Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
4 Ноябр 2016 14:19

Далалардан қишлоқ хўжалик экинлари ҳосили йиғиштириб олиниб, ғалвирлар сувдан кўтарилган ҳозирги кунлар келгуси йил деҳқончилиги учун пухта замин яратиладиган муҳим давр саналади. Бу даврда бир қатор кечиктириб бўлмайдиган тадбирлар борки, уларни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш лозим.

Мазкур тадбирлар асосини ерларни сифатли ҳайдаш ва текислаш, уларнинг ирригация тармоқларини мавсумга тайёрлаш ва мелиоратив ҳолатини яхшилаш каби вазифалар ташкил қилади.

Булар орасида суғориш ва зах қочириш тармоқларини келгуси йил мавсумига шай ҳолатга келтириш муҳим аҳамият касб этади. Суғориш тармоқлари қаровсиз ташлаб қўйилса, яроқсиз ҳолга келиб, лойқага тўлиб сувнинг беҳудага исроф бўлишига ва экин майдонлари мелиоратив ҳолатининг ёмонлашувига сабаб бўлади.

Бу тадбирларни амалга оширилишида Сув истеъмолчилари уюшмалари ходимлари ва фермерларнинг ҳамжиҳат бўлиб, меҳнат қилишлари якуний муваффақиятнинг асосини яратади.

Хусусан, Сув истеъмолчилари уюшмалари ўз тасарруфидаги фермер хўжаликлари билан биргаликда суғориш ва зовур тармоқларини тартибга келтириш учун қуйидаги тадбирларни амалга оширишлари лозим:

- ариқларни лойқа ва бегона ўтлардан тозалаш;

- ариқларнинг ўпирилган ёки ювилган жойларини тупроқ билан тўлдириб, текислаш;

Суғориш шохобчаларини лойқа ва бегона ўтлардан тозалаш, яъни сув йўлини очиб, уни равон оқишига имконият яратиш мавсумдаги суғориш ишларини енгиллаштириш билан бирга далалар сув таъминотини яхшилайди.

- суғориш тармоқларининг синган, ёрилган ва ишдан чиққан жойларини таъмирлаш ва қайта тиклаш.

Бу экинларни суғориш мавсумида сувни узилишларсиз етказиб берилишига имконият яратади ва ундан самарали фойдаланишни таъминлайди.

- захкашларнинг далалардаги кузатув қудуқларини ахлат ва тупроқдан тозалаш;

- сизот сувини захкашлардан зовурга эркин оқиб чиқишини таъминлаш (лой босиб қолган жойларни очиб, тозалаб қўйиш).

Зовур-захкаш тармоқларини бехато ишлаши ернинг мелиоратив ҳолатини яхши бўлишига, пировардида экиндан кутилган ҳосил олишга имконият яратади.

- сув олиш қулоқларини сувни бошқариш ва ўлчаш воситалари билан жиҳозлаш;

- дарвозаларнинг (затвор) кўтарма механизмлари ва сув узатувчи насос механизмларини таъмирлаш ва мойлаш;

- сув бериш ва сув ўлчаш иншоотларининг металл қисмлари зангини тушириш ва бўяш.

Фермер хўжаликларининг сув олиш қулоқларини сувни бошқариш иншоотлари (дарғотлар), гидропостлар билан жиҳозлаш, амалда мавжудларини эса таъмирлаш далаларга берилаётган сувни осон бошқариш ва ундан фойдаланиш самарадорлигини оширади.

Экин майдонларидан кутилган ҳосилни олишга замин яратувчи тадбирлар орасида мелиорация йўналишидаги юмушлар ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Бу борада экин даласининг жорий мелиоратив ҳолатини аниқ билиш жуда муҳимдир.

Бунинг учун ерларнинг шўрланганлик даражасини тўғри аниқлаш талаб этилади. Бунда тупроқнинг фаол қатламидан бурғу ёрдамида тупроқ намуналари олиниб, кимёвий таҳлил қилинади. Бундай ишлар одатда ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари таркибидаги мелиоратив экспедициялар томонидан амалга оширилади. Ўз даласининг ҳолатини аниқ билишни истаган ҳар бир фермер ушбу экспедициялар билан ҳамкорлик асосида иш олиб борса яхши натижаларга эришиши муқаррар.

Бундан ташқари фермерлар ўз далаларининг мақбул мелиоратив ҳолатини таъминлашлари учун захкаш тармоқларнинг ишчи ҳолатини таъминлашлари ҳам муҳим саналади. Бу борада кузги-қишки тадбирларни амалга оширишда қуйидаги жиҳатларга эътибор қаратиш талаб этилади:

ғаллани кузда суғориладиган жойларда ўтказиладиган ўқариқларини ёпиқ-ётиқ захкашларнинг устидан ёки ёнидан захкаш ўқи бўйлаб олиш мумкин эмас. Майдон шўрини ювиш ва яхоб суви бериш одатда унинг ўрта қисмидан бошланиши лозим;

очиқ зовурлар бўйлаб ўқариқлар тортиш ва даланинг очиқ зовурлар томонидан суғориш ёки яхоб беришни бошлаш мумкин эмас. Акс ҳолда, зовур қирғоқлари ўпирилиб, унинг чуқурлигини камайтиради, майда тўсиқларни юзага келтиради, кўп ҳолларда захкашларнинг сув чиқиш жойлари беркилиб қолади, грунт шўр сувларнинг чиқиши қийинлашади ва оқибатда суғориладиган майдонларда грунт сувлари сатҳининг кўтарилиши юз беради.

Фермер даласидан зовурларга оқова сув ташланадиган жойлар тупроқ эрозиясига учраши ва жарликлар юзага келишига қарши мустаҳкамланиши даркор.

Шундай экан, шу кунларда ҳар бир фермер ўз сув олиш ва суғориш иншоотларини келгуси мавсумга тайёрлашга киришиши, бунда суғориш тизимининг ишдан чиққан, бузилган, синган, ахлат ва тупроқ-қумга тўлган жойларини тиклаш ишларини амалга ошириши лозим.

Кузги-қишки тадбирларни ўтказишга масъулият билан ёндашиш ва уларни сифатли амалга ошириш келгуси йил деҳқончилигининг баракали бўлиши учун пухта замин яратади, мавсум давомида юзага келиши мумкин бўлган қийинчиликларнинг олдини олади.

    Ж.Дурматов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech