Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Июл 2014 00:00
Жорий йил ғўза парваришида июль ойида бажариладиган ишларни оби-тобида ўтказиш, ҳосилнинг эртаги, чўғининг баланд ва сифатининг юқори бўлишини таъминлайди. Ёзнинг жазирамаси забтига олган бу пайтда ғўзани суғориш ва чилпиш ишларини ўз вақтида ўтказишга жиддий эътибор бериш мақсадга мувофиқ.
     Минерал ўғитларнинг самарасини ошириш ва ғўза ривожини жадаллаштиришда суғоришнинг аҳамияти катта. Шу боис озиқлантирилган майдонларда суғориш ишларини пешма-пеш ташкил этиш зарур. Бунда жойнинг тупроғи, механик таркиби ва гидромодуль районларини ҳисобга олиб, суғориш муддати, меъёри ва сони қуйидагича белгиланади: сизот сувлар чуқур жойлашган ерларда ғўзанинг гуллаш ва ҳосил тугиш даврида суғориш меъёри енгил таркибли тупроқларда 800–900, ўрта ва оғир тупроқларда 900–1000 м3/га атрофида.
      Ғўза гуллаш даврида суғориш давомийлиги механик таркиби енгил тупроқларда 10–12, ўрта ва оғир тупроқларда 12–14, ялпи гуллаш ва ҳосил тугиш даврида эса мос равишда 14–16 ва 16–18 соатдан ошмаслиги керак. Таъкидлаш жоизки, ғўза сувга келган даврда гули тепага чиқиб кетишига асло йўл қўйиб бўлмайди. Негаки, ҳарорат юқори бўлганда сув кечикиб берилса, ғўза чанқаб паст бўйли бўлиб қолади.
    Тажрибалардан маълумки, бундай паллада суғоришнинг кечиктирилиши ҳисобига ҳосилдорлик гектарига 4–5 центнерга камаяди. Далани бегона ўтлардан тозаламасдан туриб суғориш ҳам яхши самара бермайди. Тунги суғориш сувни 10–12% тежаб, ғўзанинг ўсиб-ривожланиши учун мўътадил микроиқлим яратади. Шарбат усулида суғориш сувдан самарали фойдаланиш ва ғўзанинг минерал озиқани тўлиқ ўзлаштиришида муҳим ўрин тутади. Бунда гўнг ғўзага озиқа бериш билан бирга, мульча вазифасини бажариб, сувнинг буғланишини камайтиради, тупроққа сингишини яхшилайди, намни яхши сақлайди. Бунинг учун ҳар бир майдоннинг сув кирадиган жойига шарбат учун махсус хандақ қазилиб, суғоришдан 5–7 кун олдин 1:1 нисбатда сув билан гўнг аралаштирилиб жижа тайёрланади.
      Суғориш суви ушбу хандақ орқали ўтказилиб, сувнинг ранги тўқ жигарранг тусга киргунча жижа аралаштирилиб турилади ва сув эгатлар охирига етганда тўхтатилади. Ғўза қатор оралари 60 см бўлган майдонларда суғоришни эгат оралатиб (бир эгат ташлаб) ўтказиш 15–20 фоизгача сувни тежаш имконини беради. Суғоришдан кейин ғўза қатор ораси тупроқ етилиши билан майин культивация қилиниши керак. Сувдан сувгача ғўза қатор орасига 2 марта ишлов бериш, бунда суғоришдан кейинги культивация ва суғоришдан олдин эгат олишда механизмларнинг ишчи органларини тўлиқ бўлишини назорат қилиш зарур.
      Агар культивация кечикиб ўтказилса, тупроқ намлиги қочиб, ишлов пайтида ғўза илдизи шикастланади, ўсиб-ривожланиши секинлашади, ҳосил нишоналари тўкилади. Ғўзани чилпиш ҳам энг муҳим юмушлардан саналади. Чилпишни ўз вақтида ва сифатли бажариш орқали, ғўзанинг ўсиб-ривожланиши жадаллашади, ҳосил нишоналарининг тўкилиши камаяди, гул ва кўсаклар сони ошади, кўсакларнинг пишиши 5–10 кунга тезлашади, ҳосилдорлик гектаридан 3–4, ҳатто 6–8 центнергача ортади. Ғўза баравж ўсиб, вегетатив массаси қанчалик катта бўлса, ўсимлик тупроқдан олаётган озиқа моддалари кўпроқ ўсув шохлари ва баргларга йўналади. Бунда генератив ҳосил органлари – шона, гул ва кўсакларга озиқа камроқ етиб бориши туфайли улар тўкилиб, кўсаклар тўлиқ шаклланмайди, очилиши кечикади, ҳосилдорлик камаяди ва толасининг сифати пасайиб кетади.
      Ғўза чилпилганда кўсаклар пайдо бўлиши ва етилиши тезлашади, эртаги, мўл ва сифатли пахта ҳосили етиштириш имконини беради, кўсак қуртининг зарарини камайтириб, дефолиация самарадорлигини оширади. Ғўзани ўз муддатида сифатли чилпиш ҳосил салмоғининг ортиши, сифатининг яхшиланиши, эрта етилишига олиб келади. Аксинча, унинг кечиктирилиши ва сифатсиз ўтказилиши оқибатида пахта ҳосили 15–20 фоиз камайиб, пишиб етилиши 7–10 кунга кечикиб, кўсаклари кичрайиб, вазни камаяди, ғўза сербарг бўлиб, кўсакларнинг қобиғи қалинлашиб, ҳашаротларни ўзига кўпроқ жалб этади.
       Ғўзанинг ўсиб-ривожланиши ҳамда навлар хусусиятларига қараб унумдор тупроқларда 13–14, ўртача унумли тупроқларда 12–13 ва унумдорлиги паст ерларда 11–12 ҳосил шохи тўпланганда чилпилади. Қўшқатор экилган ерларда бу тадбир 10–11 шох ҳосил бўлганда ўтказилади. Ғўзанинг юқори ўсув нуқтаси қўлда чилпилганда ён шохлар ривожланиб, қаторларнинг бирлашуви юз беради. Бунинг олдини олиш учун ён шохларни ҳамда ривожланишдан орқада қолган бўйи паст тупларини ҳам чилпиш керак. Чилпиш қўлда ўтказилганда, ғўза бош поясининг энг учки 1–2 см қисми (бироз оқиш рангли бўлади) юлиб олинади. Бунда ушбу қоидага риоя этилмай ғўзани уч қисми чуқур (5–10 см) чилпилса, ғўзага салбий таъсир этиб, бир-иккита шона ва гул ҳам юлиб ташланади. Бу эса тўлиқ пишиб етилиши мумкин бўлган 3–5 ц/га ҳосилнинг бой берилиши демакдир.
     Шу боис фермерлар ва мутахассислар ишчилар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориши ва чилпиш жараёнини жиддий назорат қилишлари лозим. Механик усулда чилпишда ғўзанинг юқори қисми махсус мослама культиватор олдига ўрнатилган агрегат билан кесилади. Чилпишнинг кимёвий усули ғўзанинг ҳосил тўплаши ва мақбул ўсиши учун ҳар тарафлама самарали ва қулайдир. Бунда «Сожеан», «Энтожеан», «Далпикс» препаратлари суғоришдан 5–7 кун аввал ёки суғоришдан 5–7 кун кейин ОВХ ва бошқа пуркагич мосламаларда 250–300 л/га сувга аралаштирилиб сепилади.
     Шунда дорилар ғўзанинг барги орқали яхши сингиб, танаси бўйича бир хил тарқалади ва ўсимлик ҳужайраларининг бўлинишини тўхтатади, натижада ғўза бўйи ва ёнига ўсишдан тўхтайди, барглари тўқ яшил рангга киради, ўсимликнинг ривожланиши ва ҳосил тўплаши жадаллашиб, тупи ихчам арчасимон бўлиб, қаторлар орасида ҳаво алмашинуви ва микроиқлим яхшиланади, ғўзанинг тепа қисмида 3–4 дона бўлиқ кўсак пайдо бўлади. Энг асосийси, пишиб етилиши 7–8 кунга тезлашади, биринчи терим салмоғи 6–7, умумий ҳосил 3–8 ц/га ва ундан ҳам ортиб, пахтани қисқа муддатда юқори навларда йиғиштириб олишга имконият яратилади. Кимёвий чилпишдан кейин қўлда чилпишга ҳожат қолмайди, қўл меҳнатига барҳам берилади, механизмда чилпишга нисбатан ёнилғи сарфи 5–6 марта тежалади.
      Кимёвий усулда чилпишда аввал тракторнинг сув баки ярмигача тоза сув билан тўлдирилади, сўнгра белгиланган препарат меъёри иккала бакка бир хил миқдорда бўлиб-бўлиб солинади ва унинг устидан сув қуйилиб охиригача тўлдирилади. Тракторнинг махсус аралаштиргичи ёки қўлда бирор мослама билан яхшилаб аралаштирилади, шундан сўнг далага сепишга рухсат берилади. Республикамиз минтақаларида ғўзанинг ривожланиш ҳолатига қараб, «Сожеан» ва «Энтожеан» препаратлари гектарига 90–100 г, «Далпикс» 1,5–2 л миқдорда қўлланилиши зарур. Агар «Сожеан» ва «Энтожеан» препаратлари ғўзанинг шоналаш даврининг бошида бўйи 20–25 см 15 г/га, гуллаш бошланганда (ғўза бўйи 55–60 см) 45 г/га сепилган бўлса, чилпиш даврида 90 г/га сепиш етарлидир. Лекин олдин ушбу препаратлар қўлланилмаган далалардаги ғўзаларга 100–105 г/га меъёрда қўллаш керак.
     Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятларининг унумдорлиги юқори бўлган ерларида С-6524, С-6541 ғўза навлари экилиб, гектарига 90–100 минг туп кўчат парваришланаётган бўлса, 13–14 ҳосил шохида, унумдорлиги ўрта ва паст, сизот сувлари яқин жойлашган майдонларда 100–110 минг туп кўчат зичлигида 12–13 ҳосил шохида, «Наманган–77», «Ан-Боявут–2», «Султон» ва «Гулбаҳор» ғўза навлари экилган унумдор ерларда 100–110 минг кўчат қалинлигида 13–14 ҳосил шохида, ўрта ва паст унумли тупроқларда 110–120 минг кўчати мавжуд бўлса, 11–12 ҳосил шохида чилпиш ўтказилиши мақсадга мувофиқ. «Бухоро–102» нави 90–100 минг туп кўчат қалинлигида парваришланаётган майдонларда эса 13–14, 100–110 минг кўчатда эса 12–13 ҳосил шохида чилпиш ўтказиш керак.
       Самарқанд, Навоий ва Бухоро вилоятлари шароитида тупроқ унумдорлиги паст майдонларда «Омад», «Ан-Боявут–2», «Султон» ғўза навлари гектарига 110–120 минг туп кўчат қалинлигида парваришланаётган бўлса, 12–13 ҳосил шохи пайдо бўлган муддатда, «Бухоро–6», «Бухоро–102», «Бухоро–8» навларида 100–110 минг кўчатда 12–13 ҳосил шохида, унумдорлиги ўртача тупроқларда «Омад», «Ан-Боявут–2» ва «Султон» навлари гектарига 100–110 минг кўчат қалинлигида 13–14, «Бухоро–6», «Бухоро–102» ва «Бухоро–8» навларида 90–100 минг кўчат сонида 13–14, унумдорлиги юқори бўлган тупроқларда экилган «Омад», «Ан-Боявут–2» ва «Султон» навларида гектарига 100–110 минг кўчат қолдирилиб ўстирилаётган ерларда 13–14, «Бухоро–6», «Бухоро–102» навларида 90–100 минг кўчат қалинлигида 13–14 ҳосил шохида чилпиш ўтказилиши энг мақбул муддат ҳисобланади.
       Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида унумдорлиги юқори бўлган тупроқларда С-6524, «Султон», «Наманган–77», «Наманган–34», «Андижон–35», «Андижон–36» ва «Андижон–37» ғўза навлари гектарига 90–100 минг туп кўчат сонида 13–14, ўртача унумдор тупроқларда гектарига 100–110 минг туп сонида 12–13, унумдорлиги паст ерларда гектарига 110–120 минг туп сонида 11–12 ҳосил шохида чилпиш ўтказилса, ер ости суви юза бўлган тупроқларда ҳам 110–120 минг кўчат қолдирилиб парваришланган пайкалларда 12–13 ҳосил шохида чилпилади. Қашқадарё вилоятида экилган «Бухоро–6» ва «Бухоро–8» ғўза навлари шохлаб ўсишини ҳисобга олиниб, тупроқ унумдорлиги паст бўлган майдонларда гектарига 110–120 минг кўчат сонида 11–12, унумдорлиги ўртача бўлган чўл, ярим чўл ва дашт ҳудудларида 100–110 минг туп сонида 12–13, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида экилган «Бухоро–102» навида 95–100 минг кўчат сонида 13–14, «Наманган–77», «Султон» навларида 110–115 минг туп сонида 13–14 ҳосил шохида, тупроқ унумдорлиги юқори бўлган ерларда «Бухоро–102» навида 90–100 минг туп сонида 14–15, «Наманган–77», «Султон», «Бешқаҳрамон» навларида 100–110 минг туп сонида 13–14 ҳосил шохида чилпиш ўтказилади.
      Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида экилган С–4727, «Дўстлик–2», «Чимбой–5018», «Меҳнат», «Хоразм–127», «Ибрат», «Хоразм–150» ғўза навларида унумдорлиги юқори ерларда гектарига 90–100 минг туп сонида 13–14, ўртача унумдор тупроқларда 100–110 минг туп сонида 12–13, унумдорлиги паст ерларда 110–120 минг туп сонида 11–12 ҳосил шохида, «Бухоро–102» нави экилган унумдор ерларда 85–90 минг туп сонида 13–14, ўртача унумдор тупроқларда 95–100 минг туп сонида 12–13, паст унумдор ерларда 100–110 минг туп сонида 11–12 ҳосил шохи тўпланганда, «Омад» ғўза навида 100–120 минг туп сонида 13–14 ҳосил шохида чилпиш ишлари ўтказилиши мақсадга мувофиқ. Фермерларимиз юқоридаги тавсияларга амал қилишса, ғўза ҳосили мўл, сифати юқори бўлиши билан бирга, йиғим-теримни қисқа муддатда ўтказиш, пахта хомашёсини юқори навларга сотиш ва иқтисодий самарадорликнинг ортишига эришадилар.
      Ш.Абдуалимов, М.Ҳасанов




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech