Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Май 2014 00:00
Жорий йилнинг кўклами серёғин бўлганлиги туфайли бир қатор эртаги сабзавот ва полиз экинларини экиш ишлари бир оз кечикди. Шу боис эртаги сабзавот, полиз ҳамда картошка майдонларида амалга ошириладиган барча агротехник тадбирларни, яъни ўсимлик ва эгат ораларига ишлов бериш, озиқлантириш, суғориш, шунингдек, турли касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш чораларини ўз вақтида сифатли ўтказиш тавсия этилади.
    Республикамизнинг жанубий ва марказий минтақасида жойлашган вилоятларда помидор кўчатларини экиш ишлари об-ҳаво инжиқликлари туфайли тугалланмаган бўлса, май ойининг биринчи ўн кунлигида, шимолий минтақаларда эса биринчи ярмигача тугалланиши зарур. Кўчатлар экилганидан сўнг, ўсимликлар яхши тутиб олиши учун суғорилади.
    Экиш ишлари тугаллангач, майдонларни кўздан кечириб, тутмаган, хатосига, жуда нозик кўчатлар ўрнига илдиз тизими ва пояси бақувват кўчатларни экиш ўсимликлар сонининг тўлиқ бўлиши, пировардида юқори ҳосил ва даромад олишни таъминлайди. Суғорилгандан 10–12 кун ўтгач, КРН-2,8А, КХО-4, КОН-2,8А русумли юмшатгичлар билан ўсимлик қатор ораларига 12–14 см чуқурликда сифатли қилиб биринчи ишлов берилади.
      Ниҳоллар ораси ва атрофи эса қўлда енгил чопиб юмшатиб чиқилади. Сўнгра суғориш эгатларини тортиш билан бирга ҳар гектар майдон ҳисобига 70–80 кг. дан азотли ўғит солиниб, кетма-кет сув бериш тавсия этилади. Биринчи ишловдан 13–15 кун ўтгандан кейин тупроқнинг намига қараб ўсимликлар суғорилади ва тупроқ етилиши билан иккинчи ишлов ишлари ўтказилади. Бунда қатор оралари 15–16 см чуқурликда юмшатилиб, ўсимликлар атрофидаги бегона ўтларни йўқотиш учун яхшилаб чопиб чиқилади, сўнгра суғориш эгатларини тортиш билан бирга гектар ҳисобига 80–90 кг азотли ва 50 кг калий ўғитлари солиниб, суғорилади.
  Жанубий ва марказий минтақада жойлашган вилоятларда ширин қалампир ҳамда бақлажон каби сабзавотлар кўчатлари очиқ майдонларга асосан апрелнинг 2–3-ўн кунлиги, шимолий минтақаларда эса май ойининг 1-ўн кунлигида экилади. Майдонларда кўчатларнинг сони тўлиқ бўлиши учун экиш тугаллангандан 2–3 кун оралатиб хато ёки тутмаган кўчатлар ўрнига қайтадан кўчат экиб чиқилиши лозим.
    Бодринг ўсув даври давомида қатор оралари ва палаги атрофини ҳар икки суғоришдан сўнг 14–16 см чуқурликда юмшатиш, бегона ўтларни чопиқ қилиш ўсимликнинг яхши ривожланишини таъминлайди. Бўз тупроқли ерларда бодрингни азот (190 кг/га, фосфор (100 кг/га) ва калийли (75 кг/га) ўғитлар билан озиқлантириш мақсадга мувофиқ. Бунда фосфор ва калий ўғити йиллик меъёрининг 75 фоизи ҳамда 20–25 тонна гўнг ерга асосий ишлов беришда солинади.
  Биринчи озиқлантириш ўсимлик 2–3 чинбарг чиқарган даврида ўтказилиб, азот йиллик меъёрининг 10 фоизи ҳамда фосфор ва калийнинг қолган қисми берилади. Азотнинг қолган қисми тенг иккига бўлиниб, бодринг ялпи гуллаган даврида ҳамда 2–3-ҳосил теримидан кейин берилади. Бодринг намсевар ўсимлик эканлиги боис, тупроқ намлигини инобатга олган ҳолда ҳар 6–7 кун оралатиб суғориб туриш зарур.
    Май ойи полиз экинларининг ўртаги ва кечки навларини экишнинг энг мақбул муддати ҳисобланади. Тарвуз ва қовуннинг ўртаги навлари уруғи марказий минтақа вилоятларида 20 апрелдан 10 майгача, кечкиси 15 майдан 10 июнгача, шимолий минтақаларда ўртагиси 25 апрелдан 10 майгача, кечкиси 20–30 майгача экилиши лозим. Тарвуз ва қовун ниҳоллари чинбарг чиқарганда ягана қилинади. Бунда ҳар бир уяда 2 та ўсимлик қолдирилади. Орадан 18–20 кун ўтгач, ниҳолларда 2–3 тадан чинбарг пайдо бўлган даврида иккинчи маротаба ягана қилинади ва ҳар бир уяда 1 тадан ўсимлик қолдирилади.
   Ўсимликлар қатор ораларини КРН-2,8А, КХО-4, КОН-2,8А русумли юмшатгичлар билан 14–16 см чуқурликда юмшатилади. Ўсимликлар оралари эса қўлда енгил чопиқ қилиниб, маҳаллий ҳамда минерал ўғитлар тавсия этилган меъёрда солингач, кетма-кет суғорилади. Полиз экинларининг илдизлари 3 метр чуқурликкача таралади. Шунинг учун ҳам полиз экинлари қурғоқчиликка ўта чидамлилиги билан ажралиб туради.
     Полиз экинларини сув билан бир текис таъминлаш юқори ва сифатли ҳосил олиш гаровидир. Ўсув даври давомида полиз экинларни бўз тупроқли ерларда ҳар гал 400–500 м3/га ҳисобида 7–8 марта суғориш талаб этилади. Сизот суви юза жойлашган далаларда эса бўз тупроқли ерларга қараганда камроқ – 5–6 марта суғорилади. Биринчи чопиққа қадар экинлар 1–2 марта суғорилади. Биринчи чопиқдан ке¬йин 20–25 кун мобайнида суғормаслик тавсия этилади. Бу даврда ўсимлик илдизининг чуқурроқ таралишига зўр бериб, экинларнинг найчалаши – мева тугиш жараёни тезлашади. Навбатдаги сув иккинчи чопиқ олдидан берилади.
   Полиз экинлари ҳосил тўплашга киришганда сувга талаби ошади. Бинобарин, бу даврда ҳар 10–12 кунда суғориб туриш керак. Полиз экинларини гектарига 25–30 тонна гўнг, 75 кг азот, 75 кг фосфор ва 50 кг калий ўғитлар билан озиқлантириш талаб этилади. Бунда йиллик меъёрга нисбатан калийли ўғитнинг ҳаммаси, фосфорнинг 70–75 фоизи ерни шудгорлашда органик ўғит билан бирга солинади. Фосфорли ўғитнинг қолган қисми ва азотнинг 50 фоизи экиш олдидан солинади. Азотли ўғитнинг қолган қисми экинлар 3–4 барг чиқарганидан кейин 10–12 см чуқурликка солинади.
   Марказий минтақадаги вилоятлардаги эртаги карам майдонларида айни пайтгача 2 маротаба комплекс ишлов ўтказилган бўлиши лозим. Ривожланиши суст майдонлардаги ўсимликларни қўшимча озиқлантириб, қатор ораларини юмшатиш, ўз вақтидан кечиктирмай суғориш талаб этилади, чунки карамбош ўраши даврида ўсимликларнинг намга талаби ортади.
   Карам гуруҳига мансуб ўсимликлар сувга талабчан бўлади. Чунки уларнинг барги жуда ҳам кучли ўсади ва нисбатан кучли илдиз ҳосил қилади. Тупроқда нам етишмаса, карамнинг бош ўраши ва шаклланиши сустлашади ҳамда карам боши кичик бўлиб маҳсулотнинг сифати бузилади.
  Юқоридаги омилларни инобатга олиб бўз тупроқли ерларда эртаги карамни 500–550 м3/га меъёрда 8–10, сизот сувлари юза жойлашган ерларда 6–8 марта суғориш тавсия этилади. Ўртаги карам ҳар 7–9 кунда, жами 14–15 марта суғорилади. Кечки карам ўсув даврининг бошларида 7–10 кун оралатиб суғорилади. Ҳар 2–3 сув қуйиш оралиғида ўсимлик қатор оралари юмшатилиб, бегона ўтларни йўқотиб туриш карам ҳосилининг мўл ва сифатли бўлиши ҳамда ўз вақтида пишиб етилишини таъминлайди.
   Кузда тўқсонбости усулида ёки эрта баҳорда экилган пиёз, сабзи, ош лавлаги ва саримсоқ майдонларида ҳам бегона ўтларни йўқотиш, ўсимликларни яганалаш тадбирларини якунлаш зарур. Тупроқ намлиги меъёрда бўлишини таъминлаш учун ер ости сувларининг чуқурлигини инобатга олган ҳолда экинлар ҳар 12–14 кунда 450–500 м3/га ҳисобида суғорилади. Ҳар икки суғориш оралиғида қатор ораларини 12–14 см чуқурликда юмшатиб туриш талаб этилади.
    Сабзавот, полиз ва картошка майдонларида оққанот, колорадо қўнғизи, полиз шираси, ўргимчаккана, зангкана, карам ширалари, шунингдек, қўнғир доғланиш, сохта ун шудринг ва вирусли касалликлар тарқалгани кузатилса, уларга қарши кураш тадбирларини ўз вақтида ўтказиш зарур. Акс ҳолда ҳосил бой берилади.
   Оққанот ва қанотли ширалар асосан иссиқхоналарда қишлаб, ҳаво исиши билан очиқ майдонларга тарқалади. Бунинг олдини олиш учун иссиқхоналардаги ўсимлик қолдиқларини чуқурларга кўмиб ташлаш ёки кимёвий препаратлар билан ишлов бериш талаб этилади.
    Картошка, помидор ва бақлажон майдонларида колорадо қўнғизини бартараф этишда 10 фоизли Фастак (0,1 л/га) ёки 20 фоизли Моспилан (0,02 л/га) ёки Багира (0,05 л/га) ёки 25 фоизли Цирокс (0,16 л/га) ёки ТАДЖ (0,035 л/га) ёки 30 фоизли Бензофосфат (1,7–2,3 л/га) ёки 2,5 фоизли Децис (0,1–0,5 л/га) препаратларининг бирортасини 300–600 литр сувга аралаштириб пуркаш мақсадга мувофиқ.
    Оққанот ва полиз шираларига қарши 20 фоизли Моспилан (0,25–0,3 кг/га) ёки 25 фоизли Апплауд (0,5 кг/га) ёки Циперметрин (0,3 л/га) ёки 48 фоизли Калипсо (0,1–0,15 л/га) ёки 57 фоизли Фуфанон (2,4–3,6 кг/га) препаратларини пуркаш мумкин.
  Ўргимчаккана, зангканаларга қарши очиқ ва ёпиқ майдонларда 10 фоизли Ниссоран (0,1 кг/га) ёки 20 фоизли Митак (2,5 л/га) ёки 57 фоизли Омайт (1,5 л/га) препаратларини 600 л/га сувга қўшиб пуркаш лозим. Карам ширасини йўқотишда 2,5 фоизли Децис (0,3 л/га) ёки 35 фоизли Золон (1,6–2 л/га) ёки 30 фоизли Бензофосфат (2–2,6 кг/га) препаратларини пуркаш яхши самара беради.
    Пиёз майдонларида трипсга қарши қуйидаги дорилардан бири билан қарши курашилади: 20 фоизли Суми-альфа (0,1 л/га) ёки 40 фоизли БИ-58 (0,5–1 л/га) ёки 40,8 фоизли Пиренекс (0,5–0,7 л/га) ёки 50 фоизли Карбафос (0,6 л/га) ёки 55 фоизли Циперфос (0,3 л/га). Эртаги картошка май ойида минерал ўғитлар билан озиқлантирилиб, кейинги парваришлаш тадбирлари давом эттирилади.
  Ривожланиши суст майдонлардаги ўсимликларни қўшимча озиқлантириб, суғориш тавсия этилади. Юқори ва сифатли ҳосил етиштириш учун тупроқнинг тўйинган дала нам сиғимига нисбатан суғоришдан олдинги тупроқ намлиги камида 75–80% бўлса, картошка яхши ўсиб-ривожланади. Бўз тупроқли ерларда тупроқ намлиги меъёрида бўлиши учун ҳар гектар майдон 400–450 м3 ҳисобида, ботқоқ ва ботқоқ-ўтлоқ тупроқли ерлар эса бундан озроқ меъёрда суғорилиши керак.
   Эртаги картошка қатор оралари вегетация давомида 2–3 маротаба юмшатилиб, ўтлоқ тупроқли майдонларда 8–12 кун оралатиб 4–6 маротаба, бўз тупроқли майдонларда эса 7–10 кун оралатиб 5–7 маротаба суғориш тавсия этилади. Кечки муддатда экишга олиб қўйилган картошка уруғлари совутгичли хоналарга қўйилмаган бўлса, уларни ёруғ тушадиган, салқин жойларда 3–4 қатор қилиб ёйиб ёки яшикларга жойлаб, кўздан кечириб туриш лозим.
      Р.Ҳакимов, М.Холдоров




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech