Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
2 Декабр 2013 00:00
Бу даврда наслдор айғирлар алоҳида отхонага жойлаштирилади. Бунда ҳар бир айғир учун алоҳида 16 м2 дан кичик бўлмаган денниклар бўлиши керак. Айғирлар ҳар куни, туёқлари эса ҳар икки ойда тозаланади. Уларни таглиги учун бир кунда 5 кг сомон ёки 15 кг ёғоч қипиғи солинади. Денниклардан гўнг ҳар куни чиқариб турилади, отхонанинг ҳарорати +4 oС дан тушиб кетмаслиги керак. Наслдор айғирлар ҳар куни яйратиш майдончаларида яйратилади. Фақат қаттиқ совуқ кунлари яйратиш майдончаларига чиқарилмайди.
    Айғирларда қочириш мавсумига тайёргарлик январнинг охири февраль ойдан бошланади. Бу даврда озиқлантириш рациони кучайтирилади. Рационнинг тўйимлилиги айғирларни тирик вазни, зоти, ёши ва бошқа кўрсаткичларига қараб белгиланади. Рацион таркиби ҳар хил бўлиши протеин, кальций, фосфор, каротин ва бошқа тўйимли ҳамда биологик актив моддаларга бўлган талабини тўлиқ қондириши керак. Рацион ҳар 2–3 ҳафтада ўзгартирилиб, унга янги озуқалар киритиб борилади. Рациондаги озуқалар албатта сифатли бўлиши лозим.
   Қиш бошланишидан олдин хўжаликлардаги ҳамма озуқалар органик ва минерал моддалар бўйича таҳлил қилинади. Шунга асосан отларни тўлақийматли озиқлантириш ташкил этилади. Отларни қочириш мавсумий бўлганлиги сабабли қиш мавсумига биялар асосан бўғоз ҳолида кириб келади.
   Қиш даврида бўғоз бияларни ажратиб алоҳида парваришлаш мақсадга мувофиқдир. Бунда бияларни тўлақийматли озиқлантириш озуқаларни танлаб олишга асосланади. Сифатли пичан билан бирга рационга турли концентрат ва ширали озуқалар киритилади. Қиш даври биялар бўғозлигининг иккинчи ярмига тўғри келганлиги сабабли рациондаги концентрат миқдори 1–2 килога кўпайтирилади. Бу даврда айниқса, кепакдан ва арпадан атала, кунига 2 килодан сабзи, ўт ва гўшт-суяк уни ҳамда минерал-витаминли қўшимчалар бериш тавсия этилади.
   Қиш даврида биялар отхонага яқин бўлган яйловларга олиб чиқилади. Совуқ кунлари отхонада қолади ва яйратиш майдончаларида яйратилади. Қиш мавсумига ўтиш олдидан яъни октябрь, ноябрь ойларида тойлар оналаридан ажратилади ва улар тамғаланади. Тамғалаш 2 хил усулда амалга оширилади: 1 – куйдириш усули, 2 – совуқ усулда тамғалаш. Совуқ усулда тамғалаш оғриқсиз бўлиши ва аниқ кўриниши билан афзалдир. Тойларни онасидан ажратиш аста-секинлик билан эмас дарҳол амалга оширилади.
  Онасидан ажратилгандан сўнг ўсишдан қолмаслиги учун етарли миқдорда сифатли озуқалар билан таъминланиши керак: бунда 3–4 кг майдаланган арпа, 3–5 кг пичан, 0,5 кг кепак ва 2 кг сабзи берилади. Онасидан ажратилган тойлар 2–3 кун отхонада сақланиб, 2–3 отбоқар назоратида яйловга олиб чиқилади. Тойларга қари бияларни қўшиб яйловга олиб чиқиш мақсадга мувофиқ.
    Яйловда боқиш даврида тойларга қўшимча равишда майдаланган сабзи, арпа, кепак ва озроқ пичан берилади. Совуқ тушиши билан яйловда боқиш қисқариб боради. Совуқ тушгач отхонада боқилиб, кундузи яйратиш майдончасига чиқарилади ёки 1–2 соат яйловда айлантириб келинади. Отхонада сақлаш шароитига ўтилганда эркак ва урғочи тойлар бир-биридан ажратилади.
  Тойларни тозалашга ҳам аста-секин ўргатиб борилади. Аввал силаб, кейин тойнинг ўзи етмайдиган жойлари (бўйни, кўкраги) қашланади ва сочиқ билан артиб чиқилади. Зинҳор қашлагич ишлатилмайди. Бурнининг атрофлари нам сочиқ билан артилади. Шу тариқа қиш мавсуми давомида тойлар қўлга ўргатиб борилади.
    Қиш даврида тойлар 4 марта озиқлантирилади. Концентрат озуқалар 3 марта бўлиб берилса, пичан 4 марта, сабзи, лавлаги ва бошқа ширали озуқалар 1–2 марта берилади. Қиш мавсумида айғирлар учун 12–15, биялар учун 8–10, тойлар учун 5–7 ц. дан сифатли пичан тайёрланади. Шундай қилиб, қиш даврида отларга яхши озиқлантириш, асраш ва парваришлаш шароитлари яратилса мавсум беталофат ўтади, отлар бош сонининг кўпайишига пухта замин яратилади.
     А.Нурматов




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech