Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Феврал 2018 00:00

Маълумотларга кўра, ҳозирги кунгача лалмикор майдонларда ёғингарчилик миқдори кўп йиллик меъёрдан анча кам бўлиб, 76 мм. ни, тупроқнинг намланиш чуқурлиги эса ғалладан бўшаган майдонларда 25–30 см, тоза шудгорга қолдирилган майдонларда эса 40–45 см. ни ташкил этмоқда. Бундай шароитда лалми ерларда ғалла ва эрта баҳорда экиладиган дуккакли ем-хашак ва мойли экинлар уруғини экишни бемалол давом эттириш мумкин.

Лалмикор майдонларда куз ва кеч кузда экилган ғалла экинларининг ҳозирги ҳолатини, 1 м2 даги туп сонини, ҳар хил зарарли омиллардан, яъни униб чиқиш учун тупроқда нам етишмаслиги оқибатида эрта экилган далаларда уруғлар унувчанлигининг пасайиши ёки униб чиққандан кейин намлик етишмаслиги туфайли зарарланиш даражасини ўрганиш ва мониторинг натижаларига қараб эрта баҳорда бажариладиган ишларнинг кундалик муддатларини белгилаш зарур.

Лалмикор майдонларда намгарчилик кам бўлган йилларда ғалланинг 1 м2 даги туп сони муҳим аҳамият касб этади. Кўп йиллик тажриба натижаларига кўра, ўсимликнинг мақбул кўчат сони 1 м2 да текислик майдонларда 100–110 дона, қир-адирлик майдонларда 120–130 дона, тоғолди майдонларда 140–150 дона ва тоғли майдонларда эса 160–180 донани ташкил этиши меъёрий кўрсаткич ҳисобланади. Майсалар туп сонининг бундан кам ёки ортиқча бўлиши ҳосилнинг камайишига олиб келади. Лалмикор майдонларнинг ёғингарчилик билан таъминланмаган текислик минтақаларида майсаларнинг 1 м2 даги сони 40–50 дона, ярим таъминланган қир-адирлик минтақаларида 60–70 дона, тоғолди ва тоғли майдонларда эса 80–90 дона бўлганда қўшимча экиш талаб этилади. Бунда баҳорги буғдойнинг “Сурхак–5688”, “Оқ буғдой”, “Бахмал–97”, арпанинг “Унумли арпа”, ”Нутанс–799”, “Саврук” каби навларини 40–50 кг/га ҳисобида асосий экиш йўналишига кўндаланг қилиб экиш тавсия этилади. Агар лалмикор майдонларда ўсимликнинг 1 м2 даги туп сони текислик минтақаларда 30–40, қир-адирлик минтақаларда 40–50, тоғолди ва тоғли минтақалар эса 50–60 донани ташкил этса, қайтадан экиш тавсия этилади.

Эрта баҳорда зудлик билан бажарилиши лозим бўлган муҳим юмушлардан бири майсаларни озиқлантириш ҳисобланади. Бу йилги об-ҳаво шароитида текислик майдонларда кузги ғаллани озиқлантириш тавсия этилмайди. Фақат қир-адирлик минтақаларда азотли ўғитлар билан озиқлантиришни таъсир этувчи модда ҳисобида 20–30, тоғолди ва тоғли минтақаларда 30–45 кг/га. ни ташкил этиши мақсадга мувофиқдир.

Жорий йилда бегона ўт, касаллик ва зараркунандаларнинг кенг тарқалиши эҳтимоли мавжуд. Шу сабабли, бегона ўтларга қарши курашишда, тупроқдаги намликни сақлашда кузги ғалла майсаларини бороналаш яхши самара беради. Бунда бороналар ёрдамида кўндалангига ишлов берилади. Бу тадбирни озиқлантириш билан бирга кетма-кет ўтказиш зарур. Бороналашни фақат ўсимликнинг тўлиқ туплаш даврида, туп сони меъёрдан ортиқ бўлган майдонлардагина ўтказиш мумкин.

Лалмикор майдонларда баҳорда экилган бошоқли дон экинларидан юқори ва сифатли ҳосил етиштиришнинг асосий шартларидан бири тупроқда намликни кўпроқ тўплаш, сақлаш ва ундан самарали фойдаланишни таъминлайдиган агротехнологияларни қўллаш муҳим аҳамиятга эга.

Лалмикор ерларда баҳорги бошоқли дон экинлари экиладиган майдонлар кузда ёки қишнинг очиқ ва илиқ кунларида тупроққа 20–22 см чуқурликда ағдариб ҳайдалади. Ёғингарчилик билан таъминланмаган текислик минтақаларда бошоқли дон экинлари уруғини экишнинг мақбул муддати февралнинг охири-март ойининг даст­лабки ўн кунлиги ҳисобланади. Бу минтақада экиш олдидан шудгорни икки йўналишда тишли оғир бороналар билан тупроқ юзасига ишлов берилади. Ёғингарчилик билан кам таъминланган бу минтақада бошоқли дон экинлари етиштиришда органик ва минерал ўғитларни қўллаш тавсия этилмайди.

Тажриба ва кузатишлардан маълум бўлишича, текислик минтақаларида ёғингарчилик миқдори 280–300 мм. ни, тупроқнинг намланиш чуқурлиги эса 1 м. ни ташкил этган баъзи йилларда баҳорги ғалла экинларини 20–30­ кг/га (соф таъсир этувчи модда ҳисобида) азотли ўғитлар билан озиқлантириш мумкин. Бу минтақада баҳорги буғдой ва арпа уруғини экиш меъёри гектарига 2,5–3,0 млн донани ёки 100–110 кг/га. ни ташкил этади. Бу минтақада буғдой ва арпанинг баҳорги ёки дуварак (икки фаслли) навлари экилиши мақсадга мувофиқдир.

Ёғингарчилик билан ярим таъминланган (340–360 мм) қир-адирлик минтақаларида ҳам бошоқли дон экинларини эрта баҳорда экиш учун текислик минтақадаги каби куз ва қишнинг очиқ кунларида тупроқ 20–22 см чуқурликда ағдариб ҳайдалади. Экиш олдидан дискали ёки тишли оғир бороналар (ЛДГ-10, БЗТХ-1,0) ёрдамида ишлов берилади. Бу минтақада соф ҳолда 30–40 кг/га ҳисобида фосфорли ва калийли ўғитларни экиш олдидан ёки экиш билан бирга, шунча миқдордаги азотли ўғитлар билан ўсимликнинг туплаш босқичида озиқлантириш ҳосилдорликни ўртача 3–5 ц/га. га ошишини таъминлайди.

Тоғолди ва тоғли лалмикор минтақаларда барча агротехника тадбирлари ўз вақтида сифатли қилиб бажарилганда ғалла экинларидан ўртача 12–15 ц/га, серёғин келган йилларда эса 15–18 ц/га ҳосил етиштириш имкониятини беради.

Бу минтақаларда баҳорги буғдойнинг “Бахмал–97”, “Грекум–40” нав­ларини экишнинг қулай муддати март ойининг 2–3-ўн кунлиги ҳисобланади. Бу муддатларда экишнинг мақбул меъёри гектарига 3–3,5 млн. дона (120–130 кг/га) ни ташкил этади. Сўнгги йилларда баҳор ойларининг серёғин келиши, ҳаво намлигининг юқори бўлиши кузда ва баҳорда экилган буғдойнинг занг ва бошқа касалликлар билан кучли даражада зарарланиши нафақат суғориладиган, балки лалмикор майдонларда ҳам кузатилмоқда. Шунинг учун лалмикор майдонларда ҳам занг касалликларига чидамли навларни экиш, зарур ҳолатларда занг касалликларига қарши фунгицидлар билан ишлов бериш самарали натижани беради. ўалла экинларининг қаттиқ ва чанг қоракуя касалликлари билан зарарланишининг олдини олиш учун экиш олдидан уруғларни тавсия этилган фунгицидлар билан сифатли дорилаш зарур.

    Р.Сиддиқов, М.Жўраев





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech