Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
4 Ноябр 2016 00:00

Чорвачиликка ихтисослашган фермер ва ширкат хўжалиги мутахассислари қиш фаслида қуйидаги чора-тадбирларни ўтказишга алоҳида эътибор беришлари мақсадга мувофиқдир:

- молхона, қўйхона ва паррандалар турадиган жойлар гематопиноз, бовиколёз, саркоптоз, псороптоз, рипицефалёз касалликлари қўзғатувчиларига қарши инсектоакарицид препаратлари яьни маҳаллий циперметриннинг 25 фоизли концентрат эмульсиясидан тайёрланган 0,015–0,02 фоизли ишчи эмульсия билан дезинсекция ва дезакаризация қилиш лозим;

- бўғоз сигир ва қўйлар колибактериоз, сальмонеллёз ва пастереллёз касалликларига қарши кечиктирилмасдан тегишли вакциналар билан йўриқномага асосан (биринчи марта 2 мл, иккинчи марта 3 мл дан қўйлар ва биринчи марта 3 мл, иккинчи марта 5 мл дан қорамоллар (14 кун оралиғи билан такроран) тери остига эмлаш зарур;

- ўта хавфли брадзот ва энтеротоксемия касалликлари олдини олиш учун қўйлар 1 мл да мускул орасига вакцина билан эмланиши мақсадга мувофиқ;

- қорамолларнинг фасциоллёз ва дикроцелиоз касалликларининг олдини олиш ва даволаш учун альбендазол, альбен каби антигельминтиклар билан йўриқномага асосан қўлланилади.

Ҳайвонларни ўз вақтида тўғри ва сифатли озиқлантириш, ветеринария кўригидан яъни диспансеризацияни тўлиқ ва атрофлича, клиник кўрикдан ўтказиш, касал молни ўз вақтида ажратиш, гўнгни чиқариш ва зарарсизлантириш, молхоналарни дезинфекция, дератизация қилиш, молхоналар зоогигиеник талабларга жавоб беришини назорат қилиш, яйловларни кўрикдан ўтказиш, моцион ва озиқа баъзасини яхшилаш, сунъий қочириш ишларини яхшилаш, ҳар кварталда диагностик текширишлар режасини тузиш, молбоқарларни махсус кийим-кечак, пойафзал ва шахсий гигиена предметлари билан таъминлаш каби ишларни олиб бориш зарур. Биринчи ёрдам кўрсатиш мақсадида жойлардаги ветеринария пунктларини ветеринария препаратлари билан (ветеринария биопрепаратлари, вакцина, қон зардоблари, дезинфектантлар ва антгельминтиклар билан) тўлиқ таъминлаш чораларини кўриш лозим.

Чорвачилик комплексларидаги қорамолларни сақлаш, кўпайтириш ҳамда турли касалликлардан асраш учун қуйидаги тадбирларни амалга ошириш тавсия этилади:

1. Қорамолларни тўйимли, витаминли озуқалар билан боқишда рационига витамин ва оқсилга бой бардани қўшиб бериш зарур. Шунда қорамоллар иштаҳасини очиб ҳазм системасини тиклайди ва сути кўпаяди.

2 Молларни ўз вақтида ветеринария кўригидан ўтказиб туриш доимо эътиборда бўлиши зарур.

3. Молхоналарни ва моллар яйраб юрадиган жойларни гўнгдан тозалаш ва уни биотермик зарарлантиришни уюштириш.

4.Фермага, умуман молхонага кириш жойларида дезобаръер ва дезаматларни ташкил этиш.

5. Чорва моллари касалликлари одини олиш учун дезинфекция, дератизация ишларини ўтказиш.

6. Яйратиш майдонларини мунтазам гўнгдан тозалаш, моллар туёқ ораларига нам гўнг тўпланишига йўл қўймаслик зарур.

7. Туёқлари касалланган ҳайвонларни тирик вазнига караб гентамицин ёки окситетрациклин антибиотиги билан мускул орасига 100 кг тирик вазнига 5 млдан инеъкция қилиш, туёқларни 1:500 нисбатдаги фурацилин эритмаси билан эрталаб ва кеч­қурун ювиб туришни ташкил этиш лозим.

8. Соғлом қорамоллар сақланадиган жойларни 5% формалин эритмаси билан дезинфекция қилиб, имконият даражасида тагини қуруқ сақлаш, соғинга олиб кириш ва олиб чиқишда ишчилар молларнинг туёқларини зарарланишдан сақлаш чораларини кўриши зарур.

9. Туғилган бузоқларни алоҳида ажратиш ва уларни 4 ой давомида она сути билан, 2 ой давомида эса она сутидан тайёрланган абрат ичириш мақсадга мувофиқ.

Хориждан келтирилган молларни соғлом сақлаш, улардан олинадиган маҳсулотлар миқдорини ошириш учун тўғри парваришлаш, сифатли зооветеринария хизматларини ташкил этиш лозим.

Зоогигиеник талабларга мос молхона ва яйратиш майдонлари тайёрланиши, уларнинг атрофи деворлар билан ўралиб, кириш жойларида дезобаръерлар ўрнатилиши лозим.

Юқоридаги тадбирларни вақтида ва сифатли ўтказишга эътибор берилган жойда чорва моллари касалликлари олди олинади. Бу эса йил давомида аҳолини гўшт ва сут маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш имконини беради.

    Ш.Жабборов, Б.Элмуродов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech