Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Май 2014 00:00
Жорий йилда қишнинг қаттиқ, баҳорнинг кеч ва серёғин келиши боғбону соҳибкорларимизни яна бир бор синовдан ўтказди. Янги боғ-токзорлар барпо этиш ишлари бироз чўзилиб кетди.
  Шу боис боғбонларимиз эндиликда қуйидаги тавсияларга амал қилишлари мақсадга мувофиқ. Боғлар қатор ораларини культивация қилиш, дарахтлар ораси ва атрофини юмшатиш, янги чиққан илдиз бачкиларини қирқиб ташлаш ишлари олиб борилади.
   Тупроқ намлигини инобатга олган ҳолда янги боғларни май ойида 1 марта суғориш зарур. Тупроқ тобга келгач, қатор оралари 10–12 см чуқурликда юмшатилади.
   Майнинг иккинчи ярмида ҳосилли боғларга 50–60 кг азотли, 65–70 кг фосфорли ҳамда 40 кг калийли ўғитлар чуқур солиниб, кетма-кет суғорилади. Республикамизнинг шимолий минтақалари ҳамда тоғ ва тоғолди ҳудудларда олма қурти ва нок шира бургасига қарши олма дарахти гулдан чиқиши билан дарҳол пуркаш ишларини амалга ошириш зарур.
     Ҳосилга кирган олма ва нок боғларида қуйидаги препаратлардан бири 100 л сувга аралаштирилиб қўлланилади: Карбофос ёки Бензофосфат ва Золон (200–300 г), Данитол (100 г) ёки Децис ва Суми альфа (50 г) ёки Каратэ, Циракс (30–40 г) ёки Фуфанон (100 г) ёки Талстар 40 г. Орадан 12–15 кун ўтгач, олма қуртига қарши юқоридаги препаратлар такрор пуркалади.
  Парша касаллиги кўпайиши хавфи бор жойларда олма ва нок дарахтларига 1 фоизли Бордо суюқлиги пуркалгани маъқул. Бунда Вектра, Фоликур, Топсин-М (100 л сувга 30–100 г) ёки Сапроль (100 л сувга 100 г) препаратларини ҳам қўллаш мумкин.
  Беҳизорлар ва улар атрофидаги олма ва нок боғларида монилиоз касаллигига қарши 1 фоизли Бордо суюқлигини дарахтлар жиққа ҳўл бўлгунга қадар пуркаш керак. Бунда шунингдек, Вектра, Курзат, Амарант, Энтоликур ва Топсин препаратларини қўллаш ҳам яхши самара беради. Дарахтлар атрофи ағдариб чопилади.
   Ўрик, шафтоли ва олхўри дарахтлари гулдан чиққач клястероспориоз, барг бужмалоқлиги, ун шудринг касалликларига қарши 1 фоизли Бордо суюқлиги 8–10 кун оралатиб 1–2 марта пуркалади ёки Вектра, Курзат ва монилиозга қарши мўлжалланган бошқа препаратлар билан ишлов берилади.
    Ёш боғларда ўсув даври давомида май охирида учинчи барг устидаги ҳали ёғочланмаган новдаларнинг учи чилпиб турилади. Бу тадбир шох-шаббанинг шаклланиши ва тезроқ ҳосилга киришига ёрдам беради. Ёш дарахтларга 1–2 йил шакл бергандан сўнг, уларни кўп буташ тавсия этилмайди. Чунки бу ҳолда улар зўр бериб бўйига ўсади.
  Токзорларда эса ёш токлар тупроқ намлигига қараб, икки марта суғорилади, қатор ораларини культивация қилиб, қаторлардаги тупроқни юмшатиш зарур. Новдалар барча узунлиги бўйича бир текис ривожланиши учун симбағазларга горизонтал ёки сал қия қилиб боғланиши керак. Новдалар йўғонлашганда боғичлар узилиб кетмаслиги ва новдалар симга ишқаланмаслиги учун улар пишиқ бўлиши керак. Бунинг учун боғич симбағазларга саккиз рақами шаклида боғланади.
   Токда тўпгуллар пайдо бўлиши билан ва новдалар 30–40 см узунликка етганда биринчи шўра ҳомток ўтказилади. Ёш новдалар иккинчи, баъзан учинчи симга боғланади. Кўк новданинг ўсиш кучи ва жойлашишига қараб, иккинчи маротаба учинчи ёки тўртинчи симга боғланади. Новдада тўпгул ўрнида жингалакларнинг пайдо бўлиши, унинг ҳосил қилмаслигидан далолат беради.
  Ҳосил қилмаслиги аниқ бўлган новдаларни эрта ҳомток қилиш қўшимча миқдорда новдалар, шу жумладан, ҳосил қиладиган новдаларнинг ривожланишига ёрдам беради. Ҳомтокни эрта гуллайдиган навлар ўтказилган майдонлардан бошлаш зарур. Ток кундаси ва зангларидан ўсиб чиққан новдаларнинг ортиқчасини олиб ташлаш зарур. Бунда токни шакллантириш ва зангнинг ўрнини босиш учун керакли новдалар қолдирилади.
   Агар токда зарарланиш натижасида ёки бошқа сабабларга кўра, кам новда ривожланган бўлса ҳам бачки новдаларнинг бир қисми озиқланиш юзасини ошириш учун қолдирилади. Ҳар бир нав учун тупдаги ҳосилдор ва ҳосил қилмайдиган новдалар нисбати олинадиган ҳосил ва новданинг ўсиш кучини, шунингдек, экологик ва агротехник шароитини ҳисобга олган ҳолда белгиланади.
 Масалан, суғориладиган ерларда етиштириладиган кишмишбоп навларда ҳар иккита ҳосилдор новдага 1–2 ҳосилсиз новда қолдириш мақсадга мувофиқ. Ҳосилли токзорларда ҳам фосфорли ва калийли ўғитлар билан озиқлантиришда йиллик меъёрнинг ярмидан кўпроғи берилади: азотли ўғитлар 125, фосфорли ўғитлар 90, калийли ўғитлар 40–50 кг/га миқдорда солинади.
  Минерал ўғитлар билан озиқлантириш имкони бўлмаса, маҳаллий ўғитлардан фойдаланиш керак. Бунда ҳар гектар боғ ва токзорларни суғоришда 5–6 т гўнг эритилиб оқизилади (шарбат). Токзорларда шўра ҳомтогини ўз вақтида ва сифатли бажарилишига эътибор бериш зарур. Кул (оидиум) касаллигининг олдини олиш мақсадида, токлар гуллагунга қадар 1–2 марта туйилган олтингугурт чанглатилади (1 гектарга 20–25 кг сарфи билан). Бунда Топаз (100 л сувга 50 г) ёки Вектра, Фоликур, Курзат (100 л сувга 30 г) препаратларини сепиш ҳам яхши самара беради.
      Р.Абдуллаев, У.Набиев




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech