Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
2 Декабр 2013 00:00
Германия Федератив Республикаси озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш вазирлиги соҳани ислоҳ қилиш, молиялаштириш ва кредитлаш, маҳсулотлар бозорини тартибга солиш билан бирга, экологик соф маҳсулот ишлаб чиқарувчи ҳамда биоэнергетика билан шуғулланувчи корхоналарга кўмаклашади, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилади.
   ГФР қишлоқ хўжалик корхоналари уч хил ҳуқуқий шаклда – хусусий қишлоқ хўжалик корхоналари, мулкдорлар боғдорчилиги, фуқаролик ҳуқуқига эга ҳуқуқий шахслардан таркиб топган.
  ХХ асрнинг охирларига келиб Германияда экологик соф қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштиришга эътибор кучайтирилди. Бундай маҳсулот ишлаб чиқараётган корхоналар даромади 44673 еврони, ҳар бир корхонага тўғридан-тўғри йўналтириладиган маблағ ва субсидиялар 25633 еврони ташкил қилди.
   Муқобил энергетика ишлаб чиқаришни ривожлантириш, биоэнергетика соҳасида олиб борилаётган илмий-тадқиқотлар дастурини моддий рағбатлантиришга 52 млн евро маблағ ажратилиб, биологик хомашё майдонлари 1,56 млн. га кўпайди.
  Таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда ГФР чорвачилиги сезиларли даражада ривож топмоқда. У қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмининг 80 фоизини ташкил этмоқда. Тармоқнинг асосий йўналиши сут, чўчқа ва парранда гўшти етиштиришдан иборат. Жами қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг 2/5 қисмидан ортиғини ишлаб чиқарилаётгани фикримиз далилидир.
   Шунингдек, чўчқачилик тармоғи дунёда иккинчи, бош сони кўплиги жиҳатидан Европа давлатлари орасида биринчи ўринда (20 млн бошдан ортиқ) туради. Аҳолининг сут ва гўшт маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи 100 фоиз ички маҳсулот эвазига қондирилаётгани ўрганишга арзигулик жиҳат саналади.
    Мамлакатда от спорти ва пойгага мўлжалланган, йирик ва оммабоп от зотларини кўпайтириш. Иккинчи жаҳон уруши давом этган йилларда шакллана бориб, йилқичиликни ривожлантиришга замин яратди. Маълумки, ХХ асрнинг биринчи ярмида авж олган техника инқилоби даврида соҳанинг ривожланиши паст даражага тушиб қолишини олдиндан билган немислар, отларни кўпайтиришга янгича ёндошувларни излай бошлашди.
  Олмон йилқичиларининг асосий эътибори спорт мусобақаларида қатнашадиган отлар селекциясини яратишдан иборат бўлди. Ушбу йўналиш ҳаётий зарурият бўлиши билан бирга, йилқичиликни кенг кўламда ривожлантиришга ҳам хизмат қилди.
    Айни пайтда ҳам ёш урғочи қулунлар орасидан селекция ишлари учун яроқлиларини саралаб олиб кўпайтирилмоқда. Бунда ҳар бир от зоти ветеринария кўригидан ҳамда манеждаги ҳаракатлари, қаттиқ ерда юриши ва тўсиқлардан сакрай олиши бўйича синовдан ўтказилади. Синов якунлангач Наслчилик иттифоқи ҳар бир қулун учун алоҳида қарор қабул қилади.   Насл учун яроқсиз қулунлар бошқа мақсадларда фойдаланишга жалб этилади.
  Немис йилқичилигининг ажралиб турадиган яна бир жиҳати йилқичиликни минтақавий ташкил қилиш ёки Наслчилик иттифоқи орқали юритишдир. Бу тажриба фақатгина Германияда жорий этилган. Наслчилик иттифоқлари бир ҳудудда яшовчи хўжалик юритувчиларни бирлаштирган.
   Яна шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мамлакатда наслчилик материали доимий равишда янгиланиб турилади. Кўпайтириладиган зотлар Германия вилоятларининг номи билан юритиладики, бу нафақат зотларни, балки улар кўпайтириладиган жойлар номини ҳам билдиради. Булар сирасига Ганновер, Ольденбург, Мекленбург, Брансидебург вилоятларида яратилган зотли отларни мисол келтириш мумкин. Ушбу йўналишда ишларни тўғри йўлга қўйилиши натижасида германияликлар Халқаро йилқичилик соҳасида олдинги ўринлардан бирини эгаллаб келишмоқда.
    Намлик етарли миқдорда бўлган денгиз бўйи, Альп ва Альполди тоғли ҳудудларидаги яйловларга эга ҳудудларда сут-гўшт маҳсулотлари етиштириш яхши йўлга қўйилган. Қиш фасли анча совуқ бўлгани сабабли, моллар ёпиқ молхоналарда парваришланади. Альп ўтлоқзорларида ГФРдаги жами сигирларнинг 35 фоизи боқилади.
  Бройлер паррандалар, тухум, мол гўшти, чўчқачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш асосан табиий омилларга унча боғлиқ бўлмаган йирик чорвачилик хўжаликларида жамланган. Чорвачиликнинг муҳим ёрдамчи тармоғи ўсимликшунослик ҳисобланади.
   Мамлакатдаги қишлоқ хўжалик ерларининг 40 фоизи ўтлоқзор ҳамда яйловларни ташкил қилса, қолган қисмида жавдар, сули, арпа, картошка, озуқа экинлари етиштирилади. Чорвачилик тармоғи учун асосий экин арпа ҳисобланиб, шунингдек, ундан миллий ичимлик пиво (йилига 145 минг л) ишлаб чиқаришда фойдаланилади.
   Бавария ва Дунай текислиги буғдой етиштиришга мослашган. Мойли экинлардан рапсга алоҳида эътибор қаратилиб, у кунгабоқарга нисбатан 10 баравар ортиқ майдонда етиштирилади. Қишлоқлардаги фермерлар мамлакатнинг энг бой кишилари саналади. Улар замонавий техникалар ёрдамида ҳар қарич ердан унумли фойдаланиб, мўл ҳосил етиштирадилар. Бир сўз билан айтганда, бу давлатда ҳар бир фермер меҳнатсеварлиги билан ажралиб туради. Ўз томорқаси ва яшайдиган ҳовлисини ҳавас қиладиган даражада гўзал ва кўркам қилишга интилади.
       М.Комилов




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech