада ўтиб туради, ўсимлик атрофида ҳаво намлиги камаяди, қуёш нури кўсакларга яхши тушади. Бу эса ўсакларнинг барвақт етилиши ва очилишига шароит яратади.

Кузатишларга қараганда, дефолиация пайтида тупроқ намлиги даланинг тўлиқ нам сиғимига нисбатан 60–65 фоиз бўлганда барглар тез тўкилади. Тупроқ нам­лигининг пасайиши ёки ошиб кетиши баргни тўктиришга салбий таъсир кўрсатади. Тупроқ жуда қуриб қолганда дефолиантларнинг самарадорлиги пасаяди. Тупроқ нам­лиги меъёридан паст бўлса дефолиациядан 10–12 кун олдин далани енгил суғориш керак.

Дефолиациядан олдин дала четлари, суғориш шохобчалари ва техника бурилиш майдончалари сифатли текисланади. Дала атрофи 8–12 метр кенгликда десикация қилинади. Натижада ОВХ агрегатлари бир текис ишлайди, иш унуми ва дефолиация сифати ошади.

Ҳаво ҳарорати дефолиантлар самарадорлигини белгиловчи асосий омиллардан бири ҳисобланади. Ҳар бир дефолиант кимёвий хусусияти ва таъсир этиш механизмидан келиб чиқиб, ҳароратга турли даражада талабчан бўлади. Ўсимликка юмшоқ таъсир этувчи дефолиантлар ҳаво ҳарорати ўртача 22–25 оС бўлганда яхши самара берса, 22 оС дан пасайса таъсири камаяди.

Ғўза дефолиациясининг самарадорлиги дефолиация муддати ва меъёрини тўғри белгилашга бевосита боғлиқдир. Дефолиация муддати тупроқ-иқлим шароитлари, ғўза навларининг биологик хусусиятлари ва етилганлигига қараб танланади. Бунда ғўза навларининг биологик хусусиятларига алоҳида эътибор бериш лозим. Чунки ғўза навларига дефолиантлар турлича таъсир этади. Ўртапишар нав­ларни барг шапалоғи катта, қалин ва сербарг бўлгани учун дефолиант­ларга кам таъсирчан, тезпишар, барг сатҳи кичик ва юпқа ғўза нав­лари эса таъсирчан бўлади.

Шу боис бундай навларга дефолиантлар сепиш меъёрини камайтириш керак. Дефолиация самарадорлигига ғўза навларининг биологик етилганлиги ҳам сезиларли таъсир кўрсатади.

Ўрта толали ғўза навларида 45–50 фоиз кўсаклар очилганда ўсимлик биологик етилган ҳисобланади ва дефолиацияни шундай пайтда ўтказиш юқори самара беради.

Маълумки, далаларда ҳар хил нав ғўзалар турли даражада ўсиб, уларнинг сербарглиги ва очилган кўсаклари ҳам турлича бўлади. Ғўза навлари кимёвий моддалардан ҳар хил таъсирланади. Аксарият тезпишар навлар (Наманган–77, С-4727, Омад, АН-Боёвут–2, Наманган–34, Султон, Андижон–35), ўртапишар навларга (Бухоро–6, Бухоро–8, Бухоро–102, Хоразм–127, Меҳнат, С-6524, С-6541) нисбатан кўпроқ таъсирчан бўлади. Демак, ғўзани самарали дефолиация қилишда нав­ларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиш даркор. Дефолиантларни куннинг салқин пайтларида сепиш керак. Дефолиацияни сифатли ўтказишда трактор пуркагичлари тўғри созланган ва техник талабларга риоя қилинган ҳолда ростланган бўлиши муҳим аҳамиятга эга.

Дефолиантларнинг самарадорлигини белгиловчи асосий омиллардан бири ҳаво ҳарорати ҳисобланади. Ҳар бир дефолиант кимёвий хусусияти ва таъсир этиш механизимидан келиб чиқиб, ҳароратга турли даражада талабчан бўлади.

Ўсимликка юмшоқ таъсир этувчи СуперХМД-С, ЎзДЕФ, ПолиДЕФ каби дефолиантлар ҳаво ҳарорати ўртача 22–25 оС даража бўлганда тезпишар навлар экилган майдонларга (6,5–7 л/га) қўллаш керак. Ўртапишар навлар экилган майдонларда эса ушбу дефолиантлар 7–7,5 л/га меъёрда қўлланилади.

Ҳаво ҳарорати (18–20 оС) даражагача пасайганда ПолиДЕФ, ЎзДЕФ ва СуперХДМ-С дефолиант­ларини тезпишар навлар экилган майдонларда 7,5–8 л/га. дан, ўртапишар навлар экилган майдонларда эса 8–9 л/га. дан қўллаш керак.

Булар билан бир қаторда Садаф дефолиантини ҳам қўллаш мумкин. Уни қўллаш меъёри 10–12 кг/га. Қўшқатор экилган ва кўчат қалинлиги юқори бўлган майдонларда дефолиантларнинг миқдорини 10–15 фоизга ошириш лозим.

Бундан ташқари, сув таъминоти яхши бўлмаган ҳудудларда ғўзанинг ўсиш ва ривожи паст бўлган майдонларда дефолиацияни мутахассислар тавсияси асосида ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Ўрта толали ғўза навларининг ҳар тупида ўртача 50 фоиз кўсаклар очилганда дефолиация ўтказиш лозим. Ғўзанинг юқори ярусидаги иккинчи кўсаги кесилганда чигити қорайган бўлса дефолиацияни бошлаш мумкин.

Ғўза дефолиацияси юқоридаги тавсиялар асосида сифатли ва тез ўтказилганидан 12–15 кун ўтгач теримга киришиш мумкин. Шунда кўсакларнинг 85–90 фоизи очилишига эришилиб, ҳосилнинг асосий қисми юқори навларда бўлиши таъминланади, биринчи терим салмоғини 15–20 фоизга оширилишига эришилади.

    Ф.Тешаев, Р.Назаров





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech