Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
2 Декабр 2013 00:00
Мамлакатимизнинг тупроқ-иқлим шароитида сабзавотлардан йил бўйи ҳосил етиштириш мумкин. Совуққа чидамли ўсимликлар гуруҳига кирувчи сабзи, лавлаги, кўк пиёз, исмалоқ, укроп, петрушка, сельдерей, пастернак каби сархил сабзавот ва кўкатларни тўқсонбости қилиб экиш халқимизни илик узилди маҳалда – эрта баҳорда дармондориларга бой маҳсулотлар билан таъминлаш имконини беради.
    Бунинг учун юқорида таъкидланган экинлар уруғини кеч кузда – совуқ ва намгарчилик бошланмасдан тўқсонбости қилиб экиш зарур. Бу муддатда экилган уруғлар эрта кўкламда барвақт униб чиқади ва тез авж олиб, ҳосили баҳорда экилганга нисбатан 25–30 кун илгари етилиб, ҳосилдорлиги 15–20 фоизгача юқори бўлади. Сабзавоткор хўжаликлар, шахсий томорқа эгаларига бу борада қуйидагиларга эътибор қаратишни тавсия этамиз.
    Таъкидлаш жоизки, тўқсонбости қилиб экилган сабзи ва пиёз уруғи эрта кўкламда тупроқ ҳарорати 3–4 оС илиқ бўлганда тез униб чиқади. Лавлаги уруғи эса тупроқ ҳарорати 5 оС га етганда кўкара бошлайди. Пиёзнинг ёш майсалари -5 оС совуққа бемалол чидайди. Лавлаги ниҳоллари эса -3–4 оС совуққа бардош бера олмайди. Сабзи ва лавлаги уруғининг яровизация даври ҳарорат 0–8 оС га етганда ўтади. Бу даврни сабзи 60, ҳўраки лавлаги эса 50 кун давомида ўтади.
  Республикамизнинг марказий минтақасида жойлашган Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларидаги сабзавотчилик хўжаликларида сабзавот экинлари уруғини тўқсонбости усулида экишни ноябрнинг 2–3-ўн кунлигидан то декабрь ойининг 1-ўн кунлиги охиригача амалга оширилиши лозим. Бу юмушлар Сурхондарё, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида 25 ноябрдан 20 декабргача, шимолий минтақаларда эса 1 ноябрдан 1 декабргача ўтказилиши зарур.
  Тўқсонбости муддатда экиладиган сабзавотларнинг уруғи юқори сифатли бўлса, мўл ҳосил олиш имконини беради. Жумладан, сабзининг «Шантане– 2461», «Зийнатли», «Нантская»; пиёзнинг «Истиқбол» ва «Зафар»; ош лавлагининг «Бордо–237», «Диёр», «Бикорес»; укропнинг «Узбекский–243», «Орзу»; петрушканинг эса «Сахарная» ва «Нилуфар» каби навларини экиш тавсия этилади.
   Уруғ экилган эгатлар мульчаланиб, плёнка билан қопланса, уруғлар қишки ёғинлар, ҳаводаги намлик таъсирида аста-секин бўртади ва совуққа чиниқади. Эрта баҳорда ҳаво ҳарорати ноқулай, паст бўлишига қарамай униб чиққан майсалар жадал ўсиб-ривожланади.
     Жанубий ҳудудларда оқбош карамдан жуда эртаги ва юқори ҳосил олиш учун уруғларни кўчатхонага ноябрнинг 1-ўн кунлигида сепиб, тайёр бўлган кўчатларни очиқ далага 25–30 декабрда экиб, эгатлар дуга усулда плёнка билан қопланади. Бу муддатда экилган оқбош карам ҳосили апрель ойининг бошида пишиб етилиб, иқтисодий самарадорлиги юқори бўлади.
   Бир гектар очиқ майдонга етарли (55–60 минг) миқдорда кўчат етиштириш учун 140–150 м2 плёнкалик иссиқхона талаб этилади. Иссиқхона майдонининг 40 фоизини дала тупроғи, 40 фоизини чиринди, 20 фоизини эса қипиқ, шоли шулхаси ёки қумли аралашма ташкил этиши зарур.
    Иссиқхонада кўчат етиштириш икки хил усулда амалга оширилади. Биринчисида, уруғ сепиб, ниҳоллар олинади. Иккинчисида, ниҳоллар униб чиққандан 12–14 кундан кейин бошқа жойга кўчирилиб, парваришланади. Иссиқхоналарга солинадиган озиқали аралашма қалинлиги ниҳол тайёрлаш учун 10–12, кўчириб экиладиган иссиқхоналарда эса 18–20 см. дан кам бўлмаслиги керак.
    Эртаги карам уруғи 15 декабрь-10 январда, эртаги помидор уруғи февралнинг бошларида, кечки помидор, бақлажон ва қалампир уруғлари февралнинг 2-ярми-мартнинг бошида сепилади. Етарли кўчат олиш учун бир гектар майдонга карам ва помидор уруғлари 300–400, бақлажон уруғи 600, қалампир уруғи 800–1000 г. дан сепилади.
    Эртаги муддатда экиш учун оқбош карамнинг Июнская, Номер–1 Грибовский–147 ҳамда Наврўз навлари ва F1 Парел, Фарао, Моррис, Балбро, Назоми, Томас каби эртапишар, серҳосил дурагайларини экиш тавсия этилади. Карам уруғлари экилиб, ниҳоллар тўлиқ униб чиққунча иссиқхона ҳароратини +20 оС, майсалар униб чиққач 5–7 кун давомида ҳарорат +6–10 оС атрофида бўлиши таъминланса, майсаларнинг илдизи яхши ривожланади.
      Кейинги парваришлаш даврида кундузги ҳарорат 15–17, кечалари эса 10–12 оС атрофида сақланиши керак. Майсалар униб чиққандан 15–18 кун ўтгач, яъни уларда 1–2 тадан чинбарг пайдо бўлгач уларни сифатли ва баққуват бўлиб етилиши учун бошқа жойга озиқа майдонларини (4х5 ёки 5х5 см) кенгайтириб кўчириб экилади. Улар тўлиқ тутиб олгач, орадан 10–12 кун ўтгач майсалар биринчи марта озиқлантирилади.
    Озиқлантиришда ҳар 10 л сувга 13–15 г аммиак селитраси, 18–25 г суперфосфат ва 15–20 г калий хлорид ўғитлари солиниб эритилади ва ушбу эритма ҳар 3–3,5 м2 майдондаги кўчатларни озиқлантириш учун сарфланади. Карам кўчатлари иккинчи марта очиқ майдонга экишдан 15–18 кун олдин озиқлантирилади. Бунда 10 л сувга маданий ўғитлар миқдори икки марта кўпроқ солиниб амалга оширилади. Иссиқхона ҳаво ҳарорати ва тупроқ намлигига кўра, кўчатлар ҳафтасига 1–2 маротаба 1 м2 майдонга 4–6 л сув сарфлаб суғориб турилади.
     Кўчириб ўтқазиш тартиби карам ва қалампир ниҳоллари учун 4х4 ёки 5х5 см, бақлажонда 5х5 см, помидорда 6х6; 7х7 см схемада экилади. Карам ва бақлажон кўчатлари 4–5, помидор кўчатлари эса камида 6–7 та барг чиқарган вақтида очиқ далага кўчириб ўтқазилади.
   Сабзавотчилик фермер хўжаликларида юқорида таъкидлаб ўтилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида амалга оширилиши экин майдонларидан унумли фойдаланиш ҳамда халқимизни эртаги сабзавотлар билан таъминлаш имконини беради.
      Р.Ҳакимов, Б.Азимов




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech