Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги корхона ва ташкилотларни 2010 йилнинг биринчи ярмида
ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш якунлари ҳақида
М а ъ л у м о т
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов томонидан республика Ҳукуматининг шу йил 29 январдаги мажлисида белгилаб берилган 2010 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим устувор вазифалари амалга оширилишини сўзсиз таъминлаш юзасидан вазирлик ҳамда тизимдаги корхона ва ташкилотларнинг кўраётган чора-тадбирлари натижасида 2010 йилнинг I ярим йилида соҳанинг барча тармоқ ва йўналишларида макроиқтисодий мувозанатлилик ва барқарор ўсиш суръатлари таъминланди.
Амалдаги баҳоларда 5 трлн 332,1 млрд сўмлик ялпи қишлоқ хўжалик маҳсулоти ишлаб чиқарилиб, 2009 йилнинг шу даврига нисбатан қиёслама баҳоларда 6,9 фоиз ўсишга эришилди. Ўз навбатида вазирлик тизимида қиёслама баҳоларда 43,5 млрд сўмлик (ўсиш даражаси 42,2%) саноат маҳсулоти ва 2 млрд 783,4 млн сўмлик (18,7%) халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқарилди;
жами 89,0 млрд сўмлик (103,2%) давлат капитал қўйилмалари ўзлаштирилиб, 54.2 млрд сўмлик (100,2%) қурилиш-монтаж ишлари бажарилди ва 3,9 млрд сўмлик асосий фондлар ишга туширилди;
шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил инвестиция дастурига мувофиқ республика Ҳукумати кафолати остида Манзилли дастурлар доирасида 11,75 млн доллар (100,3%) ҳажмида хорижий инвестиция маблағлари ўзлаштирилди;
вазирлик тизимидаги саноат ва ишлаб чиқариш корхоналарида тайёрланган маҳсулотлар рақобатбардошлилигини янада ошириш, экспортни рағбатлантириш ва тайёр маҳсулотларни янги ташқи бозорларга чиқариш борасида кўрилаётган саъйи-ҳаракатлар натижасида жами 2376,7 минг доллар (108,3%) миқдорида маҳсулотлар ва хизматлар експорти амалга оширилди;
саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурига мувофиқ 1031,9 млн сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди;
Халқаро саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида тизимдаги сув хўжалиги эксплуатация ташкилотлари томонидан жами 6 млрд 427,9 млн сўмлик (102.9%) маҳсулотлар харид қилинган;
касаначилик дастури асосида жами 83 та (103,7%) ишчи ўринлари яратилиб, 28,5 млн сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди;
тизим бўйича жами 22407 тонна (106,7%) қора металл парча ва чиқиндилари (металлолом) йиғиб, топширилди;
тижорат банклари томонидан давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган бошоқли дон ва пахта ҳосилини етиштириш учун 1 трлн 212,9 млрд сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди;
фермер хўжаликларига лизинг асосида жами 1847 дона (55,9 млрд сўмлик) қишлоқ хўжалик техникалари етказиб берилди;
шу йилнинг 15 июль ҳолатига олинган тезкор маълумотларга кўра давлатга 2 млн 624,1 минг тонна товар дон топширилиб, гектарига ўртача ҳосилдорлик суғориладиган майдонларда 51,0 центнер ва лалмикор майдонларда 11,3 центнерни ташкил қилган;
мамлакат бўйича жами 5 млн 229,4 минг тонна ёки йиллик топшириққа нисбатан 36,0 фоиз мева-сабзавот маҳсулотлари ва картошка ишлаб чиқарилди;
жами 21,3 минг гектар майдонга кунгабоқар ва 50,7 минг гектар лалми майдонларга масхар экилиб, парваришлаш ишлари давом эттирилмоқда;
чорвачиликни тизимли равишда ривожлантириб боришга жиддий эътибор қаратилди. Бунда шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида боқилаётган 7586,4 минг бош чорва молларига жами 2540 та зооветеринария пунктлари орқали 3,6 млрд сўмлик пулли хизмат кўрсатилиб, республика бўйича бир шартли чорва молига кўрсатилган хизмат баҳоси ўртача 478,6 сўмни ташкил этмоқда;
қишлоқ аҳоли пунктларида 96 та (117,0%) сунъий уруғлантириш пунктлари очилиб, улар томонидан аҳолидаги мавжуд 588,9 минг бош (100,5%) сигир ва таналар сунъий уруғлантирилди ҳамда 80 та (107,0%) сўйиш майдончалари очилди;
аукционлар орқали 13451 бош (99,0%) наслли моллар сотилди ва кам таъминланган 4687 нафар оилаларга бепул сигир берилди.
Натижада барча тоифа хўжаликларида йирик шохли қорамоллар бош сони 8668,7 минг бошни ташкил этиб, 2009 йилнинг шу даврига нисбатан 6,7 фоизга; шундан сигирлар 3613,6 минг бош, 5.9 фоизга, қўй ва эчкилар 15255,0 минг бош, 5.8 фоизга ва паррандалар 33574,9 минг бош, 13.6 фоизга кўпайди.
тирик вазнда 681,1 минг тонна ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,7 фоиз (+430,6 тонна) гўшт, 2809,8 минг тонна, 6.9% (+182,6 минг тонна) сут, 1430.0 млн дона ва 15.3% (+189,5 млн дона) тухум кўп ишлаб чиқарилди.
республика бўйича умумий қиймати 36,4 млрд сўмлик 25 минг 159,5 тонна (100,6%) тирик пилла етиштирилиб, ҳар қути ипак қуртидан олинган тирик пилла ҳосили ўртача 55,2 килограммни ташкил қилди;
Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш давлат дастури доирасида 332 та лойиҳа бўйича ишлар олиб борилгани ҳолда жами 63 млрд 411,7 млн сўмлик (йиллик режага нисбатан 42,3%) маблағлар ўзлаштирилиб, мелиоратив тадбирлар амалга оширилди;
СФУ томонидан иккиламчи сувдан фойдаланувчиларга амалда 13,5 млрд сўмлик хизмат кўрсатилиб, унинг 8,8 млрд сўми (65,4%) тўлаб берилди. Бунда ўртача бир гектар майдонга тўланган маблағ республика бўйича ўртача 2213 сўмни ташкил қилди;
вазирлик тасарруфидаги сув хўжалиги ташкилотларида белгиланган лимитга нисбатан 110,2 млн кВт/соат электр энергияси ёки 7769,1 млн сўмлик маблағ иқтисод қилинди;
тизимдаги ўрмон хўжаликларида жами 16,3 минг гектар ёки 100.6% янги ўрмонзорлар барпо қилинди, шу жумладан 2395 минг дона ёки йиллик режага нисбатан 92,5% “Япон софораси” ва 196,9 минг дона, 87.9% “Каштан” дарахти кўчатлари экилиб, парваришланмоқда.
Ахборот хизмати
Фермерлар истиқлол қалдирғочлари
Мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки йилларданоқ Президентимиз Ислом Каримов раҳбарлигида иқтисодиётнинг барча жабҳалари қатори аграр соҳани ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қишлоқ хўжалигида туб ислоҳотлар амалга оширилиб, хўжалик юритишнинг замонавий шакллари жорий этилди. Айниқса, хусусий мулкчилик шаклидаги фермер хўжаликларининг ташкил этилганлиги соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этди. Буни фермер хўжаликлари ҳозирда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирувчи асосий кучга айланганлигидан ҳам кўриш мумкин.
Дунё аҳолиси сони шиддат билан ўсаётган, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларига эҳтиёж тобора ортиб бораётган ҳозирги шароитда халқимизни қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан етарлича таъминлаш борасида аграр соҳадаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган тадбирларнинг самарали тизимини яратишни тақозо этади.
Бу борадаги энг устувор вазифа — сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, ерлардан унумли фойдаланиш, бунинг учун биринчи навбатда ернинг ҳақиқий эгаларини топиш, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотиш, сақлаш, қайта ишлаш, экспортга йўналтириш, уларни маблағ билан таъминлаш каби комплекс масалаларни ҳал этишдан иборат.
Ўзбекистонда жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш юзасидан «2009—2012 йилларга мўлжалланган инқирозга қарши чоралар» дастури доирасида кўрилаётган чора-тадбирларнинг амалга оширилишини таъминлаш натижасида ўтган йили мамлакат бўйича амалдаги баҳоларда 12 трлн 642,6 млрд сўмлик ялпи қишлоқ хўжалик маҳсулоти ишлаб чиқарилди ва қиёслама баҳоларда 2008 йилга нисбатан ўсиш 5,7 фоизни ташкил этди.
Ушбу кўрсаткичлар замирида фермер хўжаликларининг салмоқли улуши мужассам. Қишлоқ мулкдорларида ерга, мулкка, ўзи етиштирган маҳсулотга эгалик ҳисси шаклланганлиги ютуқлар омили бўлмоқда. Зеро, манфаат бор жойда доимо ривожланиш, ўсиш бўлади. Шу ўринда мамлакатимизда фермер хўжаликларининг ривожланиш босқичларига тўхталиб ўтиш жоиз. Фермерлик ҳаракатида ҳам бошқа тармоқлардаги каби ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилди.
Фермер хўжаликлари ривожининг биринчи босқичи — 1992—1998 йилларни қамраб олиб, бу даврда фермер хўжаликлари, асосан меҳнат ресурслари етарли бўлмаган ҳудудларда, жамоа хўжаликлари раҳбарларининг қарорига асосан, хўжаликнинг балансида бўлган ер участкаларида ташкил этилган эди.
Бу пайтда мамлакатимизда 21 мингтадан кўпроқ фермер хўжаликлари фаолият кўрсатиб, уларнинг умумий ер майдони 498 минг гектар ёки ўртача бир фермер хўжалигига тўғри келадиган ер участкаси 19,6 гектарни ташкил этган. Ҳатто, айрим пахта-ғалла етиштирувчи фермер хўжаликлари 1—3 гектар майдонда тарқоқ ҳолда деҳқончилик қилган. Янги ташкил этилган фермер хўжаликларининг шакли фаолиятини юритишнинг иқтисодий ва ҳуқуқий асосларини яратиш замон талаби эди.
Шунинг учун ҳам иккинчи босқич – фермер хўжаликларини ривожлантиришнинг ҳуқуқий-меъёрий асосларини яратиш босқичи бўлди. 1998 йил 30 апрелда Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси, «Қишлоқ хўжалик кооперативи (ширкат хўжалиги) тўғрисида»ги, «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги, «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги қонунлари қабул қилинди ва шулар асосида қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш учун тўла ҳуқуқий асос яратилди.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари билан 1999—2001 йиллар давомида 68 та зарар кўриб ишлаётган, истиқболсиз, паст рентабелли ширкат хўжаликлари негизида 4 мингдан кўпроқ фермер хўжаликлари ташкил этилди. Таъкидлаш жоизки, ўтган йиллар мобайнида фермер хўжаликларининг ишлаб чиқариш, иқтисодий ва молиявий кўрсаткичлари бу турдаги хўжалик юритиш шаклининг самарали ҳамда ҳукуматимиз томонидан бу борада олиб борилаётган сиёсатнинг нақадар тўғри эканлигини исботлади.
Учинчи босқич – фермерлик ҳаракатини жадал ривожлантириш босқичи бўлди. Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 5 январда қабул қиланган «Қишлоқ хўжалиги корхоналарини фермер хўжаликларига айлантириш тўғрисида»ги қарорига асосан Ёзёвон, Мирзаобод ва Меҳнатобод туманларидаги зарар билан ишлаётган 83 та ширкат тўлиқ фермер хўжаликларига айлантирилди, бу ўз самарасини берди. Шу тариқа мамлакатимизда 2004 йилдан фермерликни кенг тарғиб этиш даври бошланди. 2004—2007 йиллар давомида республикамизнинг барча ҳудудларида ширкат хўжаликлари тўлиқ тугатилиб, улар негизида 215 мингдан зиёд фермер хўжаликлари ташкил этилди.
Бироқ, фермер хўжаликлари фаолияти чуқур таҳлил қилинганда, амалга оширилган чора-тадбирларга қарамай ҳали ҳам фермер хўжаликлари фаолиятида бир қатор ечимини кутаётган долзарб муаммолар мавжудлигини кўрсатди. Хусусан, айрим фермерлар томонидан ер майдонларидан самарасиз фойдаланилаётганлиги, молиявий-иқтисодий аҳволининг сурункали нобарқарорлиги, моддий-техника ресурслари билан етарлича таъминланмаганлиги, ер ажратишда ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароити, аҳоли зичлиги ва бандлиги каби масалалар инобатга олинмаганлиги, шунингдек хўжаликларнинг тармоқ ихтисослиги (пахта ва ғаллачилик, боғ ва узумчилик, сабзавот ва полизчилик, чорвачилик ва бошқалар) бўйича ер участкалари мақбул бўлинмаганлиги каби масалалар кўзга ташланиб қолди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 6 октябрдаги «Фермер хўжаликлари тасарруфидаги ер участкалари майдонини мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойиш шу каби масалаларнинг ечимини топиш мақсадида қабул қилинди. Мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилган мақбуллаштириш жараёнида республикамиздаги фермер хўжаликлари сони 215 минг 776 тадан 107 минг 381 тага ёки 51 фоизга камайди. Бунда фермер хўжаликларининг ўртача ер майдонлари 27,4 гектардан 47,5 гектаргача кенгайди.
2009 йилдаги мақбуллаштириш жараёни таҳлил қилинганда, фермер хўжаликларининг айланма маблағлари кўпайгани, ер, минерал ўғит, ёнилғи-мойлаш, техника ва бошқа моддий ресурслардан самарали фойдаланиш кўрсаткичлари бирмунча ошгани маълум бўлди. Натижада қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш ҳажми сезиларли даражада кўпайди. Жумладан, далалардан йиғиб-териб олинган ғалла 385 минг тоннага, мева-сабзавот ва картошка маҳсулотлари 800 минг тоннага ошди. Ўтган йил деҳқонларимиз учун мураккаб келганлигига қарамасдан, фермерларимиз мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиб, ҳосилдорликни ғаллачиликда 5,2, пахтачиликда 1,9 центнерга оширишга муваффақ бўлдилар. Бу кўрсаткичлар юртимиз деҳқончилигининг катта ютуғидир.
Ўтган давр мобайнида орттирган тажрибамиз фермерликни янада ривожлантириш учун бир қатор жуда муҳим муаммоларни, хусусан, фермер хўжаликларининг барқарорлиги, энг муҳими, уларнинг иқтисодий самарадорлигини ошириш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишни қатъий талаб этмоқда. Фаолият кўрсатаётган аксарият фермер хўжаликларининг иш тажрибаси шундан далолат берадики, фермер хўжаликларига ислоҳотларнинг дастлабки босқичида ажратиб берилган ер майдонларининг камлиги маҳсулот ишлаб чиқариш рентабеллигининг ўсишига кўп жиҳатдан тўсқинлик қилмоқда. Имкониятлари, салоҳияти паст бўлган фермер хўжаликлари ўзини зарур техника, айланма маблағ билан таъминлаш, кредит қобилиятига эга бўлиш, энг асосийси - ўз харажатларини қоплаш ва фойда топиб ишлаш, фермер хўжалиги даромадининг оширишни ишончли асосга айлантириш қобилиятига эга бўлмаслигини бугун ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 22 октябрдаги «Фермер хўжаликлари тасарруфидаги ер участкалари майдонларини янада мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида бирмунча ижобий ишлар амалга оширилди, жумладан, ер майдонлари тўлиқ инвентаризациядан ўтказилиб, фермер хўжаликларининг фаолиятини танқидий баҳолаш асосида уларнинг ер майдонларини мақбуллаштириш бўйича кенг кўламли, шу билан бирга пухта ўйланган ишлар амалга оширилди.
Асосланган ҳолда ўтказилган мақбуллаштириш жараёни натижаларига кўра, 26 минг 753 та (24,9 фоиз) фермер хўжаликлари тугатилиб, бугунги кунда фермер хўжаликларининг жами сони 80 минг 628 тани, шундан 41 минг 827 таси (51,8 фоиз) пахта ва ғаллачилик, 4 минг 36 таси (5 фоиз) сабзавот ва полизчилик, 22 минг 159 таси (27,4 фоиз) боғ ва узумчилик, 6009 таси (7,5 фоиз) чорвачилик ҳамда 6 минг 597 таси (8,2 фоиз) бошқа йўналишлардаги фермер хўжаликларидир.
Ўртача бир фермер хўжалигига тўғри келган ер майдони 62,4 гектарга етди. Фермер хўжаликларининг ўртача ер майдонларини тармоқлар бўйича олиб қарайдиган бўлсак, пахтачилик ва ғаллачиликда 70,3 гектардан 84,5 гектаргача, сабзавотчиликда 14,8 гектардан 19,1 гектаргача, чорвачиликда 142,8 гектардан 162,2 гектаргача кўпайди.
Мухтасар қилиб айтганда, бугунги кунда юртимизда қишлоқ мулкдорларининг ривожланиши учун ҳар томонлама шароитлар яратилган бўлиб, улар мамлакат иқтисодиётини юксалтириш, халқимизнинг қишлоқ хўжалик маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини янада тўлароқ қондиришга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Ахборот хизмати
ҲИСОБ-КИТОБ МАРКАЗИ
қулай ва самарали
Фермер хўжаликлари ривожланишида уларнинг молиявий-иқтисодий барқарорлигини таъминлаш ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Бунинг учун биринчи навбатда, ҳар бир фермер хўжалигида ҳисоб-китоб тизимини тўғри йўлга қўйиш лозим. Уларда ҳисоб-китоб ишларини талаб даражасида олиб бориш учун эса ҳар бир фермер хўжалигида малакали бухгалтерлар бўлиши керак. Ер майдони, ишлаб чиқариш ҳажми, шунингдек, жойларда малакали бухгалтер мутахассислар етишмаслигидан келиб чиққан ҳолда бугунги кунда фаолият кўрсатаётган 80 мингдан ортиқ фермер хўжалигининг ҳар бири учун алоҳида бухгалтер тайинлаш бирмунча қийинчиликлар туғдириши табиий. Бундай шароитда амалдаги тартибларга биноан фермер хўжалиги ўз ихтиёрига кўра бухгалтерия хизматларини кўрсатувчи ташкилот ёки фирмалар хизматидан ҳам фойдаланиши мумкин.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2009 йил 18 декабрдаги «Фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисобининг соддалаштирилган тизимини амалда жорий этиш билан боғлиқ чора-тадбирлар тўғрисида»ги буйруғига мувофиқ Андижон вилоятининг Булоқбоши, Жиззах вилоятининг Мирзачўл ва Навоий вилоятининг Қизилтепа туманларида масъулияти чекланган жамият шаклида фаолият кўрсатувчи намунавий ҳисоб-таҳлил марказлари тажриба тариқасида жорий этилмоқда.
Ҳисоб-таҳлил маркази жойларда масъулияти чекланган жамият шаклида ташкил этилиши ва уларнинг таъсисчилари сони 50 кишидан ошмаслиги, унинг таъсисчилари сифатида фермер хўжаликлари, деҳқон хўжаликлари, таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи корхоналар, хусусий тадбиркорлар ҳамда бошқа юридик ва жисмоний шахслар ихтиёрий равишда бирлашишлари мумкин.
Мазкур марказлар маҳаллий шароитдан келиб чиққан ҳолда ҳудудий ташкил этилиши мақсадга мувофиқдир. У ўзини ўзи молиялаштириш (хўжалик ҳисоби) тамойиллари асосида фаолият юритувчи тижорат ташкилоти ҳисобланади. Унинг молиявий маблағлари фермер хўжаликларига кўрсатилган хизмат ва турли молиявий ёрдамлар, грантлар ҳисобига шаклланади.
Мутахассислар томонидан Ҳисоб-таҳлил марказини ташкилий бошқарув тузилмаси ишлаб чиқилди. Бу тузилма хизмат кўрсатиш гуруҳи ва бухгалтерлар, иқтисодчилар, хуқуқшунос каби мутахассисларни ўз ичига олади. Бундан ташқари, марказда хизмат кўрсатиш турларини кенгайтириш мақсадида келажакда агроном, зооветеринар, зоотехник ва бошқа мутахассислар ҳам фаолият юритиши мумкин (расм).
Марказ жорий (бир йиллик) ва истиқболли (3—5 йиллик) режалар тузади ҳамда ўз фаолиятини мазкур режалар асосида ташкил этади. Режалар марказ бошлиғи ва мутахассислари томонидан ишлаб чиқилади ва умумий йиғилишда кўпчилик овоз билан тасдиқланади.
Марказ:
– тегишли тартибда молия муассасаларининг имтиёзли ва тижорат кредитларидан фойдаланади. Шунингдек, кредитлашнинг муқобил шакли бўлган лизинг асосида компьютер, техника воситалари ва бошқа турдаги асбоб-ускуналарни қонунчиликда кўзда тутилган шартларда олиши;
– ўз таъсисчиларига ва таъсисчи бўлмаган бошқа юридик шахсларга бухгалтерия ва статистик ҳисоб-китоб ишларини шартнома асосида бажариб бериши асосида маблағларини шакллантириши;
– қонунчиликда белгиланган тартибда ахборот-консалтинг хизмати кўрсатиш фаолиятини ташкил этиш асосида қўшимча иш ўринларини яратиши ва ўз даромадини кўпайтириши;
– ўз фаолиятини ривожлантириш мақсадида маҳаллий ва хорижий инвестицияларни жалб қилиши ҳамда белгиланган тартибда инвестицион лойиҳалар тайёрлаш ва улар танловида иштирок этиши мумкин.
Фермер хўжаликларида маҳсулот ишлаб чиқариш, ер майдони, ҳосилдорлик, молиявий иқтисодий кўрсаткичлар ва бошқа ҳисоб ҳамда ҳисоботларни аниқ бўлишини таъминлаш учун Ҳисоб-таҳлил маркази мутахассислари жавобгар ҳисобланади.
Улар ҳар ҳафтанинг биринчи кунида ҳудуддаги фермер хўжаликлари фаолияти бўйича барча маълумотларни Марказда ташкил этилган ҳар бир фермер хўжалиги бўйича очилган махсус маълумотлар банкига киритиб борадилар.
Шу билан бирга, фермер хўжалигидан олинган маълумотларни уларга хизмат кўрсатувчи ва таъминотчи корхоналардан олинган маълумотлар билан мос келишлигини мунтазам равишда текшириб борадилар.
Ушбу маълумотлар ва уларнинг жамланмаси асосида чораклик ва йиллик ҳисоботларни давлат статистика ва солиқ органларига ўз вақтида топширадилар.
Ҳисоб-таҳлил марказида фермер хўжаликлари бухгалтерия ҳисобини соддалаштирилган тизим бўйича икки йўналишда ташкил этилиши мақсадга мувофиқ:
1) оддий шакл (кичик ҳажмдаги мева-сабзавотчилик, боғдорчилик, асаларичилик фермер ва деҳқон хўжаликлари учун);
2) комбинациялашган шакл (пахта ва ғалла етиштириш учун ихтисослашган ҳамда қайта ишлаш цехларига эга йирик фермер хўжаликлари учун).
Фермер хўжалиги раҳбарлари шарт-шароитлари, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмларидан келиб чиққан ҳолда ўзлари хоҳлаган йўналишда бухгалтерия ҳисобини юритишлари мумкин.
Фермер хўжалигида ҳисоб-китоб тизимининг тўғри ташкил этилиши ишлаб чиқариш ресурслари сарфини доимий назорат қилиш, маҳсулот таннархига салбий таъсир қилаётган омилларни қайта кўриб чиқиш, арзон ва рақобатбардош маҳсулот етиштириш ва пировард натижада юқори даромад олиш ҳамда молиявий жиҳатдан барқарор ривожланиш имконини беради.
М.Қосимов
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги корхона ва ташкилотларни 2010 йилнинг биринчи чорагида
ижтимоий - иқтисодий ривожлантириш ҳамда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш якунлари ҳақида
М а ъ л у м о т
Ҳисобот даврида вазирлик ҳамда тизимдаги корхона ва ташкилотларнинг асосий фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов томонидан республика Ҳукуматининг 2010 йил 29 январдаги мажлисида белгилаб берилган 2010 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг устувор вазифалари амалга оширилишини сўзсиз таъминлашга йўналтирилгани ҳолда соҳани ривожлантириш, ислоҳотларни чуқурлаштириш, модернизация қилишнинг тўғри танланган стратегияси, Инқирозга қарши чоралар дастурини босқичма-босқич бажаришда мавжуд куч ва имкониятлар тўлиқ сафарбар этилиши туфайли аҳолининг турмуш даражаси ва фаровонлигини оширишга қаратилган параметрларда иқтисодий ривожлантиришнинг барқарор суръатларига эришилди.
Бу даврда амалдаги баҳоларда 1 трлн 16,6 млрд сўмлик ялпи қишлоқ хўжалик маҳсулоти ишлаб чиқарилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қиёслама баҳоларда 6,1 фоиз ўсиш таъминланди, ўз навбатида вазирлик тизимида қиёслама баҳоларда 14,0 млрд сўмлик (ўсиш даражаси 41,0%) саноат маҳсулоти ҳамда 1,3 млрд сўмлик (17,7%) халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқарилди;
Манзилли дастурлар доирасида умумий қиймати 28,5 млрд сўмлик (чораклик лимитга нисбатан 101,0%) давлат капитал қўйилмалари ўзлаштирилиб, 15.7 млрд сўмлик (100,2%) қурилиш-монтаж ишлари бажарилди, шу жумладан 8 та хорижий инвестиция лойиҳаси доирасида 4,47 млн доллар (100,2%) ҳажмида маблағ ўзлаштирилди;
Мамлакат экспорт дастури доирасида экспорт таркибини диверсификациялаш ва экспорт бозорлари географиясини кенгайтириш бўйича кўрилаётган ташкилий ва амалий чоралар давом эттирилгани натижасида чораклик прогноз кўрсаткичлар 133,3 фоизга уддаланди;
саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури доирасида 13 та лойиҳа бўйича импорт ўрнини босувчи 102 млн сўмлик (100,0%) маҳсулотлар ишлаб чиқарилди;
қишлоқ аҳолиси учун янги иш ўринлари яратиш борасидаги фаолият давом эттирилиб, касаначилик дастури доирасида қўшимча 60 та (100,0%) янги иш ўринлари яратилди ва улар томонидан 10,0 млн сўмлик маҳсулот тайёрланди. Бундан ташқари паррандачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларини ташкил этишда 553 та ҳамда сув хўжалиги тизимида янги қувватларни ишга тушириш ва мавжудларини кенгайтириш ҳисобига 49 та янги иш ўринларининг очилиши таъминланди;
вазирлик тизими бўйича 11182 тонна (112,6%) қора металл парча ва чиқиндилари йиғиб-топширилди;
давлат буюртмаси бўйича пахта хом ашёси ва ғалла етиштириш учун қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга 703,4 млрд сўм (ўтган йилнинг шу даврида 521,7 млрд сўм) имтиёзли кредит маблағлари ажратилиб, турли русумдаги, шу жумладан лизинг асосида 13,4 млрд сўмлик 699 дона қишлоқ хўжалик техникалари ҳамда зарур миқдордаги минерал ўғит ва ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари етказиб берилди;
жорий йилнинг 16 апрель ҳолатига жами 1143,5 минг гектар суғориладиган ва 203,4 минг гектар лалми майдонларга экилган бошоқли дон экинлари 2,4 марта озиқлантирилиб, 2.5 марта суғорилди. Ҳозирда барча майдонларда уларнинг парвариши билан боғлиқ тадбирлар давом эттирилмоқда;
шу йилнинг 16 апрель ҳолатига 2010 йил ҳосили учун республика бўйича 1090,5 минг гектар (82,9%) майдонга чигит экилди;
фаолият кўрсатаётган 150 та қайта ишлаш корхоналари, 269 та агрофирмалар, 13 та “Мева-сабзавоттайёрловсавдо” ихтисослашган компаниялари ва бошқа субъектлар билан жами 3 млн 594,2 минг тонна (101,0%) сабзавот, полиз, мева-узум маҳсулотлари ва картошка ишлаб чиқариш учун шартнома тузилиб, жорий йилнинг 15 апрелига қадар барча тоифадаги асосий ва оралиқ майдонларга 180,1 минг гектар (91,7%) сабзавот, 36.5 минг гектар (79,2%) полиз экинлари ва 67,3 минг гектар (101,5%) майдонларга картошка экилди;
ноанъанавий мойли экинлар экиш тадбирлари доирасида жами 3828 гектарга (13,9%) кунгабоқар ва 47125 гектар (91,3%) лалми майдонларга махсар экилиши ташкил қилинди;
чорвачилик соҳасидаги ислоҳотлар давом эттирилгани ҳолда барча тоифа хўжаликларида қорамоллар бош сони 6.2%, шундан сигирлар бош сони 5.6%, қўй ва эчкилар бош сони 6.0%, паррандалар бош сони 12,8 фоизга кўпайиб, тирик вазнда гўшт ишлаб чиқариш 6.3%, сут - 6.5%, тухум - 12,2% ва жун ишлаб чиқариш 12,8 фоизга ўсди;
қишлоқ аҳолиси турмуш фаровонлигини яхшилаш мақсадида 2835 нафар фуқарога қорамол сотиб олиш учун 4,0 млрд сўм (йиллик режага нисбатан 8,9%) имтиёзли кредит маблағлари ажратилиб, кам таъминланган оилаларга ҳомийлар ҳисобидан жами 2355 бош (85,6%) қорамоллар бепул етказиб берилди;
шу йилнинг 14 апрель ҳолатига жами 422 минг 28 та (100,0%) қурт боқувчи звенолар билан 52 минг 514 та фермер хўжаликлари ўртасида 25,0 минг тонна пилла хом ашёси етиштириш бўйича шартномалар тўлиқ тузилиб, ипак қуртини парваришлаш мавсуми бошланди;
вазирлик тизимида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан дебитор қарзлар 13,2 млрд сўмга ва кредитор қарзлар 7,7 млрд сўмга камайтирилди;
“Cуғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш” давлат дастури доирасида 24 та лойиҳа бўйича 39,8 километр (101,0%) узунликдаги мелиоратив объектларни реконструкция қилиш ва қуриш ҳамда 192 та лойиҳа бўйича 3206,3 километр (110,0%) масофада таъмирлаш ва тиклаш ишларида жами 16,5 млрд сўмлик маблағлар ўзлаштирилди;
шу йилнинг 1 апрелига қадар республика бўйича 15,2 минг гектар янги ўрмонзорлар барпо этилиб, 1946 минг дона (йиллик режага нисбатан 75,1%) “Япон софораси” ва 175,4 минг дона (78,1%) “Каштан” дарахти кўчатлари экилиб, парваришланмоқда;
“Баркамол авлод йили” давлат дастурида қайд этилган тадбирлар ижросини ташкил этиш ва таъминлаш юзасидан вазирликнинг тегишли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, унинг бажарилиши борасида мунтазам мониторинг юритилмоқда.
Ахборот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги корхона ва ташкилотларни 2009 йилда
ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш якунлари ҳақид
М а ъ л у м о т
Ҳисобот йилида вазирлик ҳамда тизимдаги корхона ва ташкилотларнинг асосий фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов томонидан республика Ҳукуматининг 2009 йил 13 февралдаги мажлисида белгилаб берилган 2009 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг устувор вазифалари амалга оширилишини сўзсиз таъминлашга қаратилгани ҳолда глобал молиявий-иқтисодий инқирознинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш юзасидан “2009-2012 йилларга мўлжалланган Инқирозга қарши чоралар” ҳамда “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили” Давлат дастурлари доирасида қатор тизимли тадбирлар амалга оширилиши натижасида барқарор иқтисодий ўсишни таъминловчи қуйидаги кўрсаткичларга эришилди:
амалдаги баҳоларда 12 трлн 642,6 млрд сўмлик ялпи қишлоқ хўжалик маҳсулоти ишлаб чиқарилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қиёслама баҳоларда 5,7 фоиз ўсиш таъминланди, ўз навбатида вазирлик тизимида қиёслама баҳоларда 76,6 млрд сўмлик (ўсиш даражаси - 53,0%) саноат маҳсулоти ҳамда 7,2 млрд сўмлик (29,0%) халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқарилди;
Манзилли дастурлар доирасида умумий қиймати 148,9 млрд сўмлик давлат капитал қўйилмалари ўзлаштирилиб, 84.8 млрд сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди ва 31,8 млрд сўмлик асосий фондлар ишга туширилди, шу жумладан 12 та хорижий инвестиция лойиҳаси доирасида 36,88 млн доллар ёки 2009 йил 10 декабрдаги қайта тақсимланган прогнозга нисбатан 100,9 фоиз ҳажмида маблағ ўзлаштирилди.
Наманган вилояти Поп туманида 33,6 млн куб/метр сиғимга эга бўлган Жидалисой сув омбори комплекси қурилиб, тўлиқ фойдаланишга топширилди;
Андижон вилояти Избоскан туманида 0,2 метр куб/секунд қувватига эга бўлган насос станцияси ишга туширилиб, 150 гектар майдонда кафолатли сув етказиб бериш таъминланди;
Мамлакат экспорт дастури доирасида экспорт таркибини диверсификациялаш ва экспорт бозорлари географиясини кенгайтириш бўйича кўрилган ташкилий ва амалий чоралар натижасида вазирлик бўйича 5611,9 минг доллар миқдорида маҳсулот ва хизматлар экспортга чиқарилиб, йиллик прогноз 171,3 фоизга ошириб бажарилди;
саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материалларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури доирасида тизимдаги корхоналар томонидан 9 млрд 205,2 млн сўмлик (108,9%) маҳсулот ишлаб чиқарилди;
тўлов интизомини мустаҳкамлаш масаласи қатъий назоратда бўлиб, ўтган йилга нисбатан тизим бўйича дебитор қарзлар 48,6 млрд сўмга ҳамда кредитор қарзлар 39,8 млрд сўмга камайтирилди;
ҳисобот йилида қишлоқ хўжалик корхоналарига давлат буюртмаси бўйича пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштириш учун 1 трлн 108 млрд сўмлик имтиёзли кредит маблағлари йўналтирилди;
соҳада бозор принципларини босқичма-босқич жорий этилиши, шартномавий ва ҳисоб-китоб тизимининг такомиллаштирилиши ҳамда мавжуд ресурслардан самарали фойдаланишга бўлган эътибор натижасида ўтган 2008 йилга нисбатан 34 минг тонна ёки 33 млрд сўмлик дизель ёнилғиси ва сув хўжалигида фойдаланиладиган электр энергиясидан 19,5 млрд сўм маблағ иқтисод қилинди;
фермерлик ҳаракати самарадорлигини оширишга қаратилган тадбирлар изчил давом эттирилди, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 6 октябрдаги Ф-3077-сон ҳамда 2009 йил 22 октябрдаги Ф-3287-сон фармойишлари доирасида фермер хўжаликларининг ер участкаларини мақбуллаштириш билан боғлиқ вазифалар деярли якунига етказилди.
Бугунги кунда мамлакат ялпи қишлоқ хўжалик маҳсулотида фермер хўжаликларининг улуши 34,5 фоизни ташкил этиб, ишлаб чиқарилган жами пахта хом ашёсининг 99,2 ва ғалланинг 81,4 фоизи улар ҳиссасига тўғри келди.
Жами 6 миллион 839 минг тоннадан зиёд ғалла ишлаб чиқарилиб, унинг 3 млн 203,3 минг тоннадан ортиғи давлатга сотилди. Мавсумда 23 минг 972,4 тонна пилла хом ашёси тайёрланди;
мамлакат аҳолисини озиқ-овқат товарларига бўлган эҳтиёжини тўлароқ қондириш ва ички истеъмол бозорини барра ва сархил қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш чоралари кўрилди, натижада жами 10 млн 770,7 минг тонна ёки ўтган йил кўрсаткичларига нисбатан 10,0 фоиз ёки 979,8 минг тонна кўп маҳсулот тайёрланди, бунда 5704,7 минг тонна сабзавот (ёки 2008 йилга нисбатан +487,3 минг тонна), 1523.5 минг тонна картошка (+124,8 минг тонна), 1100.0 минг тонна полиз (+118,7 минг тонна), 1542.9 минг тонна мева (+140,2 минг тонна) ва 899,6 минг тонна узум (+108,8 минг тонна) ишлаб чиқарилгани ҳолда куз-қиш мавсуми учун уларнинг 521,7 минг тонна заҳираси яратилди;
“Мевасабзавоттайёрловсавдо” ихтисослашган компанияларини ташкил қилиш ва иссиқхоналар қуриш ҳамда улар фаолиятини йўлга қўйиш борасидаги ишлар қатъий график асосида олиб борилгани ҳолда муқобил иссиқлик манбаларидан фойдаланувчи 585,8 гектар майдонда 1029 та енгил конструкцияли иссиқхона қурилди;
барча тоифа хўжаликларида жами қорамоллар бош сони 8510,8 минг бошни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 6,0 фоизга кўпайди, шундан сигирлар 3535,6 минг бош (6.2%), қўй ва эчкилар 14438,3 минг бош (6.5%), паррандалар 33025,8 минг бош (11,9%) ва ўз навбатида унинг маҳсулдорлиги ҳам ошиб, тирик вазнда жами 1367,7 минг тонна гўшт, 5778.9 минг тонна сут, 2715.9 млн дона тухум, 24.9 минг тонна жун ва 897,9 минг дона қоракўл тери ишлаб чиқарилди;
янгидан 165 та зооветеринария ва 94 та сунъий уруғлантириш пунктлари ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 3446 тага етказилди.
Аҳоли ва фермер хўжаликларидаги чорва молларига мавжуд 2443 та зооветеринария пунктлари томонидан 6,2 млрд сўмлик сервис хизматлари кўрсатилиб, бунда бир шартли чорва молига кўрсатилган хизмат баҳоси республика бўйича ўртача 819 сўмни ташкил қилди;
чорва моллари наслини яхшилаш мақсадида хорижий давлатлардан 37,5 млрд сўмга жами 6651 бош наслли моллар келтирилиб, бир бош наслли ғунажиннинг ўртача баҳоси 5,6 млн сўмга тўғри келди;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 26 январдаги ПҚ-1047-сон қарори доирасида гўштни қайта ишлайдиган 39 та ва сутни қайта ишлайдиган 58 та ҳамда сутни қабул қилувчи 43 та сервис марказлари ташкил этилди.
паррандачиликка ихтисослашган 372 та фермер хўжалиги ташкил этиш ҳамда тизимдаги саноат корхоналарида касаначиликни ривожлантириш ҳисобига жами 2670 та янги иш ўринлари яратилиб, аҳолининг иш билан бандлигида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан тизим бўйича 75,3 фоиз ўсиш таъминланди;
“Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш” Давлат дастури доирасида жами 130,0 млрд сўм ажратилган бўлиб, шу ҳисобдан ҳисобот йилида 102 та лойиҳа бўйича 702 километр узунликда коллектор-дренаж тармоғи, 136 километр ёпиқ-ётиқ дренаж, 195 дона тик қудуқлар, 6 дона мелиоратив насос станция ҳамда 485 дона кузатув қудуқлари қурилди ва реконструкция қилинди.
Бундан ташқари 263 та лойиҳа бўйича 12 минг 696 километр коллектор-дренаж тармоғи тозаланди, 1311 километр ёпиқ-ётиқ дренаж ювилди, 1249 дона вертикал дренаж, 57 дона мелиоратив насос агрегатлар таъмирланиб, 48 млрд 142 млн сўмлик (101,8%) маблағ ўзлаштирилди;
соҳа илм-фанини ривожлантиришдаги саъйи-ҳаракатларда ва илмий изланишларда натижадорликка устуворлик берилиб, улар кўлами янада кенгайтирилди, Давлат дастури доирасида қишлоқ ва шаҳарлар атрофини кўкаламзорлаштириш ва соф экологик муҳитни яратишга бўлган эътибор янада кучайтирилди ва тизимдаги ўрмон хўжаликларида 42,2 минг гектарда янги ўрмонзор барпо этилди, жами 29,5 гектарда “Япон софораси” ҳамда 10,7 гектар майдонда “Каштан” дарахти кўчатларини етиштирувчи кўчатхоналар ташкил қилинди.
Ахборот хизмати
ОЗИҚ-ОВҚАТ ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ
мамлакат аграр сиёсатининг муҳим омили
Мустақиллик йилларида мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида амалга оширилган кенг миқёсли иқтисодий ислоҳотлар аграр соҳада туб ўзгаришларга олиб келди. Энг аввало, пахта яккаҳокимлиги барҳам топди, аграр ишлаб чиқаришни ташкил этишнинг ўзбек халқининг менталитетига мос ва жаҳоннинг илғор тажрибасига асосланган шакллари – деҳқон ва фермер хўжаликлари ташкил этилди. Маҳкамавий бошқарув тизими бартараф этилиб, ўрнига бозор усуллари татбиқ этила бошланди. Бу эса ўз навбатида қайта ишловчи тармоқларни қишлоқ хўжалиги хомашёси билан, аҳолини эса озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўла таъминлашга асос яратди. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги экспорт борасида ҳам етакчи соҳалардан бирига айланди. Энг асосийси қисқа муддатда мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигига эришилди.
Қишлоқ хўжалиги корхоналарини қайта ташкил қилиш жараёнида қишлоқда хусусий мулк синфи шаклланди. Бундан ташқари, шўролар даврида истеъмолининг 80 фоизи импорт ҳисобидан таъминлаб келинган мамлакатимиз ўта қисқа фурсат ичида ғалла мустақиллигига эриша олди. Натижада, ғалла етиштириладиган майдонлар салкам икки баравар ёки 703,6 минг гектарга, суғориладиган ерларда эса бевосита 2,8 баравар ёки 875,6 минг гектарга ошди. Пахта экин майдонлари 268,1 минг гектарга қисқарди. Суғориладиган ерларда қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш илмий асосланган параметрларга яқинлаштирилди: экин майдонлари таркибида ғалла экинининг улуши 40,6 фоизга, пахта майдонининг улуши эса 43,6 фоизга етказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 20 октябрдаги “Озиқ-овқат экинлари экиладиган майдонларни оптималлаштириш ва уларни етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазкур жараённи яна давом эттиришни назарда тутади. Унга биноан пахта етиштириладиган майдонлар қисқартирилиб, бошоқли дон экинлари майдонини қарийб 50 минг гектарга, шунингдек, сабзавот, мойли ўсимликлар ва бошқа озиқ-овқат экинлари майдонини янада кенгайтириш кўзда тутилади.
Демографик жараёнлар ҳамда ер-сув ресурслари тақчиллиги янада мураккаблашиб бораётган бир шароитда, ҳосилдор экин майдонлари таркибининг бозор муносабатлари талабларидан келиб чиқиб ўзгартирилиши сабзавот, картошка маҳсулотлари миқдорининг кўпайиши билан бир қаторда, дон ва дуккакли ўсимликлар, сабзавот, полиз, мева ва узум маҳсулотларининг турлари ҳамда ассортименти кенгайишига асос бўлиб хизмат қилди.
Мустақиллик шарофати билан мойли экинларга бўлган муносабат ижобий томонга ўзгарди. Яъни, пахта яккаҳокимлиги шароитида илгари мамлакатимизда етиштирилмаган ёки етарли эътибор берилмаган кунгабоқар, сафлор, соя ва қанд лавлаги каби мойли экинлар майдонлари сезиларли даражада кўпайди. Ушбу экинларни қайта ишловчи махсус ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилди.
Эришилган натижаларни рақамлар билан айтадиган бўлсак, истиқлол йилларида дон маҳсулотларини етиштириш 5,3 баравар, картошка — 2,1 баравар, сабзавот, мева, узум — 1,2 баравар, чорвачилик маҳсулотларини етиштириш ўртача 1,2—1,3 бараварга кўпайди.
Ҳукуматимиз томонидан ишлаб чиқилган ва амалга оширилган сиёсат натижасида дон маҳсулотлари импорти 2,5 бараварга қисқарди, аҳоли жон бошига дон ишлаб чиқариш эса ўртача 1,9 бараварга ошди.
Юртимиз асрлар давомида озиқ-овқат маҳсулотлари билан наинки ўзини ўзи тўла боқиб келган, балки қўшниларимизга уларни экспорт ҳам қилиб келган. Лекин мустамлака даврида Ўзбекистон собиқ тузум енгил ва тўқимачилик саноатини арзон ва сифатли пахта хомашёси билан таъминловчи базага айлантирилди. Шу боис, юртимизга озиқ-овқат маҳсулотларининг муайян қисми бошқа республикалардан олиб келина бошланди. 2001 йилга келиб Ўзбекистон яна дон экспорт қилиш даражасига ета олди.
Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг умумий экспорти ҳажмида озиқ-овқат маҳсулотларининг улуши 1997 йилда атиги 3,2 фоизни ташкил этган бўлиб, 2007 йилда у 8,5 фоизга етди. Ва аксинча, давлатнинг озиқ-овқат импортига қарамлилик даражаси қисқариши кузатилмоқда. Яъни 1997 йилда озиқ-овқат маҳсулотлари импорти 12,5 фоизни ташкил этган бўлса, 2007 йилда мазкур кўрсаткич 7,9 фоизга тушди. Бундай натижага нафақат мева, сабзавот-полиз, консерва каби маҳсулотларни кенг ҳажмда ишлаб чиқарилиши ҳисобига, балки ун-нон, гўшт ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳисобига ҳам эришилди.
Мамлакат аграр сектори эртапишар ва кечпишар мева ҳамда сабзавот, полиз, ёнғоқ, писта-бодом каби маҳсулотларни ишлаб чиқаришда катта салоҳиятга эга. Улар бўйича таклифлар ички талабдан юқори бўлиб, экспорт ҳажмини ошириш учун қулай имконият яратади.
Шу боис, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши самарадорлигини ошириш мақсадида деҳқон ва фермер хўжаликлари етиштирган мева-сабзавот маҳсулотларини сотиб олиш, ички ва ташқи бозорга олиб чиқиш ва қайта ишлашда кўмак беришни ташкил этиш мақсадида фермерларнинг агрофирма каби ихтиёрий уюшмалари яна қайтадан ташкил қилинди. Агрофирмалар хорижий давлатларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмларининг кўпайишига муайян ҳисса қўшишмоқда. Масалан, биргина 2007 йилнинг ўзида мавжуд 195 та агрофирманинг 64 таси йил давомида 6 минг тоннага яқин маҳсулот экспорт қилишга эришди.
Алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон нафақат хўжаликлараро ва агросаноат кооперациялари ҳисобига озиқ-овқат хавфсизлигини таъминламоқда, балки у Ҳамдўстлик давлатлари озиқ-овқат бозорига ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Ҳукуматимиз аграр соҳанинг барқарор ривожланиши учун катта кўмак бериб келмоқда. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватланиши ўз ичига қуйидаги асосий йўналишларни олади: қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ривожлантиришда якка тартибдаги ишлаб чиқарувчилар аҳамиятини кучайтириш; уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳимоя қилиш; деҳқон ва фермер хўжаликларига самарали фаолият олиб боришлари учун амалий ёрдам бериш; кичик ва хусусий бизнеснинг иқтисодий асосларини мустаҳкамлашда қўллаб-қувватлаш; уларни аҳоли турмуш тарзини ошириш ва иқтисодий ўсишнинг муҳим омилига айлантириш; истеъмол бозорларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўлдириш ва улгуржи савдо тизимини янада ривожлантириш; мамлакат ҳудудларида импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ҳажмини кўпайтириш ва экспортни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, жаҳонда иқтисодий ва озиқ-овқат инқирозлари тобора чуқурлашаётган бир даврда мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун етарли даражада чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бундай аграр сиёсат мамлакатимиз аҳолиси турмуш даражасининг ошишига хизмат қилаяпти.
О.Олимжонов







