Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
16 jun

Қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш, мамлакат аҳолисининг турмуш шароитини яхшилаш, даромадларини ошириш, янги иш ўринларини яратиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади. Бу борада Президентимизнинг жорий йил 1-2 июнь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида ғалладан бўшайдиган майдонлардан фуқароларга сабзавот-полиз маҳсулотлари етиштириш учун 20 сотихдан 10 йил муддатгача амалдаги Қонун талабларига асосан ижарага ер ажратиш бўйича ташаббуслари айни муддао бўлди.

Мазкур муҳим ташаббус ижросини таъминлаш мақсадида Қишлоқ хўжалиги вазири Ж.Ходжаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Тошкент вилояти туманларида бўлиб, ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин экиш билан боғлиқ масалалар юзасидан фермерлар, мутахассислар, аҳоли билан учрашди.

- Жорий йилда 811, 0 минг гектар ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин экиш ҳисобидан 2,8 млн иш ўрни яратиш режалаштирилмоқда. Шу ўринда таъкидлашимиз керакки, Президентимиз ташаббуси билан йил бошида 233,3 минг нафар ёшларни қишлоқ хўжалигида иш билан таъминлаш орқали озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш учун 65,1 минг гектар майдонлар ажратиб берилган эди. Бугунги кунга келиб ушбу ёшлар ўртача 15-20 млн сўмдан даромад олишга эришди, ўз тенгдошлари ва оила аъзоларини иш билан таъминлади. Ғалладан бўшайдиган майдонлар биринчи навбатда, “темир дафтар”, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар, ишсизлар ҳамда хорижда бўлган мигрантларнинг оила аъзоларига бириктириш чоралари кўрилмоқда, дея таъкидлади вазир Ж.Ходжаев.

Ер майдонларини ажратиш жараёнини адолат мезонлари асосида тўғри ва шаффоф ташкил этиш мақсадида республика, вилоят ва туман ишчи гуруҳлари ташкил этилиб, маҳаллабай асосида ер ажратиладиган 2,8 млн нафар фуқароларнинг манзилли рўйхати шакллантирилди.

Шунингдек, туманларда экинларни экиш учун ер тайёрлаш, экиш, талаб этиладиган моддий-техника ресурсларини етказиб бериш, агротехник тадбирларни сифатли ўтказиш, етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини заҳирага жамғариш, ички ва ташқи бозорга етказиб беришни ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳлар тузилиб, ер ажратилган фуқароларга кўмаклашиб келмоқда. Айни пайтда ахолига ажратилган ғалладан бўшаган майдонларни пешма-пеш сомондан тозалаш, шудгорлаш ҳамда экин экиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.

Ҳисоб-китобларга кўра, бугунги кунда такрорий экин учун ажратилган 811,0 минг гектар майдоннинг 92,5 минг гектарига сабзавот, 33,8 минг полиз, 297,6 минг гектарига дуккакли, 23,0 минг гектарига картошка, 61,4 минг гектарига мойли экинлар, 190,5 минг гектарига озуқа,62,5 минг шоли, 42,8 минг гектар тариқ, 6,8 минг гектар супурги экилади.

75 минг тонна уруғликлар (дуккакли, озуқабоб, сабзавот, полиз ва бошқалар, 350 минг тонна минерал ўғитлар (фосфорли, азотли ва калийли), 45,0 минг тонна ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари заҳираси яратилди ва ўз вақтида етказиб бериш чоралари кўрилмоқда.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 20 сотихга такрорий экин эккан фуқаро ўртача 5,5-6 млн сўм фойда олиши кутиляпти. Алоҳида таъкидлаш керакки, бу жараёнда маҳсулот етиштирувчи фуқаролар билан мева-сабзавотчилик кластери, қайта ишловчи ва экспортёр корхоналарни узвий ҳамкорлигини таъминловчи тизим яратилмоқда. Бунда, экинларни экиш, парваришлаш ва йиғиб олиш учун қулайлик яратиш, етиштирилган маҳсулотларнинг нобудгарчилигини олдини олиш мақсадида туманлардаги ҳар бир секторга мева-сабзавотчилик кластерлари, қайта ишлаш ва экспортёр корхоналар ҳамда “Томорқа хизмати” МЧЖлар бириктирилди.

Ушбу корхоналарнинг талаблари асосида “Бир ҳудуд - бир маҳсулот” тамойили асосида экинларининг экспортбоп навлари экилиши маҳсулот турлари бўйича фуқаролар билан шартномалар тузиш ташкил этилмоқда ва нархлар маҳсулот пишган даврдаги бозор нархларига қараб ўзгариши ҳисобга олинади. Бириктирилган корхоналар томонидан уруғлик, минерал ўғитлар, ёқилғи мойлаш материаллари, зарурий кимёвий воситалар билан таъминлаш ҳамда агротехник тадбирларни ўтказишда агрономик маслаҳатлар бериш ҳамда техника хизматлари кўрсатиш ташкил этилади. Шунингдек, фуқароларга туман қишлоқ хўжалиги бўлимлари, агрохизматлар маркази ва илмий тадқиқот институтларининг олим, агроном ҳамда мутахассислари томонидан ҳам агрономик маслаҳатлар бериб бориш йўлга қўйилмоқда.

Манба: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ахборот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech