Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Март 2018 00:00

Республикамиз аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотларига, хусусан, ўсимлик мойига бўлган эҳтиёжини тўла қондириш, импорт ҳажмини қисқартириш, чорвачилик ва паррандачиликнинг озуқа базасини мустаҳкамлашда соя экинининг аҳамияти катта. Дуккакли ўсимлик ҳисобланган соя барча қишлоқ хўжалик экинлари – кузги ғалла, ғўза, маккажўхори, сабзавотлар ва бошқа экинлар учун энг яхши ўтмишдош экин ҳисобланади.

Соя экинидан мўл ва сифатли ҳосил етиштиришда тупроқ унумдорлиги ҳамда сув таъминоти яхши бўлган майдонларни танлаб олиш, шунингдек, экинни тупроқ шароитидан келиб чиққан ҳолда жойлаштириш мақсадга мувофиқдир. Бунда қуйидагиларга эътибор қаратишни тавсия этамиз.

Соя экиладиган майдонга шароитдан келиб чиққан ҳолда соф ҳолда 90 кг фосфор ва 60 кг калийли ўғитлар 100 фоиз берилиб, дала бегона ўт қолдиқлари ва илдизларидан тозаланиб, обдон текисланади.

Республикамизнинг тупроқлари таркибида соя ўсимлигига мослашган бактерияларнинг мавжуд эмаслиги сабабли экинни экишдан аввал уруғларга албатта “Ризотоптин”, “Ризобиум”, “Брадиризобиум” биоўғитларининг бири билан 600–800 г/га ҳисобида ишлов берилиши керак, акс ҳолда соя ўсимлиги илдизида биологик азот тўпланмайди.

Қуёш нури тушмайдиган жойга бир текис ёйилган уруғлар устидан биоўғитлар бир хилда сепилади ва яхшилаб аралаштиргач, усти мато билан бир оз муддат ўраб қўйилади. Ишлов берилган уруғлар ўша куннинг ўзида экилиши керак, акс ҳолда фойдали бактериялар ўз кучини йўқотади.

Сояни экиш учун энг мақбул муддат тупроқнинг 0–10 см қатламдаги ҳарорат 12–14оС атрофида бўлишидир. Қатор ораси 60 ёки 70 см бўлган пуштага йирик-майдалигидан келиб чиққан ҳолда 60–80 кг меъёрда уруғлик сарфланса, ҳар гектар майдонда ўртача 350–400 минг туп кўчат олиниши таъминланади. Уруғлик СПЧ-6-8 пневматик сеялкасида 4–5 см чуқурликка экилиши энг мақбул ҳисобланади.

Асосий муддатда уруҚ экиш ишларини жанубий минтақаларда март ойи­нинг охири, марказий минтақаларда апрелнинг биринчи ярмидан, шимолий минтақаларда эса иккинчи ўн кунлигидан бошлаб ойи охирига қадар якунлаш мақбул ҳисобланади.

Уруғларни тупроқнинг табиий нам­лиги ҳисобига ундириб олиш муҳим аҳамиятга эга. Агар тупроқда намлик етарли бўлмаса, майдонга енгилгина уруҚ суви бериш талаб этилади. Акс ҳолда кўллаган жойлардаги уруғлар ўз унувчанлик хусусиятини йўқотади ва кўчат қалинлиги меъёрдан кам бўлишига олиб келади.

Ниҳоллар униб чиқиб, биринчи учталик барглар ҳосил бўлганда тупроқда ҳаво алмашишини таъминлаш, иссиқлик ва сув ўтказувчанлигини яхшилаш мақсадида қатор оралари культивация қилинади. Бунда КРХ-4 культиватори ишчи органлари камида 10–12 см чуқурликка, ўсимликлардан эса 8–10 см узоқликда юрадиган қилиб жойлаштирилиши керак. Вегетация давомида тупроқ шароитидан келиб чиққан ҳолда қатор ораларига камида 2–3 марта культиватор билан ишлов берилади.

Майдонни бегона ўтлардан тозалаш мақсадида ўтоқ ва кетмон чопиқ қилиб турилади. Тупроқ шароитига кўра сизот сувлари юза жойлашган майдонларда 1 марта чуқур чизелланиши мақсадга мувофиқдир.

Маълумотларга кўра, соя экинидан юқори ва сифатли ҳосил олиш учун соф ҳолда 70–75 кг азотли, 90 кг фосфорли ва 60 кг калийли ўғитлар берилиши керак. Биринчи азотли озиқлантириш шоналаш даврига қадар ўтказилиши керак. Бунда қатор ораларига 30–35 кг/га миқдордаги азот культиватор ўғитлагич билан 12–14 см чуқурликка берилади.

Иккинчи азотли озиқлантириш шоналаш-гуллаш даврида ўтказилиб, 40 кг/га миқдорида 16–18 см чуқурликка солинади. Азотли ўғитларнинг бундан кеч муддатларда берилиши экиннинг ўсув даврини кечиктириб юборади.

Тупроқ шароитларидан келиб чиққан ҳолда биринчи суҚориш шоналаш-гуллаш босқичида ўртача 600–650 м3/га, иккинчиси гуллаш-дуккаклаш даврида, учинчиси донининг тўлиши даврида 800–850 м3/га меъёрда ўтказилади. Шунингдек, соя донининг пишиш босқичида намлик етарли бўлишини таминлаш мақсадида ҳар 15–20 кунда суҚориб туриш мақсадга мувофиқ.

Суғориш ишларининг ўз вақтида амалга оширилиши доннинг тўлиқ бўлишини таъминлайди. Намлик етишмаса соя дони майда бўлиб, ҳосилдорликнинг кескин камайиб кетишига олиб келади.

Соя экинига ўргимчаккана, шира, оққанот каби сўрувчи зараркунандалар ҳамда кузги тунлам, кўсак қурти каби зараркунандалар зарар келтиради. Уларга қарши курашишда биологик ва ким­ёвий қарши кураш чораларини уйҚунлашган ҳолда қўллаш яхши самара беради.

Сўрувчи зараркунандаларга қарши олтинкўз имогасини белгиланган нисбатларда ва тартибда тарқатиш мақсадга мувофиқ. Кимёвий курашишда эса комплекс таъсир этувчи препаратлардан фойдаланиш зарур.

Шира, оққанот, тамаки трипси, кичик ёшдаги қурт личинкаларига қарши “Моспилан” (0,15 л/га), “Карбафос” (0,6–1,0 л/га), “Дельтафос” (1,0 л/га), “Аплауд” (0,5 кг/га, “Адмирал” (0,5 л/га), “Политрин-К” (1,0 л/га), “Калипсо” (0,1 л/га), “Вертмек” (0,5 л/га), “Фуфанон” (1,0 л/га), “Кораген” (0,04–0,05 л/га), “Аваунт” (0,4–0,45 л/га) препаратларнинг бирортасини (кўрсатилган меъёрларига амал қилган ҳолда) тракторга тиркалган ОВХ пуркагичи билан гектарига 300 литр сув сарфланган ҳолда пуркалади.

Ўргимчакканага қарши профилактика учун гектарига 30–40 кг. дан олтингургутни чанглатиш, зарур бўлган вақт­да кимёвий препаратлардан “Омайт” (1,5 л/га), “Нерон” (1,0–1,2 л/га), “Вертмек” (0,2–0,3 л/га), “Фуфанон” (1,2 л/га), “Дельтафос” (1,5 л/га) препаратларининг бирини белгиланган тартибда сепиш яхши самара беради.

Соя экинини парваришлашда агротехника тадбирлари юқоридаги тавсияларга тўла амал қилган ҳолда ўз вақтида ўтказилганда мўл ва сифатли ҳосил етиштиришга эришилади.

     А.Мўминов, З.Яқубов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech