Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
2 Декабр 2013 00:00
Мамлакатимиз боғ-токзорларидан йилдан-йилга мўл ва сифатли ҳосил олишга эришилмоқда. Айниқса, кейинги 2 йилда боғлардан юқори ҳосил олишга эришилди. Янги боғлар яратилиши билан бирга янги ҳамда истиқболли интенсив боғлар майдонлари ҳам кўпайиб бормоқда.
  Жорий йилда республикамиз об-ҳавоси боғбон ва соҳибкорлар учун жуда қулай келди. Куз фасли ўзига хос бўлиб, октябрь ва ноябрь ойларида об-ҳаво қуруқ, ёғингарчилик кам бўлди. Эндиги навбат, боғларимиздан келаси йили мўл ва сифатли ҳосил олишга қаратилиши керак. Боғларда ҳайдашдан олдин 10-15 тонна маҳаллий ўғит ҳамда соф ҳолда 90 кг фосфор, 50-60 кг калий минерал ўғитлари солиниб, қатор оралари 25-30 см чуқурликда ҳайдалади.
   Ҳайдалмай қолган ҳар бир дарахт атрофи 25-30 см чуқурликда ағдарилиб чопилади. Касалланган, синган шохлар, қуриб қолган дарахтлар қирқилиб, боғдан ташқарига чиқариб ташланади. Ҳаво очиқ ва илиқ кунларида боғларни зараркунанда ва касалликлар захираларига қарши ювиш даражасида пуркаш тавсия этилади.
   Боғларда кейинги йиллари монилиоз, клястероспориоз, парша, дарахт таналарини шикастлайдиган бактериал рак касалликлари кенг тарқала бошланди. Уларга қарши кураш чораларини кўришга жиддий эътибор қаратилиши зарур. Бунинг учун бордо суюқлигининг 3-4% суспензияси билан дарахтларни жиққа ҳўл бўлиши даражасида пуркалади. Бордо суюқлигининг ўрнига мис купоросини 1 фоизли ёки темир купоросини 3 фоизли қилиб сепса ҳам бўлади.
   Об-ҳаво иссиқ кунлари жанубий минтақаларимизда катта ёшдаги мевали дарахтларга шакл бериб, буташ, сийраклаштириш ишларини бошлаш мумкин. Биринчи галда, катта ёшдаги олма, нок ва бошқа уруғли мева дарахтлар буталади. Боғлар мавсумда етарлича суғорилмаган бўлса, тупроқда намликни сақлаш учун декабрь ойида боғ-токзорларга яхоб суви берилади. Бунда ҳар бир гектарга 1500-2000 куб. метр сув сарфланиб, 4-5 кун давомида суғорилади. Шўрланган ерлар атрофидаги коллектор ва зовурлар тозаланади. Янги боғ ва токзорлар барпо этиш мақсадида, ажратилган ерларга 30-40 тонна маҳаллий ўғит ҳамда 300-400 кг фосфор ва калийли ўғитлар солиб, майдон 35-40 см чуқурликда ҳайдаб қўйилади.
  Токзорларда ноябрь ойида асосий ишлардан токларни кесиш, қўндоқлаш, дорилаш ва кўмиш ишлари тугалланмаган бўлса, тезлик билан тугаллаш керак. Кейинги йиллари республикамизда об-ҳавонинг қиш фаслида совуқ келиши, эрта баҳорда қисқа муддатли совуқларнинг қайтарилиши боис кўмилмай қолган токзорларда ток новдаларига совуқ салбий таъсир этмоқда. Натижада ҳосилнинг бир қисми нобуд бўлмоқда. Шунинг учун албатта токларни кўмиш зарур.
  Жанубий минтақаларда қайсики, токлар кўмилмайдиган ҳудудларда қишнинг илиқ кунларида токзорларда токларни кесиш ва шакл бериш ишларини олиб бориш керак. Токзорлар қатор ораларига 10-15 тонна маҳаллий гўнг солиниб, 25-30 см чуқурликда ҳайдалади. Декабрь ойининг ўрталарида токзорларга 1500-2000 куб. метр ҳисобида яхоб суви берилади. Кўмилмай қолган токзорларда кўмишдан олдин оидиум (кул), антракноз ва рак касалликлари юқумига қарши 3 фоизли Бордо суюқлиги ёки 5 о ли оҳак-олтингугурт қайнатмаси (ИСО) билан ёки мис купоросининг 1 фоизли ёки темир купоросининг 3 фоизли эритмаси билан жиққа ҳўллаб пуркаш зарур.
    Уруғли интенсив боғлар асосан пакана ва паст бўйли пайвандтагларда ўстирилган кўчатлар билан барпо этилмоқда. Уларнинг илдиз тизимини асосий сўрувчи қисми (70-80%) пакана пайвандтагда 0-60 см ва паст бўйли пайвандтагда 0-80-100 см. гача чуқурликда жойлашади. Бундай боғлар учун сув таъминоти кафолатланган бўлиб, тупроқ унумдорлиги юқори бўлиши лозим. Ҳозирги вақтда интенсив боғлар кўпроқ тоғ ва тоғ олди ҳудудларида ташкил этилмоқда.
    Шуни ҳисобга олиб, барча ноқулай майдонларда ўсиб-ривожланадиган ва шу билан бир вақтда пакана пайвандтагда ўсувчи дарахтлардан бўйи билан фарқ қилмайдиган, кучли пайвандтагга пакана бўйли пайвандтагдан бўғиз қўйиш йўли билан кўчат етиштириш йўлга қўйилмоқда. Бунда кўчатларнинг илдиз қисми кучли ўсувчи бўлиб, тупроқ устки қисми паст бўйли бўлиб ўсади. Бундай кўчатлар билан республикамизни ҳамма ҳудудларидаги ноқулай майдонларда (тоғ ва тоғ олди ҳудудларида, қир-адирларда, шўрланган майдонларда, тупроқ қатлами юпқа бўлган шағалли ерларда) интенсив усулда боғ яратиш мумкин.
   Буларни яна бир афзаллиги шундаки, уларга симбағаз ўрнатиш зарур эмас. Тупроқ унумдорлиги ва минерал ўғитларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида, ўғитлашни янги самарали усулини қўллаш бўйича иш олиб бориш зарур. Бунда кузги ҳайдовдан олдин фосфор ва калийли ўғитларга аммоний турдаги азот ўғити қўшиб берилганда, ҳосилдорлик 30-40 % ошиши билан бир вақтда меванинг сифати ҳам анча яхшиланади.
   Тупроқ унумдорлигини ошириб, уни соғломлаштириш мақсадида, Байкал ЭМ-1 препаратини қўллаш яхши натижа беради. Уни ҳар бир гектар майдонга 8-10 л ҳисобидан берилганда, ўсимликни ривожида сезиларли ижобий ўзгаришлар кузатилади. Бу препаратни дарахт танасига ҳар гектарига 3,5-4 л. дан вегетация даврида берилганда, кўпгина замбуруғ ва ҳашаротлардан ҳоли қилинади. Шу билан бир вақтда дарахтнинг ўсишига ижобий таъсир кўрсатади.
  Аҳолини кеч куз ва қиш ойларида мева-узум маҳсулоти билан таъминлаш мақсадида, узоқ муддатга сақлашга қўйилган мева ва узумлар омборхоналарда ҳар куни кўздан кечирилиб борилади. Ҳарорат нисбий намлик назорат остида бўлади (ҳаво ҳарорати 0-5 оС, нисбий намлик 85-90% бўлиши керак). Кўпчилик фермер ва деҳқон хўжаликлари мева-узумнинг кечки навларининг бир қисмини сақлашга қўйишади. Агар ҳаво намлиги пасайиб кетса, хоналарга сув сепилади, кечаси деразалар очилиб, пасайтиришга ҳаракат қилинади.
   Энг асосийси омборхоналарга ҳар ҳафта олтингугурт ёқиб тутатиб (дудлаб) турилади. Қоқи ва майиз сақланаётган хоналар албатта юқорида тавсия этилгандек ҳар 6-7 кунда олтингугурт билан дудлаб турилади. Шунда маҳсулот узоқ муддат тоза сақланади.
      Р.Абдуллаев




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech