Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Март 2018 00:00

Кўп йиллик илмий тадқиқотлар натижаларига кўра, чигит экишда эрта баҳорда тупроқ оби-тобига келганда аввал нам тўплаш мақсадида бороналаш тавсия қилинади. Натижада чигит бир хил чуқурлик ва намга экилади, ниҳоллар текис униб чиқади, ғўза барвақт ўсиб-ривожланади, ҳосилдорлик ошади. Чигит экиш олдидан ишлов тадбирлари тупроқнинг ҳолатига қараб амалга оширилади. Бороналанган майдонлар юзаси текис бўлса, экиш олдидан молалаш етарлидир.

Шўрланмаган ерларда эрта баҳорда ва экишдан олдин икки марта бороналаш ўтказилса, ўтлоқи тупроқларда ерни яхши ҳолга келтириш учун бир марта ишлов бериш етарли бўлади.

Бухоро, Сирдарё, Жиззах, Фарғона ва бошқа вилоятларда яхоб суви берилган, шўри ювилган майдонлар тупроғининг ҳайдов қатлами кучли зичлашган бўлса, бундай тупроқларда чизелга борона тиркалган ҳолда чизелланади ёки дискаланади. Эрта баҳорги ишлов беришда тишли ва дискли бороналар танланиб ва тўғри ишлатилса, тупроқнинг ҳайдов қатлами зичлашмай, чигитни экиш учун ер сифатли тайёрланган бўлади.

Кузда шудгор қилиниб шўри ювилган майдонларда ҳайдов қатлами зичлашмаган бўлса, 8–10 см чуқурликда 2 қаторли зиг-заг борона билан бороналанади. Бороналаш пайтида ажриқ, ғумай, қамиш ва бошқа кўп йиллик бегона ўтлар илдизи тозаланиб, даладан йиғиб-териб ташқарига чиқарилиб, ёқиб ташлаш тавсия этилади.

Агар кузда шудгор остига минерал ўғитлар солинмаган далалар бўлса ёки шўри ювилган майдонларда экиш олдидан фосфорли ўғитлар йиллик меъёрининг 60–70 фоизи (физик ҳолда аммофос 200 кг/га ёки РS-Агро 250 кг/га ёки супрефос 385 кг/га) ҳамда маҳаллий калийли ўғитларнинг 50 фоизи (калий хлориди 80 кг/га) чизель-борона остига солинади. Белгиланган ўғитлар ўз муддати ва меъёрида қўлланилмаса, тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорлик пасайиб кетади. Қолаверса, ҳосилнинг қарийб ярми ўғит ҳисобига шаклланишини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Механик таркиби оғир ўтлоқи-аллювиал, ўтлоқи-ботқоқ тупроқлар ўзида намни сақлаш хусусияти ўта паст бўлгани учун ерни экиш олдидан тайёрлашга алоҳида эътибор бериш талаб қилинади. Бунда далани кечки соатларда кун чиққунга қадар тайёрлашга эришиш лозим. Акс ҳолда кундуз куни бороналаш ёки чизеллашда ҳосил бўлган кесаклардан жуда тезлик билан нам буғланиб, кейин ушбу кесакларни майдалаб, майин тупроқ ҳосил қилиб бўлмайди.

Андижон, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида асосий майдонларда чигит пуштага экилади. Пушта олинган далаларни бороналашда чопиқ тракторларига осиладиган махсус бороналардан фойдаланиш яхши самара беради, чунки бунда пушта ва жўяклар трактор томонидан эзилмайди.

Кузда пушта олинган ерларда нам­лик кўп сақланади, пушта юзаси қуёшда яхши қизийди ва ер тез етилади, экиш олди техника ва ёнилғи харажатлари камаяди, ниҳоллар текис ерга нисбатан 2–4 кун олдин униб чиқади, ниҳолларнинг ўсиб-ривожланиши яхшиланиб, пахта ҳосилдорлиги 15–20 фоиз ошади.

Тупроқнинг табиий намлигига чигит ундириб олиб бўлмайдиган жойларда нам тўплаш мақсадида баҳорда 22–25 см пушта олиниб, тупроқ механик таркиби ва қишда тўпланган намлик ҳисобга олиниб гектарига 600–700 м3 миқдорида захира суви берилади.

Пушта ҳайдов қатламида тупроқ зичлигини узоқ муддат мақбул ҳолатда сақланиб туришини таъминлайди. Бу технологияда тупроқнинг устки қисмида ҳарорат текис далага нисбатан 1–3 даража юқори бўлади. Негаки, дала юза сатҳи пушталар ҳисобига катта бўлиб, тупроқлар қуёш нури ва иссиқлигидан самарали фойдаланади. Чигит эса барвақт униб чиқади, пахта ҳосилдорлиги 4–6 ц/га. га ошиши таъминланади.

Чигит экиш муддати, меъёри ва усуллари. Республикамиз минтақаларида чигитни мақбул муддатларда экиш ва соғлом кўчат ундириб олиш, эртаги, юқори ва сифатли ҳосил етиштиришда жуда муҳим аҳамиятга эга. Чунки эрта эккан эрта ҳосил олади.

Экиш учун уруғлик чигитларга қўйилган талабларга мувофиқ, унинг унувчанлиги 90–95 фоиздан кам бўлмаслиги керак. Фермерлар чигитнинг унувчанлигини ўзлари ҳам текшириб кўришлари, 100 дона уруғлик чигитни уй шароитида иссиқ хоналарда қумга экиб кўриб, 3–5 кунда униб чиққанларини санаб кўриш орқали ҳам аниқлашлари мумкин.

Чигитни экишда тупроқ намлиги ва ҳарорати, уруғлик сифати, чигитни дорилаш, намлаш, мақбул муддатда, меъёрда ва чуқурликда экиш талаб этилади. Олимлар тавсияларига асосан, тупроқнинг 10 см қатламидаги ҳарорат 12–14оС даража бўлганда тукли чигитларни, 14–16оС даража бўлганда туксиз чигитларни экишга киришилади, тупроқ ҳарорати 9–10оС бўлганда плёнка остига чигит экиш бошланади.

Тупроқ намлиги 65–70 фоиз бўлса ёки чигит экиладиган тупроқни қўлда олиб, зичлаб ерга ташлаб юборилганда сочилиб кетса, ёки тракторнинг экиш агрегати тупроқни кесмаганда ва лой чиқармаганда, далага тракторнинг кириш имконияти бўлганда чигитни экиш бошланади. Уруғлик чигит сифатига қўйиладиган асосий талаблар: унувчанлиги 90–95 фоиздан кам бўлмаслиги, намлиги 10 фоизгача бўлиши, ифлослик даражаси 0,3–0,7 фоиздан ошмаслиги, туклилиги 0,5–2,5, механик шикастланганлиги 7–8 фоиздан ошмаслиги керак.

Маълумки, дунё бўйича ғўзанинг 100 дан ортиқ касалликлари учрайди ва ушбу касалликлар таъсирида етиштириладиган ҳосилнинг 10–20 фоизи ва ундан ҳам кўпроғи йўқотилади. Ўзбекистон шароитида ғўза касалликларидан: бактериялар қўзғатадиган гоммоз ва замбуруғлар қўзғатадиган илдиз чириш, вертициллёз ва фузариоз, вилт касалликлари кенг тарқалган.

Ер ости сувлари яқин жойлашган, намлик юқори бўлган ерларда, серёғин ва салқин об-ҳаво кузатиладиган ёки кучли қатқалоқ ҳосил бўладиган ҳамда сифатсиз уруғлик чигитлар экилган ёки чигит жуда чуқур экилган ерларда илдиз чириш касаллиги келиб чиқади.

Агар тупроқ ва ҳаво ҳарорати паст, ердаги намлик юқори ва юза қисмида қатқалоқ ҳосил бўлганда ҳамда тупроқда касаллик чақирувчи патогенлар учраганда ёки чигит фунгицидлар ва стимуляторлар билан ишлов берилмаган бўлса гоммоз касаллиги келиб чиқади. Шунинг учун уруғлик чигитлар экишдан олдин уруғдорилар ва стимуляторлар билан албатта дориланиши шарт.

Пахта тозалаш ёки уруғлик чигит тайёрлайдиган заводлардан келтирилган тукли чигитларни экиш олдидан намлашга катта аҳамият бериш керак.

Чигитни намлаш ишлари табақалаштирилган ҳолда амалга оширилади. Тукли чигитнинг 1 тоннасини намлаш учун 600 литр сув сарф­ланади.

Чигитни намлаш ишлари олдиндан тайёрланган (асфалтланган ёки бетонланган) махсус майдончаларда ўтказилади. Бундай майдончаларнинг бўйи 4–5 м, эни 2–3 м ва баландлиги 30–35 см катталикда бўлиши мумкин. Бунда намлаш вақтидаги сув оқиб кетишининг олди олинади. Чигитни намлаш вақтидаги қалинлигини 20–25 см. дан оширмаслик зарур. Намлаш 3 босқичда: биринчиси 3–4 соат, иккинчиси 4–5 соат, учинчиси 5–6 соат мобайнида ўтказилиб, 200 литрдан сув сарфланади, шундагина чигитнинг тўлиқ ва сифатли намланишига эришилади, бундай чигит сувга буртиб, тўйинади, қобиғи юмшайди. Бу эса намлиги кам бўлган тупроқларда ҳам унинг униб чиқишига ижобий таъсир этади.

Республикамизнинг ноқулай об-ҳаво шароитида чигитни хатосиз, соғлом ва эрта ундириб олиш муаммосини ҳал этиш йўлларидан бири биостимулятор ва ўсишни созловчи моддалар билан уруғларни экиш олдидан ва ўсимликнинг вегетацияси даврида қўллаш технологияларини олиб бориш лозим.

Кўп йиллик тажрибаларга асосан чигитларни намлаш билан биргаликда экиш олдидан, ёки уруғлик чигит тайёрлаш заводларида тукли ва туксиз чигитларга ўстирувчанлик хусусиятига эга стимуляторлардан “Гумимакс” (0,8–1,0 л/т), “Узгуми” (0,7–0,8 л/т), “Фитовак” (200–300 мл/т) препаратлари билан ишлов бериш ноқулай об-ҳаво ва тупроқ шароитида ҳам чигитнинг унувчанлигини оширади, касалликларга бардошлиги кучаяди, илдиз тизимини бақувват ривожлантиради ва тупроқнинг табиий намлигидан унумлироқ фойдаланилади, ўсимликнинг ўсиб-ривожланишини, ҳосил тўплашини тезлаштиради.

Фермер хўжалиги раҳбарлари уруғлик чигитни намлашда бир кунда қанча майдонга чигит экилишини, далага олиб бориш ва бош­қа ишларга кетадиган вақтларни ҳам ҳисобга олиши, шунга қараб қанча миқдорда чигитни намлашни режалаштириши мақсадга мувофиқдир.

Чигитни ўз вақтида мақбул муддатларда экиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Кўп йиллик илмий тадқиқотлар натижасида республикамиз минтақаларида чигит экишнинг мақбул муддатлари аниқланган. Унга кўра, чигит экишнинг мақбул муддати Қорақалпоғистон Республикасининг жанубий туманларида 10–25 апрель, шимолий туманларида 15–30 апрель, Хоразм вилоятида 10–25 апрель, Тошкент ва Фарғона вилоятларида 5–15 апрель, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида 1–15 апрель, Наманган ва Андижон вилоятларида 1–15 апрель, плёнка остига экишда 20 март-1 апрель, Самар­қа­нд вилоятида 5–20 апрель, Бухоро ва Навоий вилоятларида 1–15 апрель, Қашқадарё вилоятининг жанубий туманларида 25 март-15 апрель, тоғ олди туманларида 1–15 апрель, Сурхондарё вилоятининг жанубий туманларида 25 март–10 апрель, шимолий туманларида 1–15 апрелга тўғри келади. Ушбу муддатлар йилнинг об-ҳаво шароити келишига қараб бироз фарқланиши ва 5–7 кун эрта ёки кеч ўтказилиши мумкин.

Тупроқ турлари ва механик таркибига қараб чигит экишнинг энг маъқул чуқурлиги 4–5 см, секин қизийдиган оғир тупроқларда 3–4 см бўлиб, тукли чигитлар гектарига 45–55 кг, туксиз чигитлар 25–30 кг экилса, тўлиқ ва соғлом кўчат олишни таъминлайди.

Чигитни биринчи навбатда тез қизийдиган енгил, ўртача қумоқ ва тез етиладиган ерларда, кейин эса оғир тупроқли тоғ олди минтақаларида экиш мақсадга мувофиқдир. Тупроқ ҳарорати паст бўлганда экилган чигит чириб, ниҳоллар сийрак униб чиқади, касалга тез чалинади, нимжон ўсиб-ривожланади ва пировардида пахта ҳосили ҳам пасайиб кетади.

Чигит экиш ишлари тўлиқ тугатилиши учун далалар чети, сим­ёғоч ва ўқариқлар атрофи ҳам қўлда экилган бўлиши керак. Шундагина барча майдонларда тўлиқ гектарлар ҳосил қилинади.

Унумдорлиги паст, балл бонитети 30–40 ва 50 балл, механик таркиби енгил ва ўрта тупроқларда, кўчат олиш қийин ва нишаблиги юқори бўлган жойларда чигитни қўшқаторлаб экиш тавсия этилади, бунда 1,5 баробар кўп кўчат олиш имконияти бўлиб, туксиз чигитлар 45–50 кг сарфланиб экилади. Чигит экиш сеялкаси 90 см. ли (60х30х12-1) схемада қўшқаторлаб бир йўла 8 қаторга чигит экишга мўлжалланган бўлса, ушбу сеялка бир вақтнинг ўзида 60 см. ли қатор ораларини 30 см. ли кенгликдаги пушта устига қўш қаторлаб (қатор орасига 30 см, уялар ораси 12 см) экади. Қўшқаторлаб экишда ҳар гектарда оддий усулга нисбатан деярли 1,5 баробар кўп кўчат бўлишига эришилади. Чигит экиш пайтида уруғнинг бир хил чуқурликка тушиши, қаторларнинг тўғри чиқиши, туташган қаторлардаги (маркёр) масофа бир-хил бўлишига алоҳида аҳамият бериш зарур.

Чигит экишда кенг қамровли (6–8 қаторли) сеялкалардан фойдаланиш тупроқ зичланишининг олдини олади, иш унумини оширади ва қисқа муддатда тупроқда тўпланган табиий намга чигит экишни таъминлайди.

Чигитни экиш билан бир вақтда гектарига соф ҳолатда 15–20 кг азотли, 20–25 кг фосфорли ўғитлар сеялкага ўрнатилган махсус мосламалар ёрдамида экиш чизиғидан 5–7 см четга, 12–15 см чуқурликка солинади. Бегона ўтларга қарши “Стомп” гербициди гектарига 0,8–1,0 кг, “Которан” 1,2 кг меъёрда сепилиши яхши самара беради ва бегона ўтлар сонини кескин камайтириб, ниҳолларнинг ўсишига қулай шароит яратилади.

Чигит экишни мақбул муддатларда, агротехник талабларга риоя қилган ҳолда ўтказиш, ерга қадалган уруғни тупроқдаги табиий нам ҳисобига ундириб олишни ҳамда майдонларда тўлиқ гектарлар ҳосил қилишни таъминлайди.

Экиш мавсумини юқорида келтирилган тавсияларга амал қилган ҳолда қисқа муддатда ва сифатли ўтказиш ғўзадан эртаги ва мўл ҳосил олишга замин яратади.

     Ф.Тешаев, Ш.Абдуалимов, Ф.Ҳасанова





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech