Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
4 Ноябр 2016 00:00

Қишлоқ хўжалик экинларидан мўл ҳосил етиштиришда кузги шудгорлашнинг аҳамияти катта. Ўз вақтида ва сифатли ўтказилган шудгор келгуси йил ҳосилига пухта замин яратади. Сифатли шудгорланган майдонларда шўр ювиш, яхоб суви бериш, эрта баҳорда майдонни экишга тайёрлаш ҳамда экиш каби агротехник тадбирларни ўз вақтида ва самарали ўтказишга эришилади. Натижада экилган уруғлар қийғос ундириб олинади ва ниҳоллар баравж ривожланиб, кўп ҳосил тўплайди ва барвақт етилади.

Фермер, агроном ва механизаторлар мазкур агротехник талабларни тўла қондирилиши учун қуйидаги тадбирларни сифатли бажарилишига алоҳида эътибор беришлари лозим.

Ерларни ҳайдовга тайёрлаш. Авалло, далалар ғўзапоя ва бош­қа ўсимлик қолдиқларидан тозаланиши, суғориш ариқлари текисланиши, тупроққа зарур миқдордаги маҳаллий ва минерал ўғитлар солиниши керак. Ғўзапояларни юлишда КВ-4,0 ва КВ-3,6 юлгичлардан, уларни майдалаб далага сочиб юборишда эса КИ-1,2 ва КИ-1,8 каби махсус майдалагичлардан фойдаланилади. Маҳаллий ўғитларни солишда РТО-4, РОУ-6, минерал ўғитларни сепишда эса 1-РМГ-4, РУМ-5, НРУ-0,5, РМС-6 машиналар ишлатилади.

Далаларни кўп йиллик илдизпояли бегона ўтлардан тозалаш учун тупроқ қатламлари ағдаргичлари олинган плуглар билан 18–20 см чуқурликда юмшатилади, тупроқ ичидаги ва юзасидаги илдизлар чизел, культиватор ва бороналар билан тезда йиғиб олинади. Шўра, итузум, курмак каби бир йиллик ва ажриқ, ғумай, қўйпечак сингари кўп йиллик бегона ўтларга қарши курашда рухсат этилган гербицидлардан фойдаланилади. Гербицид эритмаси шудгорлашдан олдин ОВХ-600 ёки VP-1 вентиляторли пуркагич ёрдамида сепилади.

Тупроқнинг намлиги 16–18 фоиз атрофида бўлса: палахсалар яхши майдаланади, плугнинг ишчи органларига ёпишмайди, ёнилғи сарфи камаяди ва иш унуми ошади. Тупроқ нами етарли бўлмаса, далани суғориш талаб этилади.

Плугларни ишга тайёрлаш ва созлаш. Далаларни сифатли ҳамда тежамли шудгорлаш учун ҳар бир ҳайдов агрегати албатта иш олди кўригидан ўтказилиши лозим. Плуг текис майдончага қўйилади, барча иш органларининг мавжудлиги, лемехлар тиғларининг ўткирланганлиги ва майдонча юзасига параллелиги ҳамда бирдек тегиб туриши, корпусларнинг баландликлари, улар орасидаги масофаларнинг бир хиллиги ва дала тахталарининг ҳаракат йўналишига параллеллиги текшириб кўрилади. Бунда лемехнинг учи майдончадан кўпи билан 10 мм кўтарилиб туриши мумкин, холос.

Лемехларнинг шакли ва ўлчамлари андоза билан текширилади: бунда лемех тиғининг узунлиги андоза ўлчамларидан 15 мм, елкасининг узунлиги 10 мм ва лемехнинг эни 5 мм гача катта ёки кичик бўлиши мумкин; ағдаргич ва лемехнинг дала томонидаги четлари битта вертикал текисликда ётиши лозим. Ағдаргич дала четининг юқориги нуқтаси эгат томонга кўпи билан 10 мм оғиши мумкин. Лемехнинг ағдаргич билан туташган жойида кўпи билан 1 мм тирқиш бўлишига йўл қўйилади; шу жойда лемех ағдаргичдан кўпи билан 2 мм кўтарилиб турилиши мумкин; ағдаргичнинг лемехдан кўтариб турилишига йўл қуйилмайди. Бу шартлар бажарилмаса корпусга тупроқ ёпишиб, плугнинг тортишга қаршилиги ошади.

Икки ярусли ПЯ-3-35, ПД-4-45, ПНЯ-4+1-45 плугларда уларнинг юқориги ярус корпуслари пастки ярус корпусларига нисбатан 45–55 см олдинга ва плуг рамаси бўйлама брусларининг чап томонига жойлаштирилиши даркор. Ҳайдов чуқурлиги 30 см бўлганда юқориги ярус корпуслари пастки, 30 см. дан кўп бўлса юқориги ҳолатга ўрнатилади.

ПН-4-35, ПЛН-5-35, ЛД-100 русумли плугларда чимқирқар асосий корпусдан 25–30 см олдинда туриши, унинг ҳайдаш чуқурлиги 10–12 см оралиқда бўлиши керак.

Тиркама ПЯ-3-35 плугларда ҳайдаш чуқурлиги уларнинг дала механизми штурвалини айлантириб, ўрнатма плугларда эса таянч ғилдирагини баландлик бўйича силжитиб созланади.

Плуг рамаси дала юзига параллел ҳолда жойлашиши керак. Бунга осма плугларда тракторнинг осиш қурилмасини тўғри созлаш йўли билан эришилади. Раманинг бўйлама оғиши осиш қурилмасининг юқориги марказий тортқисини узайтириб ёки қисқартириб, кўндаланг оғиши эса пастки бўйлама тортқилар кашаклари узунлигини ўзгартириб ростланади.

Тиркама плугларда раманинг бўйлама текисликка параллеллиги плуг тортқисини пасайтиргичларга тўғри улаш, кўндаланг текисликка параллелиги эса плуг эгат ғилдирагини кўтариш ёки тушириш йўли билан соз­ланади.

Корпуслари айланадиган плуглардан фойдаланилса, бутун пайкал бўйлаб тупроқни бир хил чуқурликда ва бир текис ҳайдалишига, бегона ўтлар ва ўсимлик қолдиқларини чуқур кўмилишига эришилади.

Қўлбола ясалган ағдаргич ва лемехлардан фойдаланиш мумкин эмас!

Ҳайдовни ташкил этиш қоидалари. Ерларни шудгорлашдан олдин дала кенглиги 40–50 метрли тахталарга бўлинади ва ҳар қайси тахтада агрегатнинг иш йўли белгилаб чиқилади.

Тахталар ичкарига ёки ташқарига ағдариб ҳайдалиши мумкин. Ичкарига ағдариб ҳайдашда шудгорлаш тахтанинг ўртасидан бошланиб, даланинг охирига етганда плуг ўнг томонга бурилади ва тупроқ биринчи ҳайдалган томонга ағдарилади. Тахтанинг ўртасида марза (пушта) ҳосил бўлади. Кейинги ҳайдашлар шу йўсинда давом эттирилиб, тупроқ ҳамма вақт пушта томонга ағдарилади.

Ташқарига ағдариб ҳайдашда эса плуг тахтанинг ўнг чеккасидан бошлаб, охирига етганда чапга айланади ва тахтанинг чап чеккасини ҳайдашни давом эттиради. Шу тариқа агрегат тахта ўртасига яқинлашади ва эгат ҳосил бўлади.

Ичкарига ағдариб ҳайдаш учун агрегатнинг биринчи ўтишида плугнинг биринчи корпуси дала юзига сирпаниб юрадиган, охирги корпуси эса белгиланган чуқурликда ишлайдиган этиб ростланади. Агрегатнинг иккинчи ўтишида биринчи корпус ҳам белгиланган чуқурликда ишлайди ва у биринчи ўтишда охиргидан олдинги корпус юрган издан юргизилади. Учинчи ўтишда ер одатдагидек ҳайдалади.

Ер айланма плуглар билан ҳайдалганда дала тахталарга бўлинмайди, чунки уларнинг корпуслари ўнгга ва чапга ағдарадиган бўлганлиги учун дала бир чеккадан ҳайдалади.

"Магнум" тракторлари ЛД-100 плуглар билан ишлатилганда биринчи корпус қамров кенглигини тракторнинг орқа ғилдираклари орасидаги масофани ўзгартириб тўғрилаш мумкин. Бу плуг тракторни дала ёки ҳайдов томонга тортишини созлайдиган қурилма билан жиҳозланган. Агар иш жараёнида трактор дала томонга тортса ушбу қурилма винти узайтирилади, ҳайдов томонга тортганда эса калтайтирилади.

Ерларни икки ярусли плуглар билан шудгорлаш қўйилган агротехника талабларига тўла жавоб беради, чунки бундай плуглар тупроқ ҳайдов қатламини икки қисмга (ярусга) ажратиб ва улар ўринларини алмаштириб ағдаради: юқориги унумдор, озиқа моддаларга бой қисм пастга, озиқа моддалари қашшоқлашган унумсиз пастки қисм тепага ағдарилади. Бунда солинган ўғитлар, ўсимлик қолдиқлари, бегона ўтлар ва уларнинг уруғларини чуқур кўмилиши таъминланади. Икки ярусли плуглар билан шудгор қилинган далаларда бегона ўтларнинг униб чиқиши 2–3 баравар камаяди, пахта ҳосилдорлиги гектарига 2–3 центнерга ошади.

Кам унум, қум ва шағал қатлами мавжуд ерларда ҳайдов чуқурлиги шундай танланиши керакки, токи бунда қум билан шағал ер бетига ағдарилиб чиқмайдиган бўлсин.

Ғўзапояли пайкалларни ҳайдаш. Бундай пайкалларда икки ярусли ПЯ-3-35 плуглар занжирли тракторлар билан ишлатилади. Ҳайдов агрегати тракторининг ўнг занжири ғўза қатори устидан юриб, ғўзапояларни эзиб кетадиган, плугнинг биринчи корпуси ярим қамров кенглигини олиб кетадиган, эгат ғилдираги унинг деворидан 20–25 см масофада юрадиган, трактор эзиб кетган қатор плугнинг иккинчи юқорги корпусининг ўртасига тўғри келадиган этиб созланиши керак. Шундагина ғўзапояни эгат тубига тўла кўмилишига эришилади.

Бедапояларни ҳайдаш. Ҳайдовда беданинг илдизлари 5-6 см чуқурликда қирқилиб, эгат тубига кўмилиб кетиши керак. Бунинг учун бедапоя илдизларини 5–6 см чуқурликда кесиб кетадиган чап қирқувчи пичоқлар ўрнатилган икки ярусли плуглар билан ҳайдалади. Қамров кенглиги 200 мм бўлган пичоқлар плуг юқори корпусларининг чап томонига ўрнатилади. Шунда беданинг илдиз бўғини 5–6 см узунликда кесилиб, чуқур кўмилади. Бошқа русумдаги плуглардан фойдаланилганда бедапояларга олдин ағдаргичлари олинган плуглар ёки ясси кесувчи пичоқлар билан жиҳозланган культиваторлар ёрдамида 5–6 см чуқурликда ишлов берилади, сўнгра ҳайдалади.

Шудгор сифатини назорат қилиш усуллари. Плугнинг иш сифатини белгиловчи агротехник талаблар орасида ҳайдаш чуқурлиги ва унинг бир текисда бўлиши ҳамда бегона ўтлар, уларнинг уруғи ва илдизларини кўмилиш чуқурлиги муҳим ҳисобланади. Чуқурлик қиймати эгат ўлчагич ёки оддий чизғич билан аниқланади. Бунинг учун плугнинг охирги корпуси ҳайдаган эгат чуқурлиги ҳар бир даланинг 25 жойидан ўлчанади. Кейин ҳамма ўлчов кўрсаткичлари қўшилиб, ўртача кўрсаткич аниқланади. Сифатли ҳайдалган ерларда ҳайдаш чуқурлиги агроном томонидан ўрнатилган кўрсаткичдан ± 2 см фарқ қилиши мумкин, холос. Бегона ўтларни кўмилиш чуқурлиги ҳам даланинг 25 жойидан ҳайдалган ерни ковлаб ва шудгор юзидан бегона ўт ётган жойгача бўлган масофа ўлчаб аниқланади. Ўртача кўрсаткич икки ярусли плугларда 20 см. дан, умумий ишларга мўлжалланган плугларда эса 10 см. дан кам бўлмаслиги керак.

Шудгорлашда катта кесаклар кўчмаслиги, ҳосил бўлган пушталарнинг ўртача баландлиги 5 см. дан ошмаслиги лозим. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, ерни узоқ йиллар мобайнида бир хил чуқурликда ҳайдаш ва тракторлар ҳамда бошқа қишлоқ хўжалик машиналари ғилдираклари остида топталиши тупроқнинг ҳайдов ости қатлами зичланиб кетишига олиб келади. Бу ўсимликлар ҳаво ва озуқа режимининг бузилиши ҳамда ҳосилнинг камайишига сабаб бўлади. Шунинг учун барча далалар 2–3 йилда бир марта чуқур юмшатилиб турилиши даркор. Бунда ГРП-3/5, ГНУ-1МС ва хўжаликларда мавжуд бўлган бошқа русумдаги чуқур юмшаткичлардан фойдаланилади.

Кўриниб турибдики, кузги шудгор алоҳида масъулият ва билим талаб этадиган агротадбирдир. Фермерлар, агрономлар, механизаторлар шунга қараб иш тутмоқлари зарур.

   М.Тошболтаев, А.Тўхтақўзиев





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech