Сабзавот, полиз, картошка, мева ва узум маҳсулотларини етиштириш,
қайта ишлаш, ички истеъмол бозорини тўлдириш ва экспорт
қилиш ҳажмларини кўпайтириш бўйича
М А Ъ Л У М О Т
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 26 январдаги “Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ва ички истеъмол бозорини улар билан тўлдириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1047-сонли қарори билан 2009 йилда: сабзавот 5510 минг тонна, полиз 1046,4 минг тонна, картошка 1485,2 минг тонна, мева 1477 минг тонна, узум 899,4 минг тонна маҳсулотлар етиштириш белгиланган эди.
Республика бўйича 2009 йилда жами 1293 та уруғ, кўчат, ўғит сотишга ихтисослашган дўконлар орқали фермер ва деҳқон хўжаликларига талаб этиладиган уруғ ва кўчатларни тўлиқ етказиб берилган.
Талаб этиладиган -1,2 минг тонна сабзавот уруғи, -329 тонна полиз уруғи, -300,0 минг тонна уруғлик картошка экилган ҳамда таъмирталаб боғ-токзорлар ораларига, янги боғ-токзорлар барпо этиш ҳамда йўл четлари дала атрофларига -6 млн. 544 минг дона мевали дарахтлар, -3 млн. 267 минг дона ток кўчатлари, -29 млн. 373 минг дона манзарали ва тут кўчатлари ўтказилган.
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги барча тоифадаги хўжаликларда 2009 йилда мева-сабзавот, полиз, картошка ва узум маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича жами 10 млн. 418 минг тонна маҳсулотларини етиштириш белгиланган. 2009 йил якунлари бўйича жами 10 млн. 770,7 минг тонна маҳсулотлари етиштирилган.
Шу жумладан, 1205,1 минг тонна қайта ишлаш корхоналарига топширилган, 385,4 минг тонна уруғлик учун ажратилган, 413,6 минг тонна экспорт қилинган, 8766,6 минг тонна мева-сабзавот, узум, полиз ва картошка маҳсулотлари ички бозор ва ички исътемол учун ишлатилган.
Шунингдек, Сабзавот етиштириш ҳажми 5704,7 минг тонна ёки 103,5 фоиз, бу кўрсатгич ўтган йилга нисбатан 9,3 фоизга кўп маҳсулот ишлаб чиқарилган. Картошка етиштириш ҳажми 1523,5 минг тонна ёки 102,6 фоиз, бу кўрсатгич ўтган йилга нисбатан 8,9 фоизга кўп маҳсулот ишлаб чиқарилган. Полиз етиштириш ҳажми 1100 минг тонна ёки 105,1 фоиз, бу кўрсатгич ўтган йилга нисбатан 12,1 фоизга кўп маҳсулот ишлаб чиқарилган. Мева етиштириш ҳажми 1542,9 минг тонна ёки 104,5 фоиз, бу кўрсатгич ўтган йилга нисбатан 10 фоизга кўп маҳсулот ишлаб чиқарилган. Узум етиштириш ҳажми 899,6 минг тонна ёки 100 фоиз, бу кўрсатгич ўтган йилга нисбатан 13,7 фоизга кўп маҳсулот ишлаб чиқарилган.
Республикадаги фаолият юритаётган 262 та агрофирмалар томонидан маҳсулот етиштирувчи фермер хўжаликлари томонидан шартномалар тузилган шартномалар асосида 2009 йилда жами 991,4 минг тонна 187 млрд. 800 млн. сўмлик маҳсулотларлар сотиб олинди, шундан 767,2 минг тонна 175 млрд 273 млн.сўмлик маҳсулотлар тузилган шартномалар асосида тайёрловчи ташкилотларга етказиб берилган.
Аҳолини йил давомида сабзавот маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида иссиқхоналар қурилишига Ҳукумат томонидан алоҳида эътибор берилиб, зарурий шарт-шароитлар яратилаётганлиги боис 2009 йил фермер, деҳқон хўжаликлари ва тадбиркорлар томонидан “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили”да муқобил иссиқлик манбааларидан фойдаланадиган 585,8 гектар майдонда жами 1029 та янги иссиқхоналар қишлоқ туманларида қурилди.
Сабзавот-полизчиликни, боғдорчиликни ривожлантириш ва
қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бошқармаси
Иссиқхоналарда касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш
Иссиқхоналар сабзавот ва кўкат экинларини етиштириш учун қулай бўлибгина қолмасдан, балки турли касаллик ва зараркунандаларнинг қишлаб қолиши ва кўпайиш манбаи ҳамдир. Бундай шароитда қишлаб қоладиган зараркунандалардан оққанот, ўргимчак ва занг кана, ширалар, ҳар хил турдаги тунламлар, касалликлардан ун шудринг, сохта ун шудринг, қўнғир доғланиш ва фомоз каби замбуруғли ҳамда вирусли касалликларни келтириш мумкин.
Бу зараркунанда ва касалликлар иссиқхоналардаги помидор, бодринг ва бошқа экинларга катта зарар келтиради. Шу билан бир қаторда, эрта баҳордан бошлаб иссиқхона атрофидаги бегона ўтларга тарқалиб, кейинчалик катта майдонлардаги барча турдаги сабзавот, полиз ва картошка экинларини ҳам зарарлайди.
Оққанот сабзавот экинларига икки томонлама зарар келтиради: личинкаси ўсимлик баргларининг орқа қисмига жойлашиб, тайёр озуқа моддаларини сўриб олса, етук ҳашаротлардан (личинкасидан) чиқадиган суюқ моддалар баргларнинг устига тушиб ёпишқоқ ширалар ҳосил қилади. Бу ширалар устида қора замбуруғлар тез кўпайиб, ўсимликларнинг нафас олишини қийинлаштиради ва баргларининг тез қуриб қолишига олиб келади. Оққанот бир мавсумда 12—14 маротаба авлод бериб кўпаяди. Оққанотга қарши Трихопорус 1:5 нисбатда (1 та паразит 5 та оққанот личинкасига) ёки 10% Толстар 1 л/га ёки 20% Моспилан 0,4 кг/га ёки Карбафос 1,5 л/га ҳисобида 1 т. сувга қўшиб пуркалади.
Ўргимчак кана ва занг кана ўсимлик баргларини орқа қисмига жойлашиб тайёр озуқа моддаларини сўриб зарар келтиради. Ўргимчак кана билан зарарланган экиннинг барглари сарғайиб тез қурийди. Занг кана билан зарарланган ўсимлик барглари орқасида кумуш рангли доғлар ҳосил бўлиб, барглари четдан сарғайиб қурийди. Ўргимчак кана кўзга кўринади, занг канани эса фақат микроскоп остида кўриш мумкин. Ўргимчак кана бир мавсумда 14—16, занг кана эса 10—12 марта авлод бериб кўпаяди. Бу зараркунандаларга қарши 20% Митак 2 л/га ёки Грезли 0,5 л/га ёки 50% Неорондан 1 л/га, Вертимек 0,2 л/га ҳисобида пуркалса яхши самара беради.
Иссиқхонада шираларнинг икки тури катта зарар келтиради: полиз шираси ва акация ширалари. Бу ширалар билан зарарланган ўсимлик барглари бужмаяди, ўсиш секинлашади ва ҳосилдан қолади. Бу турдаги ширалар ўсимлик баргининг орқасига жойлашиб тайёр озуқа моддаларини сўриб овқатланади. Бу шираларда шундай одат борки, эрта баҳордан то кеч кузгача оталанмай тирик личинка туғиб кўпаяди ва кеч кузда қишлаб қолиш учун 4—5 тадан тухум қўяди. Шу сабабли ҳам ширалар тез — бир мавсумда 16—18 марта авлод беради.
Шираларга қарши 2,5% Децис 0,5 л/га ёки БИ—58 1 л/га ёки 20% Конфидор 0,5 л/га ҳисобида қўлланади. Кўсак қуртига қарши 15% Аваунт 0,4 л/га ҳисобида пуркаш тавсия этилади.
Иссиқхонада намликнинг ортиши, ҳароратнинг кўтарилиши туфайли ун шудринг ва сохта ун шудринг касали бодрингга зарар келтирса, помидор баргларини қўнғир доғланиш ва фомоз кўпроқ зарарлайди.
Бодрингда ун шудринг ва сохта ун шудринг, помидорда қўнғир доғланиш касалига қарши 25% Байлетон 0,12 кг/га ёки 70% Топсин—М 1 кг/га ёки 80% С.П Олтингугурт 4—6 кг/га ёки 60,7% Превихур 1,5 л/га ҳисобида пуркаш тавсия этилади.
Помидорнинг фомоз касаллиги, яъни ҳосил бандининг чириши намликнинг ортиши, чакки томчиларининг кўпайиши натижасида пайдо бўлади. Мева бандида жойлашган гулларга чакки томчилари тушгач, гуллари фома дестриктива турдаги замбуруғлар орқали чирий бошлайди. Оқибатда гул барги атрофи чириб, мевалар тўкилади. Бу замбуруғли касалликнинг олдини олиш учун иссиқхоналарни тез-тез шамоллатиб туриш ва намликнинг ортишига йўл қўймаслик зарур. Бу касалликка қарши 70% Топсин-М 1 кг/га ёки Медний купоросини 0,8 кг/га ҳисобида 1 т сувга қўшиб сепиш мақсадга мувофиқ.
Х.Асқаралиев
БОЗОРЛАРИМИЗ ТЎКИНЧИЛИГИ ЙЎЛИДА
Халқимиз дастурхонининг файзиёблиги, бозорларимизнинг тўкинлиги-ю озиқ-овқат маҳсулотларининг сероблиги, арзонлиги, бир сўз билан айтганда юртимиз фаровонлиги бободеҳқонларимизнинг меҳнати маҳсулидир. Аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида соҳибкорларимиз айни кунларда эртаги сабзавот экинларини экмоқда.
Марказий минтақада жойлашган вилоятлардаги сабзавотчилик фермер хўжаликларида пиёз, сабзи, редиска, картошканинг эртаги навлари ҳамда кўкат сабзавотлар (укроп, кашнич, петрушка ва ҳ.к.) уруғларини 10 мартгача экиш мумкин.
Айтиш жоизки, эртаги сабзавотларнинг бир қисмини плёнка остида парваришланса, ҳосилни оддий усулга нисбатан 15—20 кун барвақт йиғиб олиш имкони яратилади.
Асосий экинлардан бири — помидор уруғларини далага тўғридан-тўғри март ойининг иккинчи ярмида экиш мумкин. Бунда уруғ экилган уялар усти қипиқ ёки чиринди билан мульчаланса, ниҳол тез униб, яхши ривожланади. Экиш схемаси 70х30 ёки 90х25 см.
Майда уруғли сабзавотлардан пиёз, сабзи ҳамда кўкат сабзавотлар уруғларини СОН-2,8 русумли сеялка ёрдамида лента шаклида, қўш қаторлаб (50+20 см оралиқда) ёки қўлда сочма усулда экиш ҳам мумкин. Бу экинлар уруғини эккандан сўнг эгатлар усти кетма-кет чириган гўнг ёки ёғоч қипиғи билан мульчаланса, тез кунда ва тўлиқ униб чиқиши учун қулай шароит (тупроқни қиздиради ва намликни сақлайди) яратилади. Бундан ташқари ҳосилнинг пишиш муддати тезлашади.
Эртаги муддатда экиш учун пиёзнинг Истиқбол, Зафар, Испан—313, Қоратол, Марғилон узунчоқ ва сабзининг Мшак—195, Нурли, Зийнатли, Барвка, Нантская каби навлари тавсия қилинади.
Эртаги картошка экишнинг мақбул муддати: Сурхондарё ва Қашқадарёда 1 мартгача; Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Фарғона водийси вилоятларида 10 мартгача; Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 20 мартгача. Бунда эртапишар Агаве, Санте, Гранола, Зарафшон, Ред Скарлет, ўрта эртапишар Альвара, Аринда, Белуга, Виктория, Драга, Кондор, Карлена, Латона, Марфона, Пикассо ва бошқа навларнинг ундирилган (яровизация қилинган) туганакларни экиш керак. Ундирилган туганакларни экиш ундирилмаган туганакларга нисбатан ҳосилдорликни 12—15% ошириб, 10—15 кун олдин пишишига имкон беради.
Маҳаллий картошка туганакларини ундиришга экишдан 30—35 кун, хориждан келтирилган уруғликларни эса 20—25 кун аввал қўйиш зарур. Ундириш хонасида ёруғлик ва ҳарорат 18—220С атрофида бўлиши мақсадга мувофиқ.
Уруғликларни майда-йириклигига қараб (40—60, 60—80, 80—100 га) саралаб, хонанинг полида, сўкчакларда ёки 20—25 кг. ли яшикларда ундириш мумкин. Уруғлик сажалкада экилса, уларнинг нишлари 0,5—1 см. дан ошмаслиги зарур.
Картошка бузилган бедапоя ўрнига ёки ўтган йили карам, сабзи, пиёз, айниқса полиз экинларидан бўшаган майдонларга экилса мўл ва сифатли ҳосил етиштиришга замин яратилади, бозорларимиз янада тўкин-сочин бўлади.
А.Аббосов, Ф.Қирғизбоев
ТУТЗОР ТАДБИРЛАРИ
Ипак қуртидан мўл ва сифатли пилла етиштириш кўп жиҳатдан озуқа базаси — тут дарахтлари ва тутзорлардан олинадиган барг ҳосилига боғлиқдир. Шу боис айни кунларда якка тартибда қаторлаб экилган тут дарахтларига, мавжуд баланд танали ва бута шаклидаги тутзорларга ишлов бериш муҳим аҳамиятга эга.
Тут дарахтлари тагини юмшатиш, қатор ораларига ўғит солиш, ишлов бериш каби юмушлар ўз вақтида амалга оширилса, сифатли ва мўл барг ҳосили олиниб, улардан ипак қурти боқилганда сифатли ва юқори пилла ҳосили етиштирилади.
Фермерлар баҳорда янги тут кўчатлари экишга жиддий эътибор беришлари зарур. Кўчатлар экилгандан сўнг суғорилса, ниҳоллар ерга яхши жойлашиб, тез кўкаради. Кўчатлар ўз вақтида сифатли парваришлаб турилса 3—4 йилда барг ҳосили бера бошлайди.
Шу кеча-кундузда амалга ошириладиган муҳим тадбирлардан яна бири ўтган йили новда ва шохлари кесилмай қолиб кетган тут дарахтларини ёшартиришдир. Дарахтларни ёшартиришни февраль-март ойларида танасида шира ҳаракати бошланмасдан олдин амалга ошириш керак.
Бунда қуйидагиларга риоя қилиш лозим: дарахт бир каллакли бўлса, бу каллак тагидан 5—10 см қолдириб кесилади, кўп каллакли бўлса ҳамма каллаклар тагидан кесилмай, каллакдаги бутоқларнинг учларигина қирқилади. Баргидан бир неча йил давомида ёки бутунлай фойдаланилмай келаётган тут дарахтларини ёшартиришда ўсиб кетган бутоқлардаги асосий шохларнинг учдан икки қисми кесилиб, 1/3 қисми қолдирилади.
Ёшартирилган дарахтларни яхши парваришлаб, уларнинг баргидан фойдаланмаслик лозим. Бундай дарахтларга шакл бериш келгуси йилги мавсумда бажарилади.
Тут дарахтларидан юқори сифатли ва мўл барг ҳосили олиш учун якка қатор тут дарахтлари ва тутзорлар март-апрель ойларида ўғитланади. Ўғит берилгандан сўнг уларни қондириб суғориш талаб этилади, акс ҳолда ўғитларнинг таъсирчанлиги камаяди.
Тутзорларга ўғит беришда ернинг шароитига қараб, ҳар гектар тутзорга 360—400 кг аммиак селитраси ва 400—500 кг суперфосфат солинади.
Якка қаторлаб экилган тут дарахтларига ёшига қараб, ҳар бир туп дарахтга:
10 ёшгача — 375 г аммиак селитраси, 300 г суперфосфат;
10 ёшдан-20 ёшгача — 750 г аммиак селитраси, 625 г суперфосфат;
20 ёшдан-40 ёшгача — 1500 г аммиак селитраси, 1250 г суперфосфат берилади.
Ўғитларнинг ярми шу кеча-кундузда, қолган қисми эса барги кесиб олингандан сўнг солинади.
Тут дарахтлари ва тутзорларни ўз вақтида озиқлантириб суғорилса барг ҳосили 25—30% га ошади. Баргнинг таркибида ипак қурти учун зарур бўлган моддалар етарли бўлади, қуртлар бақувват ва соғлом ўсади.
Юқорида айтилган агротехник тадбирлар ўз вақтида бажарилса, сифатли ва юқори барг ҳосили етиштирилиб, пилладан мўл ҳосил олишга замин тайёрланади.
Ў.Қўчқоров
Мева мўл бўлсин десангиз...
Кунлар исиши билан боғ-роғларда иш авжига олади. Боғбонларимиз кўмилган токларни очиш, дарахтларга шакл бериш, дарахтлар танасини оқлаш каби юмушларни бажаришга киришади. Агротехника тадбирларини ўз вақтида ва сифатли ўтказиш мевалар сероб бўлишининг муҳим шартидир. Бунда боғбонларга қуйидаги тавсиялар асқотади, деган умиддамиз.
Эрта баҳорда экин қатор оралари юмшатилади ҳамда бу иш ҳар бир суғоришдан кейин такрорланиши мақсадга мувофиқ. Бунда ерга ишлов берувчи МПВ—1 машина, КЗУ—03 культиваторидан фойдаланилади. Дарахт танаси атрофларига ишлов бериш ФА—76 механик фрезада амалга оширилади.
Баҳор—ёз ойларида қатор оралари тупроғининг сув-ҳаво тартиботини яхшилаш ва бегона ўтларни йўқотиш учун 10—12 см чуқурликда юмшатиб туриш зарур.
Ҳосилга кирган боғларга 2—3 йилда бир маротаба октябрь—ноябрь ойларида ёки эрта баҳорда фосфор ва калий ўғитини гектарига Р180 К90 кг миқдорда солиб, 45—50 см чуқурликда ағдармасдан ҳайдаб юмшатиш керак.
Тупроқ ости шағалли ерларда ўғитлар миқдори 50% кўпайтирилади, азот уч маротаба: баҳорда, июнь ва июль ойларида солинади.
Микроўғитлар тупроққа асосий ўғитлар билан биргаликда баҳорда гектарига таъсир этувчи модда ҳисобида: рухли микроўғитларни 3 йилда бир маротаба 3, марганецни 2 йилда бир маротаба 5, борли микроўғитларни ҳар йили 1,5—2 кг. дан солиш мақсадга мувофиқ.
Комплекс минерал ўғитлар (аммофос, нитрофос ва бошқалар) оддий ўғитларга нисбатан бир қатор агрокимёвий иқтисодий афзалликларга эга.
Озуқа элементлари бўйича уларнинг солиш миқдори оддий ўғитлар учун тавсия этилган солиш миқдори билан бир хил. Шунинг учун озиқа элементлари таркибини баландлаштириш учун комплекс ва оддий ўғитлардан биргаликда фойдаланиш керак.
Масалан, суғориладиган ҳосилдор токзорларда ҳар йили баҳорда токлар очилгандан кейин гектарига 225 кг аммофос билан бирга 225 кг аммиакли селитра ва 250 кг калий тузлари ёки 455 кг нитрофос ҳисобида минерал ўғитлар солинади.
Данакли мевали дарахтларда мустаҳкам шохлар шаклланиши, ўсиши ва ҳосил беришини тартибга солиш, ҳосилдорлик ва мева сифатини яхшилаш учун буташ зарур. Ҳар бир данакли мевали дарахтга турига қараб ўзига хос шакл берилади.
Данакли мевали дарахтлар кўпинча бир ёшида ҳосилга киради, эскироқ шохларда шаклланган ҳосил новдалари эса уруғлиларга нисбатан унча кўп яшамайди, оқибатда шохлар ичи тезда пўкакка айланади. Бунга йўл қўймаслик учун буташ орқали ҳар йили кўплаб бир йиллик новдалар ўсиб чиқиши ва уларни шохлар орасига тўғри жойлаштириб, ҳосил беришига эришиш зарур.
Токзорларни куртаклари бўртмасдан олдин очиш зарур. Ёш токлар дастлабки йилда баҳорда кесилади.
Занг ва ҳосил олиш учун қолдирилган новдалар туплар очилиши билан симбағазларга боғланади. Бу иш куртаклар бўртгунча тугалланиши керак. Туплар қатор орасига ишлов беришда машинанинг бемалол ўтиши учун енглар биринчи сим сатҳигача кўтариладики, бунда ҳосил берувчи ва кўк новдалар ишга халақит бермасин.
Агар токзорга кузда ишлов берилмаган бўлса, баҳорда токларни механизация усулида чала очиш билан биргаликда ер ҳайдалади. Токлар очилгандан кейин қатор ораларидаги тупроқни текислаш учун культивация қилинади ёки бороналанади.
Баҳор-ёз давомида юмшоқ қатлам ҳосил қилиш ва бегона ўтларни йўқотиш учун НЮ—18 плуги ўрнатилган мослама билан ток тупи атрофига ишлов берилади.
Лалми токзорларда тупроқ баҳорда чуқур юмшатилади ва кейин вегетация давомида 18—20 см чуқурликда юмшатиб туриш яхши самара беради. Баҳорги ёмғирлардан, шунингдек ҳар бир суғоришдан кейин тупроқнинг етилишига қараб намни сақлаб қолиш мақсадида ток қатор ораларини ўз вақтида юмшатиш зарур.
Уруғли мевали боғларга зараркунандалардан калифорния ва бинафша ранг қалқондорлар, олма қурти, ғилофли ва гирдак куялари, мева куяси, нок шира бургаси, мева каналари, бир қанча шира турлари ва тоғолди-тоғ минтақаларда калмараз ( парша), ун шудринг касалликлари зиён етказади. Кейинги йилларда монилиоз касаллиги ҳам кенг тарқалмоқда.
Бу зараркунандаларга қарши олма, нок ва беҳи дарахтлари куртак ёзгунига қадар 5 фоизли №30 препарати (40—100 кг/га) пуркалади. Унинг ўрнига золон (фозолон) ёки карбофос препаратларининг 0,5 фоизлигини қўлласа ҳам бўлади.
Данитол, Фуфанон препаратлари (1,5—3 кг/га) ҳам самаралидир. Нок шира бургасига қарши нокзорлар гуллаш арафасида шу препаратлар билан такрор дориланади.
Олма ва нокнинг парша, беҳининг монилиоз касалликларининг юқумини йўқотишда дарахтлар атрофини ағдариб чопиш самарали тадбир ҳисобланади. Шу даврда бордо суюқлигининг 3 фоизлиги (100 л сувга 3 кг мисс купороси+3 кг сўндирилмаган оҳхак) сепилади. Унинг ўрнига темир купороси (100 л сувга 2—3 кг) ёки мис купороси (100 л сувга 0,5— 1 кг) ни ҳам сепиш мумкин.
Беҳи ва бошқа турдаги зарарланган мева дарахтларида монилиозга қарши куртаклар бўртиш арафасида дарахтларни 3—4 фоизли бордо суюқлиги билан жиққа хўллаб ювиш зарур. Бунда 5 градусли оҳак+олтингугурт қайнатмаси (ИСО) ёки 2—3 фоизли темир купороси ёки 1 фоизли мис купоросини қўлласа ҳам бўлади.
Ўрик, шафтоли ва олхўри дарахтларининг клястероспориоз, барг бужмалоқлиги касалликларига қарши гул куртаклари бўрта бошлаган даврда 3 фоизли бордо суюқлиги пуркалади. Гулдан чиққач 1 фоизли бордо суюқлиги 1—2 марта сепилади.
Токзорларда доғли антракноз, оидиум (кул), бактериал рак касалликларининг олдини олиш учун куртаклар бўртгунга қадар 3—4 фоизли бордо суюқлиги пуркалгани маъқул. Ўтган мавсумда оидиум (кул) касаллиги кенг тарқалган токзорларда оҳак+олтингугурт қайнатмасининг 3—5 градуслигини қўлласа ҳам яхши самара беради.
М.Мирзаев, Ж.Эшниёзов
Комбайнларни сифатли таъмирлаш
Ҳосилни нест-нобутсиз қисқа муддатда йиғиштириб олиш кўп жиҳатдан ғалла комбайнларининг сифатли таъмирланишига боғлиқ. Маълумки, «Кейс» комбайнлари «ЎзКейссервис» қўшма корхонасининг жойлардаги сервис марказларида, «Нива», «Дон» ва «Енисей» каби русумдаги комбайнлар эса туман машина-трактор парклари устахоналарида капитал ва жорий таъмирдан чиқарилмоқда.
Муҳандис-техник ходимлар, чилангарлар, комбайнчилар ва жойларда ташкил этилган қабул комиссияси аъзолари комбайнларни таъмирлаш, мазкур тадбирни ташкил этиш ва тикланганларини далолатномалар орқали қабул қилишда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратишлари зарур.
Двигатель. Ювиб тозаланади, бўлакланади, соз ва носоз қисм ҳамда деталлар аниқланади. Деталларни таъмирлаш, уларни йиғиш, двигательни чиниқтириш ва сифатини текширишда бажариладиган ишлар тубандагилардан иборат: форсунканинг синган нинаси янгисига алмаштирилади ва босими (17,5—18 атм.) текширилади. Таъмирланган клапан ва шайин орасидаги тирқиш 0,46—0,50 мм атрофида бўлиши керак. Носоз поршень, бармоқ, ҳалқа ва гильзалар ўрнига созлари ўрнатилади. Илашиш муфтаси деталлари қайта тикланади, дисклари алмаштирилади. Муфта ажратиш йўлининг узунлиги (21—22 мм) ростланади. Магнето ва юргизиб юбориш двигатели деталлари текширилади. Капитал таъмирдан чиққан двигательнинг қуввати янгисиникининг 80 фоизидан кам бўлмаслиги шарт.
Fилдираклар кўприклари. Дискаларнинг ёриқлари пайвандланади, қийшайган жойлари тўғриланади. Протекторлари тамоман едирилиб кетган шиналар алмаштирилади, фрикцион ленталар ва тормоз шкивлари тузатилади, улар орасидаги тирқиш кенглиги (0,5—1,5 мм) созланади.
Жатка ва қия камера. Жатка остидаги сирпанувчи бошмоқларнинг эгилган жойлари тўғриланади, синган четларига металл қопланади ва юзаси силлиқланади. Тишлари тамоман ейилган ёки синган сегмент пичоқлари янгиланади. Қарши кесувчи пластинкалар сийқалашган бўлса созлари билан алмаштирилади, дарз кетган жойлари пайвандланади ва тошқайроқда текисланади. Пичоқ ва пластинкалар пайвандланганда бир-бирига тегмаса тўғри таъмирланган бўлади. Шнек қанотлари текисланади, ёриқлари пайвандланади ва стендда мувозанатга келтирилади. Жатка корпусининг таг қисмидаги ёриқларига металл тўлдирилади. Синган ёки қийшайган шнек бармоқлари тузатилади. Талаб даражасида таъмирланган жатка қисмлари ортиқча шовқинсиз ишлаши зарур. Қия камеранинг синган планкалари ямалади, туб қисмидаги ёриқлар пайвандланади, транспортёрнинг эскирган занжирлари ёки қайишлари янгиланади, бўшашган пружиналар тарангланади.
Дон янчгич. Ҳамма дон савағичлар ечиб олинади. Едирилиб кетганлари тузатилади ёки янгилари билан алмаштирилади. Савағичлар тарозида тортилиб оғирлиги бир хилда эканлигига ишонч ҳосил қилингандан кейингина барабанларга (роторларга) маҳкамланади. Барабан остлигининг синган тишлари кўп бўлса янгиланади, оз бўлса таъмирланади. Эгилиб кетган ғалвирлар ечиб олиниб тўғриланади. Транспортер ленталарининг барчаси текшириб чиқилади. Уларнинг узилган жойлари уланади, дон ва бошоқ шнекларидаги носозликлар бартараф этилади. Барча сақлаш муфталари жорий таъмирланади ва ростланади.
Сомон тўплагич. Қопқоғи ва тубидаги ёрилган жойлар пайвандланади. Сомон тўплайдиган паншаха бармоқлари эгилган бўлса тўғриланади, синганда алмаштирилади. Қипиқ тўпланадиган новлардаги тешиклар ёпилади. Тўплагични синишдан сақлайдиган муфта деталлари тикланади ва созланади.
Бошқариш механизми. Илашиш муфтаси ва тормоз гидроузатмаларининг суюқлик идишлари тешилган бўлса янгиларига алмаштирилади. Уларда ёриқлар ва тешиклар бўлишига йўл қўйилмайди. Илашиш муфтаси сифатли таъмирланган ва ростланган бўлса тепкининг эркин ва ишчи силжиши қийматлари тегишлича 25—35 мм ва 200 мм атрофида бўлади. Барча носоз гидроцилиндр ва гидроузатмалар тузатилади.
Таъмирдан чиқарилган барча детал, қисм ва узеллар сифати назоратчи механик томонидан текширилади ва баҳоланади.
Йиғилган, ростланган ва бўялган комбайнлар устахонанинг ўзида чиниқтирилади. Малакали мутахассислардан иборат комиссия томонидан далолатномалар орқали қабул қилингандан кейингина соз деб баҳоланади ва эгаларига (туман машина-трактор парклари ёки фермерларга) топширилади.
Fалла комбайнларини таъмирлашда юқоридаги тавсияларга амал қилинса, ўрим-йиғим мавсумида агрегатларнинг бетўхтов хизмат қилиши ва юқори унумдорлиги таъминланади.
М.Тошболтаев







