Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Май 2014 00:00
Республикамизда жорий йилнинг баҳори нисбатан серёғин ва салқин келди. Бундай об-ҳаво ғалла майдонларида турли касаллик, зараркунанда ва бегона ўтларнинг ривожланишига шароит яратади. Оқибатда ҳосил салмоғи ва сифати пасайишига олиб келади. Шу боис агротехник тадбирларни мақбул муддатларда ўтказиш талаб этилади. Бунда қуйидаги тавсияларга амал қилинса, мўл ва сифатли дон етиштиришга эришилади.
   Бошоқли дон экинларидан юқори ва сифатли ҳосил олишда ғалла бошоқлаш фазасига кириши олдидан гектарига 200 кг дан қўшимча азотли минерал ўғитлар солиб, шарбат усулида суғориш муҳим аҳамиятга эга. Суғоришни кичик меъёрларда, кўллатмасдан ўтказиш мақсадга мувофиқ.
    Ривожланиши суст майдонлардаги ғаллани барглари орқали қўшимча озиқлантиришда суспензияга ўстирувчи биоўғитларни қўшиб комплекс ишлов беришда турли экологик тоза препаратлар («Байкал ЭМ–1», «Агрозим», «Гумимакс», «Мэрс», «Торфуша»)ни белгиланган меъёрларда ёки карбамид (мочевина) азотли ўғитини гектарига 8–10 кг (физик ҳолда) меъёрда 300 литр сувда эритиб, суспензия қилиб барг орқали сепиш тавсия этилади.
    Ғаллазорларда турли касаллик ва зараркунандаларга қарши курашда суспензияга гербицид ва фунгицидларни биргаликда қўллаш муҳим ўрин тутади. Ғалла майдонларига комбинациялашган ҳолда ишлов бериш далага техника воситаларининг камроқ киришини таъминлаб, пайхоннинг олдини олиш, пировардида иқтисодий самарадорликка эришишга хизмат қилади.
  Турли касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш тадбирлари ўтказилмаса, ҳосилдорлик тенг ярмига камайиши тажрибаларда исботланган. Бундан ташқари, доннинг сифат кўрсаткичлари ҳам пасайиб, озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрлаш учун яроқсиз ҳолга келиб қолади.
    Буғдой етиштиришда илғор технологияларга амал қилиш, бегона ўтлар, зараркунанда ва касалликларга қарши ҳимоя қилиш чора-тадбирларини ўтказиш ҳисобига 20 фоиздан 70 фоизгача ҳосил сақлаб қолинади. Септориоз, сариқ, қўнғир ва поя занг, ун-шудринг ҳамда бошқа касалликларнинг зарари шунчалик жиддийки, у ёки бу турдаги касаллик ҳосилдорликнинг 30–35 фоизидан 100 фоизигача нобуд қилиши мумкин.
  Сўнгги йилларда республикамизнинг деярли барча минтақаларида буғдойнинг сариқ ва қўнғир занг касаллигини тарқатувчи замбуруғларнинг рассалари кўп кузатилмоқда. Оқибатда сариқ зангга чидамли бўлган кўпгина, ҳаттоки Краснодар навлари ҳам касалликка чалинмоқда.
  Бу касалликларнинг олдини олишда кузги буғдойнинг замбуруғли касалликларига чидамли навларни экиш, экиш меъёри ва муддатини тўғри белгилаш, ўз вақтида кимёвий ишлов бериш муҳим аҳамиятга эга. Экин майдонларида замбуруғли касалликлар кучли тарқалиш хавфи сезилганда Дуплет ТТ 22,5 фоиз эм.к. (0,3–0,5 л/га), Альто супер 33 фоиз эм.к. (0,3 л/га), Титул, 390 к.э.к. (0,26 л/га), Аканто плюс 28 фоиз сус.к. (0,3–0,5 л/га), Бампер 25 фоиз эм.к. (0,5 л/га), Колосаль эм.к. (0,3–0,5 л/га), Консул 12,5 фоиз сус.к. (0,5–0,75 л/га), Пиларкур 25 фоиз эм.к. (0,4–0,5 л/га), Торсо 22,5 фоиз эм.к. (0,3–0,5 л/га), Рекс ДУО 49,5 фоиз сус.к. (0,4–0,6 л/га) препаратларини 200–300 литр сувда эритиб ишлов бериш тавсия этилади.
   Бошоқли дон экинларини зараркунандалардан ҳимоя қилишда кимёвий курашни ташкил қилиш ва ўз вақтида ўтказиш мақсадга мувофиқ. Зарарли хасва билан зарарланган майдонлардан олинган уруғлик доннинг униб чиқиши 50 фоизгача камаяди. Битта урғочи хасва 100–180 ва ҳатто 300 донагача тухум қўяди, 14–15 кундан сўнг личинкалари пайдо бўлади. Лекин личинкалар 2 ёшдан 3 ёшга ўтгандан сўнггина кимёвий курашни бошлаш керак. Бунда кимёвий курашнинг самараси юқори бўлади. Агар 1 м2 майдонда хасвадан 2 та, қўнғиз шилимшиқ қуртнинг личинкаси 5 тагача учраса, кимёвий курашни албатта ўтказиш лозим.
    Зарарли хасва буғдой ва арпа поялари бошоғининг ширасини сўриши туфайли ҳосил анча камайиб кетади. Хасва буғдой пояни кечроқ зарарласа унинг ичидаги дон пуч ва оқсил миқдори камаяди ва натижада бундай дондан тайёрланган нон сифатсиз, хамири ёпишқоқ бўлмайди. Дон экинларига катта зарар келтирувчи сўрувчи ва кемирувчи зараркунандалар шира, трипс, зарарли хасва, ғалла арракаши, шилимшиқ қурт(пьявица)га қарши кимёвий курашда инсектицидлардан Дабл-Д 55 фоиз эм.к. (0,5 л/га), Суми 5,5 фоиз эм.к. (0,2–0,3 л/га), Каратэ 5 фоиз эм.к. (0,15–0,2 л/га), Суми-Альфа 20 фоиз эм.к. (0.07 л/га), Атилла 5 фоиз эм.к. (0,15–0,2 л/га), Багира 20 фоиз с.э.к. (0,07-0,1 л/га), Ломбардо 5 фоиз эм.к. (0,15 л/га), Циперметрин 25 фоиз к.э. (0,2 л/га) ишлатилади.
    Об-ҳаво инжиқликларига қарамай, агротехник тадбирларни ўз вақтида сифатли бажарган ғаллакорларимиз кўзланган ҳосилни етиштириб, юртимиз дон хирмонининг юксалишига эришадилар, албатта. Зеро, дон ризқимиз бутунлиги, дастурхонимиз тўкинлиги, пировардида фаровон турмушимиз пойдеворидир.
     Р.Сиддиқов, А.Мансуров




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech