Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Май 2014 00:00
Ҳозирги кунда республикамиз қишлоқ хўжалигида банд майдонларнинг энг катта улуши (ярмидан ортиғи) табиий яйловлар ҳисобланиб, уларнинг қарийб 83 фоизи қурғоқчил минтақалар (чўл, адир) ҳиссасига тўғри келади. Қоракўлчилик учун асосий озуқа манбаи ҳисобланган чўллар табиатининг ўта континенталлиги, тупроқ таркибида гумус ва бошқа минерал моддалар миқдорининг камлиги, шўрланиш, дефляция даражасининг кучлилиги, ўсимлик қопламининг ўта сийраклиги, ксерофитлилиги, умуман, экотизимининг нозиклиги билан тавсифланади.
   Мазкур минтақаларнинг ўсимлик қопламига хос хусусияти шундаки, улар бошқа қулай экологик муҳитга нисбатан сийрак ва аксарият қурғоқчил шароитда ўсишга мослашган ксерофит турларидан иборат.
  Айнан қурғоқчил минтақаларнинг ўсимлик қоплами қоракўлчилик, туячилик ва эчкичиликнинг арзон, қулай озуқа манбаи вазифасини ўтаб келмоқда.
  Гарчанд қоракўлчилик яйловлари арзон, қулай, йил давомида фойдаланиш имконини берувчи майдонлар сирасига кирса-да, уларнинг озуқа захиралари ўта паст. Яйлов озуқаларининг тўйимлилик кўрсаткичлари баҳордан қишга қараб қарийб 5 баробар пасайиб кетади. Бунга яйловлардан нотўғри фойдаланилганлик оқибатида ҳам (бута ва ярим буталарни турли ҳаётий эҳтиёжлар учун аёвсиз чопиб олиш, геологик-қидирув ишлари, ер ости қазилма бойликлардан фойдаланиш, меъёридан ошириб мол боқиш ва ҳ.к.) сабаб бўлмоқда.
   Ҳозирги кунда турли даражада таназзулга учраган яйловларнинг ялпи майдони 7,5 млн/га. га етиб, уларнинг ҳосилдорлик кўрсаткичи аввалига нисбатан 21 фоизга пасайганлиги кузатилмоқда. Умуман, республикамиз миқёсида 10 млн гектарга яқин яйлов майдонлари тубдан яхшилашга муҳтож.
  Яйловлардан самарали фойдаланиш, уларнинг ҳолатини яхшилаш соҳасида юртимизда қандай ишлар ва тадқиқотлар амалга оширилмоқда, деган савол туғилиши табиий.
  Шуни таъкидлаш жоизки, Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан чўл яйловлари ҳолатини ўрганиш, таҳлил қилиш, ундан самарали фойдаланиш ва маҳсулдорлигини ошириш соҳасида туркум илмий-тадқиқотлар амалга оширилмоқда.
   Яйловлар фитомелиорацияси йўналиши соҳасида институт олимлари томонидан чўл озуқабоп ўсимликлари орасидан уларнинг 15 турга яқин янги навлари яратилиб турли тупроқ-иқлим шароитларида синовдан ўтмоқда. Жумладан, қора саксовулнинг “Нортуя”, изеннинг “Карнабчульский”, ”Пустынный”, “Саҳро”, “Отавный”, “Нурота”, кейреукнинг “Первенец Карнаба”, “Сенокосный”, камфоросманинг “Согдиана”, чўғоннинг “Жайхун”, астрагалнинг “Оқтоғ”, эркак ўтнинг “Ишонч” навлари истиқболли навлар давлат реестерига киритилди.
   Институт жамоаси илмий изланишлари натижасида, қуйидагилар ўз ечимини топган:
  - шувоқ-эфемерли яйловлардан самарали фойдаланишнинг икки далали ўн йиллик ротацияли яйлов алмашинуви схемаси;
    - шувоқ-эфемерли яйловлар сим тўсиқлар билан загонларга ажратилиб маданий ўтлоқлар барпо этиш ҳисобига улардан фойдаланишнинг прогрессив технологияси;
  - яйловлардан турли режимда фойдаланганда антропоген омиллар таъсирида яйлов инқирозини белгиловчи индикаторлар, инқироз босқичлари аниқланди;
    - қизилқумнинг бута-эфемерли ва шўра ўтли яйлов типлари мисолида чўл яйловларини кадастрлаш, яйловлар ҳолатини экологик мониторинг қилишга оид тадқиқотлар давом эттирилмоқда.
   Республикамиз миқёсида чўл ва адир минтақалари яйловлари ҳолатини яхшилаш йўналишида Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти, ЎзФА Ўсимлик ва ҳайвонот олами генофонди илмий-тадқиқот институти, Манзарали боғдорчилик ва ўрмон хўжалиги Республика илмий-ишлаб чиқариш маркази, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон милий университети, Самарқанд, Бухоро, Қарши давлат университетлари жамоаларининг кўп йиллик изланишлари натижасида адирларда кузги-қишки яйлов иҳотазорлари, йилнинг турли мавсумларида фойдаланиш имконини берувчи кўп компонентли яйлов агрофитоценозлари барпо этиш технологиялари ишлаб чиқилган.
  Адирларда кузги-қишқи яйловларни барпо этишнинг моҳияти ва зарурлиги шундаки, адир яйловлари нисбатан юқори маҳсулли, юқори тўйимли озуқабоп турлардан ташкил топган бўлса ҳам, ўсимлик қопламида бута ва ярим буталарнинг йўқлиги ёки етишмаслиги сабабли куз-қиш ойлари яйлов майдонларидан фойдаланиш борасида талайгина қийинчиликлар, ноқулайликларни юзага келтиради.
   Адир яйловига хос ушбу нуқсонни бартараф этиш мақсадида, биринчи навбатда, таназзулга учраган, яъни ўсимлик қопламида қўзиқулоқ, оққурай, адраспон, бурган каби кам ейиладиган, заҳарли турлар устуворлик қилган қудуқлар атрофи, аҳоли пунктларига яқин майдонлар чўғон, изен, шувоқ, терескенлардан иборат янги яйлов майдонлари барпо этилади.
   Чўл ҳудудларида яйлов иҳотазорлари барпо этишнинг моҳияти шундаки, улар чўл иқлимига хос бўлган турли жадалликдаги шамоллар тезлигини икки баробаргача пасайтиришидан ташқари, тупроқда ёғин-сочинлар ҳисобидан жамғариладиган намликнинг кўпроқ йиғилишини, ҳавонинг нисбий намлигининг сезиларли даражада юқори бўлишини таъминлайди.
    Шу боис минтақада, ҳатто ундан 100 метргача узоқликда бўлган табиий ўт-ўланларнинг меъёрида униб, ўсиб-ривожланишига қулай шароит яратилади. Натижада яйловнинг ялпи ҳосилдорлиги 2-2,5 баробаргача ошади. Шунингдек, қора саксовул, черкез ва бошқа буталар куз-қиш ойлари қўй-қўзи, эчки ва туялар учун озуқа манбаи бўлади.
   Йилнинг зарур мавсумида фойдаланиш имконини берувчи яйлов агрофитоценозларини (экинзорлари). барпо этиш яхши, муайян чўл экологик типлари (қумли, гипсли, шўрхок)нинг ўзига хос муҳити, ўсимлик қопламлари хусусиятларини ҳисобга олиб, турли ҳаётий шакллар (буталар, ярим буталар, ўтчил турлар) аралашмасидан иборат экинзор барпо этилади.
     Бундай экин майдонларининг табиий яйловларга нисбатан афзаллиги шундаки, улар кўп ярусли ва йилнинг аксарият мавсумларида ҳам кўкат ҳолида сақланувчи турлардан ташкил топганлиги сабабли йилнинг зарур мавсумида фойдаланиш имконини беради, об-ҳаво ноқулай келган йиллари ҳам хашак ҳосилдорлиги нисбатан юқорироқ бўлади.
     Г.Маҳмудова




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech