Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
2 Декабр 2013 00:00
Мамлакатимиз фермерлари ҳозирги кунда «Арион–360С», ВТ–150, ТТЗ-80.10, ТТЗ-80.11, МТЗ-80 «Белорусь» тракторлари, ПЯ-3-35, ПДО-4-45 плуглари, «Кейс–1200» пневматик сеялкаси, КРХ-4 культиватори, ОВХ-600, VР-1 пуркагичлари, «Доминатор–130» ғалла комбайни, МХ-1,8 пахта териш машинаси каби замонавий техника воситалари ёрдамида деҳқончилик қилишмоқда. Бу машиналарнинг техник даражаси юқори, конструкцияси мураккаб, қимматбаҳо электрон, электр ва гидравлик қурилмалар билан жиҳозланган.
    Буни яхши англаган фермерларимиз уларни малакали механизаторларга топшириш, тўғри ишлатиш, техник қаровларни ўз вақтида ўтказиш ва асраб-авайлаб сақлашга ҳаракат қилмоқдалар. Уйидаги кичкина тешаси ёки кетмонини ишлатиб бўлгандан кейин тупроқ ёки лойдан тозалаб қўйишни канда қилмайдиган, бироқ катта маблағ эвазига сотиб олинган трактор, комбайннини очиқ-сочиқ ҳолда сақлаб келаётган фермерлар ҳам учраб туради. Бундай фермерларнинг аксарияти машиналарни мавсумдан сўнг сақловга қўйиш тадбирининг моҳияти ва аҳамиятини яхши билишмайди.
     Шуни эслатиб ўтиш жоизки, очиқ ҳолда сақланаётган машиналарнинг узел ва деталларига шудринг, ёмғир, қор, ҳаво ҳароратининг ўзгариши, қуёш радиацияси ва кучли шамол салбий таъсир кўрсатади: лак-бўёқ қопламалари емирилади, металл қисмлари занглайди, электр контактлар ишдан чиқади, резина ва ёғочдан ясалган деталлар қуришиб ёрилади, чирийди. Фермер мавсум олдидан янги детал ёки қисмларни сотиб олишга, машинани қайтадан бўяшга мажбур бўлади. Бундай нохуш ҳолатларни олдини олишнинг ишончли йўли машиналарни мавжуд қоида-тартибларга амал қилган ҳолда сақлашга тайёрлашдир.
      Плугларни сақлашга тайёрлаш. Плугни бетонланган ёки асфальтланган, яъни қаттиқ юзали майдончага олиб келиб; лемех, отвал ва бошқа узеллар тупроқ, лой ва ўсимлик қолдиқларидан тозаланади ва босим остидаги сув билан ювилади. Цилиндр штуцерларидаги резьбали бирикмаларга ПВК мойи суркалиб, улар гайка-қалпоқлар билан беркитилади. Ажратиш муфтали шланглар ечиб олинади. Очиқ жойларга хомутлар, болт ёки гайкалар ўрнатилиб, ҳимоя мойлари билан қопланади.
  Шланглар бино ичида осилган ҳолда сақланиши, отвал ва предплужниклар, дала доскалари, дисксимон пичоқ, кўтариш механизмларининг винтлари ва шарнирлари, гидроцлиндр штоги ва резьбали бирикмаларнинг ишчи сиртлари ПВК мойлари билан мойланиши, лемехлар остига тагликлар, рама учига тиргак қўйилиши талаб этилади.
     Пахта ва ғалла сеялкаларини сақлашга тайёрлаш. Сеялкани чанг-тупроқ, чигит ёки дон қолдиқларидан тозалаб, босимли сув билан ювиш ва қисилган ҳаво билан пуфлаб қуритиш зарур. Барча ғилдирак гупчаклари, подшипниклар ва узатмалар таянчлари, сошниклар, таранг¬ловчи роликлар ва бошқа ишқаланувчи юзаларни солидоллаб, мойдонларни текшириш, тозалаш, яроқсизларини алмаштириш керак.
   Тасмалар, занжирлар ва уруғўтказгичлар ечиб олиниб, тозаланади, ваннага солиб ювилади. Занжирларни 80–90 даражагача қизиган дизель ёнилғиси билан 20 минут давомида ваннада ювиш талаб этилади. Тасмалар текширилиб, яроқсизлари алмаштирилади, созларига тальк кукуни сепилиб, омборга топширилади. Уруғ бункерлари ва бошқа қисмлар сиртидаги зангларни қириб, жилвир қоғозлар билан тозалаш, ҳаво ёрдамида пуфлаб тозаланиши керак.
   Сошниклар, экиш аппаратлари, ҳаракат узатувчи юлдузчалар, таянч ғилдиракларнинг сиртқи қопламалари ва бошқа занглайдиган жойлар мойланади. Сеялка рамаси тиргакка қўйилиб, шинадаги ҳаво босими 30 фоизга камайтирилади, сиртига АКС-4 алюминий бўёғи суркалади ва тиргак билан ердан кўтариб қўйилади. Культиваторларни сақлашга тайёрлаш. Детал ва узеллар чанг-тупроқ, бегона ўт ва минерал ўғит қолдиқларидан тозаланали. Культиватор тепага кўтарилиб, босимли сув билан ювилади.
  Мойдонларни текшириш, солидол юборгич ёрдамида эски мойни янгисига алмаштириш зарур. Бунда мой тирқишлардан сизиб чиқсин. Занжирлар ва ўғитўтказгичлар ечиб олиниб, ювиб, тозалангач, НГ-204 ҳимоя мойи суркалади ва омборга жойланади. Ўғит солиш аппаратининг банкалари ва ҳамма деталларини ўғит қолдиғидан тозалаш мақсадга мувофиқ. Экиш тарелкаси ва регулятори, ричаг ва шкала, тишли ғилдираклар, ҳаракат узатувчи валиклар ва банканинг ички сиртига ҳимоя ёғи суртиш лозим. Банкалар қопқоғи зичлаб бекитилади. Деталлар сиртлари зангдан тозаланиб, ҳаво билан пуфланади ва ПЭВ-74 мойи суркалади.
  Ишчи органлар, резьбали бирикмалар, детал ва шарнирларнинг ишқаланиш сиртлари, ишчи органлар ва осиш механизми секциялари, таянч ғилдираклари сиртлари тозалангандан кейин ҳимоя ёғлари билан қопланиши керак.
   Fалла комбайнларини сақлашга тайёрлаш. Барча дарчалар ва ҳимоя кожухлари очилади. Комбайн 10–15 минут давомида ишлатилса, ичкаридаги ўсимлик қолдиқлари ташқарига чиқиб кетади. Мой босган жойлар бирорта эритма билан ювилади. Электр ускуналарини полиэтилен плёнка билан ғилофлаб, радиаторнинг ҳимоя тўрини ечиб олиб, босимли сув билан ювиш талаб этилади. Двигатель картеридаги эски мой тўкиб юборилади.
    Фильтрлар, форсункаларни қиздирилган дизель ёнилғиси билан ювиш зарур. Картерга 80 фоизи дизель ёнилғиси ва 20 фоизи мотор мойидан иборат эритма қуйилади. Двигателни 10–15 секунд давомида салт ишлатгандан кейин, бу суюқлик тўкиб ташланади. Ўрнига янги мотор мойи қуйилади. Тезликлар қутиси, орқа кўприк ва охирги узатмалар картеридаги эски мойлар ҳам шу тартибда алмаштирилади.
    Занжирларни ечиб олиб, 90–100 даражали дизель мойида 10–15 минут қайнатиш керак. Улар мойдан олиниб, тўрли ваннага солинади ва мой қолдиқлари сирқигандан кейин ваннадан олиб қуритилади. Тоза занжирларни сим билан боғлаб, сўнгра мой шимдирилган қоғозга ўралади ва омборга жойланади. Тасмалар зангдан тозалангач, иплари чиқиб кетган, моғор босган жойлари 2 фоизли формалин эритмасида дизенфекцияланади. Мой доғларини бензин шимдирилган латта билан артиб кетказилади.
    Тасмалар қуритилгач, устига тальк сепилади. Олиниши қийин бўлган тасмалар жойида артилади, совунли илиқ сувда ювиб, қуритилгач, АКС-3 алюминий бўёғи суркалади. Шкив ва роликларнинг иш сиртларига зангдан ҳимояловчи мой суртилади. Жатка сегмент пичоғи ечиб олиниб, тозаланади ва ҳимоя мойи суртилгач, ёғоч ғилофга жойлаштириб, омборга топширилади. Қия камера тозаланиб, транспортёр таранглиги камайтирилади ҳамда винтлар, занжир ва тароқларга ҳимоя мойи суртилади.
    Жатка корпусини мувозанатловчи механизм пружинаси таранглигини камайтириш зарур. Барча элеваторларнинг қопқоқлари очилиб, шнек ва куракчалар кирдан тозаланади. Ғалла бункерининг ичи ва шнеклари ҳам дон қолдиқлари ва кирдан тозаланиши мақсадга мувофиқ. ўалла бўшатиш шнегининг учини ва резина тарновни полиэтилен плёнка билан ғилофлаб, сим билан боғлаш керак.
   Двигатель ҳаво тозалагичи деталлари ечиб олиниб ювилгач, жойига қайтадан ўрнатилади. Ёнилғи фильтри ювиб тозаланади. Картерлардаги тиқинни бўшатиб, эски мой тўкиб ташланади ва ювувчи суюқлик қуйиб чайқатилгач, тўкиб юборилади. Корпусларни 5 фоизли АКОР-1 қўшилмаси аралаштирилган янги мотор мойи билан тўлдириш зарур. Тутун чиқариш ва ҳаво тозалагич трубалари ва бошқа қисмлардаги тешиклар тиқинлар билан зичланади.
   Аккумулятордаги электролит зичлиги ва сатҳи меъёрига етказилади. Генератор ва стартёр сиртлари, коллектор ва шлицалари ҳаво билан тозаланади. Клеммаларни мойлаб, гидросистема бакига 30 даражагача илитилган ва 5 фоизли АКОР-1 қўшилмаси аралаштирилган мой қуйиш керак. Гидроцлиндр штокларига ПВК ҳимоя мойи, шлангларга алюминий бўёғи суркалади. Шиналардаги ҳаво босими 30 фоизга камайтирилиб, сиртига АКС-4 алюминий бўёғи суркалади. Шиналарни тиргак ёрдамида ердан озгина кўтариб қўйиш талаб этилади.
    МХ-1,8 русумли пахта териш машиналарини сақлашга тайёрлаш. Терим аппарати ва вентилятор очиқ жойда 3–5 минут ишлатилади, бункерга йиғилган қолдиқ пахталар тозаланади. Бункер қопқоғи ва тўрларига илиниб қолган пахта толалари ва хас-чўпларни қўлда олиб ташлаш зарур. Вентиляторни ўчириб, аппаратнинг ҳамма эшикчаларини жойидан ечиб олинади. Аппаратни 5–10 минут ишлатиб, босимли сувда тўрт томонидан ювиш лозим.
   Шпинделлар, ажраткич чўткалар ва вентилятор парракларига ёпишиб қолган пахта толалари ва чирклар қирғичлар ёрдамида тозалаб ташланади. Эшикчалар жойига ўрнатилади.
  Пахта териш машинасини ёпиқ бино ичига ҳайдаб кириб, омборда сақланаётган кичик ғилдирак вилкаси билан жойига ўрнатилади. Тракторнинг тагига ва катта ғилдиракларга ўрнатилган ҳимоя шчитоклари ечиб олиниб, омборга жойланади. Қувват олиш валига ўрнатилган тарқатиш редуктори ечиб олингач, унинг шлицали валига ҳимоя кожухи ўрнатилади. Терим аппаратлари, бункер ва рул ғилдираклари гидроцлиндрлари билан трактор гидротақсимлагичи орасидаги барча шланглар ечиб олиниб, тозаланади, омборга жойланади. Очиқ қолган штуцерларни гайкалар ёки қопқоқлар билан беркитиб қўйиш зарур.
     Машинанинг ёритиш, габарит ва огоҳлантириш чироқларининг электр симларини тракторнинг электр қурилмаларидан ажратиш керак. Очиқ қолган клеммалар иҳоталаниб, симлар омборга топширилади. Машина бўйлама рамаларини тракторнинг орқа кўприги кожухларидаги таянчларга, чап ва ўнг лонжеронларига маҳкамловчи болтлар ҳамда лонжеронлар билан орқа кўприк орасидаги чап ва ўнг кашаклар бўшатиб олиниб, омборга жойланади.
  Машинанинг чап ва ўнг бўйлама рамалари бошларининг остига мустаҳкам тагликлар қўйилиши даркор. Уларнинг баландлиги шундай танланиши керакки, бунда рамалар ер юзасига параллел ҳолатда бўлсин. Аппаратдаги иккита редукторнинг қопқоқларини очиб, ичидаги эски мой олиб ташланади ва дизель ёнилғиси билан ювилади, янги мой солингач, қопқоқлар беркитилади.
   Пневмосистема вентиляторлардаги иккита тасма ва шпинделларни тўғри айлантирувчи саккизта понасимон тасмалар ечиб олиниб, яроқсизлари чиқитга чиқарилади. Яроқли тасмаларни совунли сувда ювиб, қуритилгач, тальк кукуни сепилади ва омборга қўйилади. Шпинделларни тескари айлантирувчи саккизта понасимон тасмалар (тескари айлантирувчи колодкалар)нинг соз¬лари жойида қолиши, фақат тасмалар сиртига тальк кукуни сепиб қўйиш кифоя. Аппаратнинг қўзғалмас ва қўзғалувчан секцияларини бир-бирига тортиб турувчи пружиналар бўшатилиб, эркин ҳолатга келтирилади.
    Плуг, борона, сеялка, культиватор каби оддий механизмларни бостирма остида, трактор, ғалла комбайни ва пахта териш машинаси каби мураккаб техника воситаларини ёпиқ бинолар ичида сақлаш мақсадга мувофиқдир. Машиналар ёпиқ бинода сақланса занглашининг олди олинади (қишлоқ хўжалиги машиналарининг 70–80 фоиз деталлари очиқ ҳавода занглаш туфайли ишдан чиқади), резина деталлари (тасмалар, втулкалар, шланглар) емирилмай, соз ҳолатда туради, машинани келгуси мавсум учун тайёрлашда кўп эҳтиёт қисм талаб этмайди. Пировардида фермернинг маблағи тежалади, энг муҳими, машинанинг ишлаш муддати ва яроқлилиги ортади.
     М.Тошболтаев




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech