Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Май 2014 00:00
Ўтган йили Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятлари фермер хўжаликлари далаларида МХ-1,8 яримосма пахта териш машиналарида ўтказилган кенг дала синовлари машина теримининг салмоғи ва сифатига агрегатларнинг техник ҳолати, уларни тўғри ростлаш ва ишлатишда, ғўзани машинабоп қилиб ўстириш тизимини ўрни катта эканлиги яна бир бор тасдиқланди. Бу тизимни амалга ошириш фермерлардан қўшимча моддий-техника ресурсларини талаб этмайди. Бунинг учун пахта етиштиришда қўлланилаётган амалдаги агрономик ва муҳандислик тадбирларини ҳар бир ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароити, ғўзанинг ривожланиш ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда мақбул муддатларда бажарилишини таъминлаш кифоя.
    Бунда энг аввало, машина теримига мослашган ғўза навларини танлаш, ниҳолларни яганалаш, суғориш, қатор ораларига ишлов бериш тадбирларини машинабоп пахта етиштиришга йўналтирган ҳолда ўтказиш талаб этилади. Ғўза навларини машина теришига мослаштириб парваришлаш. Ҳосили машиналар ёрдамида териб олинадиган ғўза навлари қуйидаги талабларга жавоб бериши зарур:
      1) ғўза тупининг пояси мустаҳкам – ётиб қолишга бардошли (энгашиб ёки ерга бутунлай ётиб қолган ғўза туплари терим машинаси аппарати иш тирқишига тўлиқ кирмайди ёки унинг пастки рамалари тагида қолиб кетади, кўсаклардаги пахта чала терилади ёки умуман терилмасдан қолади);
    2) ғўза тупларининг бўйи 80–100 см (110–120 см) ва ундан баланд бўйли ғўза туплари аппарат иш тирқишига жуда эгилиб киради, шпинделлар пахтани чала теради, шохлар синади, кўсаклар ерга кўп тўкилади; ғўза туплари жуда калта (50–60 см) бўлса, биринчидан, унда ҳосил кам тўпланади, иккинчидан, механик-ҳайдовчилар бундай туплардаги пахтани териб олиш учун аппарат рамаларини пуштага тегадиган даражада пастга туширишга мажбур бўлади – пушта сатҳидаги катта кесаклар аппарат ичига кириб, иш тирқишини кенгайтириб юборади, чаноқлар шпинделлар сатҳига тўла босилмайди, оқибатда пахта чала терилади ва ерга тўкилади. Бундан ташқари, шпинделларнинг пастки тишлари тез ейилади, уларнинг таянчлари чанг ва тупроқ зарралари таъсирида барвақт ишдан чиқади);
     3) ғўзанинг шохлари хипча, тарвақайламаган (тупларнинг эни 40–50 см. дан ошмаслиги зарур. Акс ҳолда, туплар аппаратга тўлиқ кирмайди, ён шохлари синади ва кўсаклари шикастланади, пахта ерга тўкилиб кетади);
    4) кўсаклар ғўза бош пояси бўйлаб бир текис жойлашган (чаноқлар бир-бирини ёпмайди, шпинделлар уларнинг пахтасини тўла ва тоза териб олади);
    5) ғўзанинг баргдорлиги меъёрида ёки улар табиий тўкилишга мойил (кўсаклар тезроқ етилади, дефолиациянинг самараси юқори бўлади);
    6) очилган кўсакнинг диаметри ва массаси катта (пахта ҳосилдорлиги ортади, шпинделлар кўп ва тоза теради);
  7) пишган пахта бўлаклари чаноқдан тўкилиб кетмайди, шпиндел тишлари уларни осонлик билан пухта илаштириб олади (чаноқларда якка чигит пахта қолмайди).
   Шуни эсда тутиш лозимки, машинабоп ғўза навларини танлаб экиш далаларни машина теримига тайёрлаш харажатларини пасайтириш ва терим самарадорлигини белгиловчи дастлабки омиллардан биридир.
   Яганалаш. Пахтаси машинада териладиган ғўза тупларининг поялари бақувват, дуркун ўсган, кўчатлар қалинлиги меъёрида ва серҳосил бўлиши лозим. Бунда ғўза ниҳолларини яганалаш тадбирини сифатли ўтказиш муҳимдир. Ғўзани яганалашда уялардаги қуриб қолган, яхши авж олмаган ва касалланган ниҳолларни олиб ташлаш, бақувват ва серавжларини қолдириш талаб этилади. Демак, бу вазифани фақатгина тажрибали ва интизомли ишчиларга топшириш зарур.
   Ғўза туплари бақувват бўлса – ётиб қолмайди, терим аппаратига тик ҳолатда киради, пахтаси тўлиқ териб олинади. Кўчат қалинлиги меъёрига келтирилган далаларда ғўза шохлари ва илдизлари бир-бирини сиқиб қўймайди, эркин ва тез ривожланади, кўсаклари бўлиқлашиб, ҳосилдорлиги ортади. Серҳосил далаларда пахта териш машинасининг иш кўрсаткичлари ҳам юқори бўлади. Чигит пневматик сеялкалар ёрдамида экилганда ғўза яганасига ҳожат қолмайди.
  Ғўзани суғориш. Машина терими учун ажратилган майдонларни шундай суғориш керакки, бунда сув барча эгатларда бир хил миқдорда жилдираб оқсин, эгатлар бир текис чуқурликда намлансин, пушталар нураб кетмасин. Эгатларга меъёрдан ортиқча сув юборилса, эгат туби ва пушта сиртлари ювилиб кетади, эгатлар чуқурлашиб, пушталар бузилади.
  Машина бундай эгатлар бўйлаб ҳаракатланганда терим аппаратларининг ёнлама тебраниши туфайли ғўза тупларининг паст қисмида жойлашган чаноқлардаги пахталар чала терилади ёки умуман терилмай қолиб кетади. Пушталар бузилган жойларда аппарат пастки рамкаси қуруқ тупроқни аппарат иш тирқиши олдига суриб, терилаётган пахтани ифлослантириб юборади.
   Ғўза қатор ораларини культивация қилиш. Ғўза қатор ораларига культиваторлар билан ишлов беришда қуйидаги қоидаларга амал қилиш даркор:
     1) қатор ораларида донадор тупроқ ҳосил қилинсин (тупроқнинг сув ва ҳаво ўтказувчанлик қобилияти ошиб, намликни узоқ сақлайди, ғўза илдизи яхши нафас олади ва ўсимлик тез ривожланади);
     2) эгатлар чуқурлиги уларнинг ўртача қийматидан 4 см. га ортиқ ёки кам бўлиши мумкин, холос. Механизаторлар охирги культивацияда суғориш эгатларини қатор орасининг қоқ ўртасидан ва барча қаторларда бир хил чуқурликда олинишига алоҳида эътибор қаратишлари лозим. Чунки машина ғилдираклари терим пайтида айнан шу эгатларда юради.
  Эгатлар чуқурлиги ва кенглиги орасидаги фарқ катта бўлганда, машинанинг тебраниб ҳаракатланиши туфайли аппарат иш тирқиши ғўза қаторидан дам чап томонга, дам ўнг томонга силжиб туради. Бу ҳолат бир қисм ғўза тупларини ғилдираклар ва аппаратлар билан эзғиланиши, шохларнинг синиши ва кўсакларнинг тўкилиши, пастдаги чаноқ пахтасининг терилмай қолиши, юқоридагиларининг эса чала терилишига олиб келади;
   3) охирги культивация пушта тепасида дўнгликлар ва ўлчами 5 см. дан катта кесаклар ҳосил бўлмайдиган тезликда ва чуқурликда бажарилсин. Акс ҳолда, улар аппарат иш тирқишини кенгайтириб юборади, шпинделлар пастки тишларининг тез ейилиши ва ифлосланишига, демакки, терим тўлиқлигини пасайишига сабабчи бўлади;
   4) ясси кесувчи ва дискли пичоқлар ҳамда ўқёйсимон панжаларни қатор орасига шундай жойлаштириш керакки, бунда ишлов берилгандан кейин далада қолган бегона ўтлар сони ҳар 100 метрда 5 донадан ошмасин (бўлмаса бегона ўтлардан чиқадиган шира шпиндел тишларига ёпишади, уларнинг активлигини пасайтиради, пахта чала терилади.
    Энг ёмони, машина бункеридаги пахтанинг ифлослиги ошиб, сифатига путур этади). Шундай қилиб, ерларни экишга сифатли тайёрлаш, чигит экиш, ниҳолларни яганалаш, суғориш ва қатор ораларига ишлов беришда агротехника қоидаларига оғишмай амал қилиш ғўзаларни машинабоп қилиб ўстиришининг бош омилидир.
     М.Тошболтаев




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech