Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Август 2015 00:00

Айни кунларда юртимиз боғ-роғларида бўлган киши мева-узум ҳосили ғарқ пишганлигини кўриб кўзи қувнайди: халқимиз ризқи нақадар бутун, дастурхони тўкинлигига яна бир бора амин бўлади. Етиштирилган ҳосилни нест-нобуд қилмай йиғиштириб олиш эса боғбонларимиздан катта маъсулият талаб этади.

Мевалар техник пишиш ёки физиологик пишиш даврида терилади.

Узоқ жойларга юбориладиган мевалар техник пишиш даврида, маҳаллий бозорга мўлжалланганлари эса физиологик пишиш ҳолатига яқин шароитда узилади. Териб олинган мевалар офтобда қолиб кетмаслиги, уларни салқин жойларга жойлаштириш лозим. Бу ерда уларни саралаб, идишларга (идиш ва транспорт турига қараб) жойлаб, тез истеъмолчиларга жўнатиш зарур.

Боғ қатор ораларига вақти-вақти билан ишлов бериб туриш мақсадга мувофиқ. Жазирама забтига олган айни кунларда суғоришга жиддий эътибор бериш керак. Ҳосилли, айниқса, ёш боғларда тупроқнинг намлик даражасига катта аҳамият бериш зарур. Тупроқ шароити ва ўсимликнинг туридан келиб чиққан ҳолда 2–3 маротаба суғориш керак.

Ҳосилга кирган боғларда август ойида келгуси йил учун мева куртаклари шакллана бошлайди. Тупроқда нам етишмаса, бу жараёнга салбий таъсир кўрсатади. Бу жараённинг кечишига ижобий шароит яратиш келгуси йил ҳосили мўл ва сифатли бўлиши гаровдир.

Ёш ва ҳосилли боғларда июль ойининг иккинчи ярмидан ёзги шакл бериш (обрезка) га киришилади. Бу тадбирни август ойининг биринчи ярмида албатта якунлаш лозим. Бу жараённи сифатли ўтказган боғбонлар келаси йили эрта баҳорда дарахтларга шакл беришдан деярли озод бўлади ва дарахтлар уйғонганда ўсиш энергияси барча органларига тенг тақсимланиб, бир текисда қўзғалади ва унинг асосий қисми гуллаш ва мева шаклланишига сарф бўлади.

Ёзги шакл бериш данакли боғлар ва уруғли интенсив боғларда жуда яхши самара беради. Дарахт танасига ёруғлик тушиши кескин ошиб, куртакларнинг шаклланиши ва мевали шохларнинг пишиб етилишига ижобий таъсир кўрсатади.

Симбағазли ёш интенсив боғларда янги новдалар эгиб боғланади. Бу мева куртакларининг шаклланишини жадаллаштиради. Новдалар иложи борича 70–80о бурчак остида эгиб боғланади. Новдалар тўғри эгилишига алоҳида аҳамият бериш зарур.

Боғларда дорилаш ишларини ҳам ўз вақтида ўтказиш зарур. Беҳи, кечпишар олма ва нок боғларида олма қуртининг учинчи авлодига ва нок ширасига қарши июль ойининг охирларида пуркаш ўтказилмаган бўлса, бу тадбирни августнинг биринчи беш кунлигида ўтказиш яхши самара беради.

Бунда Нурел-Д, БИ-58, Зиппер, Ариво, Циперфос (100 л сувга 100–120 г) ёки Каратэ, Децис, Суми-альфа, Шерпо (100 л сувга 40–50 г) препаратларидан бирини қўллаш мумкин.

Мева каналари тарқалиши кузатилса, юқоридаги препаратларга Вертемекс, Неорон, Абамиктин, Нисорон препаратларини (100 л сувга 50–150 г) қўшиб, омухта қилиб пуркалади. Намланувчи олтингугуртнинг 1 фоизлиси ҳам самаралидир.

Беҳизорларда монилиоз касаллигидан зарарланган новдалар олдинги ойларда кесилмаган бўлса, тезда кесиб, боғдан чиқариб ёқиб юбориш лозим.

Токзорларда қалинлашиб кетган катта шох новдаларнинг юқори қисмини қисқартириб, кесиб ташлаш, яъни чеканка қилиш керак. Темир бетон устунларда ток ўстирилаётган бўлса, охирги симбағаздан 50 см. дан юқори қисми кесиб ташланади. Чеканканинг айрим ҳоллардагина жуда кучли ўсувчи токзорларда сийраклаштириш билан бир вақтда августнинг биринчи ярмида ўтказиш керак. Бунда ғўра ҳомтокдан қолиб кетган бачки новдалар, баргларнинг ток тупини жуда қалинлаштириб юборадиган ва ҳаво ҳарорати ҳамда ёруғликнинг ўтишига ҳалал берадиган қисмлари олиб ташланади.

Айни кунларда ўртапишар узум навларининг ҳосили териб олина бошланади. Кечпишар узум навлари узумни узишга 15–20 кун қолганда суғорилади.

Чилла чиқиши билан қалинлашиб кетган тупларда узум бошларини соялаб турган барглар олиб ташланади. Кул касаллиги тар­қалиши кузатилса, олтингугурт (1 гектар токзорга сарфи 30–40 кг) билан чанглатилади.

Четдан олиб келинган кўчатлардан шаклланган интенсив боғлардаги Джонаголд, Красный Делишес, Ред Чиф, Дженемин каби навлар ҳам август ойида етилади ва улар совутгичларда январь-февраль ойларигача бемалол сақланади.

Данакли мевалар истеъмол бозорига қараб, керак бўлса (четга юбориладиганлари) техник пишиш даврида терилади ва йўлда улар етилиб пишади.

Шафтоли ва олхўри меваларини териш учун улар қаттиқроқ, озгина пишмаган ҳолатда, лекин мазаси ушбу помологик навга хос бўлиши керак.

Меваларни узоқ жойларга юбориш, сақлаш ва сотувга олиб чиқиш учун мева банди билан терилиши шарт. Бу эса меваларнинг узоқроқ сақланишининг асосий кафолатидир.

Сақловга қўйиладиган олма ва нок мевалари авайлаб терилиб, қоғозга ўралиб, ёғоч қиринди тўшалган яшикларга жойланади. Узум бошлари қайчи билан кесиб олинади, узум доналарига қўл тегмаслиги керак. Акс ҳолда узум мевасининг ғубори шикастланади ва уни узоқ муддат сақлаб бўлмайди.

Таъкидлаш жоизки, август ойида пишиб етилган мева ва узумлар асосан қайта ишлаш (консервалаш ва қуритиш учун) ёки истеъмол учун бозорларга, сотувга жўнатилади.

Данакли мевалар (шафтоли, олхўри), узумнинг кишмиш навларини узоқ сақлаб бўлмайди, улар кўпи билан (энг сифатлиси) бир ой сақланади. Шунинг учун истеъмолдан ортган мевалар қуритилади.

Мева ва узум очиқ ҳавода – қуёшда қуритилганда сифатсиз маҳсулот олинади. Улар салқин ерларда ёки махсус палаткаларда (полиэтилен плёнка қопланган) қуритилса, қуриган меванинг сифати анча юқори бўлади ҳамда узоқ сақланади.

Август ойида кўчатзорларда пайвандтаг тайёрлаш ва пайвандлаш ишлари амалга оширилади. Дастлаб данак мевали, сўнгра уруғли, ундан кейин эса манзарали (атиргуллар) ниҳоллар пайванд қилинади. Пайвандтаг яхши етилган ва қаторларда бехато бўлишини таъминлаш зарур. Пайванд қилинадиган нав­ларнинг рўйхати олдиндан тузилади ва уларнинг она боғлари аниқланади. Боғлар нав тозалигига жавоб бериши ва соғлом бўлиши шарт.

Пайванд қилинган боғлар сувдан қолмаслиги зарур. Шу билан бир вақтда шохланган жойигача бўлган барглар олиб ташланади. Бу кўчатлар ичидаги ҳаво аэрациясини яхшилайди ва кўчатлар касалланишининг олдини олади.

Ушбу тадбирлар ўз вақтида ва сифатли бажарилса, боғ-токзорлардан мўл ва сифатли ҳосил олинади, кўчатзорлардан талаб даражасидаги мева-узум кўчатлари тайёрланади.

   Р.Абдуллаев, А.Арипов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech