Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Май 2014 00:00
Чорвачиликда маҳсулдорликни ошириш кўп жиҳатдан чорва моллари орасида учраб турадиган турли касалликлар, жумладан, юқумли бактериал касалликлар тарқалишининг олдини олиш самарали кураш чора-тадбирларини қўллашга боғлиқ. Айниқса, ёш моллар орасида кузатиладиган пастереллёз, сальмонеллёз ва колибактериоз каби юқумли касалликлар чорвачиликка жиддий зарар келтиради.
  Юқорида кўрсатилган муаммоларни бартараф этиш учун ветеринария-санитария талабларига риоя қилишдан ташқари юзага келган вазиятни атрофлича ўрганиш лозим. Айниқса, касалликнинг келиб чиқишида бир нечта қўзғатувчиларнинг иштирок этиши муаммони оғирлаштиради.
   Колибактериоз. Ёш бузоқларда жуда ўткир ва ярим ўткир оқимларда ўтади. Бузоқларнинг бир ойгача бўлган ёшида ярим ўткир оқимда бўлиб, иштаҳасининг пасайиши, баъзан ҳароратининг 40–41 оС га кўтарилиши, пульс уриши минутига 120, нафас олиши 35–40 мартага етиши кузатилади. 30 % бузоқларда диарея ҳолати кузатилади. Касалликнинг биринчи белгиларидан кейин 3–6 кунда ҳайвон нобуд бўлади. 3–8 ойлик бузоқларда касаллик ўткир кечиб, иштаҳаси йўқолади, ҳарорат 41–42 оС, пульс 160 мартага етади, нафас олиш тезлашиб, томоқ хириллаши бошланади. Бурундан сероз-фибриноз суюқлик оқади, умумий сусайиши ва депрессия оқибатида ҳайвон ҳалок бўлади.
  Ўлган ва мажбурий сўйилган бузоқларнинг гавдасини ёрганда патологоанатомик ўзгаришларнинг кузатилиши бузоқнинг ёши, касалликнинг чўзилганлиги, организмнинг иммунологик ҳолати ва бошқаларга боғлиқдир. 3–8 ойлик бузоқларда касаллик жуда ўткир ўтганда ўзгаришлар унча характерли бўлмайди, органларда қон турғунлиги, якка ярим қон қуйилишлар кўринади, кўпинча гавда шишган, оғиздан, бурнидан кўпикли суюқлик оқади, кўз соққаси бўртиб чиқади.
   Колибактериозга қарши фойдали чораларни кечиктирмасдан ишлаб чиқиш ва қўллаш учун ўз вақтида, тўғри ташхис қўйиш катта аҳамиятга эга. Ташхис комплекс равишда клинико-анатомик, эпизоотологик маълумотларга, серологик ва бактериологик текширишлар натижаларига асосланиб қўйилади.
      Пастереллёз (геморрагик септицемия) ҳайвонлар ва паррандаларнинг ўта ўткир, ўткир, ярим ўткир, сурункали шаклларда кечувчи юқумли касаллигидир. Қўзғатувчиси – Pasteurella турига кирувчи бактериялар (P.multocida, P.haemolytica). Бу касаллик айрим ҳудудларда баҳор ва ёз ойларида ривожланади. Бунга иқлимнинг кескин ўзгаришлари ҳамда турли стресс каби омиллар сабаб бўлади.
   Бузоқларда пастереллёзининг жуда ўткир (шиш шакли) ва ўткир (кўкрак шакли) оқимлари учрайди. Шишлар терида, жағ ости, бўйиннинг пастки қисми, кўкрак тери ости бириктирувчи тўқималарида учрайди. Шишлар паст қатламдаги мушакларга, муртак, ҳалқум, ҳиқилдоқ, бош лимфа тугунларининг шаклланмаган бириктирувчи тўқималарига тарқалади. Чала шишлар бошнинг бошқа қисмида, оёқларда учрайди. Шиш ҳосил бўлган бириктирувчи тўқимани кесганда қуюқ клейсимон экссудат билан инфильтрацияланганлиги, таркибий қисмларида қон қуйилишлар борлиги кўринади. Буйракларнинг ёғли капсуласида ҳам шишлар ва шилимшиқ дистрофиялар учрайди.
   Пастереллёзнинг яна бир характерли шакли геморрагик диатездир, нуқтали, доғли чизиқли қон қуйилишлар, кекирдак, бронхлар, ширдон, ингичка, йўғон ичаклар, сийдик пуфаги шиллиқ пардаларида, плевра остида, ошқозон ичакларнинг сероз пардаларида, буйраклар, жигар, талоқ юзасида, эпикардда, миокардда, эндокард остида, жағ ости, ҳалқум олди, бронхиал, ўпка оралиғида лимфа тугунларида учрайди. Кўкрак ва қорин бўшлиқларида, перикардда сариқ лимон рангли суюқлик тўпланади, унинг миқдори жойига қараб 0,5–2 литрга етади. Шунингдек, ширдон ва ичакларда яллиғланишлар кузатилади.
    Салмонеллёз (паратиф). Касаллик ўткир ва сурункали оқимларда ўтади. Ўткир оқимда талоқ катталашган, қонга тўлган, сероз қатламларида қон қуйилишлар кўринади. Ингичка ичакда сероз-катарал яллиғланиш содир бўлиб, кейинчалик геморрагик шаклга ўтади. Жигар буккан, юзасида ва кесиб қараганда кўпгина майда кулранг-сариқ рангли тугунчалар учрайди. Сурункали кечганда кўпинча ўпка шикастланади.
  Шунинг учун ҳам фермерлар ва ветеринария мутахассисларга қуйидагиларни тавсия этамиз:
   1. Ҳайвонлар бўғозлик даврида уларнинг озуқа рационига катта эътибор бериш лозим. Чунки бўғоз ҳайвон организмида ривожланаётган ҳомила учун витамин, минерал моддалар талаб этилади. Ушбу даврда туғиладиган бузоқлар нозик ва касалликларга чидамсиз бўлади. Шунинг учун ҳам сигирларни оқсилга бой озуқалар билан боқиш мақсадга мувофиқ.
   2. Касалликларга ташхис қўйишда аввало, касалликнинг келиб чиқиш сабаблари, эпизоотик маълумотларини аниқлаш, клиник белгилари ҳамда албатта касалликнинг патологоанатомик ўзгаришларига, бактериологик текширишлар натижасига асосланиб қўйиш керак.
 3. Пастереллёз, сальмонеллёз ва колибактериоз касалликларни даволашда бузоқ, қўй-қўзи ва чўчқа болаларининг гипериммун қон зардобини 100 кг тирик оғирлигига 10 мл миқдорида мускул орасига қўллаш тавсия этилади.
   4. Сигирларни туғишидан бир ой олдин колибактериоз ва сальмонеллёз касаллигига қарши вакцина билан эмлаш зарур. Бунинг учун Ветеринария илмий-тадқиқот институтида яратилган қишлоқ хўжалик ҳайвонлари колибактериоз ва сальмонеллёз касаллигига қарши вакцина билан биринчи марта қорамоллар учун 5 мл, иккинчи марта 14 кундан сунг 5 мл, совлиқлар учун биринчи марта 2 мл, иккинчи марта 14 кундан сўнг 3 мл тери остига эмлаш мақсадга мувофиқ. Қорамоллар ёки қўйлар эмланмаган бўлса, туғилган бузоқларни биринчи марта 2 мл, иккинчи марта 3 мл, қўзиларни биринчи марта 1 мл, иккинчи марта 14 кундан сўнг 2 мл миқдорда эмлаш зарур. Бунинг натижасида ҳайвонларни бола ташлашдан, соғлом насл олиниши, уларнинг дуркун ўсиб-ривожланишини таъминлаган бўламиз.
 5. Республикамизнинг айрим ҳудудларида апрель-май ойларида пастереллёз касаллигининг учраши кузатилади. Ушбу касалликнинг олдини олиш мақсадида, тўл даври тугаши билан институтимизда яратилган ҳайвонларнинг пастереллёз касаллигига қарши вакцина билан эмлаш керак. Бунинг учун қорамолларни биринчи марта 3 мл, иккинчи марта 14 кундан сўнг 5 мл, қўйларга биринчи марта 2 мл, иккинчи марта 14 кундан сўнг 3 мл миқдорда тери остига эмлаш лозим. Таъкидлаш жоизки, бир доза вакцина ўртача бир бош қорамол учун 850–900 сўм, бир бош қўй учун 450–500 сўмга тўғри келади.
  Юқорида зикр этилган касалликларга чалинган чорва молларини даволаш учун камида 40–50 минг сўм сарфлашга тўғри келади. Шунинг учун ҳам касалликни даволагандан кўра, олдини олган маъқул.
     Д.Жўраев, Б.Элмуродов




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech