Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
10 may

Президент Ш.Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига охирги ташрифи чоғида вилоятда 2021 йил ҳосили учун тажриба тариқасида шолидан йилига 2 марта ҳосил олиш топшириғи берилган эди. Мазкур топшириқнинг ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилдан бошлаб Хоразм вилоятида ана шу усулда шоли етиштириш йўлга қўйилди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан жорий йилда илк маротаба вилоятнинг 8 та туманида 20 гектар майдонда биринчи экинни экиш ишлари якунланди.

Мазкур майдонларда шолининг маҳаллий эртапишар - “Санам”, “Гулистон”, “Нукус 2”, “Нукус 70” навлари кўчатлари экилиб, июль ойининг биринчи ўн кунлигида тўлиқ пишиб етилади. Июль ойида экиладиган иккинчи ҳосил эса октябрь ойида йиғиштириб олинади.

Одатдагидан икки марта кўп ҳосил олиш учун айни дамда ҳудудларда ишни тўғри ташкил этиш, бу борада хориж тажрибасини кенг қўллаш мақсадида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги олимлари ва мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи шоликор фермерлар ҳамда шоли етиштирувчи хўжаликлар билан мулоқотлар ўтказмоқда. Маҳаллий етиштирилувчиларга Япония, Хитой, Корея, Филиппин, Ҳиндистон каби мамлакатларнинг тажрибалари ўргатилмоқда.

2021 йилда Ўзбекистонда янги шоли навларини яратиш мақсадида Вьетнамдан 15 та, Хитойдан 15 та, Кореядан 6 та, Россиядан 4 та ва Туркиядан 2 та нав намуналар келтирилди. Ушбу навлар маҳаллий навлар билан чатиштирилиб, янги навлар яратилади.

Айни пайтдаги режага кўра, жорий йилда аҳолини гуруч маҳсулоти билан узлуксиз таъминлаш ва нарх барқарорлигини сақлаб туриш мақсадида 611 минг тонна ёки ўтган йилга нисбатан 287,5 минг тонна кўп шоли ҳосили етиштирилиб, 350 минг тонна гуруч, 65 минг тонна оқшоқ (сечка) ҳамда 90 минг тонна ембоп маҳсулот ишлаб чиқарилади.

Маълумот учун: Республика аҳолиси учун йилига 335 минг тн гуруч (жон бошига меъёр 9,8 кг/йил) талаб этилади. 2020 йилда 180 минг тонна гуруч ишлаб чиқарилган. 2019 йилда 58 минг тн ва ўтган йили 13,6 минг тн гуруч импорт қилинган.

Ҳозирда Ўзбекистонда экин майдонларини кенгайтириш ва ҳосилдорликни ошириш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан:

— 2021 йилда шоли экиладиган майдонлар ўтган йилга нисбатан 37 минг гектарга ёки 40 фоизга оширилиб, жами 129,3 минг гектарга, шундан, 66,7 минг гектар асосий ва 62,6 минг гектар такрорий майдонларга шоли экиш белгиланди.

Маълумот учун: 2020 йилда 92,3 минг гектар (47,3 минг га асосий ва 45 минг га такрорий) майдонда 323 минг тонна шоли етиштирилган ва ҳосилдорлик ўртача 35 центнерни ташкил этган.

— Сув тежовчи технологияларни қўллаган ҳолда ҳосилдорликни ошириш мақсадида шоли майдонларининг 43 минг гектари (33%) лазерли текисланади ва 40 минг гектарга кўчат усулида шоли экилиб, ҳосилдорлик ўртача 12-15 центнерга оширилади.

Соҳада кластерлар фаолиятини янада ривожлантириш учун республиканинг 8 та ҳудудида ташкил этилган 29 та шоличилик кластерлари томонидан 37 минг гектар (56%) асосий майдонларда шоли етиштирувчи 3,5 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари билан кооперацион алоқалар йўлга қўйилади.

Шунингдек, шолидан сифатли ва юқори ҳосил олиш мақсадида уруғчиликни илмий асосда ривожлантириш бўйича ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқа. Хусусан:

- Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги илмий муассасаларда жамғарилган 615 тонна юқори авлодли маҳаллий шоли навларининг уруғликлари 20 апрелдан 30 майгача 22 та туманда ташкил этилган Уруғчиликни ривожлантириш тизимидаги 8 та элита уруғчилик хўжаликларининг 51 гектар ҳамда 323 та шоли уруғчилиги йўналишидаги кластерлар ва фермер хўжаликларининг 3,9 минг гектар ер майдонларига экилиб, 19 минг тоннадан ортиқ юқори авлодли уруғлик етиштирилади.

- Республика ҳудудларининг тупроқ-иқлим шароитига мос, юқори ҳосилли янги селекцион навларни яратиш мақсадида хориждан олиб келинган 42 та нав ва намуналар май ойида Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Сирдарё, Тошкент ва Хоразм вилоятларида 3 та илмий-тажриба станцияларида ва 4 та шоли уруғчилиги хўжаликларида 20 гектар майдонга экилиб, экологик синовдан ўтказилади.

- Ҳосилдорлиги юқори хорижий навларни маҳаллий шароитга мослаштириш ва катта майдонларда етиштиришни йўлга қўйиш учун Хоразм вилоятига Хитойдан олиб келинган шолининг серҳосил 4 та нав ва 2 та дурагайидан 60 тонна уруғликлар кўчат тайёрлаш учун 20 апрелгача иссиқхоналарда махсус пластик кассеталарга экилади.

Шоли кўчатлари 15 майдан танлаб олинган 154 та фермер хўжаликларининг 1 200 гектар асосий майдонларига илк маротаба механизациялашган ҳолда экилади. Бунинг учун Хитойдан 14 та махсус кўчат экиш машиналари олиб келинди.

Қайд этиш керакки, Уруғлик шоли етиштирш бўйича ҳудудларда феврал ойида танловлар ўтказилиб, 1471 та талабгор фермер хўжаликларидан энг салоҳиятли 323 таси танлаб олиниб, вилоятлар ва туманлар ҳокимларининг қарорлари билан тасдиқланди.

Хорижий навларни маҳаллийлаштириш, селекция ва агротехникада илғор халқаро тажрибаларни жорий этиш учун Вьетнам қишлоқ хўжалиги академиясидан селекционер мутахассис Нха Пам Ван 7 апрель куни Ўзбекистонга етиб келган.

Шоли етиштириш агротехникаси ва қайта ишлаш технологияси бўйича халқаро тажрибани кенг қўллаш мақсадида Хитойнинг Миллий шоличилик институти ҳамда Таиланд халқаро ҳамкорлик агентлиги мутахассислари иштирокида Ўзбекистонлик мутахассислар ва шоли етиштирувчи хўжаликлар учун ўқув семинарлар ташкил этилди.

Шунингдек, жорий йил феврал-март ойларида хорижий мутахассислар томонидан Шоличилик ИТИ ҳамда Хоразм вилоятидаги кластерлар ва фермер хўжаликларининг 100 дан ортиқ раҳбар ва мутахассислари учун “online” малака ошириш ўқув курслари ташкил этилди.

Маҳсулот етиштириш ва қайта ишлашни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Шолини саноат усулида қайта ишлаш ва қўшилган қиймат занжирини яратишни кўпайтириш бўйича “ТСТ Rice” кластери тажрибаси асосида 6 та ҳудудда 13 та шоличилик кластерлари томонидан 2021 – 2022 йилларда 129 минг тонна қувватдаги қайта ишлаш, қуритиш ва сақлаш инфратузилмасини ташкил этиш учун қиймати 200 млрд. сўмлик лойиҳалар ишга туширилади.

Шолини замонавий қайта ишлашни ташкил этиш бўйича Қорақалпоғистон Республикасида 3 та (қиймати 70 млрд. сўм), Хоразмда 3 та (45 млрд. сўм), Сирдарёда 2 та (30 млрд. сўм), Андижонда 3 та (40 млрд. сўм), Наманганда 1 та (15 млрд. сўм) лойиҳаларни ишга тушириш белгиланган бўлиб, уларни молиялаштиришга ХМИлар ва тижорат банкларининг қарийб 150 млрд сўм кредитлари йўналтирилади.

Шунингдек, Республикада шоличилик соҳасида қўшилган қиймат занжирини халқаро тажрибалар асосида янада ривожлантириш, илмий лаборатория ва моддий-техник базани мустахкамлаш учун Халқаро молия институтларидан 100 млн. АҚШ доллари миқдордаги кредит маблағларини жалб этиш бўйича музокалар олиб борилмоқда.

Қандай натижа кутилмоқда?

Амалга ошириладиган чора-тадбирлар натижасида сув тежалишидан тортиб, сифатли маҳсулотни юқори кўрсаткичда йиғиб олиш кутилмоқда. Аниқ рақамларга кўра, эндиликда:

– шолини кўчат усулида экиш ва лазерли ер текислаш ҳисобига
4,8 минг тонна уруғлик (60%) иқтисод қилинади ҳамда 460 млн. метр куб сув (23%) тежалади;

– ҳар бир гектар майдон ҳисобига шоли ҳосилдорлиги 43 фоизга оширилиб, ўртача 50 центнерга етказилади;

– жорий йил якуни билан 19 минг тоннадан ортиқ юқори авлодли уруғлик шоли етиштирилиб, 2022 йилдан республика бўйича тўлиғича сертификатланган уруғлик билан таъминлаш йўлга қўйилади;

– келгуси йилдан бошлаб республика аҳолисининг тиббий меъёр бўйича гуручга бўлган 335 минг тонна талабини ички ишлаб чиқариш ҳисобига тўлиқ таъминлаш ва импортни тўхтатиш имкони яратилади.



Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ахборот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech