Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
4 Ноябр 2016 00:00

Ғалланинг кузги парваришидан асосий мақсад, майдонларда мақбул кўчат қалинлигига ва уруғ униб чиқмаган жойга қўшимча уруғ экиш йўли билан тўла кўчат олишга эришишдир.

Эрта ва мақбул муддатда экилган уруғ бир текис ундириб олинганда, ниҳолларнинг кузги яъни илдиз тизимининг яхши ривожланиши эвазига қишдан соғлом чиқади. Натижада кейинги ўсиш-ривожланиш фазаларини мақбул муддатда ўтиши таъминланади, ниҳоллар тўла туплаб, қишловга киришга улгуради. Бу ниҳолларни совуққа, қишга чидамлилигини ошириш билан бир қаторда юқори ҳосилдорликка эришишда муҳим аҳамият касб этади.

Суғориладиган ер шароитида кузги буғдой ривожланишининг суст бориши асосий озиқа элементларидан азот, фосфор ва калийнинг етарли даражада бўлмаслигидир. Фосфорли ва калийли минерал ўғитлар барча қишлоқ хўжалик экинлари экиш олдидан тупроққа солинади. Айрим сабабларга кўра, фосфорли минерал ўғитлар экиш олдидан солинмаган бўлса, мураккаб (аммофос, нитрофос, суперфос, РС агро) фосфорли минерал ўғитлар билан уруғ экилгандан сўнг далани ўғитлаш лозим.

Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан фосфорли ўғитларни ғаллачиликда қўллаш бўйича олиб борган тадқиқот ишлари шуни кўрсатадики, ғалланинг фосфорга бўлган эҳтиёжи қондирилганда ўсимликнинг ўсиб-ривожланиши тезлашади, буғдой илдиз тизими ривожланиши кучаяди, илдиз кучли шохланиб, тупроқни чуқур қатламига кириб боради ва поясининг ётиб қолишга чидамлилиги ортади, ҳосилдорлиги, дон тўлалиги ва сифати ошади. Ўсимликнинг совуққа ва қурғоқчиликка чидамлилиги яхшиланади.

Кузги буғдойнинг уруғи униб чиқишига қадар бўлган даври, ўсимликнинг фосфорга нисбатан энг талабчан давр ҳисобланади. Буғдой ўсув даврининг бошланишида эса ўсимликнинг фосфорга бўлган талаби найчалаш, бошоқлаш ва гуллаш фазаларига нисбатан юқорилиги билан характерланади.

Шунинг учун фосфорли ўғитлар билан ғалла майдони экиш олдидан ўғитланмаган бўлса, униб чиққандан туплаш фазасига ўтишига қадар ўғитлаш зарур.

Ҳозирги кунда очиқ майдонларга ва ғўза қатор ораларига экилган ғаллага қуйидаги ўғитларни солиш тавсия этилади:

1. Аммофос (N – 12, P – 45%) гектарига 200 кг.

2. РС агро (N – 10, P – 42%) гектарига 200 кг.

3. НКФУ (N – 5, P – 16%) гектарига 300 кг.

4. Суперфос (N – 12, P – 27%) гектарига 400 кг.

Кузги буғдойни озиқа минерал элементларга бўлган талаби, уларни тупроқ таркибидаги ўсимлик томонидан осон қабул қилинадиган ҳолатдаги миқдори, ўсимлик ривожланишининг жадаллиги, илдиз тизимининг яхши ривожланганлиги, ташқи муҳит шароити ва навнинг биологик хусусиятларига боғлиқ. Кузги буғдой ўсиш жараёнини пасайиши тупроқда азот, фосфор, калий ва айрим микроэлементларнинг етарли даражада бўлмаслиги ҳисобига юзага келади.

Шунинг учун буғдой ҳолатини кўздан кечириб туриш шарт.

Эрта (август, сентябрь), ўрта (сентябрь-октябрь ойининг 1-ўн кунлиги) муддатларда экилиб, ундириб олинган ғалла майдонларида азот етишмаслиги сабабли ниҳолларнинг барглари сарғая бошлайди, ушбу ҳолат ўсимликда шакар моддаси камайиши, яъни азот етишмовчилигидан далолат беради. Демак, эрта ва ўрта муддатларда экилган ғалла майдонлари 50–70 кг (физик ҳолда) азотли минерал ўғитлар билан озиқлантирилса, ўсимликда шакар моддаси тикланиб, қишловга яхши ҳолатда киради.

Ҳар бир минтақанинг тупроқ-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда буғдой етиштириш учун гектарига сарфланадиган сувнинг мавсумий меъёри 3000–4500 куб м., суғориш меъёри эса 700–800 куб м. ни ташкил этади.

Олимларимиз ўтказган тажриба натижалари шуни кўрсатдики, тупроқ намлиги дала нам сиғимига нисбатан 70–75 фоиздан кам бўлмаганда буғдойнинг барча ўсиш-ривожланиш фазалари меъёрида ўтади.

Кузда ўртача ҳаво ҳарорати +5 оС бўлган кундан бошлаб ўсимлик тиним даврига, яъни қишловга киради. Ўсимлик тиним даврига кириши билан ўсув даври эрта баҳоргача тўхтаб қолмасдан ҳаво ҳарорати кўтарилганда яна ўсиш давом этади, пасайганда ўсишдан тўхтайди.

Ноябрь ойида ниҳоллар тўлиқ униб чиқиб, туплангандан кейин биринчи навбатда, пайхоннинг олди олиниши зарур. Бугунги кунда экилаётган буғдойларнинг 95 фоизи кузги, 5 фоизи икки фаслли ҳисобланади. Кузги буғдой пайхондан кейин тикланиши қийин. Шунинг учун дала четларини четан тўсиқлар билан ўраган маъқул.

Ер музлаган вақтида ғўзапояни майсалар илдизига зарар етказмасдан ўриб, даладан олиб чиқиш лозим.

Ғалла майдонлари атрофини мунтазам равишда бегона ўт қолдиқлари, дарахтларнинг қуриган пўстлоғи ва шохларидан тозалаш зарур. Чунки булар асосий зарарли ҳашарот, зараркунанда ва касаллик спораларининг қишлаб чиқадиган жойи ҳисобланади.

Ғалланинг куз ойларида парваришидаги зарур чора-тадбирларни ўз вақтида сифатли бажарилиши юқори ва сифатли дон ҳосили олинишининг муҳим омили ҳисобланади. Бунга ғаллакорлар доимо эътибор беришлари мақсадга мувофиқдир.

    Р.Сиддиқов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech