Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
2 Декабр 2013 00:00
Мамлакатимизда дренажнинг учта асосий тури: очиқ ва ёпиқ горизонталь ҳамда тик дренажлар қўлланилади. Очиқ-ёпиқ дренаж энг кўп қўлланилади. Шўрланган ерларда чуқур очиқ (2,5–3,5 м) дренаж юза (1–2 м) дренажга қараганда самарали ҳисобланади. Бунда сизот сувлар сатҳини анча пасайтириш ва суғорилганда тупроқ шўрини яхшироқ кетказиш мумкин.
   Очиқ дренажлар самараси кўп жиҳатдан унинг чуқурлигига боғлиқ. Агар дренажларда оқизиқлар кўп ва бегона ўтлар ўсган бўлса, улардаги сувнинг сатҳи кўтарилади. Бу эса сизот сувларининг босим кучини, бинобарин мелиорациялаш таъсирини камайтиради. Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институтида олиб борилган текширишлардан маълум бўлишича, зовур суви оқимини кучайтириш ва тупроқнинг шўрини чуқурроқ ювиш учун бундай ерларда зовурлар узунлигини 70–100 метрга етказиш керак.
   Босими ва силжиш хоссаси яхши бўлган қатлам юза (5–10 м) бўлса, вертикал зовурлар қазиш йўли билан очиқ дренажлар самарадорлигини анча ошириш мумкин. Бунда улар босимли оқим интенсивлигини пасайтиради ва сизот сувларининг пастга тушишини таъминлайди. Бундан ташқари, зовурлар орасидаги масофани узайтириш ва улар қурилишидаги сарф-харажатларни камайтириш мумкин.
    Диаметри 10–15 см ва узунлиги 3–5 м. ли кучайтирувчи чуқурларни гидробур ёрдамида осонгина ковлаш мумкин. Улар зовурлар тубида ҳар 20–30 м. дан кейин ковланади ва устига шағал ташланади. Ёпиқ зовурлар ҳам ҳозирда шўрланган ерларни мелиорациялашда кенг фойдаланилмоқда. Бу типдаги зовурлар Сирдарё вилоятида кенг қўлланилиб, умумий узунлиги 12 минг километрдан ортади. Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ҳам бу типдаги дренажлардан самарали фойдаланилади. Турли диаметрли қувурлар шўр ювиш жараёнида кузатув қудуғи орқали назорат қилинади.
   Сув қувурларга улар туташган жойдаги тирқишлардан ёки пастки томондаги бир неча қатор тешиклардан тушади. Дренажлар чуқурлиги қуритиш меъёрига боғлиқ. Агар улар сизот сувлари сатҳидан пастда (ёпиқ дренаж) бўлса, самараси юқори бўлади. Тупроқнинг сув кўтариш хоссаси ва сизот сувларининг минералланиш даражасига қараб, ёпиқ зовурлар чуқурлиги 2,5–3,5 м бўлиши керак.
    Дренажлар самарадорлигини ошириш мақсадида қувурлар анча қия (айниқса, кичик диаметрлилари) жойлаштирилади. Ёпиқ дренаждан фойдаланишда уни лойқа (балчиқ) босиб қолиши мумкин. Шунинг учун уларни вақти-вақтида тозалаб туриш керак. Бунда энг самарали ва тежамлиси механизмлар ёрдамида тозалашдир. Тик дренажлар ер ости ва сизот сувларини махсус насослар билан жиҳозланган чуқур қудуқлардан чиқариб олиш учун қўлланилади. Унинг шўрланган ерлар мелиорациясида самарали восита эканлиги маълум.
     Фарғона водийси, Бухоро, Жиззах, Сирдарё ва Қашқадарё вилоятларида ўзлаштирилган ерлар тик дренаждан кенг фойдаланилади. Сувни кам ўтказадиган, майда заррали юқори қатламининг таги қум-шағалли бўлган оғир тупроқли ерларда вертикал зовурлар яхши самара беради. Қум-шағал ётқизиқли қатламнинг жойлашишига қараб, зовур қудуқларининг чуқурлиги 20–30 м. дан 100–150 м. гача бўлади. Чуқурдаги сув қабул қилувчи қувурларнинг юқори қисми яхлит, пасти тешикли ёки ёриқли бўлади. Чуқур жойлаштирилган насослар электр мотор ёрдамида ишга туширилади.
   Ётиқ дренажда (шу жумладан, ёпиқ) босимли ер ости сувлари кўп тушиши, тупроқнинг юқори қатламлари шўр ювилишини сусайтириб юборади. Тик дренаждан фойдаланилганда эса ер ости сувлари чиқариб олинади ва уларнинг пизометрик босими камайиб, сизот сувлар пастга қараб силжийди. Бундай шароитда минераллашган сувлар пастга силжиши туфайли тупроқнинг шўри ювилиб боради. Тик дренажни қўллашда чуқурлардан чиқариб олинадиган сувдан тўғри фойдаланишга катта эътибор бериш керак.
    Агар минераллашиш даражаси унча юқори бўлмаса, ариқ сувига қўшиб ерни ювиш ва экинларни суғоришга сарфлаш мумкин. Мелиоратив тадбирлари доирасида ер ости сизот сувларининг оқимини таъминлаш ва иккиламчи шўрланишнинг олдини олиш мақсадида, хўжаликлараро ва хўжалик ичидаги зовурларнинг ҳар йили 45–50 фоизини сифатли тозалаб туриш зарур.
  Ҳозирда коллектор-зовур тармоқлари ва тик қудуқлар (скважиналарни)нинг техник носозлиги ва иш самарасининг (унумининг) ўта пастлиги боис вужудга келган гидроморф сув режими ярим гидроморф сув ҳисобланади. Бунда ер ости сизот сувлари сатҳини «критик» чуқурликдан (2,5–3 м) пастда ушлаб туришга қаратилган барча тадбирлар мажмуаси ўз аксини топиши лозим.
  Амалиётда ярим гидроморф мелиоратив режими қўлланиши суғориладиган шўрланган тупроқларнинг қулай мелиоратив ҳолатда ушлаб турилишига имкон яратишдир. Ҳар қандай гидротехник иншоотлар, жумладан, улардаги жиҳозлар ишлатилгани сайин емирилиб занглайди ва эскиради. Бироқ, бу ҳолат кучайиб кетмаслиги учун уларни вақтида аниқлаш ва тузатиш доимо эътибор беришни талаб этади. Иншоотлардаги носозликларнинг олдини олиш, бетонларнинг емирилиши, кўтармани ювилиб кетишдан асраш ишларини пайсалга солиш зарарли оқибатларга олиб келади.
    Шунинг учун сув тақсимлаш иншоотларида кузги-қишки тадбирларни амалга ошириш ва уларни ишчи ҳолатда сақлаш учун қуйидаги таъмирлаш-тиклаш ишларини бажариш лозим:
  - зичлагичлар текширилиб, ишдан чиққанлари алмаштирилади; - гидропровод болтлари текширилиб, қотирилади;
    - зангланган юзалар тозаланиб, зангга қарши қоплама суртилади;
  - электр жиҳозлар кўздан кечирилади, электродвигатель очилиб, мойланади, контактлар тозаланади;
   - редукторга мой қуйилиб, подшипниклар мойланади;
 - захирадаги эҳтиёт қисмлар кўрикдан ўтказилиб, ишга яроқлилиги таъминланади.
   Сув тақсимлаш иншоотларидаги барча дарвозалар таъмирлангандан сўнг, бир неча маротаба ёпилиб-очилиб иш қобилияти текшириб кўрилади. Каналлардаги сув ўлчаш нуқталарини ишчи ҳолатга келтириш учун ободонлаштириш ишлари амалга оширилади. Хизмат кўприклари таъмирланиб, реперлар созланади, сув сатҳини кўрсатувчи рейкалар ишчи ҳолатга (бўёқлаш, таъмирлаш) келтирилади.
   Суғориш каналлари ёки коллектор-зовур тармоқларида сувнинг бемалол ҳаракатланиши учун каналлар ёнбағирларида бегона ўтларга қарши курашнинг самарали усулини ишлаб чиқишни талаб этади. Бегона ўтлар каналларда суғориш суви ҳаракатига тўсқинлик қилади, сифонлар ишлашини сусайтиради, ахлат тутиб қолувчи панжаралар, сув олиш иншоотлари, насос фильтрлари ва ҳоказоларни тўсиб, суғоришларга ҳалал беради.
    Каналлар ва коллектор-зовур тармоқлари ён бағирларининг емирилиш муаммоси пайдо бўлганида уларда ўсимликлар ривожланиши унчалик яхши бўлмайди, уларнинг бўйи паст ва меваси кам бўлади. Тупроқда керакли миқдордаги озиқа элементларининг йиғилишида кўп йиллик ўтларнинг ҳиссаси катта. Кичик каналлардаги кераксиз ўтларни йўқотиш ҳашар йўли билан амалга оширилади.
  Сизот сувларининг сатҳи кўтарилиши, дарё сувларидан сифатли фойдаланиш учун ариқлар ва ички хўжалик ариқларини, коллектор, кейинги пайтларда қурилган ЛР-100, ЛР-80, ЛР-60 маркали темир-бетон новлар (лотоклар) ҳам тўғри келган жойдан тешилганлиги, новлар уланиш жойидаги махсус резиналар ўз хусусиятини йўқотганлиги сабабли сув исрофгарчилиги рўй бермоқда, мелиоратив ҳолатга салбий таъсир кўрсатмоқда. Шу сабабли ҳам ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш учун республикамиздаги мавжуд суғориш тармоқларини таъмирлаш-тиклаш, қайта реконструкция қилиш ва симёғочларнинг тагиларини тозалаш ишларига киришиш зарур.
   Шунингдек ариқлар ва ички хўжалик ариқларини, коллектор, лоток ва симёғоч тагларидаги бегона (ажриқ, ғумай, қўй тикони ва бошқ.) ўтлардан тозалашга киришиш, шунинг билан бирга бегона ўтларнинг уруғларини йўқотиш ишларига киришилади. Шунингдек, СИУ ҳисобидаги суғориш тармоқларининг кичик канал ва ариқларини лойқа ва бегона ўтлардан тозалаш ишларини ҳашар йўли билан амалга ошириш мақсадга мувофиқ.
    Фермер хўжаликлари ички суғориш лотокларини мунтазам назоратдан ўтказишлари ва таъмирлаш ҳамда биодренаж ёрдамида ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилашда қуйидаги ишларни амалга оширишлари керак:
  - суғориш лотокларининг таянч устунларини тартибга келтириш;
 - улардан сув сизишининг олдини олиш учун йўл қурилиш битуми, ипаксит суюқлиги ва бентонит қоришмаларидан ҳамда махсус герметик материаллардан фойдаланиш;
  - суғориш лотокларида йиғилган чўкмалар кичик ва мўрт бўлганлиги учун қўл билан тозалаш, баъзан сув билан ювиб юбориш мумкин.
  Фермер хўжаликлари ўз ҳудудларидаги суғориш тармоқларини мавсумга тайёрлаш учун масъулдирлар ва дала ичидаги барча ариқларни тозалаш ва тиклаш уларнинг зиммасига юкланади. Бундан ташқари, суғориш восита ва анжомларини мавсумга тайёрлаш (турли қувур, насос ва бошқ.), турли компостлар заҳирасини яратиш ҳам фермер хўжаликларининг суғориш даврида сувдан фойдаланишлари учун хизмат қилади.
   Тупроқ шўрланиши, аниқроғи унинг асосий сабаби бўлган грунт сувлари сатҳи кўтарилишини маълум экинлар ёки дарахтларни етиштириш, яъни биологик дренажлар асосида ҳам ростлаш мумкин.
  Мамлакатимиз шароитида етиштириладиган кўплаб дарахтлар мавжудки, уларни тўғри қўллай олиш ҳар томонлама фойда келтиради. Бунда тут, терак, тол, жийда, қайрағоч, анор, анжир, беҳи каби дарахтларни фермер хўжаликлари экин майдонлари атрофига экиш тупроқ эрозиясининг олдини олиш ва ер ости грунт сувларининг сатҳини ростлашга ёрдам беради. Шамол кучли эсадиган минтақаларда ва қумли ҳамда қумлоқ тупроқларда дарахт полосалари оралиғи кўпи билан 100–170, қум барханлари ўзлаштирилаётган жойларда 80–100, енгил ва ўртача қумлоқ тупроқларда 200, оғир қумлоқ ва гилли тупроқларда 250–300 м. га тенг бўлиши мақсадга мувофиқ.
  Шамол эсиш кучи ўртача минтақаларда ва қумли ҳамда қумлоқ тупроқларда дарахт полосалари оралиғи 200, енгил ва ўртача қумлоқ тупроқли ерларда 250–300, оғир қумлоқ ва гилли тупроқли ерларда 350–400 м қилиб олиш лозим. Авваллари ғўза парваришида ҳашаротларга қарши курашда ҳар хил кимёвий воситалар қўлланилганлиги боис иҳотазорларда асосан қайрағоч, тут, жийда ва тол дарахтлари кўпроқ экилган.
  Ҳозирги кунда ҳашаротларга қарши биологик усул кенг қўлланилаётганлиги боис иҳота сифатида бодом, анор, анжир каби мевали ҳамда қурилишбоп дарахтларни қўллаш мумкин. Бунда дарахтларнинг шамолни қайтариши сабабли чигит экиладиган майдонда нам сақлаш муддати узайишига эришилади, ер ости сизот сувларини ўзига олиши сабабли ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланишига ижобий таъсир кўрсатади.
   Дала атрофларида экилган дарахтларнинг ҳолатини ўрганиб чиқиш муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, ипак қурти парваришлаш мавсумида шохлари кесилмаган дарахтларнинг шохларини кесиш, келгуси йил тут барги ҳосилдорлиги ошишини таъминлаши баробарида, тут парвонасининг қишлашининг олди олинади. Тол дарахтларини каллаклаш шира зараркунандаси тухумлари нобуд бўлишини таъминлайди. Дарахтларнинг қуриган ва ёрилган шох-шаббаларини кесиш уларда зараркунандалар қишлашига барҳам беради. Кесилган шох-шаббалардан ғалла майдонларини пайхондан сақлаш мақсадида четанлар билан ўрашда самарали фойдаланиш мумкин.
   Шунингдек, энг асосий кузги-қишки тадбирлардан бири мавжуд маҳаллий ўғитлар дислокацияси аниқланиб, маҳаллий ўғитларнинг бир қисмини январь-февраль ойида ғалла экилган майдонларда музламада берилса, қор, ёмғир сувлари ва суғориш йўли билан ер юзасига сочилган гўнгни ўсимлик илдизига етказилади. Шарбат усулида хандақлар сувга тўлдирилиб жижа тайёрланади ҳамда ғалла экинларини суғоришда сув билан бирга бир текисда, равон қўлланилганда маҳаллий ўғит ғалла экинларига озиқа бериш билан бирга мульча вазифасини бажаради, сувнинг буғланишини камайтиради, унинг тупроққа сингишини яхшилайди.
      Фермерларимиз келгуси йилда экинлардан мўл ҳосил етиштириш учун кузги-қишки мелиоратив тадбирларни сифатли бажарсалар, экинлардан юқори ва сифатли ҳосил етиштириб, иқтисодий даромадлари ошиши кутилади.
      Б.Ҳолиқов, Ф.Ҳасанова




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech