Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Феврал 2018 00:00

Кўп йиллар давомида олиб борилган илмий изланишлар натижасида сурункали ғалла экилган (охирги 10 йил мобайнида) майдонда тупроқдаги чиринди миқдори қарийб 40–50 фоизга камайиб кетганлиги аниқланди. Аксинча, дуккакли экинлар (беда, нўхат, хашаки нўхат) билан навбатлаб экилиб келинаётган ғалла майдонларининг ҳайдалма қатламида чиринди миқдори 1,1–1,2 фоизда сақланиши ва қайта тикланиш тенденцияси кузатилганлиги қайд этилмоқда.

Нўхат илдизлари тупроқнинг пастки қатламларига ҳам кириб бориб ривожланиши ҳисобига бошоқли дон экинларига нисбатан қурғоқчиликка чидамли бўлиб, намликни кам талаб қилувчи ўсимлик ҳисобланади.

Лалмикор ерлар учун нўхатнинг экишга тавсия этилган “Лаззат” ва “Ўзбекистон–32” навлари эртапишар, юқори ҳосилли бўлиб, 1000 дона дон вазни етиштириш муддати, агротехникасига қараб “Лаззат” навида 180–185 г, “Ўзбекистон–32” навида 250–280 г. ни ташкил этади. Бу навларга нисбатан ўсув даври 3–5 кун кейин бўлган “Юлдуз”, “Жаҳонгир” ва “Ирода–96” навларининг 1000 дона дон вазни тегишлича 320, 340 ва 330 г. дан ошиқ бўлиб, техникалар билан ўриб олишга яхши мослашган. Бу навлар нўхатда учрайдиган асосий зарар келтирадиган аскохитоз ва фузариоз касалликларига чидамлилиги билан ажралиб туради.

Кейинги йилларда фермер хўжаликлари томонидан турли четдан келтирилган нўхат уруғларининг экилиши натижасида уруғлар униб чиқмай чириб кетиши, турли касалликлар билан кучли зарарланиши оқибатида ўсимликлар нобуд бўлиши ҳолатлари кўплаб кузатилмоқда. Шунингдек, бу етиштирилган нўхат ўсимликлари поялари техникалар билан ўриб олишга мослашмаганлиги сабабли ортиқча сарф-харажатлар қилинишига олиб келмоқда. Шунинг учун барча нўхат етиштирувчи фермер, деҳқон ва шахсий томорқа ерлари эгалари фақатгина республикамизда экишга рухсат этилган навларни танлаш энг мақбул йўл ҳисобланади.

Агротехникаси. Нўхат лалмикор майдонларда бошоқли дон ва бош­қа экинлар учун яхши ўтмишдош ҳисобланади. Бу экин учун кўп йиллик бегона ўтлар кам учрайдиган майдонларни танлаш талаб этилади. Бошоқли дон экинларидан бўшаган майдонларни 20–22 см чуқурликда кеч кузда ёки эрта баҳорда (февраль-март) ағдариб ҳайдалади. Ерни экишга тайёрлашда ерни текислаш ҳамда бегона ўтларни йўқотиш учун 1 марта орқасига бороналар тақилган культиваторлар ёки дискали лушильниклар билан ишлов берилади.

Экиш. Нўхатни экиш муддати барча майдонларда тупроқнинг механик таркибига ва об-ҳаво шароитига боғлиқ ҳолда тупроқнинг етилиши билан олиб борилади.

Кейинги йилларда ёғингарчиликнинг кўп бўлиши оқибатида нўхатнинг илдиз чириш, фузариоз ва аскохитоз касалликлари билан ўсув даврида зарарланиши натижасида дон ҳосилининг кескин камайиб кетишига олиб келмоқда. Бундай ҳолатнинг олдини олиш учун экишдан 7–10 кун олдин бир тонна уруғ учун “Витавакс-200” ФФ препарати 2,5 кг, “Раксил” препарати 0,7 кг, “Дармон–4” препарати 3,0 кг, “Барака” препаратини 0,4 кг меъёрида қўллаш тавсия этилади.

Лалмикор майдонларда текислик қир-адирлик минтақаларда март ойи­нинг 1-ўн кунлигида экиш мақсадга мувофиқ. Тоғолди ва тоғли минтақаларида жойлашган лалмикор майдонларда апрель ойининг биринчи 2–3-ўн кунлигида экиш мақсадга мувофиқдир.

Экишдан кейин ҳосил бўладиган қатқалоқдан ва униб чиққан бегона ўтлардан халос бўлиш учун даланинг кўндаланги бўйича ўрта тишли бороналар билан ишлов берилиши талаб этилганда экиш меъёри 10–15 фоизга оширилади.

Республиканинг текислик қир-адирлик минтақасида жойлашган лалмикор майдонларда нўхат гектарига 65–75 кг, тоғолди ва тоғли минтақаларда 75–80 кг (270–300 минг унувчан уруғ ҳисобида) уруғ сарфланади.

Лалмикор майдонларда нўхат навларини тупроқнинг механик таркибига қараб 4–5 см чуқурликда экиш ниҳолларнинг бир текис униб чиқишига имкон беради.

Нўхат лалмикор майдонларда қатор оралари 45–60 см ҳисобида ғалла экиш сеялкалари ёрдамида олиб борилади.

Ўғитлаш. Экиш олдидан ёки экиш билан биргаликда соф ҳолда 30–40 кг фосфорли ўғитлар берилади.

Парваришлаш. Нўхатнинг ўсиш ва ривожланиш даврларида асосий эътиборни бегона ўтлардан тозалаш ва табиий намликни сақлаш учун агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун ниҳоллар униб чиқмаган майдонларда бегона ўтларни йўқотиш учун зиг-заг бороналар билан тупроққа ишлов берилади.

Апрель ва май ойларида пайдо бўладиган кўп йиллик бошқа бегона ўтларни йўқотиш учун қатор оралари культиватор ёки қўл кучи ёрдамида ишлов берилади. Нўхатда учрайдиган аскохитоз касаллиги об-ҳаво серёғин келган йиллари ҳаво нисбий намлиги ривожланишига қулай келган даврда кучли зарар келтириши мумкин. Бу шароитда нўхатнинг қатор ораларига кўпроқ ишлов бериш ҳамда гектарига “Фоликур”, “Байлетон”, “Бампер”, “Дуплет ТТ” препаратларини 1,0 л, “Титул” препаратини 0,5 л ҳисобида қўллаш эвазига ўсимликларнинг кучли зарарланишининг олди олинади.

Ҳосилни йиғиб олиш. Нўхат донлари асосан 85–90% пишиб етилгандан сўнг ғалла ўриш комбайнлари барабанларини дақиқасига 400–500 айланишига ростлаб ўрилади. Шунингдек, қўл кучи ёрдамида пояси билан ўриб олинади ҳамда дала шароитида ёки махсус майдонларга келтирилиб, янчилади.

Дуккакли экинларнинг инсонларнинг оқсилга бўлган талабини қондиришда ва тупроқ унумдорлигини сақлаш, қайта тиклашдаги беқиёс аҳамиятини инобатга олган ҳолда фермер, деҳқон хўжаликлари ҳамда аҳоли томорқаларида етиштириш ҳисобига оилаларнинг даромадларини ошириш имконияти яратилади.

    К.Исаков, А.Умирзаков





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech