Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Май 2014 00:00
Бу йилги баҳорнинг об-ҳаво шароитидан келиб чиқиб, пахтадан мўл ва сифатли ҳосил етиштиришда агротехник тадбирларни мақбул муддатларда ва меъёрларда амалга ошириш, минерал ва маҳаллий ўғитлар, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари ва сувдан унумли фойдаланиш, ҳамда илғор технологияларни кенг қўллаш мақсадга мувофиқ.
   Чигит униб чиққан майдонларни кўздан кечириб, ниҳоллар илдизига алоҳида эътибор бериш зарур. Ёғингарчиликлар туфайли намлик миқдорининг ортиб кетиши оқибатида ғўзаларнинг илдиз чириш касаллиги билан зарарланиши кузатилганда, ниҳолларнинг илдизи қорайиб, ривожланиши сусаяди, барглари сарғаяди ва кейинчалик кўчат ҳам қуриб қолади. Бунинг оқибатида ниҳоллар сийрак бўлиб, тўлиқ гектар ҳосил қилинмайди, бу эса ҳосилдорликка салбий таъсир кўрсатади.
     Шу сабабли ер етилиши билан ниҳоллар қатори кўрингандан биринчи культивацияни ўтказиш керак. Шунда тупроқ нам¬лиги камайиб, тупроқ майин, донадор бўлиб, ҳаво айланиши яхшиланади, ўсимлик илдизи яхши ривожланади. Бу эса ўз навбатида гоммоз, илдиз чириш касалликларини қўзғатувчи патогенларни камайтиради, ғўзанинг соғлом ва дуркун ўсиб-ривожланишини таъминлайди.
   Қатқалоқ бўлган жойларда ишлов беришда культиваторга ротацион юлдузча, пичоқлар ва чуқур юмшатиш панжаларини ўзаро мос ҳолда жойлаштириш керак. Бунда, юлдузчалар 3–5, ўртадаги иш органлари 12–14 см, чеккадагилари эса 6–8 см чуқурликка мослаб ўрнатилса, самараси юқори бўлади.
    Тупроғининг механик таркиби енгил, қумоқ, қумли ерларда ва ўртача тупроқларда биринчи культиваторнинг четки ишчи органлари 6–8, иккинчи жуфт органлар 8–10 см, учинчи жуфт органлар 10–12 см, ўртадагилари 60 см қатор оралиғида 13–14 см, 90 см қатор оралиғида 15–16 см чуқурликка мослаб ўрнатилади ва трактор паст тезлигида юргизилади. Агар культивация кечиктирилса, қатқалоқ тагида қолган ва паст ҳароратда униб чиқолмаган чигитлар узоқ туриб қолиши ва барг ёзиб юбориши ҳамда илдиз чириш касаллиги келиб чиқиши туфайли ҳосилдорлик 3–4 ц/га. гача пасайиши мумкин.
   Чигит қўшқатор экилган майдонларда тупроқдаги ортиқча намликни кўтаришда биринчи культивацияда қўшқатор орасини юмшатиш учун битта ККО ёки кичик лапка 5–6 см, иккита РОР юлдузчаси билан 3–5 см чуқурликда ишлов бериш тавсия этилади. Қўшқаторлар оралиғи 25–30 (40) см бўлганда қатор орасига ишлов берилиши тупроқнинг зичлашмаслигини таъминлайди ва ғўзанинг ўсишига ижобий таъсир этади.
  Илдиз тизимининг яхши ривожланишини таъминлаш учун 1 ва 2-культивация орасида махсус мослама ёки чизель-культиватор ёрдамида механик таркиби енгил ва ўрта тупроқларда 18–22, механик таркиби оғир тупроқларда 20–25 см чуқурликда юмшатиш зарур.
   Кейинги культивацияларда ғўзанинг илдизини шикастлантирмаслик мақсадида юмшатиш кенглиги ва чуқурлиги қатор оралари кенглиги, тупроқ турига қараб белгиланади. Қатор оралари 60 см бўлганда культиватор четки органлари ўсимликдан 8–10 см узоқликда, 6–8 см чуқурликда, ўртадагилари 12–14 cм чуқурликда, ишлов кенглиги 40–44 см, 90 см қатор оралиғида культиватор ишчи органлари ўсимликдан 8–10 см узоқликда, 6–8 см чуқурликда, кейинги жуфтликлари мос равишда 8–10, 10–12 см чуқурликда, ўртадагилар 15–16 см чуқурликда ўрнатилиши, ишлов бериш кенглиги 70–74 см. ни ташкил этиши керак.
    Ёғингарчилик кўп бўлиши тупроқдаги озиқа моддаларнинг ер ости қатламларига ювилиб кетишига олиб келади. Шу сабабли ниҳолларни озиқа моддалар билан яхшироқ таъминлаш ва ривожланишини тезлаштириш мақсадида культивация билан биргаликда гектарига соф ҳолда 50 кг азотли ўғит (150 кг/га) ёки мочевина (110 кг/га), аммоний сульфат (240 кг/га), чириган ва қуруқ гўнг билан далага солиниши яхши самара беради. Бунинг учун 1 кг азотли ўғитга 2–2,5 кг чириган ва эланган гўнг қўшиб солиш тавсия этилади.
     Ниҳолларни озиқлантириш уларнинг баравж ўсишига имкон беради, ўғитлар культиваторлар билан солинганда ер бетида сочилиб кетмаслиги ва саёз (3–5 см) берилмаслиги керак. Акс ҳолда ўғит исроф бўлади. Шу боис ўғитлар ғўзанинг 15–18 см ёнига, 12–14 см чуқурликка солинади.
     Fўза ривожланишининг дастлабки даврларида азот ва фосфорга жуда талабчан бўлади. Бу даврда ниҳоллар озиқлантирилмаса, кейинги ривожланиш даврларининг чўзилиб кетиши ва ҳосилга салбий таъсир этиши тажрибаларда ўз исботини топган. Шу сабабли ниҳоллар қўшимча равишда баргдан озиқлантирилиши ҳам мумкин. Бунда ғўза шоналаш даврида карбамид ўғитидан (5–7 кг/га) суспензия тайёрлаб сепиш ёки таркибида жуда кўп озиқа элементлари ва ўсимлик учун зарур бўлган микро- ва макро элементларга бой стимуляторлар – «Гумимакс» (0,3 л/га), «Узгуми» (0,3 л/га), «Эдагум» (0,3 л/га), «Фитовак» (300–400 мл/га) стимуляторлар билан ишлов бериш яхши самара беради.
  Барг сатҳига тушган суспензия ўсимлик тўқималарига сўрилиб, ғўзанинг ўсиб-ривожланишини яхшилайди, барглар қалинлашиб, ундаги хлорофиллар миқдори кўпаяди, фотосинтез жараёни жадаллашади, ҳосилдорлик 12–15 фоизга ошади ва ҳосилнинг пишиб етилиши тезлашади.
   Карбамидли суспензия билан ишлов беришда ғўзанинг ҳолатидан келиб чиққан ҳолда эритма тайёрланади. Бир гектар майдонга етадиган эритма тайёрлаш учун физик ҳолда 5 кг карбамид 50 литрлик идишдаги сувда эритилади. Кейин эритмани 100 литрлик идишга қуйиб, яхшилаб аралаштирилади. Тайёр бўлган эритманинг меъёри тавсия этилганидан ортиқ бўлса, ёш ниҳолларга салбий таъсир этиши (барглари қуриши) мумкин. Аксинча, меъёри паст ҳолатда самарасиз бўлади.
     Иккинчи суспензия ғўзанинг 5–6 чинбарг даврида сепилади. Бунда 50 литрлик идишдаги сувда физик ҳолда 7 кг карбамид эритилади, кейин эритмани 100 литрлик идишга қуйиб, яхшилаб аралаштирилгач сепилади. Бунда тракторларга ўрнатилган бочкаларга 200 литр тоза сув ва 100 литр тайёрланган оналик (маточный) эритмаси қуйилиб, яхшилаб аралаштирилади ва гектарига 300 литр миқдорда ишчи эритмаси қўлланади.
    Суспензияни эрталаб ва кечқурун ҳаво ҳарорати 20–25 оС дан ошмаган пайтда сепиш тавсия қилинади. Чопиқ ишларини сифатли ва ўз муддатида бажарилишини ташкил этиш зарур. Шунингдек, кўп йиллик бегона ўтларга (ғумай, ажриқ ва бошқалар) қарши «Ентерра» гербицидини 1,5 л/га ҳисобида уларнинг бўйи 10–15 см. га етганда пуркалса яхши натижа беради. Фермерлар юқоридаги тавсиялар бўйича иш юритишса, ғўзаларнинг жадал ўсиб-ривожланиши таъминланади. Бу эса пировардида ноқулай шароитда ҳам юқори ҳосил етиштиришга пухта замин тайёрлайди.
      Ф.Ҳасанова, Б.Ниёзалиев, Ш.Абдуалимов




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech